1447 йил 22 шаъбон | 2026 йил 10 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нубувватга доир масалалар (oлтинчи мақола)

11:30 / 28.04.2020 1948 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Мотуридий нубувват ‒ пайғамбарлик масалаларига ҳам катта эътибор қаратган. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, бу борада у киши етакчиликни қўлга киритган бўлиб, кейинги муаллифлар у кишига эргашган.

«Тавҳид» китобида нубувват мавзусига жуда катта жой ажратилган ва унинг катта қисми нубувватга бутун оламнинг ҳожатманд эканини исботлашга қаратилган.

Асарда шундай дейилади:

«Ҳидоят имомлари ва яхшилик етакчилари рисолатни исбот қиладилар. Беш фирқа уни инкор қилади:

  1. Аллоҳ таолонинг борлигини инкор қиладиган жоҳиллар;
  2. Аллоҳни борлигига иқрор бўлиб, У Зотдан бўладиган илоҳий буйруқ ва қайтариқларни инкор қиладиганлар.
  3. Аллоҳни тан олса-да, ақл ўзи ҳақни топишга кифоя қилади, рисолатга ҳожат йўқ, деб даъво қиладиганлар;
  4. Рисолатни даъво қилган барча пайғамбарларнинг мўъжизаларини фолбин ва сеҳргарларнинг кўз бўямачиликларига таққослайдиган нобакорлар;
  5. Рисолат соҳибларининг даъватига эргашган инсонларни бу борада илм, тажрибаси бўлмагани учун қарши чиқишдан ожиз қолишган, агар, улар ҳам шуғилланиб, тобланганида пайғамбарлар қилган ишларни қилишлари мумкин эди, деб даъво қиладиган тоифалар».

Муаллиф нубувват масаласида айтилган барча қарши гапларга нубувватга бағишланган бобда батафсил жавоб бериб ўтади. У киши нубувватнинг ҳақлигига ақлий далил келтирар экан, Аллоҳ таоло ҳикмат соҳиби экани, Ўзи мукаррам қилиб яратган инсонни фақат йўқ бўлиб кетишлари учун яратмаслиги, акс ҳолда, башарият бошқа жонзотлар билан баробар бўлиб қолиши, шунингдек, дунёдаги низом, мусаффо ҳаёт илоҳий ваҳий кўрсатмасисиз амалга ошмаслиги, ақл эса абадий оламга қадар фикр юрита олмаслигини айтиб ўтади.

У киши яна Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларни баён қилиш орқали рисолатни исбот қилар экан, уларни ҳиссий, ақлий ва самъий ‒ эшитиш орқали билинган мўъжизаларга тақсимлайди. Бу тақсим у кишидан кейинги уламолар тарафидан ҳам эътироф этилган.

Имом Мотуридий нубувват бобининг охирида ўзини Исо алайҳиссаломга тобе билиб, у кишини Аллоҳ таолониинг фарзанди, деб даъво қиладиганларга раддия беради ва уларни қаттиқ танқид қилди.

Қазо ва қадар

Калом илмига оид китобларда аввал далиллар келтирилиб, кейин бу далилларни англашга мукаллаф бўлган ақл ва бу иккисининг ўртасидаги боғлиқлик баён қилинади. Буни имом Мотуридий «Тавҳид» китобида ниҳоятда тартибли равишда қўллаган. Шунинг учун у киши ушбу услубга асос солган биринчи олим ҳисобланади. Асарнинг тўртдан бири айнан шундай мувофақадан иборат.

Имом Мотуридий ақлнинг мукаллаф эканидан келиб чиқиб, инсондаги ҳуррият ва иродани инкор қиладиган жабарийларга, Аллоҳ инсонга фақат яхши ишни тақдир қилиши вожиб, дейдиган мўътазилаларга кескин раддия беради. У киши бу борадаги баҳсларни батафсил ёритиб бориб, ниҳоят, қазо ва қадар борасидаги энг тўғри эътиқодни тақдим қилади.

Имом Мотуридий қазо ва қадар масаласида Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтганидек, қудрат ва иститоатни икки қисмга ажратиди:

а) Бир амални бажариш учун керакли сабабларнинг топилиши ва уларнинг яроқли бўлиши;

б) Феъл содир бўлиш вақтида унга керакли қудратнинг бор бўлиши.

Сабаблар топилиши билан банда тоатга ҳам, маъсиятга ҳам қодир деб эътибор қилинади ҳамда унга шаръий таклиф ҳам шунга қараб бўлади. Иститоатнинг иккинчи қисми ‒ феълни содир қилиш учун керакли қудратни Аллоҳ таоло яратиб беради, аммо уни банданинг ўзи бажаради.

Имом Мотуридийга кўра, «ирода» сўзининг тўрт маъноси бор:

а) орзулаш. Бу маънони Аллоҳ таолога нисбат бериб бўлмайди.

б) даъво қилиш.

в) Розилик. Ушбу иккинчи ва учинчи маъноларни Аллоҳга нисбат бериб бўлмайди, айниқса, мазаммат қилинган ишларда.

г) Бир ишни бошқанинг зуғуми ва ҳукмисиз, ўз хоҳиши билан бажариш. Аллоҳ талога мана шу маънони қўлланади, шу мазмунда У Зотга ирода сифати ишлатилади.

Катта гуноҳлар масаласи

Имом Мотуридийга кўра, Ислом қабул қилиш енгил, аммо ундан айри бўлиш қийин бўлган диндир. Иймон қалбнинг диндаги ҳақиқатларни тасдиқлашидан иборатдир. Бинобарин, иймондан чиқиш диннинг ҳақиқатларини инкор этиш демакдир. Ёмон муомала ҳисобланмиш гуноҳ амаллар иймондан бошқа ҳодиса бўлиб, агар иймоннинг қалбдаги тасдиқига таъсир кўрсатмаса, яъни ишончини инкорга алмаштирмаса, кишини диндан чиқармайди.

Имом Мотуридий инсонни гуноҳ қилишга ундайдиган нафсоний омилларни санаб ўтади. Киши гуноҳни ҳалол санаб ёки Аллоҳнинг ваъийдларини енгил фаҳмлагандан эмас, балки, шаҳвати ғолиб келиб ёки ғафлат босиб, шунингдек, қаттиқ ғазаб устида ё қизиққонликдан ёхуд Аллоҳнинг авфини умид этиб гуноҳ қилиши мумкин. Бинобарин, бу ҳолатларда уни кофирга чиқариш нотўғри, чунки у иймонни инкор қилгани йўқ.

Шу тариқа Имом Мотуридий гуноҳ кабира қилган инсонни кофирга чиқарувчи хавориж тоифасига ёки уни иймон билан куфр ўртасидаги манзилада бўлади, деб давъо қиладиган мўътазилаларга раддия беради ва уларнинг фикрлари хато эканини ақлий ва нақлий далиллар билан очиқлайди.

Аҳли суннанинг эътиқодга кўра, гуноҳи кабира қилган одам Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинади, яъни У Зот уни хоҳласа, кечиради, хоҳласа азоблайди. Мана шу ҳақ сўздир.

Иймон ва ислом

Имом Мотуридий «Тавҳид китоби»нинг сўнги қисмини иймон мавзусига бағишлаган. Бунинг изоҳи шуки, китобнинг биринчи қисмида Аллоҳ таолонинг борлиги ва ягона экани ақлий ва нақлий далиллар билан исботланар экан, бунинг тақозоси У Зотга иймон келтириш бўлиши даркор, шу боис, асар айнан шу йўсинда якунланади.

Муаллиф иймон ва ислом сўзлари умуман олганда бир хил мақсадни англатса-да, тилда икки хил маънони билдиради. Унга кўра, иймон Аллоҳ таолони бир ва шериги йўқ деб тасдиқлаш бўлса, Ислом Аллоҳга ибодат қилиш, Унинг буйруқ ва қайтариқларига ўзни таслим қилишдан иборатдир.

Имом Мотуридий бу ўринда иймоннинг асоси, навлари ва ҳукми ҳақида баҳс юритади. Айни пайтда амални иймоннинг бир бўлаги деб айтадиган мўътазила, хавориж, карромия ва ҳашавия тоифаларига раддия беради.

Маълумки, мазкур оқимлар иймон дилу тил билан иқрор бўлиш билан бирга аъзолар билан амал қилишдир, деган даъво билан катта гуноҳ қилган одамни иймондан чиққан ҳисоблайдилар. Имом Мотуридий эса иймоннинг негизи қалб билан тасдиқлаш эканини лисон, ақл ва нақл тасдиқлашини айтиб, иқрор учун тил билан изҳор қилиш шарт, аммо амал иймоннинг бўлаги бўла олмайди, дейди.

Айрим тоифалар иймонни фақат тил билан айтиш деб эътибор қилган. Имом Мотуридий бу ҳам нотўғри эканини таъкидлаб, агар шундай бўлганида, мунофиқ деган тоифа Қуръон ва Суннатда тилга олинмас ва мазаммат қилинмас эди, деб айтади.

Яна бир тоифа иймонни маърифат, яъни Аллоҳни танишдан иборат, деб даъво қилади. Уларга маърифат иймонга сабаб бўлади, аммо иймоннинг ўзи бўла олмайди, дея жавоб берилади. Чунки бир нарсани билиш уни тасдиқлаш, билмаслик инкор қилиш дегани эмас.

Асарда амални тарк этиб, қалбда бўлса бўлди дейдиган муржиаларга ҳам раддия берилади, уларнинг хатолари кўрсатиб берилади.

Боб охирида иймон махлуқми ёки махлуқ эмасми деган масалани зикр қилиб, иймоннинг махлуқ ‒ халқ қилинган бўлишини нақл ва ақл билан исбот қилади. Шунингдек, иймонда истисно қилиб, «Мен мўминман, иншаАллоҳ», дейиш ҳақида баҳс юритади.

(Давоми бор)

Бешинчи мақоланинг ҳаволаси

https://islom.uz/maqola/13706

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

05.03.2020

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Балоғатга етган мусулмон эркак учун авратини тўсадиган кийим кийиши фарздир..Аврат, сўзи луғатда .нуқсон,, .айб, деган маъноларни билдиради. Шариатда, беркитилиши давоми...

6227 10:11 / 18.06.2020
.Ақийда, сўзи арабча .ақада, феълидан олинган бўлиб, .бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш, деган маънони англатади. Бу сўзнинг жами кўплик шакли .ақоид, бўлади. давоми...

3153 11:00 / 09.07.2019
Мен бу қиссани сира ҳам унутмайман. Шомнинг Ҳамидия бозори кўчасида ўта фақир йигит газлама мато сотар, газламанинг метри 50 лира бўлиб, 1 долларга тенг эди. Унинг давоми...

3216 12:30 / 12.06.2021
Банданинг куннинг аввалида нафси билан яхшилик қилишга шартлашиб оладиган вақти бўлганидек, куннинг охирида қилинган ишларни ҳисоблашиб оладиган вақти ҳам давоми...

6681 09:00 / 23.07.2022
Аудиолар

229399 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148014 14:35 / 11.08.2021