1447 йил 28 шаъбон | 2026 йил 16 февраль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Зуҳд ҳадиси (биринчи мақола)

18:40 / 29.01.2019 2608 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўпчилик катта фақиҳ имомлар, муҳаддислар ва мужтаҳидлар томонидан Исломнинг мадори деб аталган ҳадиси шарифлардан бири қисқача қилиб «Зуҳд ҳадиси» деб номланади. Мазкур ҳадиси шарифнинг матни қуйидагича:

Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Мени бир амалга далолат қилингки, уни қилсам, мени Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам яхши кўрсин», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунёдан зуҳд қил, шунда Аллоҳ сени яхши кўради. Одамларнинг қўлидаги нарсадан зуҳд қил, шунда улар ҳам сени яхши кўради», дедилар».

Ибн Можа ва бошқалар ривоят қилишган.

Аввал ҳадиснинг ровийси Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик.

Бу зотнинг тўлиқ исмлари Абулаббос Саҳл ибн Саъд ибн Молик ибн Холид ибн Саълаба ибн Ҳориса ибн Амр ибн Хазраж ибн Соъида ибн Каъб ибн Хазраж Ансорий Соъидий Маданийдир. Ўн беш ёшида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, саҳоба бўлиш бахтига муяссар бўлганлар. У кишининг асл исмлари Ҳазн бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур исмни Саҳл исмига алмаштирганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳунинг уйларига кирганларида у зот ўтирган ўринларини ўзлари учун намоз ўқийдиган жой қилиб олганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳл ибн Саъднинг уйининг ўртасида масжидни кўрдим», деганлар.

Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳу узоқ умр кўрганлар. У киши «Золим Ҳажжож» номи билан машҳур бўлган Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий даврида ҳам яшаганлар. Унинг зулмига учраб, синовга қолганлар. Ҳажжож ҳижрий 74 санада Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳуга одам юбориб, «Сени мўминларнинг амири Усмонга ёрдам беришдан нима ман қилди?» деб сўради. «Мен у кишига ёрдам берганман», деди Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳу. «Ёлғон айтасан», деди ва бўйнига тамға босишни буюрди. Шунингдек, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг бўйнига, Жобир ибн Абдуллоҳнинг қўлига ҳам тамға бостирди. У бу билан уларни хорлашни, одамлар улардан четлаб, гапларини эшитмаслигини ирода қилган эди.

(давоми бор)

“Зуҳд ва ҳаё” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Сиз кимсиз Сиз чизиб берсангиз, домлалар ўшанга қараб юриши керакми Йўқ, домлалар чизиб беради, сиз ўшанга қараб юрасиз. Аҳли илмлар сиздан яхши билади нима давоми...

2594 11:05 / 25.10.2019
Аллоҳ таоло яшаб турган курраи заминни беҳикмат яратмаган. Унда бирор нарса мукаммалик сифатидан йироқда эмас. Хоссатан дунё осмонига назар солсак тунда қоронғу давоми...

9015 15:00 / 11.12.2020
Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу вафотидан сўнг мусулмонлар Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга байъат қилишди. У зот халифаликни ўта мушкул ишдан давоми...

5408 20:24 / 01.08.2019
Абу Яҳё Аҳмад ибн Зирор Ажлийдан ривоят қилинади .Довуд Тоийнинг олдига бордим. У кенг ҳовлида, эшиги ҳам йўқ бир хароба уйда яшарди. Баъзилар унга .Ҳеч ким йўқ давоми...

5375 07:00 / 18.02.2019