1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ёлғонни тарк қилиш буюк фазилатдир (давоми)

05:30 / 24.12.2018 2486 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни Мадинанинг бозорида юрсам, таом сотиш учун келган кишилардан бири одамларга:

«Ким менга Каъб ибн Моликни кўрсатиб қўяди?» демоқда. Одамлар унга мени ишора билан кўрсата бошлашди. У олдимга келиб, Ғассон подшоҳининг мактубини берди. Мен ўқиш-ёзишни билар эдим. Очиб ўқисам, «Бизга соҳибингнинг сенга жафо қилгани хабари етиб келди. Аллоҳ сени хорлик ва зоелик диёрида қўймасин. Бизнинг ҳузуримизга кел, сенга яхшилик қиламиз», деб ёзилган эди. Мактубни ўқиб бўлиб «Бу ҳам бир бало – синов», дедим ва уни олиб бориб, тандирга солдим. Эллик кундан қирқ кун ўтганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вакили келиб:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга хотинингдан четда бўлишни амр қилдилар, – деди.

– Талоқ қилайми, нима қилай? – дедим.

– Йўқ, ундан четда бўл, яқинлашма, – деди.

Икки шеригимга ҳам худди шундай амр бўлди.

Мен хотинимга:

– То Аллоҳ бу ишда Ўз ҳукмини чиқаргунча қариндошларингникига бориб тур, – дедим.

Ҳилол ибн Умайянинг хотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳилол қартайиб қолган чол. Унинг хизматчиси йўқ. Унга хизмат қилиб турсам, сизга ёқмайдими? – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Йўқ. Лекин сенга яқинлашмасин, – дедилар.

– Аллоҳга қасамки, унинг бу нарсага ҳаракати йўқ ва Аллоҳга қасамки, сизнинг амрингиз бўлган кундан буён йиғлайди, – деди.

Баъзи қариндошларим:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хотининг ҳақида изн сўрасанг-чи, Ҳилол ибн Умайянинг хотинига унинг хизматини қилишга изн бердилар, – дейишди.

– Аллоҳга қасамки, мен у ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрамайман, изн сўрасам, нима дейишларини ҳам билмайман. Ёш одам бўлсам, – дедим.

Яна ўн кун ўтказдик. Бизга гапириш ман қилинганига эллик кун тўлди. Эллигинчи кеча бомдод намозини уйларимиздан бирининг устида ўқидим. Аллоҳ бизни зикр қилганидек, ўзимча юрагим сиқилиб, кенг ер кўзимга тор кўриниб ўтирган эдим, Салъ тоғи устидан бир одамнинг баланд овоз билан:

«Эй Каъб ибн Молик! Хушнуд бўлавер!» деб қичқираётганини эшитдим ва дарҳол саждага йиқилдим. Кушойиш келганини билдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиганларидан кейин Аллоҳ бизнинг тавбамизни қабул этганини эълон қилдилар. Одамлар бизга хушхабар келтира бошладилар. Шерикларим томон ҳам хушхабарчилар кетди.

Бир одам мен томон от чоптирган, бири пиёда югурган эди. Пиёда келаётган ёки йўлга тушган одам тоққа чиқиб бақирди. Унинг овози менга отдан олдин етиб келди. Мен овозини эшитган одам олдимга етиб келгач, кийимимни ечиб, суюнчисига унга кийдирдим.

Аллоҳга қасамки, ўша вақтда ўзи бошқа нарсам ҳам йўқ эди. Бировдан қарзга кийим олиб, кийдим-да, Ра-сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон югурдим. Одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тавбам қабул бўлгани билан табриклашар ва:

«Аллоҳ сенинг тавбангни қабул этгани муборак бўлсин!» дейишар эди.

Масжидга кирсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирибдилар, атрофларида одамлар. Толҳа ибн Убайдуллоҳ туриб, шошилиб келиб, қўлимни олди ва табриклади.

Аллоҳга қасамки, муҳожирлардан ундан бошқаси турмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берган эдим, у киши хурсандликдан юзлари чарақлаб:

– Онанг сени туққанидан буён қувончли кунингнинг хурсандчилигини қилавер, – дедилар.

– Эй Аллоҳнинг Расули, сиз тарафингизданми ёки Аллоҳ тарафиданми? – дедим.

– Йўқ! Аллоҳ томонидан, – дедилар у зот.

Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг парчасидек нурли бўлиб кетарди. Биз буни яхши билар эдик. У кишининг олдиларига ўтирганимдан сўнг:

– Эй Аллоҳнинг Расули! Тавбам учун молимдан Аллоҳ ва Унинг Расулига садақа чиқарсам, – дедим.

– Молингдан баъзисини ўзинг учун олиб қолганинг ўзингга яхши, – дедилар у зот.

– Хайбардан теккан улушимни олиб қоламан, эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ менга ростгўйлик туфайли нажот берди. То тирик эканман, рост сўзламоғим ҳам тавбамдандир, – дедим.

Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўшани айтганимдан буён одамларнинг ичида Аллоҳ тўғрисўзликда мени синагандек синаган бирон кишини билмайман. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша гапни гапирганимдан ҳозирги кунгача ҳеч ёлғон сўзламадим. Бундан буён ҳам мени Аллоҳнинг Ўзи муҳофаза қилишига умид қиламан.

Сўнг Аллоҳ таоло

«Ортга сурилган уч кишининг ҳам. Ниҳоят, уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Ал-лоҳдан Унинг Ўзидан бошқа бошпана йўқлигига тўла ишонганларидан сўнг, бутунлай қайтишлари учун (Аллоҳ) тавбаларини қабул қилди. Албатта, Аллоҳ Ўзи тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир» оятини нозил қилди».

Бу ояти карима ҳамда баён қилинган қиссада олам-олам маъно ва ибрат бор. Баъзи уламоларимиз улар ҳақида батафсил гапириб ўтганлар. Агар ҳозирги мусулмонларда Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг садоқати ва дину диёнат йўлидаги сафарбарликдан четда қолиш сабабидан хижолат бўлишининг миллиондан бир бўлаги бўлганда эди дунё тамоман бошқача бўлган бўлар эди.

“Ёлғон” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизнинг динимизда туғилган фарзанд қиз бўлса, қувончни бўрттириброқ кўрсатиш тавсия этилади.Одатда, ўғил туғилганда хурсандчилик каттароқ бўлади, аммо шариатда давоми...

11400 16:06 / 18.11.2018
Авваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто давоми...

4758 16:10 / 07.04.2019
Бир киши айтади .Ҳаммод ибн Масламани тушимда кўриб, .Аллоҳ сизга қандай муомала қилди, деб сўрадим. .Мени мағфират қилди, раҳм қилди ва Фирдавс жаннатидан жой давоми...

2898 02:10 / 05.10.2019
Сув Аллоҳ таолонинг бутун борлиққа, хусусан, инсон зотига инъом этган энг улуғ неъматларидан биридир. Сув ҳаёт манбаидир. Сувсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ давоми...

3083 08:15 / 06.01.2019
Аудиолар

232063 06:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150575 09:35 / 11.08.2021