1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тасаввуф ва унинг ҳақиқати ҳақида (4)

05:00 / 01.03.2017 3707 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МАЪРИФАТ БОБИ

Маърифат Аллоҳ таоло бандаларига буюрган биринчи фарздир. Бунга ушбу ояти карима далилдир: “Жин ва инс оламини фақат Ўзимгагина ибодат қилиши учун яратдим”. (Зориёт, 52) Абдуллоҳ ибн Аббос: “яъни Мени танимоқлари учун...”, деб шарҳлайди.

Пайғамбардан (алайҳиссалом): “Аллоҳ таолони нима билан танидингиз?” деб сўрашди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Мошоаллоҳ! Мен Парвардигоримни бир нарса орқали танимадим, балки нарсаларни У билан билдим”, деб жавоб бердилар.

Абу Бакр Сиддиқ (розийаллоҳу анҳу) айтди: “Ўзини танишдан бандаларини ожиз қилиб, уларга маърифат йўлини билдирган Зотни поклаб ёдлайман”[1].

Абу Дардо[2] айтди: “Мен Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маърифат ҳақида сўрадим. У зот бундай жавоб бердилар: “Мен Жаброил алайҳиссаломга маърифат ҳақида савол бердим. У бундай деди: “Мен Аллоҳ таолодан маърифат борасида сўрадим. Улуғ Аллоҳ айтди: “Маърифат – асрорларимдан бир сирдир. Уни Мени танишга лаёқатли қалб соҳибига билдираман”.

Юсуф ибн Ҳусайндан маърифатнинг асли ҳақида сўралди. У бундай жавоб берди: “Маърифатнинг асли Аллоҳнинг бандага раҳмати, унга назар солиши ва оят маъносини билишда унга берган тавфиқидир. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ раҳматини хоҳлаган одамга хос қилади” (Бақара, 105). Яна ундан сўрашди: “Банда Парвардигорини нима билан танийди?” У жавоб қилиб айтди: “Банда ўзини билишдан ожизу қандай қилиб Парвардигорини танисин?” Бас, ким Аллоҳни Аллоҳ билан таниса, албатта Уни таниган бўлади, ҳидоятига йўлланган бўлади ва У билангина Уни излаб топади.

Жунайд Бағдодийдан сўрашди: “Парвардигорингни нима билан танидинг?” У зот бундай жавоб қилди: “Парвардигоримни Парвардигор (ёрдами) билан танидим. Парвардигорим бўлмаганда Парвардигоримни била олмас эдим!”

Абул Ҳусайн Нурий айтади: “Маърифат икки хилдир: Ҳақни таниш маърифати ва Ҳақиқатни билиш маърифати. Аммо Ҳақни таниш кўринган сифатларга биноан ваҳдониятни исбот этишдир. Ҳақиқатни билиш эса мумкин эмас, чунки азалийлик ва раббонийлик бунга йўл қўймайди”.

Абу Язид Бистомий[3] айтди: “У сени кўриб туришини билишинг сенга кифоядир. Қилган амалингдан Унинг беҳожатлиги эса илмдандир”.

Сўфийлардан баъзилари бундай дейишади:

“Аллоҳга йўл – Аллоҳнинг ўзидир, зеро Аллоҳни Аллоҳнинг ўзи билан танилади. Бунга Аллоҳнинг ушбу сўзи далилдир: “Тўғри йўл Аллоҳ ёрдами билан топилади” (Наҳл, 9)”.

Шиблий айтади: “Маърифат белгиси – муҳаббатдир, зеро ким Аллоҳни таниса Уни севади”.

Жунайд (Бағдодий) бундай деган: “Маърифат – нурлар латофати билан асрорлар устида Ҳақнинг жилваланишидир”.

Айтиладики: “Маърифат – Аллоҳ ваҳдонияти билан қалбнинг таскин топишидир”.

Салафлардан баъзилари: “Аллоҳни У билан танидим. Ундан бошқа нарсани Унинг нури ила билдим”, дейишган.

Маърифат учтадир: Тил маърифати – у иқрордир. Қалб маърифати – у тасдиқдир ва руҳ маърифати – у ҳақиқий ишончдир.

Зуннун Мисрий айтди: “Маърифатнинг аввали – танлаш, кейин эса ихтиёр этиш, сўнгра боғланишдир”.

Айтилди: “Аллоҳни таниш – Аллоҳ сендан доимо огоҳ эканига қалбингни кўндиришингдир”.

Айтилди: “Аллоҳни билиш – тадбир ва ихтиёрни тарк этишдир”. (Сўфийлик истилоҳида “тадбирни тарк этиш” деганда таваккул ирода этилади. Абул Аббоснинг шогирди Атоуллоҳ Искандарий ўзининг “Ат-Танвир фи исқот ат-тадбир” китобида бу нуқтани шарҳлаган)

Айтилди: “Ким Аллоҳни таниса – ҳамма нарса уни қўрқитади” (Аллоҳнинг чегараларидан даҳшатга тушади ва гуноҳлардан четлашади) ва ҳамма нарсанинг хавфи ундан соқит бўлади. Ким Аллоҳни билса – тили гунг-соқов бўлади”.

Айтилди: “Соғлом маърифат – илм билан, соғлом илм маърифат билан бўлади. Бири иккинчисидан ажралмайди. Маърифат – Парвардигор мавжудлиги билан банд бўлган қалб илмидир. Маърифат – Унинг ягоналигини билиш латофатларига биноан қалб жилвасидир”.

Айтилди: “Маърифат Унинг сифатлари билан бўлган илмдир ва Зотини таниш тажрибасидир”.

Ҳикоя қилинишича, бир фақир киши Ҳорис Муҳосибий ҳузурига кирди. У маърифат ҳақида китоб ёзиш билан банд эди. Фақир унга: “Сендан бир масала хусусида сўрамоқчиман”, деди. Ҳорис: “Сўра!” деди. Фақир: “Маърифатдан менга хабар берсанг: банда учун ҳақни билиш зарурлиги Ҳаққа вожибми ёки Ҳақни таниш зарурлиги бандага вожибми?”, деди. Ҳорис ҳайрон бўлди ва китоб ёзишни тўхтатди.

Баъзилар айтишадики: “Орифнинг уч белгиси бор: унинг тили ҳикматни сўзлайди, қалби маърифатга содиқ бўлади ва бадан чегарадан чиқмайди”.

Бир ориф бундай деган: “Қалбларингиздан Аллоҳни танишни талаб этинглар! Уламолардан диёнатни билишни ахтаринглар! Зеро, улар Аллоҳ ҳузурида сизга ҳужжатдирлар. Аллоҳ билан Аллоҳдан беҳожат бўлманглар. Илм билан илмдан узоқ бўлманглар! Билингларки, ҳар бир илм учун илм бор. Барча илм соҳибидан кўра яхшироқ билувчи бор”.

Ҳикоя қилишларича, бир киши Абул Ҳусайн Нурий ҳузурига келди ва ундан: “Аллоҳнинг борлигига нима далил?” деб сўради, Абул Ҳусайн: “Аллоҳ” деб жавоб берди. Бояги киши: “Ақл қандай идрок қилади?” деб сўради. Абул Ҳусайн: “Ақл ожиздир, ожиз ўзига ўхшаш ожизга далолат қилади”, деди.

Айтилдики, “Аллоҳни билувчи орифлар ҳақиқатан ҳам подшоҳдирлар”. Абу Али Даққоқ[4] айтади: “Ким Аллоҳни таниса Аллоҳни маҳкам ушлайди. Ким Аллоҳни маҳкам тутса Аллоҳ ҳидоятига эришади”.  

Шиблий: “Ким Аллоҳни таниса, ундан дунё хафалиги кетади”, деган.

Жунайд: “Ким Аллоҳни билса, Аллоҳ қудрати олдида гуноҳлари кўплигидан ғами зиёда бўлади”, дейди.

Абу Язид Бистомий бундай деган: “Одамларга Аллоҳни билишда заррача илм берилган”.

Абу Бакр Варроқ[5] бундай дейди: “Ориф кўкраги тилинган, қалби мажруҳ ва бадани эса топталгандир”.

Жунайд айтади: “Орифлар назар қилишса, улар билан Аллоҳ ўртасини дунёдан бошқа бирор тўсувчи-ҳижоб йўқ. Орифлар уни ҳам парчалаб ташлашган”.

Шиблий: “Ким Аллоҳни билса, турмуши мусаффо, ҳаёти гўзал бўлади”, деган.

Машойихлардан биридан маърифат ҳақида сўрашганида у: “Қалб Аллоҳнинг ягоналигини комил сифатлари ва исмлари билан англаши маърифатдир. У зот ҳеч бир кайфиятсиз, ўхшашсиз ва мислсиз иззатда, султонлик қудратида ва улуғликда танҳодир. Маърифат Аллоҳга ўхшашларни, зиддиятларни ва сабабларни қалбдан кетказишдир”.

 Саҳл ибн Абдуллоҳ[6] айтади: “Саҳрода кезиб юрардим. Тўсатдан юзида маърифат аломатлари зоҳир қўй боқиб юрувчи қоратан бир ғуломни кўриб қолдим. У менга: “Сиз шаҳарликмисиз?” деди. Мен: “Ҳа!” дедим. У: “Мавлойингни (Парвардигорингни) нима билан танидингиз?” деб сўради.  Мен: “Шоҳид-гувоҳлар билан”, деб жавоб қайтардим. У: “Ҳайҳот, ким Парвардигорини шоҳидлар билан таниса, қийинчиликлар денгизида ғарқ бўлади ва унга Аллоҳдан ҳеч бир улуғ илтифот бўлмайди” деди ва ушбу байтни ўқиди:  

Мавлойимни албатта Мавло билан танийман,

Мусибатим даф этишин сўрайман Ўзидан -- пок.

У бениҳоя саҳоват соҳибики, ҳеч ким,

Ақл ва фикр билан уни этолмас идрок.

[1] Қуйидаги сўз ҳам Абу Бакр Сиддиқга нисбат берилади: “Идрокни идрок этишдан ожизлик – идрокдир”. Бу ибора кўплаб сўфийлик китобларида зикр этилади. Қаранг: Ибн Арабийнинг “Ал-футуҳот ал-Маккия” китоби ва Абдул Карим Жийлийнинг “Ал-Инсон ал-комил” асари.

[2] Абу Дардо Уваймир ибн Зайд Пайғамбар(сав)нинг хос асҳобларидан эди. У Мадина қориларининг улуғларидан ҳисобланади. Абу Дардо илк даврдан бошлаб завқий маъноларни билишга даъват этарди.Унинг қўлида энг биринчи сўфийлар таълим олишди. Абу Дардо (р.а.) 31 ҳижрий санада вафот этди.

[3] Абу Язид Тайфур ибн Исо ибн Шарвсон Найсабур йўлида жойлашган Бистом шаҳридандир. Бобоси Шарвсон мажусийликдан Исломга ўтган эди. Абу Язид Бистомий илк сўфийларнинг машҳурларидан. Зоҳидлик ва хоксорлик билан ҳаёт кечирди. У сўфийлик жазбида айтган сўзлари билан танилган. Бистомий 261 ҳижрий санада вафот этган. Унинг Бистомдаги мақбараси ҳозирга қадар зиёрат қилинади.

[4] Абу Али Иброҳим Даққоқ аввалги замон сўфийларидан бири эди. У зоҳидлик ва таваккулчилиги билан танилган эди. Шайх Калободий унинг баъзи сўзларини “Тавба” китобида зикр этган.

[5] Абу Бакр Муҳаммад ибн Умар Ҳаким Варроқ асли Термиздан эди. Балхда яшади. Унинг сўфийлик риёзатлари ва руҳий одоблари ҳақида кўплаб китоблари мавжуд.

[6] Абу Муҳаммад Саҳл ибн Абдуллоҳ ибн Юнус ибн Исо ибн Рафъ Тустарий зоҳидлик, ихлос ва ахлоқ айблари (сифати бўлса керак -Т.) ҳақида сўзлаган. Тасаввуф имомлари улуғларидан эди. Унинг сўзларидан: “Одамлар уйқуда. Агар уйғонишса надомат қилишади. Агар надомат қилишса надоматлари уларга фойда бермайди. Одобнинг энг қуйиси жаҳл чиққанда тўхташинг ва одобнинг яна бир бошқаси шубҳа қилган вақтингда тўхтамоғингдир”. Тустарий 283 ҳижрий санада вафот этди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар бир одам сиздан Нима учун денгизчи ўзининг кемасини сафарга чиқиш олдидан обдон кўздан кечиради rdquo, Нима учун ғаввос акулалар яшайдиган денгизга давоми...

6257 05:00 / 01.03.2017
. ,. . Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммадни Расул давоми...

983 19:00 / 27 июль
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади .Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил. Қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт. давоми...

1642 19:00 / 18.03.2023
Тариқат ва шариат орасидаги фарқни Ислом ва эҳсон орасидаги фарқни ўрганиш орқали англаб етдик. Аммо кишилар орасидаги саволларга эътибор берадиган бўлсак, давоми...

5882 10:08 / 14.12.2018
Аудиолар

131084 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51610 14:35 / 11.08.2021