1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нимадан ажр олишларингизни биласизларми?

09:10 / 19.08.2019 5626 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ғутойф ибн ал-Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши бемор ётган Абу Убайда ибн Жарроҳнинг олдига кириб:
«Кечаси амирнинг ажри қандай бўлди?» деди.
«Нимадан ажр олишларингизни биласизларми?» деди.
«Ёқтирмаган нарсамиз бизга мусибат бўлганидан», деди.
«Ажрни Аллоҳнинг йўлида нафақа қилганингиз ва сизга нафақа қилинганига оласиз», деди.
Сўнг туяга юкланадиган нарсаларнинг барчасини санади. Ҳатто уловнинг юганига ҳам етди. Сўнгра:
Аммо ушбу жасадларингизга етадиган оғирликни Аллоҳ хатоларингизга каффорот қилади», деди
».
Шарҳ: Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин кишилардан, Исломни дунёга таратишга катта ҳисса қўшган зотлардан бири. У киши Шомдаги фотиҳларнинг қўмондони бўлган зот ва буюк Ислом ва мўмин – мусулмонлар учун хизматлар қилган улуғ саҳобалардан биридирлар.
Бемор бўлган Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни қўргани кирган одам:
«Кечаси амирнинг ажри қандай бўлди?» деди».
Яъни, дард чекиб, бунинг учун ажр олдингизми? деб сўрабди.
Бунинг маъноси дард енгил бўлса, ажр камроқ, дард оғир бўлса, ажр кўпроқ бўлишини одоб билан сўрашдир.
Шунда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу:
«Нимадан ажр олишларингизни биласизларми?» деди».
Кирган киши:
«Ёқтирмаган нарсамиз бизга мусибат бўлганидан», деди».
Шунда Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу:
«Ажрни Аллоҳнинг йўлида нафақа қилганингиз ва сизга нафақа қилинганига оласиз», деди.
Сўнг туяга юкланадиган нарсаларнинг барчасини санади. Ҳатто уловнинг юганига ҳам етди».
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу банда ажр оладиган кўп нарсаларни санаб ўтибдилар. Ҳатто уловларга олинадиган эгар-жабдуқ каби нарсаларга ҳам Аллоҳнинг йўлида пул сарфланса, бизга арзимас туюлган ана шу нарсаларда ҳам ниятга қараб ажр олинар экан. Бироқ индамай юриб ажр-савоб олиш мол сарфлаб, хайр-эҳсон қилиш, уларни Алоҳнинг йўлига аташ билан бўлар экан.
Касаллик эса аввалги гуноҳларнинг каффороти бўлиб, уларни ювар экан.
Сўнгра:
Аммо ушбу жасадларингизга етадиган оғирликни Аллоҳ хатоларингизга каффорот қилади», деди».
Кирган одам дард чекканингиз учун ажр олдингизми, деб сўрагани учун Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ушбу маънони тушунтириб берибдилар.
Бу ҳадисдан биз катта қоида ўрганамиз. Ажр-савоб олиш Аллоҳнинг йўлида нафақа қилиш билан бўлар экан. Беморлик ва дард эса банданинг аввал қилган гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон одамга чарчоқ ва қийинчилик, хафачилик ва маҳзунлик, ғам-ғусса ва озор етса, ҳаттоки тикон кирса ҳам албатта Аллоҳ ўшалар ила унинг хатоларини ўчиради», - дедилар
».
Шарҳ: Демак, мусулмон одам бирор азият чекса, ҳатто тикон кирса ҳам, Аллоҳ таоло унинг ана шунга яраша хатосини ювар экан. Касал бўладими, чарчайдими, оғир аҳволда қоладими, мусибат етадими, ғам-ғуссага ботадими – чеккан азобларининг ҳар бирига, катта бўлсин, кичик бўлсин – гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлмай қолмайди.
Шунинг учун мўмин-мусулмон одам ўзига бир азият етганда, нохушлик етганда, дард текканда, тўсатдан бирор ғам-ғусса етганда жазавага тушиб, ўзини ўтга-сувга урмасдан, сабр қилиши лозим.
«Аллоҳ таоло бунинг эвазига менинг хатоларимни кечиради, гуноҳларимни мағфират қилади», деган эътиқоддаги киши буни осон ўтказади. Дод-вой қилишнинг ўрнига «бу менга Аллоҳнинг марҳамати бўлди, шу бўлмаса гуноҳларимни қандай ювардим», деган эътиқодда бўлса, бу нарса одамга оғир ботмайди, осон кечади.
Ислом маданияти мусибат етганлар мусулмонлардан ана шундай олийжаноб муносабатни талаб қилади.
Бу юксак даражадаги, илоҳий таълимотдан келиб чиққан маданиятдир.
Бу барча инсониятга ўрнак бўладиган ва фойда берадиган маданиятдир.

Абдурроҳман ибн Саъийд отасидан ривоят қилади:
«Мен Салмон билан бирга эдим. У Кинда қабиласидаги беморни бориб кўрди. Унинг олдига кирганида:
«Суюнчилик! Аллоҳ мўминнинг дардини каффорот ва тавба йўлини очилишига сабаб қилади.
Аммо фожирнинг беморлиги, худди эгаси боғлаб кейин қўйворган туяга ўхшайди. Нега боғлаганиниям, нимага қўйворганиниям билмайди», деди
».
Шарҳ: Одатда одамлар беморликни мусибат тарзда қабул қиладилар. Уни ўзлари учун ёмонлик аломати деб биладилар. Дод–вой ила шикоятлар қилишни бошлайдилар.
Ушбу ривоятда мусулмон маданияти бўйича беморлик етгандан қилиниши лозим бўлган бир неча таълимотлар баён қилинмоқда.
Аввало бир одам бемор бўлиб қолганда бошқа биродарлари уни кўргани бориши кераклиги. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Бу таълимотга амал қилиб мазкур Кинда қабиласига мансуб танишларини кўргани бордилар.
Бемор кўргани борган одам беморга яхшилик ва башорат сўзларини айтиши мусулмон маданияти кўрсатмаларидан экани. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу беморнинг олдига кирганда айтган гапларига назар солинг:
«Суюнчилик! Аллоҳ мўминнинг дардини каффорот ва тавба йўлини очилишига сабаб қилади».
Албатта, бу каби башоратни эшитиб унга эътиқод қилган ҳар қандай беморнинг дарди енгиллашади. Гуноҳларининг ювилаётганидан мамнун бўлади. Тавба эшиги очиқ турганидан Роббисига тавба қилишга ўтади.
«Аммо фожирнинг беморлиги, худди эгаси боғлаб кейин қўйворган туяга ўхшайди. Нега боғлаганиниям, нимага қўйворганиниям билмайди».
Бу ерда туянинг боғлангани – касал бўлгани, қўйворилгани – тузалганидир. Фожир одам касал бўлиб, тузалса ҳам унга на гуноҳларига каффорот, на тавба эшигининг очилиши, на бу дарддан бирор бошқа манфаат бор. Худди бақироқ туяни бироз боғлаб, кейин қўйворилгандек.
Шунинг учун ҳам мўмин кишининг ҳар бир нарсаси яхши дейилади. Унга яхшилик етса ҳам, ёмонлик етса ҳам манфаат кўради. Яхшилик етса, шукр, ёмонлик етса сабр қилади. Беморлиги унинг гуноҳларининг ювилишига, қилган хатолари учун каффорот бўлишига ишонади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин ва мўминага жасадида, аҳлу аёлида, мол-мулкида балолар етиб туради. Токи Аллоҳ азза ва жаллага мулоқот бўлганида бирорта хатоси қолмаган бўлади», дедилар
».
Шарҳ: Бу дунё ҳаёти давомида ҳар бир бандага жонида, оила аъзоларида, молида ёки бошқа нарсаларида турли кўнгилсизликлар етиб туради.
Бундай ҳолатларни Исломий таълимот ва маданиятдан бехабар кишилар жуда ҳам оғир қабул қиладилар. Улар ўзларича мазкур нохушликларни бало – офат, омадсизлик, ҳатто оила, қабила ёки уруғига теккан қарғиш сифатида қабул қиладилар. Бунинг оқибатида тушкунликка тушиб, ноумид бўладилар ва турли бўлмағур чораларни кўришга ўтадилар. Бу чоралар эса, на бу ва на у дунёга бирор фойда келтирмайди. Балки, мусибат устига мусибат бўлишдан бошқа нарса эмас.
Мўмин-мусулмон одам эса, бундай ҳолатларда ушбу ҳадиси шарифда келган таълимот асосида иш кўради. Ўзига, аҳли аёлига, молига етган ҳар бир мусибатни гуноҳларини ювадиган омил сифатида қабул қилади. Уларни сабр ва матонат билан қабул қилади. Ўзи ҳар тарафга уриб жиззакилик қилмайди.
Мўмин ва мўминага етган ҳар бир мусибат унинг гуноҳ ва хатоларини ювилишига хизмат қилади. Ўша одам вафот этганда бирорта гуноҳи қолмаган бўлади. Чунки ҳаммаси етган мусибатлар билан ювилиб бориб, вафот этганда гуноҳлардан, хатолардан покланган ҳолатда бўлади.
Шунинг учун ҳар биримиз бу ҳақиқатни яхши тушуниб етишимиз ва унга иймон ва ишонч билан амал қилишимиз керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир аъробий келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Сенга Умму малдам етганми?» дедилар.
«Умму малдам нима?» деди.
«Тери билан гўштнинг орасидаги иссиқлик», дедилар.
«Йўқ», деди.
«Бошинг оғриганми?» дедилар.
«Бош оғриғи нима?» деди.
«Бошдаги шамол. Томирларни лўқиллатиб оғритади», дедилар.
«Йўқ?» деди. У кетгач:
«Ким аҳли дўзахдан бировни кўриш хурсанд қилса, мана шунга назар солсин», - дедилар
».
Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмон киши касаллик, бетоблик етиб турадиган одам бўлар экан. Одам умрида касаллик кўрмаган, боши оғримаган, иситмаси ҳам чиқмаган бўлса, бу яхшиликнинг аломати эмас экан.
Гоҳ-гоҳида ориз бўлиб турадиган иситма, бош оғриғи каби касалликлар яхшиликнинг аломати экан. Улардан нолимасдан, очиқ кўнгил билан кутиб олиш, Аллоҳнинг раҳмати деб тушуниш керак экан.
Тез-тез такрорланадиган бундай касалликларни қандай қарши олиш кераклигини ушбу ҳадисдан ўрганиб олдик.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кези келганда дам солиш ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтишга тўғри келади. Бу борадаги асосий гаплар сеҳрнинг муолажаси борасидаги мавзуда эслаб ўтилди. .Дам солиш, давоми...

4786 08:08 / 09.12.2018
Ҳозир биз муборак зулҳижжа ойида турибмиз. Ушбу ойда қилинадиган энг катта ибодат, шубҳасиз, ҳаждир. Дунёнинг турли ўлкаларидан миллионлаб мусулмонлар Исломдаги давоми...

2541 11:00 / 29.05.2023
Жаннатда Одам алайҳиссалом қизларининг бир хил ёшда бўлиши, аммо ҳурлар турлича экани, жаннат аҳлининг нафслари қандай хоҳласа, шундай ndash кичик ёки катта давоми...

15081 08:45 / 17.01.2019
Луқмон исмли ҳабаш қул бор эди. Хожаси унга қўй сўйишни буюрди. Луқмон қўйни сўйди. Хожаси .Қўйнинг энг яхши иккита гўштини олиб кел,, деди. Луқмон қўйнинг юраги давоми...

2638 07:30 / 08.04.2019