1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзандга чиройли исм қўйиш

19:45 / 03.09.2020 26066 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, фарзандларга чиройли исм қўйиш фарзанднинг ота-онадаги ҳақларидандир. Шунинг учун ота-она бошқа вазифалар каби зиммасидаги ушбу ҳақни ҳам гўзал тарзда адо этмоғи керак. Қўйиладиган исм фарзандни ноқулай аҳволга соладиган, одамлар ўша исм билан уни калака қилиб масхара қиладиган, ҳар сафар ўз исмини эшитганида азиятланадиган бўлмаслиги лозим. Ота-она фарзандларига мусулмонлар қўйишга одатланган исмлардан танлаб қўйишлари керак. Албатта, бу пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар, улардан кейинги авлод вакиллари ҳамда турли авлиёларнинг исмларидир. Зеро, чиройли исмнинг маълум миқдорда эгасига ижобий таъсири бор. Шунингдек, қабиҳ исмнинг ҳам.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир куни тушимда биз Уқба ибн Рофеънинг ҳовлисида эканмиз. Шунда бизга Ибн Тобнинг хурмосидан келтирилди. Мен ушбу тушни бизга бу дунёда бериладиган мартаба, охиратдаги гўзал оқибат ҳамда динимизнинг камолга етиб, барча аҳкомлари тўла-тўкис қарор топишига йўйдим» дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривояти.

Бу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом «Ибн Тоб» исмидан келиб чиқиб тушларини ана шундай таъбир қилганлар.

Саъид ибн Мусаййаб раҳимаҳуллоҳ оталаридан ривоят қиладилар:

«Бир куни отам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Шунда у зот: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У киши: «Ҳазн» деб жавоб бердилар. Пайғамбар алайҳиссалом: «Сенинг исминг Саҳл» дедилар. У киши: Отам қўйган исмни ўзгартирмайман» деб эътироз билдирдилар». Саъид ибн Мусаййаб раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ўша кундан бошлаб бизнинг оиламиздан хафагарчилик, маҳзунлик ҳеч аримади».

Қаранг, машҳур тобеин Саъид ибн Мусаййаб раҳимаҳуллоҳнинг боболарининг исмлари Ҳазн бўлгани учун оилаларида доимо маҳзунлик кайфияти ҳукм сурганини эътироф этяптилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аслам қабиласи билан сулҳ тузиб, тинч-тотув яшашимизни Аллоҳ насиб этди. Ғифор қабиласини Аллоҳ мағфират қилди. Усиййа қабиласи эса, Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлди».

Бухорий ва Муслим ривояти.

Бу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом учта қабиланинг номини айтиб, ҳар бир қабила ўз номига муносиб бўлган натижага эришганини таъкидлаяптилар.

Икримадан ривоят қилинади:

«(Ҳудайбия сулҳида иштирок этиш учун) Суҳайл ибн Амр келганида Набий алайҳиссалом саҳобаларга: «Энди ишларингиз осон битади» дедилар». Бухорий ривояти.

Бу ҳадисда эса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Суҳайл» исмини ишни осон, енгил битишига йўймоқдалар.

Фарзандларига чиройли исм қўйишга ҳарис бўлган ота фарзандларига ҳунук, ёқимсиз ва ноқулай исм қўйишга интиладиган отадан анча фарқ қилади. Биринчи ота қўйган исми туфайли ажрга эришса, иккинчи ота қўйган исми учун ўзига гуноҳ орттириб олади. Шунинг учун ҳам мусулмон ота фарзандига фазилат аҳлининг исмларидан бирортасини қўйиши мақсадга мувофиқдир.

Исо алайҳиссаломнинг оналари бўлмиш Марямнинг оталари Имрон, инилари Ҳорун, Мусо алайҳиссаломнинг оталари Имрон, инилари эса Ҳорун бўлган. Лекин, Марям онамиз Мусо алайҳиссаломнинг сингиллари бўлмаганлар. Улар яшаган даврнинг ўртасида бир неча аср муддат бор. Бунинг сабабини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашганида, у зот: «Улар фарзандларига ўзларидан олдин ўтган пайғамбарлар ва солиҳ инсонларнинг исмларини қўяр эдилар» деб жавоб бердилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Исмларингизнинг Аллоҳга энг севимлиси «Абдуллоҳ» ва «Абдурраҳмон» дир».

Муслим ривояти.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар».

Бухорий ва Муслим ривояти.

«Куня» деганда кишининг исмидан аввал айтиладиган, бош фарзандининг исмига қўшиб «Фалончининг отаси» маъносидаги нарса тушунилади. Масалан, Абу Абдуллоҳ, Абу Дардо, Абу Мусо каби. Пайғамбар алайҳиссалом кўплаб саҳобаларга куня қўйиб, ўша билан чақирар эдилар. Масалан, Абдураҳмон ибн Сохр ад-Давсий розияллоҳу анҳу деган саҳобанинг мушукнинг боласини ўйнатиб ўтирганларини кўриб, у кишини «Абу Ҳурайра», яъни «Мушукчанинг отаси» деб чақирганлар. Бир куни ҳаво жуда ҳам исиб кетганида бироз салқинланиш учун дам олишга ётган Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг тупроққа беланиб ётганларини кўрган Пайғамбар алайҳиссалом у кишини «Абу Туроб», яъни «Тупроқ отаси» деган куня билан чақирганлар. Бизда ҳам баъзи хонадонларда аёллар турмуш ўртоғларини бош фарзандларининг исми билан чақиришлари одат тусига кирган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунялари эса Абул Қосим эди.

Ансорлардан бир киши ўғил кўрди. Унга «Муҳаммад» деб исм қўймоқчи бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб шу ҳақида сўраганида, у зот: «Ансорий яхши ишга қўл урибди. Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар» дедилар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам ўғилларига Иброҳим деб исм қўйганлар.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ўғил кўрдим ва уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб бордим. Шунда у зот унга Иброҳим деб исм қўйдилар».

Шайх Бакр ибн Абдуллоҳ Абу Зайд ўзларининг «Тасмиятул мавлуд» («Фарзандга исм қўйиш») номли китобларида қуйидагиларни айтадилар: «Эй мусулмон киши! Исм номланган нарсанинг унвонидир. Китобнинг нима ҳақидалиги унинг номидан билинади. Фарзанднинг эътиқоди, хулқу атвори ҳам унинг исми орқали билинади. Қолаверса, унинг исми орқали ота-онасининг маслаги, шариат арқонини қанчалик даражада ушлагани ҳам англашилади. Қанчадан қанча лақабларни эшитамиз. Ўша лақаб соҳибини кўрсак, лақабига ўзи ҳам жуда мослигининг гувоҳи бўламиз. Арабларда «Лақаблар осмондан тушади» деган нақл бор. Яна уларда «Ҳар бир исм эгасига ўз исмидан насиба бор» деган нақл ҳам кенг тарқалган».

Сиз бир инсоннинг ташқи кўринишига, юриш-туришига қараб, унинг чиройли хулқ соҳиби эканлигини англайсизда, унинг исми ҳам жисмига мос чиройли бўлса керак деб хаёлдан ўтказасиз. Ростдан ҳам худди шундай бўлиб чиқади. Кўпчиликда бу ҳол содир бўлган. Камдан-кам киши мана шундай пайтда адашади. Акси ҳам худди шундай бўлиб чиқади. Бу нарса тажриба маҳсулидир.

Бир киши менинг олдимга фарзандининг анчадан бери бетоб экани, кўрсатмаган шифокори қолмагани, нима қилишини билмаётганидан шикоят қилиб келди. Кейин мен ундан «Фарзандингизнинг исми нима?» деб сўрасам, у «Муҳаммад Расулуллоҳ» деб жавоб берди. Мен дарҳол унинг исмини ўзгартириш кераклигини, Муҳаммад Расулуллоҳ бу оламда фақат бир инсонгагина нисбатан ишлатилишини айтдим. Кейин унинг исмини Муҳаммад деб ўзгартирдик. Аллоҳнинг изни билан у болакай соғайиб кетди. Бунга ўхшаш воқеалар кўп содир бўлиб туради.

Фарзандингиз беш-олти ёшларга, яъни кўп савол берадиган ёшга етганда сиздан ўзининг исми, уни ким қўйганлиги, унинг маъноси нималиги, нега ундай исм қўйилгани ҳақида турли саволлар беради. Агар сиз унга чиройли исм қўйган бўлсангиз, қийналмасдан, яхши кайфият билан саволларига тўлиқ жавоб берасиз. Борди-ю, унга ёқимсиз, ҳунук, маъноси бузуқ ёки бирор бир аҳли дунёнинг исмини қўйган бўлсангиз, қандай аҳволга тушишингизни бир тасаввур қилиб кўринг. Агар бирор пайғамбарни ёки саҳобани исмини қўйган бўлсангиз, унинг саволи баҳонасида сиз ўша пайғамбар ёки саҳобанинг тарихини гапириб бериш имкониятига эга бўласиз. Қолаверса, ҳар гал унинг исмини айтиб чақирилганда, ўша исм соҳиби бўлмиш фазилатли зот ёдга тушади. Бу қандай яхши!

Ҳозир кўпчилик фарзандига турли шахслар, айниқса, Ғарб томонларда урф бўлган исмларни қўйяпти. Ҳадисларда Аллоҳга энг кўп ёқадиган исм У зотга бандаликни англатадиган исмлар эканлиги айтиб ўтилган. Масалан, Абдуллоҳ, Абдурраҳмон, Абдулкарим ва ҳоказо.

Қизларимизга қўйиладиган исмлар ҳам нубувват хонадони хонимларининг исмлари, авлиёлик мақомига эришган кўплаб солиҳа аёлларнинг исми бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Фарзандларимизга қўйилган чиройли исмлар уларни ахлоқли, комил инсон қилиб тарбия қилишимизда асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилишини унутмайлик!

Абу Абдуллоҳ Мустафо ибн ал-Адавийнинг

«Фарзандларни тарбия қилиш фиқҳи» китобидан олинди.

Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 5қисмПАЙҒАМБАРЛАР ТЎҒРИСИДААссалому алайкум, жаннат боғининг райҳонлари бўлмиш жажжи ўғилқизларим Хўш, ўтган машғулотда давоми...

5635 05:00 / 16.02.2017
БОЛА БОШИДАН...Отаона болага ҳамма вақт дўқпўписа қилинавермайди, чунки койиш эшитиш, хунук ишларни қилиш унга енгил туюлиб қолади, қалбидан гапнинг таъсири тушиб давоми...

15563 05:00 / 16.02.2017
Иккита альпинист тоққа чиқаётган эди. Бир пайт олдиларидан баҳайбат айиқ чиқиб қолди. Улардан бир дарров ерга ўтириб, тоққа чиқиш учун мўлжалланган оёқ кийимини давоми...

5347 14:41 / 08.01.2018
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 13қисмОТАОНАНГИЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ Ассалому алайкум, менинг жажжи мусулмон биродарларимЎтган машғулотларда топширган давоми...

4291 05:00 / 16.02.2017