1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзандларни яхши дўст орттиришга ундаш ва ёмон улфатлардан қайтариш

05:00 / 15.02.2017 3123 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота фарзандларини фақат яхши инсонлар билан дўст бўлишларига ундаши ҳамда ёмон хулқли инсонлар билан бирга бўлишларидан қайтариши вожибдир. У доимо фарзандларига яхши инсонлар билан бирга бўлишнинг фойдаларини ва ёмонлар билан бирга бўлишнинг зарарларини тушунтириб бормоғи лозим. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилади: “У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар” (Зухруф, 67).


Эй фарзанд! Агар сен ўзингга солиҳ, тақводор дўст танламасанг қиёмат куни ҳамма танлаган ёмон хулқли улфатларинг сенинг душманларингга айланади. Охират диёрида ўзингга душман бўладиганларни кўпайтиришдан эҳтиёт бўл! 

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Яхши суҳбатдош билан ёмон суҳбатдош худди атир сотувчи билан темирчининг дам урадиган босқонига ўхшайди. Атир сотувчининг ёнида ўтирсанг ё атиридан сенга ҳадя қилади ёки сен ўзинг ундан атир сотиб оласан ёхуд атирининг хушбўй ҳидини ҳис этасан. Темирчининг босқони эса ё кийимингни куйдиради ёки ундаги бадбўй ҳидни ҳис этасан”. Муттафақун алайҳ. 

Ҳадиси шарифга эътибор қиладиган бўлсак, аввало, икки суҳбатдош ўзаро фикр алмашиш оқибатида бир бирларига ширин сўзлар, дунё ва охират яхшиликларини тилашади. Бу   “сен ўзинг ундан атир сотиб оласан” деган гапга мос тушади. Ёки яхши суҳбатдош томонидан бўладиган панду насиҳатни олиб кўрайлик. Бу атторнинг ўз шеригига атиридан совға қилишига ўхшайди. Агар юқорида айтилганлар бўлмаган тақдирда ҳам яхши суҳбатдошнинг тақвосидан, яхшиликларидан иккинчиси манфаат олади, ибрат олади. Натижада яхшиликни севувчи, хайрихоҳ инсонга айланади. Бу эса, атирнинг хушбўй ҳидидан ҳидлашга ўхшайди. Ёмон суҳбатдошнинг эса, сенг бирор ёмонлиги етиши мумкин. Бу “кийимингни куйдиради” жумласига мос келади. Агар ёмон суҳбатдошнинг ёмонлиги етмаган тақдирда ҳам у билан бирга ўтириб юрак сиқилади, инсон ундан тезроқ қутулгиси келади, қолаверса, ёмон киши билан ўтирган инсонга нисбатан одамлар ҳам ёмон гумонга боришади, уларнинг мазкур инсонга нисбатан ишончлари йўқолади. “Ундаги бадбўй ҳидни ҳис этасан” дегани мана шудир. 

Яна Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай деб марҳамат қилади: “Оятларимизга (нисбатан менсимасликка) киришиб кетаётганларни кўрсангиз, то бошқа гапга кўчмагунларигача, улардан юз ўгиринг! Агарда шайтон ёдингиздан чиқарса, эслаганингиздан кейин золимлар қавми билан ўтирманг!” (Анъом, 68). Ояти каримада Роббимизнинг Ўзи бизларни золимлар билан бирга ўтиришдан, уларга ҳамсуҳбат бўлишдан қайтаряпти. Оят, гарчи, Пайғамбаримизга қаратилган бўлсада, унинг ҳукми барча умматга умумийдир. 

Эй ота! Фарзандингизга Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз ўғилларига “Эй, ўғилчам! Биз билан бирга (кемага) мингин! Кофирлар билан бирга бўлмагин!” (Ҳуд, 42) деб айтган гапларини эслатинг! Оятда Нуҳ алайҳиссалом ўғилларига ўзлари билан бирга бўлсагина тўфон балосидан қутулиб қолишини, акс ҳолда, кофирлар билан бирга азобга гирифтор бўлишини билдиряптилар. 

Ота доимо фарзандининг кимлар билан дўст бўлаётганини назорат қилиб бориши, бу ҳақида фарзандидан сўрамоғи даркор. Қанчадан-қанча болалар ўзларига дўст қилиб танлаган ёмон хулқли инсонлар туфайли турли бузуқлик ва фасод ишларга аралашиб қолади. Бунинг натижасида эса, ота-онасининг юзини ерга қаратади. Шунинг учун ота-она фарзандларининг кимлар билан суҳбатдош бўлаётганига эътиборни қаратиб, уларни фақатгина яхши инсонларнинг фарзандлари бўлган тақволи, солиҳ кишилар билан дўсту улфат бўлишларига жиддий аҳамият қаратиши лозим. 

Қолаверса, ота-она фарзандларининг дўстларини икром қилиб, уларга ҳадялар бериб туриши мақсадга мувофиқдир. Мана шундай қилинганда ўша дўстларини тўғри йўлга бошлаш, панду насиҳат қилиш янада осонлашади. Зеро, инсон ўзига яхшилик қилган кишига бўйсунувчан бўлади. 

Эй ота! Болангизга айтинг: “Эй ўғлим, қариндош уруғлари билан борди-келдини йиғиштирган кишилар билан асло дўст бўлма! Чунки, Аллоҳ таоло Қуръонда “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир” (Муҳаммад, 22-23) деб ундай кимсаларни лаънатлаган. 

Яна Аллоҳ азза ва жалла “Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир” (Раъд, 25) дея марҳамат қилган”. 

     Эй ота! Болангизга “Қариндош-уруғлари билан алоқани узган киши асло жаннатга кирмайди” (Муттафақун алайҳ) ҳадисини эслатинг! 

Эй ота! Болангизга ота-онасига оққ бўлганлар билан асло дўст бўлмаслик кераклигини эслатинг! Чунки, ота-онага оққ бўлиш гуноҳи кабираларнинг энг каттасидандир. 

Эй ота! Болангизга сигарет чекувчилар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар билан дўст бўлмаслиги кераклигини эслатинг! Фарзандингизга сигарет чекиш ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилишнинг зарарларини тушунтиринг! 

Эй ота! Фарзандингизни кишиларнинг молларини ўғирловчи ўғрилар, йўлтўсарлик қилувчи қароқчилар билан улфат бўлишларидан асранг! 

Эй ота! Фарзандингизни ёлғончилар, ғийбатчилар, ҳасадгўйлар, кишиларнинг обрўларини тўкувчилар билан улфат бўлишларидан асранг! 

Эй ота! Фарзандингизни қимор ўйнашдан, турли бузғунчилик ишлари билан шуғулланишдан сақланг! 

Аллоҳ таоло барчамизнинг фарзандларимизни аҳли солиҳ ва аҳли тақволар билан дўст бўлишларини насиб этиб, ёмонлар билан улфат бўлишларидан асрасин! Омин!  


“Фарзандларни тарбия қилиш фиқҳи” китоби асосида 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тирик эканман, бир куни Аллоҳ раҳмат қилгур отамдан олган дарсимни ҳеч унутмайман. Ўша куни нотўғри иш қилиб қўйган эдим. Ўртоқларим билан ўйинга берилиб, отам давоми...

8445 11:51 / 06.01.2018
Ушбу китоб долзарб масалалардан бири ndash бола ҳуқуқ ларига бағишланган. Маълумки, мамлакатимиз Бутунжаҳон бола ҳуқуқлари конвенциясига аъзо бўлган ва унда давоми...

15197 05:00 / 15.02.2017
Ниҳод ярамас хулқли бола. У ўзининг охири йўқ ёмон қилиқлари, уришишлари билан акаукаларига жароҳатлар етказарди. Онаси унинг бу ҳолидан қаттиқ ранжиб кўнгли давоми...

2697 05:00 / 16.02.2017
ЎН ТЎРТИНЧИ САБОҚҲАЛОЛ, ПОК БЎЛИНГАссалому алайкум, кўзимнинг нури, қалбимнинг сурури азиз болакайларим Бугунги дарсимиз ҳалол, пок бўлиш ҳақида. .Ҳалол, дегани давоми...

2689 05:00 / 15.02.2017
Аудиолар

135358 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55605 14:35 / 11.08.2021