1446 йил 6 зулқаъда | 2025 йил 03 май, шанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бадантарбия – саломатлик гарови

10:10 / 13.01.2019 3304 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича бадантарбияга эътибор беришга ҳаракат қилади. Бу нарсага айниқса ривожланган давлатлардаги халқлар жуда ҳам берилганлар. Ҳамма кучли, бақувват, эпчил, соғлом ва хасталикларга чидамли бўлишни хоҳлайди. Бунинг учун эса бадантарбия билан шуғулланиш лозим. Шунинг учун ҳам ота-оналарга болаларининг жисмоний тарбиясига алоҳида эътибор бе-риш вазифаси юклатилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳақдаги баъзи ҳадиси шарифларини ўргансак, масалани тўғри тушунишимизга ёрдам бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида ота-оналарни фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга тарғиб қилганлар.

Ато ибн Абу Рабоҳдан ривоят қилинади:

«Жобир ибн Абдуллоҳ ва Жобир ибн Умайр Ансорийнинг камондан ўқ отаётганларини кўрдим. Улардан бири иккинчисига:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳнинг зикри бўлмаган ҳар бир нарса беҳудадир, ўйиндир. Фақат тўрт нарса мустасно: эркакнинг аёли ила кўнгилхушлик қилиши, кишининг отини ўргатиши, унинг икки мўлжал орасида юриши ва кишининг сузишни ўргатиши», деганларини эшитдим», деди». 

Насоий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги «отини ўргатиши»дан мурод, чавандозлик спортидир. «Икки мўлжал орасида юриш» эса камондан ўқ отиб, мерганлик спорти билан машғул бўлишдир. Демак, бу ҳадисда чавандозлик, мерганлик ва сузишга тарғиб қилинмоқда.

Имом Аҳмад ва имом Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг, менинг гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва:

«Ҳалиги билан биру бир», дедилар».

Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам турмуш ўртоқлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Биринчи югуриш мусобақаси ўтказилган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган кейинги югуриш мусобақасида эса у зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлган. Бу оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланишдир.

Қадимги уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни шарҳ қилар эканлар, бир неча маъноларга урғу берганлар. Улар: «Оишанинг ҳадисида оёқда югуриб мусобақа қилишга, маҳрам эркак аёллар орасида мусобақа ўтказиши жоизлигига, бу иш виқорга, шараф, илм, фазл ва ёшнинг улуғлигига номуносиб эмаслигига далил бор», дейдилар.

Минг афсуслар бўлсинки, кўпчилик мусулмонлар, хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни даъво қилувчилар ушбу маънолардан йироқдалар. Улар бадантарбия билан шуғулланишни виқор, шараф, илм, фазл ва ёшнинг улуғлигига номуносиб деб биладилар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда камон отиш мусобақаси ўтказаётган асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва:

«Эй Бану Исмоил! Отинглар! Отангиз мерган эди. Отинглар! Мен Бану Фулон биланман!» дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлларини тийдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга нима бўлди? Отмай қўйдинглар?» дедилар. Улар:

«Сиз улар билан бўлсангиз, қандай қилиб ҳам отар эдик?!» дейишди. Шунда у зот:

«Отинглар! Мен ҳаммангиз биланман!» дедилар».

Имом Муслим, Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда қўйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кучли мўмин Аллоҳнинг ҳузурида кучсиз, заифҳол мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир ва ҳар бирида яхшилик бор», дедилар».

Яъни ҳар бир мўминда яхшилик бор, лекин шу яхшиларнинг ичида Аллоҳга энг маҳбуброғи ким дейилса, кучли мўмин бўлар экан.

Кучли бўлиш учун эса бадантарбия билан машғул бўлиш, жисмоний жиҳатдан соғлом ва кучли бўлиш учун эса зарур бўлган машқларни давомли равишда бажариб юрмоқ лозим бўлади.

Бир ҳадиси шарифда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам спорт турларини фарзандларимизга ўргатишни буюриб: 

«Болаларингизга сувда сузишни, камонда отишни ва от минишни ўргатинглар», деганлар.

Мўмин-мусулмон ота-оналар болаларига шунга ўхшаган нарсаларни ўргатиб боришлари тавсия қилинган.

 “Соғлом бола” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зиёд ибн Ҳасандан ривоят қилинади .Мен Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ ўғли Абдулмаликни кўмаётганини кўрганман. Умар ўғлининг устига тупроқ тортди. Одамлар давоми...

1629 08:00 / 04.11.2020
Атоқли аллома шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ билан суҳбатҚиёмат куни энг аввал устидан ҳукм чиқариладиган кишилар шаҳид мужоҳид, илм ўргатувчи олим ва садақа давоми...

2865 11:30 / 01.03.2020
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир одам келиб, .Менга фойдали нарсаларни жамлаган сўзларни ўргатинг,, деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу давоми...

1698 07:00 / 19.06.2019
Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Жулайбиб ансорлардан кичик жуссали, уйжой ва молмулки йўқ камбағал бир киши эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

3027 16:00 / 20.03.2020