1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ер юзида ҳаво бўлмаса, нима бўлади?

17:00 / 16.07.2022 3896 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ернинг ҳаво қобиғи турли газлардан ташкил топган. Унинг 78 фоизини азот, 21 фоизини кислород, 1 фоизини аргон, карбонат ангидрид, водород, гелий каби газлар ташкил этади.

Ушбу ҳаво қобиғи сайёрамизни зарарли нурлардан ва космик жисмлардан ҳимоя қилиб туради. Фараз қилайлик, агар шу ҳаво қобиғи бўлмаганда нималар юз берарди?

Осмондаги мовий рангнинг йўқолиши

Ерда яшовчилар учун тун билан кун орасида осмоннинг ранги ўзгаради.  Кундузи осмонимиз мовий рангда кўринса, тунда юлдузлар билан безатилган қора осмонни кўрамиз. Агар ҳаво бўлмаса, мовий осмон қора осмонга айланарди. Маълумки, ҳаво қобиғининг қуёшга қараган томонида қуёшдан келаётган ёруғликнинг тарқалиши содир бўлади. Ушбу ёруғлик қуёшга қараган барча тарафга тарқалади. Мовий рангнинг тўлқин узунлиги қисқа бўлгани сабабли осмон мовий рангда кўринади. Шу боис агар Ернинг ҳаво қобиғи йўқ бўлса, мовий ранг ҳам йўқ бўлади ва биз доимий равишда қоп-қора осмонни кўрамиз.

30 сониялик ҳаёт

Ҳавонинг йўқ бўлиши унинг таркибидаги барча газларнинг, жумладан, кислороднинг ҳам йўқ бўлиши демакдир. Бу эса барча тирик жонзотларда бўғилиш, бош айланиш ҳолатига сабаб бўлади. Шундан сўнг ўн беш сония ичида кислороддан холи бўлган қон мияга етиб боради ва бу ҳушимизни йўқотишимизга сабаб бўлади.

Агар босимни камайтириш учун нафасимизни ушлаб турмасак, 30 сонияга тирик қолишимиз мумкин. Аммо нафасимизни ушлаб турсак, бизни ўраб турган босим камлиги сабабли ичкаридаги ҳаво ўпкага қараб кенгаяди. Бу кенгайиш сабабли ўпка тўқималари ичидан парчаланишни бошлайди ва ўпка ёрилиб кетади. Шундан кейин ҳаво пуфакчалари тананинг ичидаги бошқа аъзоларга қараб оқади. Агар ушбу пуфакчалар юракка етиб борса, юрак сактаси (юракнинг тўхтаб қолиши), мияга етиб борса, мия сактаси (инсульт) рўй беради. Булар эса ўлимга олиб келади.

Агар ҳаво йўқолганда киши нафасини ушлаб турмаса, тана ўзидаги суюқликни буғланиш орқали йўқота бошлайди ва 10 сония ичида буғланиб кетади. Бунинг натижасида тана шишиб, катталаша бошлайди. Танадаги қолган суюқликлар қайт қилиш ёки бавл қилиш орқали чиқиб кетади ва инсон ўз танасининг вазифаларини бошқара олмай қолади. Бу жараёнлар 30 сония ичида юз беради. Натижа ўлим билан якунланади. Ҳаводан нафас олиб яшайдиган барча жонзотлар ва ўсимликлар ҳалок бўлади.

Бутун борлиқда жимлик ҳукм суради

Ҳаво етишмаслиги сабабли бўғилишни сеза бошлаганимизда, қичқиришга уринамиз. Лекин ҳар қанча уринмайлик овозимизни биров эшитмайди. Чунки товуш тўлқинлардан иборат бўлиб, бу тўлқин нарсалар, жисмлар титраши, тебраниши натижасида ҳосил бўлади. Ушбу тўлқинлар бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтиши учун ҳаво каби махсус муҳит зарур. Ҳаво бўлмагач, нарсаларнинг тебранишидан ҳосил бўладиган тўлқинлар бир жойдан иккинчи жойга етиб бормайди. Бу дегани товушлар ҳам йўқолади, эшитилмайди деганидир. Бунда бошқалар у ёқда турсин, овозимиз ўзимизга ҳам эшитилмайди.

Қушлар ва самолётлар ёмғири

Маълумки, ҳаво муайян вазнга эга бўлган муҳитдир. Унинг таркибий қисмлари доимий ҳаракатда бўлгани учун ҳаво босимини ҳосил қилади. Қушлар, самолётлар ва барча учувчи нарсалар парвоз қилиши учун ҳаво керак. Ҳаво бўлмаса, учолмайди. Ҳавонинг йўқ бўлиши миллионлаб қушлар, минглаб самолётларнинг ёмғир каби ерга тушишига сабаб бўлади.

Метеоритлар ёмғири ҳам ёғиши мумкин

Қуёш атрофида айланадиган кометалардан бири - Свифт-Таттл кометаси Ер яқинидан ўтиб, узоқлашгач, унинг қолдирган “думи” орасидан сайёрамиз ҳар йили ўтади. Ана шу ўтиш чоғида Персей юлдуз туркуми жойлашган нуқтадан Ерда метеорлар ёмғирини кузатиш мумкин. Бу ҳар йили 12-13 август кунлари рўй беради. Ушбу ҳодиса пайтида бир соат ичида 10-15 атрофида метеорларнинг сайёрамиз атмосферасини ёриб кирганини кўриш мумкин. Аммо кучли ишқаланиш натижасида метеорлар ёниб кетиб, Ерга етиб келмайди. Мазкур комета 1992 йилда сайёрамиз яқинидан учиб ўтаётганда кузатилган. Унинг қуёш атрофида бир марта айланиш даври 135 йил бўлиб, сайёрамиз аҳолиси ушбу кометани, Аллоҳ насиб қилса, 2126 йилда кузатишлари мумкин.

Агар Ер мазкур кометадан қолган “дум” орасидан ўтаётганда, сайёрамиз ҳавоси йўқолиб қолса, бу ҳолат Ерга оловли тошлар – метеоритлар ёмғирдек ёғилишига сабаб бўлади. Ҳар йили сайёрамизга турли ҳажмдаги метеоритлар ҳужуми бўлиб туради. Лекин ҳаво қобиғи борлиги сабабли мазкур метеоритлар кучли ишқаланиш натижасида сайёрамиз сиртига етиб келмай ёниб, эриб кетади. Ҳаво йўқ бўлганда эса ўша метеоритлар ҳеч қандай ишқаланишга рўбарў бўлмай сайёрамиз сиртигача етиб келган, ерда улкан кратерлар (чуқурликлар) ҳосил қилган, инсонларнинг ҳалокатига сабаб бўлган бўларди.

Ер юзидаги денгизлар ва уммонлар буғланиши

Ҳавонинг йўқолиши босимнинг бирдан пасайишига олиб келади. Суюқликнинг буғ босими ташқи босимдан ошиб кетгани сабабли барча сув ҳавзаларининг сирт суви қайнаб, буғланиб кетади. Сув буғлари ҳаво босими ўрнини тўлиқ қоплай олмайди.

Аллоҳ таоло биз учун ҳаёт манбаи қилиб ҳаво неъматини ато қилган. Биз доим шу ҳавонинг ичида яшаганимиз учун унинг улкан неъмат эканлигини ҳис қилмаймиз. Ҳаво бўлмаса, нима аҳволга тушишимизни кўз олдимизга келтирайлик ва қандай муҳим неъмат ичида яшаётганимизни англаб етайлик! Роббимиз бу сайёрани тўлалигича бизнинг қулай ҳолда, қийналмай яшашимиз учун мослаб яратган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Бақара сурасида шундай деб марҳамат қилган:

هُوَ الَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا ثُمَّ اسْتَوَىٰ إِلَى السَّمَاءِ فَسَوَّاهُنَّ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ ۚ وَهُوَ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

“У ер юзидаги барча нарсани сизлар учун яратган, сўнгра осмонга юзланиб, уларни етти осмон қилиб тўғрилаган Зотдир. Ва У ҳар бир нарсани ўта билувчидир” (29-оят)

Роббимиз Анбиё сурасида бундай деб марҳамат қилган:

وَجَعَلْنَا السَّمَاءَ سَقْفًا مَّحْفُوظًا ۖ وَهُمْ عَنْ آيَاتِهَا مُعْرِضُونَ

“Ва осмонни сақланган шифт қилиб қўйдик. Улар эса Унинг оят(аломат)ларидан юз ўгирувчидирлар” (32-оят)

Ушбу оятдаги “сақланган шифт”ни олимлар Ер атрофини ўраб турган ҳаво қобиғи (атмосфера), сайёрамизнинг кучли магнит майдонидан ҳосил бўлган “Ван Аллен” белбоғи дейдилар. Ушбу белбоғ ва атмосфера Ерни фазонинг қаттиқ совуғидан, турли зарарли нурлардан, қуёшдан келадиган бўронлардан, метеоритлар ҳужумидан ва бошқа хавф-хатарлардан ҳимоя қилиб туради.

Аллоҳ таоло биз бандалари ерда қийналмай яшашимиз учун барча шароитларни яратиб қўйган. Жумладан, Ерни ташқаридан бўладиган хавф-хатарлардан ҳимоя қилиб турувчи бир неча ҳимоя қатламлари билан ўраб қўйган. Булар ҳақида тафаккур қилиш инсоннинг иймон нури зиёда бўлишига, Аллоҳ таолога кўпроқ шукр қилиб, Унга ихлос билан ибодат қилишига ундайди.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Муовия Ғулобий қурайшлик бир кишидан ривоят қилади .Вуҳайб ибн Вирд Тува водийсида яшайдиган Муҳаммад ибн Мункадирни кўргани келди. Вуҳайб ибн Вирд беморнинг давоми...

1674 08:00 / 01.05.2020
. ,.Абон ибн Усмондан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Ким тонг оттирган чоғи давоми...

3095 11:00 / 11.04.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали .Лаа давоми...

2455 12:05 / 22.08.2019
Абдурраҳмон ибн Зайд айтади .Бир куни Абу Ҳозимга шундай дедим .Мени бир нарса хафа қилади,. .Эй биродаримнинг ўғли, нима экан у, деб сўради Абу Ҳозим. .Дунёга давоми...

2649 07:30 / 11.04.2019