1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Нурлар қалблар ва сирлардан чиқар

05:00 / 07.03.2017 3916 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нурларнинг чиқиш жойлари қалблар ва сирлардир.

– Инсоннинг жисмини ўрганувчи, араб тилида сўзлашувчи олимлар ва табиблар  инсоннинг чап кўкрагига жойлашган, конус шаклидаги махсус аъзони қалб деб атайдилар. У бизнинг тилимизда юрак дейилади. Юрак инсоннинг ҳаёт кечириши учун керак бўлган энг асосий вазифани – қонни томирларга ҳайдаб туриш вазифасини бажаради. Модомики юрак ишлаб турар экан, инсон ҳаёт бўлади. Юракнинг ишлашдан тўхташи инсоннинг ҳаётни тарк этишидир.

Қуръони Каримда «қалб» сўзи икки хил маънода келган. Мазкур икки маънодан бири ақл маъносидир.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратиб қўйдик. Уларнинг қалблари бор-у, у билан англамаслар» (179-оят).

Ушбу ояти каримадаги «қалб» сўзида ақл ва идрок маъноси ўз ифодасини топгандир.

Қуръони Каримда «қалб» сўзи яна иккинчи маънода, яъни муҳаббат, хавф, улуғлаш каби ҳис-туйғуларнинг маркази маъносида келган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Сўнгра, шундан кейин ҳам қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки ундан-да қаттиқ» (74-оят).

Ушбу оятда зикр қилинган «қалб» роббоний, руҳоний ва латиф нарса бўлиб, ўша латиф нарса инсоннинг ҳақиқатидир. Идрок, билим ва маърифат ўшандандир. Хитоб, итоб, иқоб ва талаб ҳам ўшангадир.

Тасаввуфда қалб дейилганда мазкур латиф нарса англанади. У ҳақда унинг сифати ва аҳволи хусусидагина сўз боради, ҳақиқати хусусида сўз юритилмайди.

Аллоҳ таоло Ҳадид сурасида марҳамат қилади:

«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоғда, аввал китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!» (16-оят)

Араб тилида «қалб» сўзи «ўзгариш», «айланиш» каби маъноларни англатади. Қалбнинг ўзгарувчанлигини Қуръони Карим тез-тез эслатиб туради. Ушбу оят ҳам шундай эслатмалардан биридир. Инсон тез-тез Аллоҳни зикр қилиб турса, қалби юмшайди, мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади.

«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш...»

Оятдаги «нозил бўлган ҳақ» Қуръони Каримдир. Демак, уни тиловат қилиш, ёдлаш, ўрганиш, унга амал қилиш инсоннинг қалбини юмшатади.

Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади.

«…айни чоғда, аввал китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!»

Лекин қотиб қолган қалблардан ҳам умид узмаслик керак. Ҳамма нарса Аллоҳнинг Ўзига осон. У худди қуриб-қақшаган ерни жонлантирганидек, моғор босиб, қотиб кетган қалбни ҳам юмшата олади.

Аллоҳ таоло Анфол сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир» (2-оят).

Оятда мўминларнинг бир неча сифатлари зикр қилинган.

– «Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган»лар мўминлардир.

Демак, мўминни ажратиш учун Аллоҳни зикр қилиш керак экан. Аллоҳ зикр қилинганда қалбини титроқ босиб, Ундан қўрқиб турган одам мўмин бўлади. Яъни, масалан, бирон ишни Аллоҳ буюрган, қилиш керак, дейилса, Аллоҳдан қўрқиб, ўша ишни бажаришга киришган одам мўмин бўлади.

– «...оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган»лар мўминлардир.

Яъни Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинганда, иймони зиёда бўладиган инсон мўминдир. Қалбига Қуръон таъсир этадиган, иймонини бақувват қиладиган инсон мўминдир.

– «...ва Роббларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир».

Яъни фақат Аллоҳ таологагина қайтадиган, Унигина кўзлайдиган, Ундангина паноҳ тилайдиган, Ундангина ҳожатларини раво қилишини сўрайдиган, Унгагина рағбат қиладиган, У хоҳласа бўлади, хоҳламаса бўлмайди, деб эътиқод қиладиган кишиларгина мўминлардир.

Ўтган ояти карималар ва уларнинг тафсирлари маъносидан кўриниб турибдики, қалбга нисбат берилаётган моғор босиш, покланиш, хушуъ, хузуъ, ларзага келиш, севиш, қўрқиш ва улуғлаш каби маънолар ҳиссиёт ва сезгига оиддир. Ақл ва идрокка оид эмасдир. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қалб табиблар наздида ҳаётни, уламолар наздида ақлни ва машойихлар наздида маънавий сезгиларнинг марказини ифода қилади. Бу уч сир жамланиб, руҳ деб номланади. Руҳ эса сирларнинг сири деб ҳам аталади.

– Агар руҳ инсоннинг жасадидаги ҳужайраларда жараён қилса, ҳаёт деб номланади.

– Агар руҳ инсоннинг миясидаги ҳужайраларда жараён қилса, ақл, идрок деб номланади.

– Агар руҳ инсоннинг юрагидаги ҳужайраларда жараён қилса, қалб деб номланади.

Шу билан Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматида зикр қилинган «қалблар» ибораси ҳақидаги тушунтириш сўзлари ниҳоясига етади.

Энди ушбу ҳикматда келган «сирлар»дан мурод нима эканини билиб олишга ҳаракат қилайлик.

Тасаввуф илмида ақл, нафс, руҳ ва сир каби нарсаларнинг барчаси бир нарса деб англанади. Улар бир нарса бўлгани билан идрок қилинадиган нарсанинг турига қараб исм ҳам турланади.

– Шаръий ҳукмларни идрок қилувчи нарсага ақл дейилади.

– Шаҳватга оид нарсаларни идрок қилувчини нафс дейилади.

– Тажаллиётларни идрок қилувчини руҳ дейилади.

– Таҳқиқот ва тамаккунотларни идрок қилувчини сир дейилади. Ҳа, сир – Аллоҳ таолодан бўладиган тажаллийларни қабул қилувчи ҳақиқатдир. Сир қалбдан кўра нозикроқ ва мусаффороқ бўлади.

Буларнинг барчаси руҳнинг исмларидир. Бошқача қилиб айтганда, руҳ гуноҳлар, маъсиятлар, шаҳватлар ва айблар зулматида қолган бўлса, нафс дейилади. Агар руҳ ғафлат ва ҳушёрлик орасида алмашиб турса, қалб дейилади. Агар у хотиржам ва сокин бўлса, башарлик чарчоқларидан дам олган бўлса, руҳ дейилади. Агар у ҳиссиёт кирларидан мусаффо бўлса, сир дейилади.

Албатта, бу каби таърифлар бир-бирини тўлдириб келади.

Руҳий тарбия илмида руҳ «сирларнинг сири» деб ҳам аталади. Шундан келиб чиқиб, инсоннинг руҳига оид махфий хусусиятлар «сирлар» дейилади. Мазкур руҳни Аллоҳ таолога нисбат берилади.

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади:

«Ўшанда Роббинг фаришталарга деди: «Албатта, Мен қуруқ лойдан, ўзгартирилган қора балчиқдан башар яратувчидирман. Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг» (28-29-оятлар).

Аллоҳ таоло инсоннинг асли бўлмиш Одам Атони яратишдан олдин фаришталарга ўша ниятини айтган. Шу билан бирга, уни яратиб, мукаммал қилиб бўлганидан кейин, ичига Ўз руҳидан пуфлаб, жон киритган пайтида уларнинг Одамга сажда этишлари лозимлигини ҳам таъкидлаган.

Ҳа, бу ҳар қанча эсласа, ҳар қанча ибрат олса, арзигулик ҳодисадир.

Инсоннинг асли арзимаган қора балчиқ лойдан иборат эди. Аммо Аллоҳ Ўз қудрат қўли ила уни инсон шаклига келтирди. Бироқ шунда ҳам лойлигича қолаверди. Аллоҳ таоло унинг ичига Ўз руҳидан пуфлаганидан кейингина, инсонга айланди. Қадр-қиймат топди. Фаришталар Аллоҳнинг амри ила унга сажда қиладиган даражадаги олий мақомга эришди. Демак, инсоннинг қадр-қиймати руҳ билан боғлиқ. Инсон қанча руҳоний бўлса, шунча қиймати ортади. Руҳонийлигини йўқотган сари қадр-қийматини ҳам йўқотиб боради. Руҳонийликни инкор этса, инсонлигини ҳам инкор қилиб, ҳайвон даражасига, балки ундан ҳам паст даражага тушиб қолади.

Инсон лой, яъни жисмдан ва руҳдан иборатдир. Унинг асл табиатида шу икки нарса қоришган бўлади. Ислом эса ҳам жасадга, ҳам руҳга эътибор бериш, икковини мутаносиб равишда тутишга буюради. Жасаднинг ҳам, руҳнинг ҳам талабларига меъёрида жавоб бериш лозим. Бирига эътибор бериб, иккинчисини бепарво қўйиш керак эмас.

Шунингдек, иблис инсондан олдин самум оловидан яратилган бўлиб, унга Аллоҳнинг руҳи кирмади, яъни оловдан яратилганича қолди. У ҳам ўз аслига тортади. Зарарли олов каби, инсонни куйдиради. Иғвосига учганларни ҳалокатга бошлайди.

Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ушбу ҳикматда зикри келган «сирлар» нималигини ҳам билиб олдик.

Энди мазкур ҳикматдаги «нурлар»дан мурод нима эканини билиб олишга ҳаракат қилайлик. 

«Нур»ни шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагича таърифлаган: «Нур банданинг қалбига Аллоҳ таолонинг исми ёки сифати маъноси таъсирида тушадиган ёруғлик бўлиб, унинг маъноси банданинг вужудига ўтади ва у билан ҳақ ва ботилни кўради».

Бу борадаги нурлар банданинг уриниши, таълим олиши ва чора-тадбирисиз, ўз-ўзидан унинг қалбига қуйилиб келадиган маърифатлардир. Эгасининг юқори мартабаларга кўтарилишига сабаб бўладиган ўта ишончли илмлардир.

Шу билан бирга, банданинг қалбида нурларнинг порлаши мазкур қалбларнинг покизалигига қараб бўлишини машойихлар доимо таъкидлаганлар.

Мазкур порлашлар фақатгина банданинг ўзига лозим бўлган фарз, вожиб тоатларни ҳамда ўзига вазифа қилиб олган вирдларни ўз вақтида, ихлос билан ва давомли адо этиб бориши билангина юзага келиши мумкин, холос.

Агар банда мазкур тоат ва вазифаларни бажармай туриб, Аллоҳ таолодан мадад, яъни воридлар келишини кутадиган бўлса, нотўғри иш қилган бўлади. Ундай банда худди эр-хотин бўлмай туриб, фарзанд кўришни истаган ёки нарвонсиз томга чиқишга уринган одамга ўхшаб қолади.

Шунинг учун ҳам мусулмон банда турли-туман кўнгли тусаган нарсаларнинг ғойибдан келиб қолишини орзу қилишнинг ўрнига Аллоҳ таоло ўзига амр этган тоатларни ва амалларни адо этишга аҳамият бериши лозим бўлади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматида нурларнинг чиқиш жойлари ҳақида хабар бермоқда.

«Нурларнинг чиқиш жойлари қалблар ва сирлардир».

Одамларнинг маънавият оламини ёритиб турадиган нурларнинг чиқиш жойлари уларнинг қалблари ва сирлари экан. Шунинг учун икки дунёнинг саодатига эришмоқчи бўлган бандалар, жаҳолат зулматидан маърифат зиёсига чиқмоқчи бўлган бандалар қалблари ва руҳларининг поклиги учун доимий ҳаракатда бўлишлари лозимдир.

Ўз-ўзидан нима учун Аллоҳ таолодан У Зотнинг тажаллиётлари туфайли тушадиган нурларнинг чиқиш жойлари қалблар ва сирлар бўлди-ю, мия ёки ақл-идрок ёхуд жисм бўлмайди, деган савол ўртага чиқиши мумкин.

Жавоб шуки, мия ҳам, ақл-идрок ҳам, жисм ҳам покланиш, хушуъ, хузуъ, ларзага келиш, севиш, қўрқиш ва улуғлаш каби ҳиссиёт ва сезгига оид маъноларга алоқаси йўқ нарсалардир.

Мияда акс этадиган ақлий фаолият фақат англаш ва идрок қилишдан иборатдир. Шунинг учун ҳам мияга бирор футур етса, англаш ва идрок қилиш амалиётига таъсир қилади. Шунинг учун ҳам бу нарсалар нурнинг чиқиш жойи бўла олмайдилар. Шунинг учун ҳам илм ва маърифатнинг юқори чўққиларига чиққан барча оқиллар ҳам, улкан илмий кашфиётларни қилишларига қарамай, қалблари қулфли бўлгани учун, моғор босган бўлгани учун Аллоҳ таолони таниш ва У Зотнинг ҳидоятига юриш бахтига муяссар бўлмайдилар. Бундай шахсларнинг сифати Қуръони Каримда ҳам зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Биз оятларимизни берган, сўнгра улардан суғурилиб чиққан ва уни шайтон эргаштириб кетиб, гумроҳлардан бўлган кишининг хабарини уларга тиловат қилиб бер!» (175-оят)

Ушбу ояти каримада зикр қилинган шахс ким экани хусусида мўътабар тафсир китобларимизда кўп сонли ва турли-туман ривоятлар бор. Шунинг ўзи ҳам бу оят муайян бир шахсга хос бўлмай, балки маълум бир тоифа одамларга хос эканини кўрсатиб турибди. Ояти каримада:

«…оятларимизни берган…» дейилишига кўра, у одам илмдан огоҳ экани кўриниб турибди. Демак, Аллоҳ таоло ўша одамга илмларни эгаллашга имкон берган, аммо у Аллоҳнинг оятларидан ўзини олиб қочган, яъни илми унга таъсир қилмаган. Шу туфайли,

«...уни шайтон эргаштириб кетиб, гумроҳлардан бўлган...»

Аллоҳнинг йўлида юрмаган, У Зотнинг оятларига амал қилмаган одамни, албатта, шайтон ўз измига солади ва иғвосига учиради. Шайтоннинг иғвосига учраган илмли шахс эса шайтондан баттар бўлиб қолади. Аллоҳнинг оятларидан фақат унинг ўзи қочиб қолмай, ўзгаларни ҳам қочиради, авом халққа катта салбий таъсир кўрсатади. Илмига амал қилмаган, Аллоҳнинг оятларидан ўзини олиб қочиб, шайтонга эргашганлар ер юзида ниҳоятда кўп.

Аллоҳ таолони унутиб, шайтонга эргашган илм эгасидан зинҳор яхшилик кутиб бўлмайди. Иймонсиз илм эгасининг илми ҳам, ўзи ҳам кони зарарга айланади. Илм ва ақлу идрок уларнинг эгаси иймонли бўлгандагина хайру барака ҳамда яхшилик манбасига айланади. Қалби иймонга тўла илмли кишидан бу дунё ва охират учун манфаатлар чиқади.

Инсоннинг қалбига таъсир қилувчи ҳис-туйғулар унинг руҳининг порлашидан келиб чиқади. Чунки Аллоҳ таолонинг сирларидан бири бўлмиш руҳни У Зот Ўзига нисбат бергандир.

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади:

Аллоҳ таоло фаришталарга:

«Бас, қачонки уни тўғрилаб бўлганимда ва ичига Ўз руҳимдан пуфлаганимда унга сажда қилган ҳолингизда йиқилинг», деди (29-оят).

Демак, инсоннинг руҳи Аллоҳ таолодандир. Шунинг учун банданинг руҳи ўзининг асли бўлмиш Аллоҳ таолога доимий равишда интилиб туради. Ушбу маънони ифодалаб, буюк Ислом файласуфи Абу Али ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг руҳга бағишланган қасидасида дейди:

«У сенга тушибдир энг юксак маҳалдан,

Юқори, иззатли ва ман қилингандан».

Шу ерда «Агар ҳақиқат юқорида айтилган гапдан иборат бўлса, нима учун барча одамларнинг қалбларида Аллоҳ таолонинг муҳаббати, иззати ва маҳобати бўлмайди, нима учун кўпчилик ҳавойи нафсига берилиб, шаҳватларга интилади?» деган савол кўндаланг бўлиши бор. Бу саволга шундай жавоб берилади:

Ҳа, руҳдан қалбга ўтадиган ҳис-туйғуларнинг барчаси Аллоҳ таолога қаратилгандир, уларда У Зотга нисбатан шавқ, муҳаббат ва улуғлаш бордир. Аммо шу билан бирга, инсоннинг қалби атрофида ҳавойи нафс ҳам бор. Ана ўша нафс тарбия кўрмаган, иймон суви ила суғорилмаган банданинг нафси бўлса, унда акс этган шавқ, муҳаббат ва интилиш Аллоҳ таолодан бошқа тарафга бурилиб кетади. Оқибатда мазкур банда ўзига ўхшаган бандаларга ва дунёнинг зебу зийнатига муҳаббат қўяди.

Шунинг учун ҳам ҳар бир банда ўз нафсини жиловлаш, қалбини поклаш чора-тадбирларини кўриб юриши керак. Ушбу чора ва тадбир эса Аллоҳ таолонинг зикрини кўп қилиш, У Зотнинг кузатиб турганини бир зум ҳам ёддан чиқармаслик каби руҳий тарбияга оид амалларни одоб ва қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириб юриш билан юзага чиқади.

Бу муборак ишнинг энг ёрқин намуналаридан бири банданинг ўзига етган ҳар бир катта ва кичик неъмат Аллоҳ таолодан эканини тўлиқ англаб етиши ва унинг шукрини ўрнига қўйишидан иборатдир.

Банданинг қалби Аллоҳ таолонинг тажаллиётларига жой бўлганида ундан нурлар порлайди. Бу борадаги нурлар банданинг қалбига унинг уриниши, таълим олиши ва чора-тадбирисиз ўз-ўзидан қалбига қуйилиб келадиган маърифатлар, эгасининг юқори мартабаларга кўтарилишига сабаб бўладиган ўта ишончли илмлардир.

Мазкур нур ҳаммага ҳам насиб бўлавермайди. Бу нурни Аллоҳ таоло Ўзи истаган бандасига беради.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур» ­(35-оят).

Аллоҳ таоло Ўз нурига ҳаммани ҳам ҳидоят қилавермайди. Кўзи кўр одам қуёшнинг, ойнинг, юлдузнинг, ҳатто олдида турган чироқнинг нурини кўрмаганидек, қалб кўзи кўр одам ҳам Аллоҳнинг нурига – иймонга, дину диёнатга, Қуръонга, Исломга ҳидоят топмайди.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:

«Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас» (40-оят).

Чунки Аллоҳнинг нуридан бошқа нур йўқдир. Шунинг учун Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқлар қат-қат зулматлар остида қолган киши кабидирлар. Ҳолбуки, улардан бошқа барча мавжудот бу зулматлардан йироқда нурга кўмилиб, Аллоҳга ибодат қилиб, тасбеҳ айтмоқдалар.

Аллоҳ таолонинг Ўзи барчамизнинг қалбларимиз ва сирларимизни мунаввар айласин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Ҳислатли ҳикматлар шархи китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Роғиб вараъни уч турга тақсимлаган 1. Вожиб. Бу турдаги вараъ ҳаромлардан сақланишдан иборат бўлиб, барчага баробардир. 2. Мандуб. Бу турдаги вараъ шубҳалардан давоми...

899 19:00 / 06 январь
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, рақоиқ луғатда рақиқнинг жами бўлиб, .нозик,, .ўта таъсирли, деган маънони билдиради. Бошқача қилиб айтилганда, қалбни рақиқюмшоқ давоми...

4221 05:00 / 28.02.2017
Аллоҳ марҳамат қилади Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар Улар намозларида хушу ва тавозу билан бўйин эгувчи кишилардирrdquo.Олимларимизнинг баъзилари хушу давоми...

3525 16:06 / 31.10.2018
Ёлғоннинг сабаблари Кишининг ёлғон ишлатишига бир неча сабаблар бор 1. Фойда жалб қилиш. Ёлғончи ўзига фойда етишини кўзлаб, одамларни алдаб, ўз манфаати учун давоми...

3516 13:00 / 30.01.2021