1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Ёшлик одоблари

03:49 / 31.03.2017 6559 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ёшлик одобларидан энг муҳими ота-онага яхшилик қилишдир.

Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилиш қанчалар олийжаноб иш эканини баён этувчи оятлар кўплигини ҳозирги кунда мусулмон бўлмаган кишилар ҳам яхши биладиган бўлиб кетишди.

Агар мазкур оятлар тўла келтириб ўтилганида, яхши бўлур эди. Аммо гапни чўзмаслик мақсадида фақат имом Бухорий ушбу бобга сарлавҳа қилиб олган оят бўлагини ва унинг қисқа тафсирини тақдим этиш билан кифояланамиз.

Аллоҳ таоло Анкабут сурасида марҳамат қилади:

«Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик» (8-оят).

Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли, алоҳида эҳтиромга лойиқ кишилардир. Ислом дини ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради. Дунёда Исломчалик ота-онанинг ҳурматини юқори қўйган бошқа бирор таълимот, тузум йўқдир.

Ота-она мўмин бўлса ҳам, кофир бўлса ҳам, ким бўлишларидан қатъи назар, уларга яхшилик қилиш мусулмон фарзанднинг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандликнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема, уларга зажр қилма ва уларга карамли сўз айт!» (23-оят).

Ушбу ояти каримада ягона маъбудга – Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилмоқда. Шундан сўнг бевосита ота-онага яхшилик қилиш буюрилмоқда.

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди».

Бу Аллоҳнинг бандаларига амри, буйруғи, фармонидир. Бу бандалар ихтиёрига ташлаб қўйилган шунчаки иш эмас. Хоҳласа қилиб, хоҳламаса қилмайдиган ҳаваскорлик машғулоти ҳам эмас. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганда юзланадиган кўнгилхушлик ҳам эмас. Бу амр Аллоҳ таолонинг қатъий ва ўзгармас буйруғидир. Бу буйруқни бажариш ҳар бир банданинг бурчидир.

Аллоҳнинг ибодатидан кейин келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг амри. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишга чақирганидан кейин шу жумланинг давомида ота-онага яхшилик қилишни таъкидламоқда. Бу икки ҳукм бир оятдаги бир жумлада баён қилинишининг ўзиёқ Исломда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади.

«Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «Уфф», дема».

Бу жумланинг «уфф» сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси – ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси – ота-онанг олдида «Уфф», дема, улар «Болам оғир ҳолга тушибди», деб озорланадилар, деганидир.

«...уларга зажр қилма ва уларга яхши сўз айт!»

Ота-онангга ҳеч бир озорни раво кўрма! Қандай яхши сўз бўлса, ўшани ота-онангга раво кўр!

Демак, ёшлар ота-оналарига шариат кўрсатмаси доирасида қўлларидан келган барча яхшиликларни қилишга интилишлари лозим.

Ёшлик одобларидан бири ёши улуғларни эҳтиром қилиш ва уларнинг тажрибасидан фойдаланишдир.

Ёшлар ўзидан катта ёшдаги ҳар бир кишини, хусусан, қари ёшдаги отахон ва онахонларни эҳтиром қилиши зарурлиги динимизда катта аҳамият берилган одоблардан биридир. Ушбу ҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қанча ҳадиси шарифларида ўз ифодасини топгандир.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва каттамизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас», дедилар».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Барча мусулмонлар, хусусан, ёшлар катталарнинг ҳурматини, эъзозини жойига қўйишлари лозим. Бу иш мўминликнинг рамзи, Ислом жамияти аъзосининг белгисидир. Катта ёшдагиларга ҳурмат кўрсатмаган одам ана шу муборак рамзни йўқотади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бундай одам биздан эмас», деяптилар. Буни яхши англаб, амал қилишимиз, катталарга ҳамиша ҳурматда бўлишимиз керак.

Ашъарий айтади:

«Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олган, унда ғулувга кетмаган ҳамда унга жафо қилмаганни ва адолатли ҳукмдорни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Демак, соч-соқоли оқарган мусулмон кишини икром қилиш, ҳурматини жойига қўйиш Аллоҳ таолони улуғлашнинг бир кўриниши экан. Ҳар бир ёш бу ҳақиқатни зинҳор унутмаслиги ва кекса кишиларнинг эҳтиромини жойига қўйиши зарур.

Шу билан бирга, уларнинг тажрибаларидан фойдаланишга ҳаракат қилиш ҳам лозим. Чунки кекса кишилар ҳаётнинг иссиқ-совуғини, аччиқ-чучугини татиган, кўплаб воқеа-ҳодисаларни бошдан кечирган бўлишади. Уларнинг тажрибаларини ўрганган кишилар катта фойдага эга бўлишлари табиий. Кексаларнинг тажрибасини ўрганиш жараёнида ёшлар улар йўл қўйган ҳатоларни такрорлашмайди ва улар қийналиб эришган ютуқларга осонлик билан эришадилар. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ёшларнинг кексалардан тажриба ўрганиши туфайли ёшликнинг қуввати билан кексаликнинг ҳикмати қоришиб, катта манфаатлар қўлга киритилади.

Ёшлик одобларидан бири олийжаноб ахлоқларга аҳамият бериб, улар билан хулқланишдир.

Мусулмон ёшлар гўзал ахлоқ билан хулқланиш борасидаги барча зарур ишларни амалга оширишга тинимсиз ҳаракат қилишлари лозим. Зотан, яхши хулқ ҳар бир инсоннинг зийнатидир. Динларнинг мукаррами ва мукаммали бўлмиш Ислом ёшларни гўзал ахлоқ асосида тарбиялашни энг муҳим вазифа даражасида кўради. Чунки жамият аъзоларининг яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлишини орзу қилсагу, аммо ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш ёшлар тарбияси ҳақида қайғурмасак, ниятларимиз сароблигича қолаверади.

Аллоҳ таоло Қалам сурасида марҳамат қилади:

«Ва албатта, сен буюк хулқдасан» (4-оят).

Ушбу хитоб ила Аллоҳ таоло Ўзиниинг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни нақадар чиройли ахлоқ эгаси эканларини таъкидламоқда. Демак, у зотга уммат бўлган ёшлар бу борада ўз Набийлари соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишлари лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг карамли, гўзал ахлоқлар ила юборилганларини таъкидлаганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, мен карамли ахлоқларни комил қилиш учун юборилганман».

Байҳақий ривоят қилган.

Шунинг учун ҳам мусулмон ёшлар доимо карамли ахлоқлар ила хулқланиш пайида бўлишлари лозим. Улар барча бадхулқликлардан, одобсизликлардан, иллат ва қусурлардан узоқда бўлишлари талаб этилади.

Ёшлик одобларидан бири шайтоннинг иғвосидан ва ноқобил улфатлардан ҳазир бўлишдир.

Мусулмон ёшлар шайтоннинг иғвосига учиб қолмаслик чораларини кўриб юришлари лозим. Зотан, лаънати шайтон айнан ёшларни йўлдан уришга жуда ўч бўлади. Шайтон ёшларга ҳавойи нафсга эргашишни чиройли кўрсатади. Уларга ўзининг доимий чақириғи бўлмиш «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади» деган гаплар билан васваса қилади. Бу ҳақда Қуръони каримда шайтоннинг тилидан очиқ-ойдин айтиб қўйилган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«У деди: «Мени йўлдан оздирганинг сабабли, уларга тўғри йўлингда албатта тўғаноқ бўламан. Сўнгра уларга олдиларидан, орқала­ридан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман» (16-17-оятлар).

Иблис ушбу ваъдасини доимо бажариб келмоқда. Айниқса, сўнгги вақтларда унинг лашкарлари ҳаддан зиёд кўпайди. Инсон қаерга юз бурмасин, ҳар қадамда уларга дуч келади. Аллоҳ таоло инсонга ақл ва дин бериб, уни синашни ирода қилгани учун, Иблисни эмин-эркин қўйиб қўйган. Инсон ақлига бўйсуниб, Аллоҳга итоат этса, шайтонга қарши исён қилса, ўзидаги ёвузликдан ғолиб келса, фариштадан ҳам устун бўлади. Аммо ақлини ишга солмай, Раҳмон ҳукмини бажармай, нотўғри, залолат йўлларидан юрса, иблисдан ҳам баттар бўлади.

Шайтон ёшларни йўлдан уриш учун ўзининг барча аскарларини ишга солади. Унинг аскарлари эса жуда кўп. Шулардан қуйидаги учтаси айниқса бугунги кунда ўта хавфлидир:

Ёшларни иғвога соладиган шайтон малайларидан энг ашаддийси нафс шаҳватидир.

Бу шаҳват ёшларга бошқа жинсдаги шахслар билан: йигитларга қизлар билан, қизларга йигитлар билан ҳаром-ҳариш алоқалар ўрнатиш йўлида иғво қилади.

Бу шаҳват ёшларни кашандалик, ароқхўрлик, нашавандлик каби ҳалокатли иллатлар сари чорлайди.

Бу шаҳват ёшларни қиморбоз, бузғунчи ва текинтомоқ бўлишга чорлайди. Демак, барча ёшларимиз, йигит ва қизларимиз лаънати шайтоннинг «нафс шаҳвати» номли малайидан эҳтиёт бўлишлари лозим.

Ёшларни иғвога соладиган шайтон малайларидан яна бири ёмон дўстлардир.

Шайтонга малай бўлган бундай дўстлар бирга ўқиётган синфдошлари ёки курсдошларидан, маҳалладан, қавму қариндош ичидан ҳам бўлиши мумкин. Шайтоннинг ушбу турдаги малайларидан ҳам ҳар бир йигит-қиз ниҳоятда эҳтиёт бўлиши, уларнинг иғвосига учиб, ёмон йўлга кириб кетмасликка ҳаракат қилиши лозим.

Ёшларимиз ўзларига дўст танлашда жуда эҳтиёт бўлишлари, ўйлаб иш тутишлари даркор. Улар билиб-билмай ароқхўр, қиморбоз, бузуқ кимсалар билан дўстлашиб қолишмасин. Акс ҳолда, «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади», деганларидек, ёмон дўстнинг касофати уриб қолиши турган гап.

Ёшларни иғвога соладиган шайтон малайларидан яна бири бузуқ йўлларга чақирувчи динлар, фирқалар, оқим, ҳизб ва гуруҳлардир.

Ҳозирги кунларда шайтоннинг бу турдаги малайлари ҳам жуда кўпайган. Улар турли давлатлар, ўлкалар ва юртларга ҳар томондан турли ялтироқ номлар ва чақириқлар билан суқилиб кириб келмоқда. Баъзи содда ёшлар уларнинг тўрига тушиб қолиб, ўзларининг, ота-оналари, оила аъзолари, қавму қариндош ва яқинларининг хижолатда қолишларига сабаб бўлишмоқда. Бундай ёвуз кучлардан ёшларимиз ҳар лаҳзада огоҳ бўлиб туришлари, ўзликларини, динлари, мазҳаблари, миллатларини унутмасликлари лозим.

Барча ёшларимиз лаънати шайтондан ва унинг турли-туман малайларидан ҳазир бўлишлари, уларга зинҳор яқинлашмасликлари керак. Уларнинг ўзларига ашаддий душман эканини бир лаҳза ҳам унутмасликлари лозим.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ловуллаган олов соҳиблари бўлишларига чақиради, холос» (6-оят).

Ҳар бир ёш ушбу ояти каримадаги маънони яхши тушуниб етиши, шайтонни ўзига душман тутиши ҳамда унинг ва малайларининг иғвосига учиб қолмаслик учун барча керакли чора-тадбирларни кўриб юриши лозим.

Ёшлик одобларидан бири келажакка умид билан қараш ва етук инсон бўлиш учун ҳаракат қилишдир.

Ҳар бир ёш йигит-қиз ўз келажаги ҳақида тўла ва мукаммал тушунчага эга бўлиши ҳамда ҳаётдан кўзлаган мақсадини аниқ белгилаб олиши керак. Албатта, аниқ ва равшан мақсадга эга бўлиш ҳимматни оширади ҳамда ўз эгасини олий мақомларга эришишга чорлайди. Шу омиллар туфайли ёшлар Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ўзлари, оилалари, халқлари ва бутун инсоният учун яхшилик келтирадиган инсон бўлиб етишадилар.

Атрофдагилар билан гўзал тарзда яшашга интилган одобли мусулмон дўстга ҳам, душманга ҳам ўзини хор тутмасдан, уларнинг ҳайбатидан чўчимасдан, кибрдан йироқ ўлароқ, эҳтиром ва тавозе ила муомала қилади. Барча ишларида мўътадил бўлишга ҳаракат қилиб, бир тарафга оғиб кетмайди.

Одобли киши жамоатчилик ичида бўлганида, атрофга алангламайди, ўтирганида, бўлар-бўлмасга ҳадеб типирчиламайди. Бармоқларини бир-бирининг ичига киритмайди, соқолини ва узугини ўйнамайди. Тишларини кавламайди, бармоқларини бурнига суқмайди. Атрофига тупурмайди, томоқ қиравермайди, керишмайди ва одамларнинг юзига қараб эснамайди.

У сокин, вазминлик билан ўтиради. Шошилмасдан, тартибли ва аниқ гапиради. Сўзловчининг гапига диққат билан қулоқ осади, унинг гапидан ўта ажабланиб кетганини изҳор қилмайди, гапини такрорлашини сўрамайди. Беодобларча ҳаёсиз, шалоқ гапларни гапирмайди. Ўзининг боласи, ходими, шеъри каби шахсий нарсаларини мақтамайди.

Кийиниш борасида ясанишга ўч бўлмайди. Шунингдек, ўта хароб, хунук даражада кийинмайди. Хушбўйлик ишлатишда ҳаддидан ошмайди.

Мусулмон киши молини обрўсидан устун қўймайди. Молининг миқдорини бировга билдирмайди. Чунки бошқалар молнинг озлигини билсалар, паст санашлари, агар кўплигини билсалар, тамаъ қилишлари мумкин.

Кишилар ҳузуридаги виқори қўполлик, мулойимлиги заифлик даражасига етмайди. Ўзидан паст даражадагилар билан ҳазиллашмайди. Чунки бу нарса унинг виқорини туширади. Ҳожатини чиқаришда ўзини пастга урадиган даражада ўта ялинчоқ бўлмайди. Ҳеч кимни зулмга чорламайди.

Бирор киши билан тортишиб қолганда, виқор билан туради. Жаҳлни четга суради, шошилмайди. Гапига ҳужжатини яхшилаб ўйлаб олиб, сўнг гапиради. Суҳбат асносида қўл силташни кўпайтирмайди, орқасидагиларга қарайвермайди. Тиззалаб ўтирмайди. Аччиғидан тушганидан кейин, оҳиста гапиради.

Мансабдор шахс уни ўзига яқин олса, у билан худди найзанинг учида тургандек, эҳтиёткорлик ила муомалада бўлади. У бирор гапи ёки ҳатти-ҳаракати ўзининг зиддига бўлиб қолиши ҳам мумкинлигини унутмайди. Мансабдорга худди ёш болага мулойимлик кўрсатгандек муомалада бўлади. Маъсият аралаштирмасдан, унга ёқадиган гапларни гапиради.

Фақат хурсандчиликларида, мансаби ёки бойлиги бўлганидагина, дўст тутинадиганлардан эҳтиёт бўлади. Чунки бундай кишилар душманларнинг душмани бўлади.

Бирор мажлисга кирганда, олдин салом беради ва ўтирганларнинг орасини ёриб ўтмайди. Қаерда бўш жой бўлса, ўша ерга ўтиради. Тавозе кўрсатади. Ўтираётиб, ўзига яқиндагилар билан алоҳида сўрашади.

Йўл устида ўтирмайди. Агар ўтиришга муҳтож бўлиб қолса, кўзни тийиш, мазлумга, заифга ва фалокатга учраганга ёрдам бериш, адашганга йўл кўрсатиш, саломга алик олиш, тиланчига ато бериш, лозим бўлганда амру маъруф, наҳйи мункар қилиш каби йўл одобларини жойига қўяди.

Қиблага ва ўнг тарафига қараб туфламайди, балки чап тарафига ёки оёғи остига туфлайди.

Улуғ ва шарафли кишилар суҳбатида ўтирганда, ғийбат ва ёлғондан мутлақо четда бўлади. Суҳбатдаги сирларни сақлайди. Ҳожатини кўп гапирмайди. Сўзларни танлаб, эҳтиёт бўлиб гапиради. Доимо ҳушёр бўлиб ўтиради.

Авомуннос – оми одамлар билан ўтирганда уларнинг гапига шўнғиб кетмайди. Уларнинг миш-миш ва уйдирмаларига унча эътибор бермайди. Беодоб лафзларига нисбатан ўзини билмаганга солади.

Ноўрин ҳазил ва мазахдан эҳтиёт бўлади. Ақлли одамни мазах қилса, унинг нафратига учрайди, эсипастни мазах қилса, уни ўзи билан тенг кўрган бўлади. Мазах кишидан ҳайбатни кетказади ва юзни шувут қилади. Шунингдек, у ҳиқду ҳасадга ва дўстлик ҳаловатининг кетишига сабаб бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ижтимоий одоблар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги кунда ривожланиш, ўсиш, илдамлаш юқори тезликда ортиб бормоқда. Фантехника асриrdquo деб ном олган 21 аср ҳақиқатдан улкан ривожланиш асри бўлмоқда. Бу давоми...

4432 23:11 / 19.02.2018
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 6қисмПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМ Ассалому алайкум, менинг ширинданшакар болажонларим Иккинчи машғулотимизда давоми...

5299 05:00 / 16.02.2017
Қадим замонда бир ҳукмдор юртини айлангани чиқибди. Одамлар таниб қолмаслиги учун юз кўринишини ўзгартириб ёнига бир ходимини ҳам оливолибди. Ҳукмдор унинг халқи давоми...

3380 05:00 / 16.02.2017
Расули акрам ва ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ с.а.в. фарзандларни намозга ўргатиш борасида бундай деб марҳамат қилганлар quotБолаларингизни улар етти ёш давоми...

6414 05:00 / 15.02.2017