1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Шундай зикр қилки, аъзоларинг ҳурпайиб кетсин!

19:02 / 07.11.2018 4531 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қиёмат куни одам энг олдин намоздан сўроқ беради. Агар намозини яхшилаб ўқиган бўлса, намози ва бошқа эзгу амаллари қабул қилинади. Намозини яхшилаб ўқимаган бўлса, намози ва бошқа амаллари рад этилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ҳақидаги ҳадисларидан баъзилари:

“Фарз намози тарозуга ўхшайди. Тўғри тортган фойда кўради (Намозини яхшилаб адо этган кишигина мукофот кўради)”.

“Умматимдан икки киши туриб, намоз ўқийди. Рукулари, саждалари бир. Лекин бу икки кишининг намозлари орасида ер билан осмонча фарқ бўлиши мумкин”.

Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хушуга эътибор беришни буюрганлар:

“Руку билан сажда орасида белини текис тутмаган одамга Аллоҳ қиёмат куни назар ташламайди”.

“Ким тўкис таҳорат олиб, руку ва саждаларни ўринлатиб, хушу ила вақтида намоз ўқиса, бу намоз оппоқ бўлиб, порлоқ бир суратда кўкка юксалади ва эгасига шундай дейди:

– Сен мени кечиктирмай, вақтида ўқиб қандай авайлаган бўлсанг, Аллоҳ ҳам сени шундай авайласин!”

Кимки таҳоратини чала қилиб, рукулари ва саждаларини, хушу ила намозини вақтида адо этмаса, унинг намози ҳам қоп-қора ҳолида кўкка чиқиб, шундай дейди:

“Сен мени қандай зое этган бўлсанг, Аллоҳ ҳам сени шундай зое этсин.

Аллоҳ хоҳлаган вақт масаласига келсак, бу хил намозлар бир эски латта сингари, ўралиб-ёзилиб, эгасининг шарпасидан аччиқланиб туради”.

Инсонлар орасидаги энг ёмон ўғри намозидан ўғирлаган кишилардир.

Ибн Масъуд шундай дейди:

– Намоз ўлчовлидир, тўла адо этган одам ҳақини ҳам тўла олади. Чалакам-чатти ўқиганлар Аллоҳнинг мана бу оятини унутмасин:

“Ўлчов ва тарозидан уриб қолгувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай. Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вактларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир” (Мутаффифун сураси, 1–3-оятлар). Баъзи олимлар шундай дейди:

– Намоз ўқиётган кишининг ҳоли тижоратчининг ҳолига ўхшайди. Тужжор сармоясини бутлаб олмагунча фойдага ўтолмайди. Намоз ўқиётган киши ҳам фарз намозларни яхшилаб адо этмагунча нофила намозлари ҳукмга ўтмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:

“Намоз тавозудан иборатдир.

Намоз ўқиётган кишининг намози уни ёмонликлардан қайтармаса, унинг бу намози ўзини Аллоҳдан узоқлаштиришдан бошқа нарсага ярамайди.

Ғофилнинг намози уни ёмонликлардан қайтаролмайди.

Неча-неча намозга турганлар борки, уларга чарчоқдан бошқа ҳеч нима қолмайди”.

Бу сўзлари билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғафлатда намоз ўқувчиларни назарда тутганлар.

Киши намознинг маъносини идрок этиб, қай даражада яхшилаб ўқий олса, шу даражада савобдан насибаси бордир.

Маърифат аҳли дейки:

Намоз тўрт нарсадан иборатдир:

1. Билиб ва онгли равишда намоз бошламоқ.

2. Ҳаё билан намозга турмоқ.

3. Таъзим қилмоқ.

4. Намозни қўрқиб битирмоқ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билдирдиларки:

– Жаннатда Афйон («кенг» деган маънода – тарж.) номли бир дарё бор. Ичида ҳурлар бор. Аллоҳ уларни заъфарондан яратган. Инжу ва ёқут маржонларини ўйнашади. Етмиш минг тилда Аллоҳни тасбеҳ этадилар. Овозлари Довуд Алайҳиссалом овозидан ҳам гўзалроқдир. Бу ҳурлар шундай дейдилар:

– Биз намозини хушу ила ва қувониб адо этганлар учунмиз!

Аллоҳ ҳам марҳамат қилади:

– Намозни хушу ила ва қувониб адо этган кишини, ўз маконимда олиб қоламан. Менинг зиёратчиларимдан бири бўлади.

Аллоҳ бир ваҳийида Ҳазрати Мусога шундай деган эди:

“Эй Мусо, мени зикр этишни бошлаган пайтингда шундай зикр этки, аъзоларинг ҳурпайиб кетсин. Мени зикр этганингда хушу ва қувонч бағрида бўл. Мени зикр этганингда тилингдан чиққан зикр қалбингнинг тубидан келсин. Ҳузуримда турганингда камтарин бўл. Менга юрагингда қўрқув, тилингда тўғри сўз билан мурожот эт!”

Саҳобалардан баъзи бирлари дерки:

– Қиёмат куни инсонлар, дунёда ўқиган намозларидаги ҳолга қараб ҳашр қилинадилар (тўпланадилар). Намозни хушу ила ва бажонидил қилган-қилмаганларига ва ўқиган намозларидан завқ олган-олмаганларига кўра ўша шакл ва ўша атворда ўртага чиқариладилар.

Эй биродарим, билиб қўйки, Аллоҳ, намозларини хушу ичра ва бажонидил адо этганларни бир қанча оятларида мадҳ этган. Бу оятлардан баъзилари:

“Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар! Улар намозларини хушу ва тавозу билан адо этадилар” (Муъминун сураси, 1–2-оятлар).

“Улар (барча) намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир” (Муъминун сураси, 9-оят).

Дейдиларки:

– Намоз ўқувчилар кўп, лекин хушу билан ўқувчилар оз. Ҳаж қилувчи кўп, лекин қилган ҳажи учун садақа берган оз. Қуш кўп, фақат булбул оз. Олим кўп, лекин илмига амал қилувчи оздир. Намозда хушу ва тавозунинг ўрни алоҳидадир ва хушу намознинг қабул қилиниш шартидир. Намознинг:

– ўринли бўлган шартлари;

– қабул бўлиш шартлари бордир.

Намознинг ўринли бўлган шартлари намозда фарз бўлган нарсаларнинг зоҳиран адо этилишидир.

Намознинг қабул бўлиш шарти эса хушу ва тақводир, шунинг учун ҳам Аллоҳ айтади:

“Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар! Улар намозларини хушу ва тавозу билан адо этадилар. Аллоҳ фақат тақво эгаларидангина қабул қилади” (Моида сураси, 27-оятнинг сўнгги).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадислари шундайдир:

“Кимки чин юракдан Аллоҳга ёлвориб икки ракаат намоз ўқиса, гуноҳлардан покланиб, онадан янги туғилгандай бўлади”.

Эй биродарим, билиб қўйки, хаёлга келиб, киши ақлини машғул қилиб қўювчи турли фикрлар унинг намози ғафлат ичида ўқилишига сабаб бўлади. У ҳолда, хаёлга келган бу машғул этувчи фикрларни даф этмоқ лозим. Намоз ўқилаётган жой тинч бўлиши, эътиборни бўлувчи овозлар чиқарилмаслиги, жойнамозларнинг ўта гулдор-нақшдор бўлмаслиги мақсадга мувофиқдир. Кўзни қамаштирувчи гулдор либослар ҳам киши эътиборини бўлади, намознинг ғафлатда ўтишига сабаб бўлади. Агар шундай нарсалар киши зеҳнини банд этса, уларни ташқарига чиқариш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётидан нақл этилган бир ҳодиса бу фикримизни мустаҳкамлайди.

Абу Жаҳм Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир либос берганди. Бу либосни кийиб намоз ўқиган Пайғамбаримиз намоздан сўнг ечиб:

“Буни Абу Жаҳмга обориб беринг. Ҳозиргина намозда кўп хаёлимни бўлди, деб айтдилар”.

Улуғларимизнинг баъзи бирлари шундай дейди: Намозни тўрт нарса қийнайди:

1. Чайқалмоқ.

2. Юзини силамоқ.

3. Сажда қилаётганда хас-чўп ва тошларни суриб қўймоқ.

4. Рўпарасида йўл бўлган жойданамозга турмоқ.


Абу Ҳомид Ғаззолий,

“Мукошафат-ул қулуб” китобидан 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Робиъа ибн ҲайсамРобиъа ибн Ҳайсам ҳар тунни бедор ўтқазардилар. Бир куни у зотнинг қизилари Аллоҳ яратганлари ичида энг афзали кимrdquo деб сўради. Ибн Ҳайсам давоми...

3386 05:00 / 01.03.2017
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг азобидан юқори даражада хавф қилиб турадиган инсон эдилар. У киши ўзларининг фазллари ва қилган амалларига ҳеч давоми...

1582 19:00 / 20.08.2023
Бундай одам арабларда .икки тилли, ҳам дейилади. Бу сифатга эга бўлган одам икки душман тараф орасида гап ташиб юради ва икки тарафга ҳам ёқадиган гапни гапиради. давоми...

4313 16:00 / 10.04.2021
Ҳар бир банда ҳазир бўлиши лозим ва лобудд бўлган қалб хасталикларнинг энг хавфлиларидан яна бири мунофиқликдир.Араб тилида мунофиқликнинг англатувчи сўларнинг давоми...

6337 05:00 / 28.02.2017