1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзандларни гўзал ахлоқли қилиб тарбиялаш

05:00 / 15.02.2017 4218 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло ўзининг суюкли Пайғамбарини мақтаб, у зотга берган улуғ неъматини шундай эслатади: "Албатта Сиз улуғ хулқ устидадирсиз".
Оиша розийаллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари Қуръон эди».
Пайғамбар алайҳиссаломдан сўралди:
—Амалларнинг афзали қайси?
— Гўзал хулқ! дедилар.
Умми Ҳабиба Расули акрамдан сўрадилар:
— (Ё Расулаллоҳ), бир аёл икки марта эрга теккан бўлса, кейин у аёл ҳам, иккала эр ҳам дунёдан ўтса ва барчаси жаннатга кирса, аёл қайси эрга тегишли бўлади?
— Дунё ҳаётида қайси эрнинг хулқи гўзал бўлган бўлса, ўшанга тегишли бўлади. Эй Умми Ҳабиба! Гўзал хулқни дунё ва охират яхшилиги билан беза!»
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Банда ўзининг ёмон хулқи туфайли жаҳаннамнинг энг тубига қулайди».

Аслида, «гўзал хулқ» дегани нима? Унинг қандай аломатлари бор? Гўзал хулқ — иймон, ёмон хулқ — нифоқ (иккиюзламачилик)дир. Кимдир ҳаёси кўп, озори кам, гапи кам, амали кўп, вазмин, сабрли, шукрли, қаноатли, ҳалим, дилкаш, уятчан, меҳрибон бўлади. Лаънатламайди, сўкмайди, чақимчилик, ғийбат қилмайди. Шошқалоқ, кеқдор, бахил, ҳасадгўй эмас. Доимо юзлари очиқ, жилмайиб туради, диди нозик. Оллоҳ йўлида яхши кўради, Оллоҳ ёмон кўрганни ёмон кўради. Оллоҳ учун рози бўлади, Оллоҳ учун ғазабланади. Буларнинг ҳаммаси гўзал хулкдир.
Ёмон хулқ эса, юқоридагиларнинг бутунлай тескарисидир. Масалан, нифоқ, риё, ҳасад, кўп шубҳаланиш, бировлар ҳақида ёмон гумонда бўлиш, кибр, ўзидан ажабланиш, бошқаларни менсимаслик, уларни масхара қилиш, гина ва адоват, ноумидлик, ҳавои нафсга берилиш, Аллоҳдан бошқани қаттиқ яхши кўриш, Аллоҳдан бошқа кишидан қаттиқ қўрқиш, шайтон васвасасига алданиш, тошбағирлик, қалбнинг қотиб кетиши, ёлғончилик, ўғрилик, туҳмат қилиш, ғийбат қилиш, бўҳтон қилиш, бировларни сўкиш, ота-онага итоат қилмаслик ва бошқалардир.
Нафс ва ахлоқ тарбияси жиддий ва мушкул иш. Қалб касаллигидан саломат бўлиш учун кўп куч ва вақтимизни сарфламоғимиз лозим. Зеро, қалбнинг Исломдаги ўрни улуғдир. Қалб Парвардигор назари тушадиган, тавҳид, иймон ва ихлос ўрнашадиган жойдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳ таоло сизларнинг ташқи кўринишингиз ва молларингизга қарамайди, балки қалбларингизга ва амалларингизга қарайди".
Азиз ота-оналар! Агар ўзингизнинг ҳамда фарзандларингизнинг қалбларини даволашни ва унинг соғайишини истасангиз, Аллоҳга илтижо қилинг, нафл ибодатларга муҳаббат қўйинг, кечаси одамлар ухлаётганда туриб, кўзда ёш билан намозлар ўқинг. Кўп зикр қилиб, яхши инсонлар билан бирга бўлинг, чунки улар касал қалбнинг соғайишига энг яхши ёрдамчилардир.
Нафсни поклашнинг яна бошқа йўллари ҳам бор. Қуйида улардан энг муҳимларини келтирамиз:
1.Қуръони каримни ихлос билан ўқиш.
2.Аллоҳни кўп зикр қилиш, эслаш.
3.Фойдали илм ўрганиш.
4.Ҳалол таом ейиш, ҳалоллигида шубҳа бўлган таомлардан эҳтиёт бўлиш.
5.Аллоҳнинг энг гўзал исмларини ва сифатларини ўрганиш ва тилда айтиб юриш.
6.Кўп кулмаслик.
7.Дуо қилаётганда кучли ихлос ва ишонч билан дуо қилиш.
8.Мискинларга таом бериш, етимларнинг бошини силаш.
9.Бир гуноҳ қилиб қўйганда, дарров тавба қилишга шошилиш.
10."Астағфируллоҳ" ни кўп айтиш.
11.Қабрларни зиёрат қилиб туриш.
12.Яхши ишларни кўпайтириш.
13.Аллоҳдан қўрқиб йиғлаш.
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деган:
"Сиз ўзингизни эртаю-кеч Парвардигорларининг юзини – розилигини истаб, У зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб, (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)!...".
Азиз ота-оналар! Сиз қалбингизга ёмон шубҳа, ҳаром шаҳват ва бузғунчи офат киришидан эҳтиёт бўлинг, ғафлатдан ва ғофил бандалардан йироқ юринг. Чунки ғафлат илмга қарши ва уни йўқотувчидир. Аллоҳ таоло Қуръонда ғафлат аҳлини қоралади, уларга итоат этиб фикрларини қабул қилишдан қайтариб, шундай деди:
"... ғофил кимсалардан бўлманг".
"...Ва Биз қалбини Бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!"
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: "Қалб аъзоларнинг подшоҳи, аъзолар эса унинг аскарларидир. Агар подшоҳ яхши бўлса, аскарлари ҳам яхши бўлади. Подшоҳ ёмон бўлса, аскарлари ҳам ёмон", дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Огоҳ бўлинглар, инсон танасида бир парча гўшт бор, агар у яхши бўлса, бутун тана яхши бўлади, бузилса, бутун тана бузилади. Билинглар-ки у қалбдир". (Яъни, қалбнинг яхши бўлиши аъзоларнинг Аллоҳга итоат қилишини таъминлайди).
Азиз падари бузрукворлар ва волидаи муҳтарамалар! Инсоннинг қалби пок ва беғубор бўлиши, чиройли хулқ соҳиби бўлиши учун уни болалигидан бошлаб яхши тарбия қилиш лозим. Зеро, экилган дарахт кўчатлигида яхши қаралсагина уч-тўрт йил ўтиб сифатли ҳосил беради. Акс ҳолда эгри ўсади ёки умуман қуриб қолиши мумкин.
Бола тарбиясида нафсни ҳам поклаш муҳим ўрин тутади. Фарзанд тарбияси ана шундай оғир ва энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онасига омонатдир. Боланинг қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади. Агар сиз фарзандингизни яхшиликка ўргатиб, яхшилик ичида вояга етказсангиз, уларнинг дунё ва охират саодатини топишида сиз ҳам, сиз билан бирга бу ишда шерик бўлган ҳар бир киши ҳам ҳиссадор бўлади.
Агар сиз болангизни эътиборсиз ташлаб қўйсангиз, ёмонлик ичида ўстирсангиз, фарзандингиз ҳам, сиз ҳам бадбахтликка юз тутасиз ва ҳалок бўласиз.
Улуғ ва қудратли Аллоҳ дейди:
"Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни дўзахдан сақлангиз".
Сиз фарзандингизни дунё оловидан қанчалик ҳимоя қилсангиз, охират оловидан унданда кўпроқ ҳимоя қилишингиз керак. Одобу тарбия воситасида яхши хулқларни ўргатиш, ёмонликлардан қайтариш, тўкин-сочинликка одатлантирмаслик, зийнатга муҳаббат уйғотмаслик билан сиз ўз фарзандингизни охират оловидан сақлайсиз. Аксинча, агар болангизни дунё талабида улғайтирсангиз, абадий ҳалокатга юз тутасиз.
Фарзанд дунёга келган илк кунлариданоқ кузатув остида бўлмоғи лозим. Болани эмизиш ва мураббийлик ишлари диёнатли, ҳалол аёлгагина ишониб топширилиши мумкин. Чунки, ҳаромдан ҳосил бўлган сутда барака йўқ. Агар ундан истеъмол қилса, боланинг қонига ҳаром аралашади ва табиати ҳаромга мойил бўлиб қолади.
Яхши-ёмонни фарқлаш ҳисси фарзандингизда шакллана боргани сайин назоратни кучайтирмоқ лозим. Бунинг аввалги белгиси унда ҳаёнинг илк нишоналари зоҳир бўлади. Шунчаки тортиниб туриш ҳали ҳаё эмас. Балки, ақл нурига эришиб, болангиз баъзи ишларнинг бошқасига зид эканлигини кўради, хунук деб топган ишларни қилишдан уяла бошлайди. Бу Аллоҳ таолонинг унга ҳадяси, хулқининг поклигидан, қалбининг софлигидан дарак берувчи башорат, ақлининг камолга етаётганидан хушхабардир.
Ҳаёли болани эътиборсиз ташлаб қўйиш ярамайди. Балки унга ҳаё одобини ўргатиш билан ёрдам бермоқ лозим. Кўпинча болаларда таомга очкўзлик билан ташланиш туйғуси ғолиб бўлади. Бунда тарбия таом ейиш одобидан таълим бериш билан бошланади. Масалан, таомни ўнг қўлда ейиш, "бисмиллоҳ" билан бошлаш, катталардан олдин лаганга қўл чўзмаслик ва таомни фақат ўзининг олдидан олиш, еяётган кишининг оғзига қарайвермаслик, шошмасдан, яхшилаб чайнаб ейиш, луқмани оғзига кетма-кет тиқавермаслик, таом юқини кийимига артмаслик, баъзан зиравор ёки ширинликларсиз қуруқ ноннинг ўзини ейишга одатланиш.
Шунингдек, кўп таом ейишнинг ёмонлиги, бу ҳайвонларга хос хусусият эканлиги, одобли бола таомни кам ейиши, борига қаноат қилиши, таом танламаслик ҳақида гапирилса, бу ҳам тарбиядир.
Болада ранг-баранг ва ипакдан бўлган кийимларга эмас, оддий оқ рангдаги кийимларга рағбат уйғотиш лозим.
Эркак киши бундай нарсалардан узоқроқ юриши боланинг ёнида бот-бот эслатиб турилиши керак. Ана шунда болада ранг-баранг ва ипакдан бўлган кийимни ёқтирмаслик туйғуси ҳосил бўлади.
Болани тўкин-сочинликда, қимматбаҳо кийимлар кийиб ўсган болалардан, бундай дабдабали ҳаётга рағбат уйғотадиганлар даврасига аралашиб қолишдан асрамоқ зарур. Чунки вояга етаётган болани эътиборсиз ташлаб қўйилса, кўп ҳолларда бу ахлоқнинг тубанлашувига сабаб бўлади. Натижада бола улғайгач, каззоб, ҳасадгўй, ўғри, чақимчи, қайсар, маҳмадона, енгилтак, маккор, беҳаё, ярамас бир кимсага айланиб қолиши мумкин.
Булардан сақланишнинг йўли — чиройли тарбия.
Болани ишқ ва ишқ аҳли зикр қилинган шеърлардан, бундай шеърлар зарофатни ва нозик таъбни тарбиялайди, деб ўйлайдиган адиблар орасига аралашиб қолишдан сақламоқ лозим. Чунки бу нарсалар боланинг қалбига фасод уруғини сепади.
Қачонки болада чиройли хулқ, мақтовга арзигулик бир феъл содир бўлса, уни ҳурмат билан шарафламоқ, кўнглини қувонтирадиган нарса билан тақдирламоқ, кўпчилик орасида бу феълини изҳор этмоқ зарур. Баъзи ҳолатларда бир марта бу феълига хилоф иш қилиб қўйса, уни кўрмаганга олиш фойдалироқ. Айниқса, бола бу ишини яширишга ҳаракат қилса. Чунки, бола бундай ҳолда айбидан ортиқроқ жазога тортилиб қолса, жазо акс таъсир этиши, айбининг очилиб қолишига ўрганиб, хатога журъатли бўлиб қолиши
мумкин.
Агар бола сиз кўрмаганга олган айбини яна такрорласа, у ҳолда унга яширин, яъни ёлғизлигида танбеҳ бермоқ, бу ишнинг оқибати ёмон бўлишини уқтирмоқ лозим. Лекин танбеҳнинг ҳаддан ошиб кетишидан сақланмоқ керак. Акс ҳолда, боланинг қулоғи маломатга, хунук сўзларга одатланиб, панд-насиҳатлар қалбга етиб бормайдиган бўлиб қолиши мумкин.
Бола тарбиясида отанинг қатъияти, сўзидан қайтмаслиги муҳим аҳамиятга эга. У ўзининг бу табиатини фарзандига доимо сездириб турииш зарур. Она ҳам ўз навбатида отанинг айнан шу хусусиятини боланинг ёдига солиб турмоғи, шу тарзда фарзандини ёмонликлардан қайтармоғи лозим.
Эрталабки уйқу болани ялқов қилиб қўяди. Кечқурун эртароқ ухлаш эса кони фойда. Тўшакнинг ҳаддан ташқари юмшоқ бўлиши гавданинг эгилувчанлигини камайтиради, аъзоларнинг қотишига олиб келади.
Семириш таомга рағбатни кучайтиради. Шунинг учун болани дағалроқ тўшакка, одмироқ либосга, оддий таомга ўргатиш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.
Бола ниманики яширин қилса, бу унинг ўша ишни ёмон деб билгани туфайлидир. Демак, унга ҳар бир ишни очиқ қилишни ўргатмоқ лозим.
Эрталабки бадан тарбия дангасаликни қувади. Кийимларининг олдини очиб,
қўлларини ёйиб, шошиб юриш одобга мувофиқ эмас. Ота-онасида бор нарсалар билан ёки тансиқ егулик, қимматбаҳо либослари билан, антиқа қалам-дафтарлари билан дўстларига мақтанмоғи ёмон хулқдир. Балки, у ҳар бир дўстига тавозуъ ва ҳурмат билан муомала қилишга одатланмоғи, ўзаро суҳбатларда меҳрибон ва мулойим бўлмоғи лозим.
Агар болалардан бири унга нимадир берса, гарчи у буни ўзига нисбатан ҳурмат деб билса ҳам олишга одатланмаслик зарур. Чунки, юксаклик олишда эмас, беришда! Олишда маломат ва тубанлик бор. Тамаъ қилиш хорлик, бу худди итнинг қилиғига ўхшайди: ит бирон луқма илинжида думини ликиллатиб доимо нимадир тамаъ қилади.
Болаларнинг олтин ва кумушни яхши кўриши жуда ҳунукдир. Аслида бу нарсалардан илон ва чаёнлардан ҳам кўпроқ ҳазар қилмоқ керак. Олтину кумушни яхши кўриш, уни қўлга киритишни исташ нафақат болалар учун, балки катталар учун ҳам заҳарнинг зиёнидан-да кучлироқ офатдир.
Кўпчилик ичида тупуриш, бурун қоқиш, эснаш, бировга орқа ўгириб ўтириш, оёқни оёққа чалиштириш, кафтни иякка тираш ярамас одатлардан ҳисобланади. Бошни елкага ташлаб туриш ҳам ялқовлик белгиси.
Бола суҳбат қоидаларидан хабардор бўлмоғи лозим. Кўп гапириш туфайли киши сурбет бўлиб қолиши, маҳмадона деган ном олишини унга доимо эслатиб турилса ва аввало, эслатувчининг ўзи бу гапига амал қилса, бола албатта бу насиҳатни олади.
Хоҳ рост, хоҳ ёлғон бўлсин, бола ёшлигидан қасам ичишга ўрганиб қолмасин. Сўзни аввал бошламасин, сўралган нарсагагина жавоб берсин. Модомики, суҳбатдоши ўзидан катта экан, уни тингласин. Чунки, суҳбатдошнинг гапини бўлишдан кўра уни тинглаш чиройлироқдир.
Одобли бола йиғинларда катталарга жой беради, бефойда гаплардан тийилади, бировни сўкмайди, лаънатламайди. Болани дағал, сўкиниб гапирадиган оғзининг таноби йўқ кишиларга аралашиб қолишдан сақламоқ лозим. Аслида, болани ёмон муҳитга тушиб қолишдан асраш тарбиянинг асоси ҳисобланади.
Агар бола муаллимидан калтак еса, шовқин-сурон кўтармасин, кимдандир ҳимоя кутмасин, балки сабр этсин. Буни бола албатта билиши керак. Бунинг учун унга босиқлик ботир ва эр кишиларнинг одати, дод-вой солиб, шовқин-сурон кўтариш эса қуллар ва аёлларга хос одат эканлиги англатилади.
Болага дарсдан сўнг чарчоқни ёзиш учун чиройли ўйинларга изн бериш мумкин. Лекин тинкаси қурийдиган даражада ўйин билан машғул бўлиб қолиши дуруст эмас.
Шунингдек, болани ўйиндан буткул маҳрум қилиб, доимий таълимга мажбурлаш ҳам ярамайди. Бундай такаллуф ёш қалбни ўлдиради, заковатни сўндиради, ҳаётдан безиш туйғусини пайдо қилади. Фурсат бўлди дегунча бола бу танг шароитдан чиқиб кетиш учун ҳийла ахтарадиган бўлиб қолади.
Отага, муаллимига, хоҳ яқин, хоҳ бегона бўлсин, ўзидан ёши катта ҳар бир
тарбиячига итоат қилишни, уларга ҳурмат кўзи билан қарашни, уларнинг олдида ҳар қандай ўйинни тарк этишни бола билиши лозим.
Бола яхши-ёмоннинг фарқига боргани сайин таҳорат ва намоз таркига узри йўқолади. Рамазонда тўлиқ бўлмасада, баъзи кунларида рўза тутишга буюрилади. Ипак кийимдан, тилло узук ва тиллодан ясалган бошқа нарсаларни ишлатишдан қайтарилади. Умуман, бу пайтда болага шариат доирасида эҳтиёжи тушадиган барча нарсаларни ўргатиш зарур.
Болаларни ўғирлик, ҳаром, хиёнат, ёлғон, бузуқлик каби иллатлардан қўрқитиб ўстирилади. Ёши улғайгани сайин болада бундай ишларнинг сирига етиш имкони кўрина бошлайди. Ўшанда унга шундай эслатиш мумкин: "Таомлар доридир. Уларни истеъмол қилишдан мақсад - барчамизни яратган Оллоҳ таолонинг тоатига қувват олиш. Дунё асл ватан эмас, чунки унда боқийлик йўқ. Ўлим дунё неъматини қирқади. Дунё ўткинчи бир қўналға, охират эса доимий қароргоҳдир. Ўлим — исталган соатда келиши мумкин бўлган, кутилган нарса. Бу дунёда охират учун озиқ ғамлаган киши ҳақиқий оқил ҳисобланади. Аллоҳ таоло ҳузурида бундай кишининг даражаси баланд, жаннатдаги насибаси янада бисёр бўлади".
Мияси тўқ бола ёшлик бебошликларини англай боргани сайин, айни вояга етаётган пайтда айтилган бу сўзлар унга фойдали, шифобахш, худди тошга ўйилган нақшдек, қалбида чуқур из қолдиради. Агар акси бўлса, бола ўйин-кулгуга берилади, бузуқ, беҳаё ишларга улфат тутинади, таомга очкўзлик, либос, зийнат, фахру мақтанчоқлик каби иллатларга муҳаббат қўяди. Қалби ҳақни қабул қилмайдиган бўлиб қолади.
Бола тарбиясида эътибор заррача сусаймаслиги лозим, айниқса, илк тарбия даврида. Чунки, бола табиатан яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам қабул қилишга тайёр хилқатдир. Шунинг учун ҳам барчамиз фарзандларимизнинг тарбиясига жиддий тарзда эътибор қаратишимиз, уларни табиатан яхшиликни қабул қилишга тайёр хилқат бўлишларига қўлимиздан келганича хисса қўшишимиз лозим.
Аллоҳ таоло барчамизга фарзандларимизни чиройли тарбия қилишимизни ҳамда зурриёдларимизни эл-юрт корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб етишишларини насиб этсин! Омин!

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Болага меҳрибонлик кўрсатиш отаонанинг вазифаси ва боланинг ҳаққидир.Инсон зоти доимо меҳрмуҳаббатга эҳтиёжли бўлади. Айниқса, болалар бу нарсага жуда ҳам давоми...

2876 05:00 / 15.02.2017
Ота дарсни АЛЛОҲга ҳамд ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар айтиш ила бошлади, сўнгра деди .Суюклиларим, Ислом ndash бўйсуниш маъносида давоми...

3674 10:21 / 11.12.2017
ИККИНЧИ САБОҚМУСУЛМОНЧИЛИКНИНГ БИРИНЧИ БЕЛГИСИАссаиому алайкум, суюкли фарзандларим Сиз ўтган машғулотимизда бир неча бор .Аллоҳ, деган сўзга дуч келдингиз. Хўш, давоми...

2839 05:00 / 15.02.2017
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муаллиф муқаддимаси Аллоҳга ҳамд бўлсин, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва аҳлларига салоту саломлар давоми...

11196 18:01 / 22.11.2017