1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги дин ҳақиқатлари

15:30 / 23.06.2019 2391 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Диннинг Жаброил алайҳиссалом ҳадисида зикр қилинган асосий уч қисмига биноан, унинг ҳукмларининг ҳам учга бўлиниши собит ҳақиқатдир.

1. Мўмин-мусулмон банданинг ибодати, бошқалар билан қиладиган муомалаларига оид ҳукмлар «амалий ҳукмлар» деб номланади. Яъни шариатнинг бу ҳукмлари банданинг амал қилишига оид ҳукмлардир. Бу борадаги ҳукмлар билан шуғулланувчи илм «Фиқҳ» илми дейилади.

2. Мўмин-мусулмон банданинг Аллоҳга, У Зотнинг ваҳдониятига, фаришталарига, китобларига, элчиларига ва қиёмат кунига иймон келтириш каби ақийдавий ҳукмлар ҳам бор. Булар «ақийдага оид ҳукмлар» дейилади. Бу борадаги ҳукмлар билан шуғулланувчи илм «Ақоид» илми дейилади.

3. Ростгўйликнинг вожиблиги ва ёлғоннинг ҳаромлиги каби руҳий тарбияга оид ахлоқий ҳукмлар ҳам бор. Бу ва ахлоққа оид бошқа ҳукмлар билан шуғулланувчи илм «Тасаввуф» ёки «Тариқат» дейилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида мазкур уч қисмнинг номлари айтилмаган бўлса ҳам, ҳақиқатлари мавжуд эди. Мазкур муборак даврдаги Қуръони Каримга ва Суннати Набавийга амал қилиш ишига назар соладиган бўлсак, Ислом, Иймон ва Эҳсонга оид оят ёки ҳадисларнинг бир сарлавҳа остида маълум бир жойга тўпланмаганини кўрамиз. Қуръони Каримда Намоз, Закот, Рўза деб номланган суралар йўқ. Ҳаж номли сурада эса ҳаждан бошқа нарсалар ҳақидаги оятлар кўп бўлиб, ҳажга оид бир неча оятлар бор, холос. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳам худди шундай. У зотнинг таҳорат қилганлари, намоз ўқиганлари, ҳаж қилганлари ҳақидаги ривоятлар, бошқа маълумот ва таълимотлар турли муносабатлар, жойлар ва вақтларда содир бўлган, айтилган ва нақл қилинган.

Одатда бирор китобни қўлга олганда, унинг исмини ўқиш билан ичида нима ҳақида гап кетиши аниқ бўлади. Бирор маълум нарса ҳақида маълумот олмоқчи бўлган шахс ўша нарса ҳақидаги боб ёки бўлимни очиб ўқийди-да, саволига жавоб топади.

Қуръони Каримда эса боб ёки бўлимлар йўқ. Ҳа, у ўзига хос илоҳий Китоб, шунинг учун ҳам у ўзига алоҳида эътибор, алоҳида ёндашувни талаб қилади. Уни қандай ўқишни ва ундан қандай фойдаланишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари умматларига ўргатганлар.

Қуръон йигирма уч йил давомида тарқоқ ҳолда нозил бўлди. Гоҳида бир, гоҳида икки-уч оят нозил бўлар эди, баъзан эса бирданига ўнта оятгача ҳам нозил бўлган. Қуръон оятлари кишиларга яхшироқ сингиши ва қалбларга мустаҳкам жо бўлиши учун атроф-муҳитни, содир бўлаётган воқеаларни эътиборга олган ҳолда нозил бўларди. Мана шу ҳолда кишиларга ҳужжат бўлиши осон бўлар ва мўъжизакорлик қуввати янада ортар эди. Агар Қуръон тарқоқ ҳолда тушмаганда, одамларга баҳона топилиб, биз бунчалик кўп нарсани бажара олмаймиз, деган гапларни айтишлари мумкин эди. Аввал бир ёки бир неча оят нозил бўлганидан сўнг бир қанча фурсат ўтса, албатта, улар бундай баҳонани қила олмас эдилар.

Қуръоннинг тарқоқ тушишининг ҳикматларидан яна бири – уни ёдлаш ва унга амал қилиш осон бўлиши учун эди. Чунки Набий алайҳиссалом ва у кишининг атрофларидаги саҳобаларнинг кўпчилиги ўқиш-ёзишни билмас эдилар. Агар Қуръон бирдан тушса, уни ёдлаш ва унга амал қилиш қийин бўлиб қоларди.

Мусулмонлар ҳаётида турли ҳодисалар бўлиб турарди. Баъзан тушунмовчиликлар, бу ишнинг динимизда ҳукми қандай экан, деган саволлар пайдо бўларди. Шундай ҳолатларда оят нозил бўлиб, бу ишларга аралашар, кишиларни тўғри йўлга солиб юборар ва пайдо бўлган саволларга жавоб берарди. Бу эса Қуръоннинг ҳаётга янада сингиб кетишига сабаб бўлар эди.

Дастлаб, Маккаи Мукаррамада ўн уч йил давомида асосан ақийдага боғлиқ оятлар нозил бўлди. Кейинроқ, айниқса Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилинганидан сўнг, шаръий ҳукмларга тегишли оятлар ҳам нозил бўла бошлади. Уларнинг ҳаммасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали кўпаймаган, оз сонли мусулмонлар жамоасига ўқиб, тушунтириб берар эдилар.

У вақтдаги мусулмонларнинг деярли барчаси араблар бўлиб, улар араб тилини нозик жойларигача яхши тушунишар, Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳеч қийналмай англай олар ва уларга амал қилар эдилар. Мабодо баъзи тушунмовчиликлар бўлса, дарров Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўраб олишарди. Ўша вақтда содда ҳаёт кечирувчи саҳобаларнинг асосий ишлари шундан иборат эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келиб, Қуръони Карим оятлари нозил бўлиши ниҳоясига етиб қолди. Кейинги босқичдаги оятларнинг аксари шаръий ҳукмларга тегишли эди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик пайтларида Ислом, иймон ва эҳсон бўйича, яъни шариат, ақийда, руҳий тарбия бўйича ҳар бир нарса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига боғлиқ эди. У зотнинг ўзлари бу борадаги барча таълимотларни умматларига етказар эдилар. Қуръони Каримни тафсир қилар ва унга амал қилиш йўлларини кўрсатар, ўз суннатларини ҳам умматлари ўртасида тарқатар эдилар. Уммат эса у зот алайиссаломдан содир бўлган ҳар бир гап, амал ва тақрирни улкан эҳтимом билан қабул қилиб олар ва ўз ҳаётига татбиқ қилар эди.

Шу билан бир вақтда, Қуръони Каримни ва Суннатни тушунишда ва уларга амал қилишда, ҳатто Қуръони Карим қироатида ҳам саҳобаи киромлар орасида оз бўлса-да, ҳар хилликлар содир бўлиб турган. Ана шундай пайтларда ҳам барча саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилишган. У зот шариат, ақийда, руҳий тарбия ва Қуръони Карим қироати бўйича тўғрини нотўғридан ажратиб берганлар, шу билан бирга, икки тараф ҳам тўғри эканини баён қилган вақтлари ҳам бўлган.

“Мазҳаблар бирлик рамзи” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсинОртларидан набий йўқ зотга салавотлар бўлсинИслом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида, ҳижрий 1419 сана, давоми...

2179 13:05 / 21.11.2019
Албатта, Биз расулларимизга ва иймон келтирганларга дунё ҳаётида ва гувоҳлар турган Кунда ҳам нусрат берурмиз.Яъни Аллоҳнинг нусрати бу дунёда ҳам давоми...

10127 11:02 / 21.08.2020
Ибн Абу Ғунядан ривоят қилинади .Бир шайх менга бувисининг қуйидаги сўзларини ҳикоя қилиб берди .Хизматкоримиз олов ёқиб олиш учун Толҳа ибн Мусаррифнинг уйига давоми...

2467 07:10 / 27.09.2019
Убайдуллоҳ ибн Муҳаммад Таймий Солиҳ Муррийдан ривоят қилади .Аёлим дардга чалиниб, фалаж бўлиб қолди. Унга Қуръон ўқиган эдим, тузалиб кетди. Бу воқеани Ғолиб давоми...

1836 08:00 / 25.12.2019