1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дуонинг ижобати

19:00 / 19.12.2018 4537 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу воқеа бир пайтлар Марказий Африкада ишлаган оврўпалик шифокор аёлнинг ҳаётида юз берган. 

...Ўшанда ярим кеча эди. Мен билан ҳамширалар ўта жиддий иш – кўз ёриши оғир бўлган ҳомиладор аёлни қабул қилишга тўғри келди. Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимизга қарамай, эндигина кўзи ёриган аёл вафот этди. У бизга муддатидан аввал туғилган бир бурдагина чақалоқни ва йиғлаб турган икки ёшли қизчасини ташлаб кетди.

Биз янги туғилган чақалоқни энди қандай қилиб асрашни тасаввур қила олмасдик, чунки шифохонамизда муддатидан олдин туғилган болалар учун энг оддий шарт-шароитлар, ҳатто инкубаторни ишлатиш учун оддийгина электр энергияси ҳам йўқ эди. Гарчи биз экваторда жойлашган бўлсак-да, бу ернинг баданни жунжиктирувчи шамолли кечалари анчагина салқин эди. Ёрдамчиларимдан бири, стажер-акушер бинога қараб югурди ва у ердан дунёга эндигина келган, қалтираб турган чақалоқни ўраш учун момиқ пахта олиб келди. Ҳамшира эса горелка олиб келиш учун югурди. Бир оздан сўнг у жуда хафа ҳолда қайтиб келди ва йиғламсираган кўйи горелкани иссиқ сувга тўлдириши биланоқ ёрилиб кетганини айтди. «Бу бизнинг охирги горелкамиз эди!», – деди у хўрсиниб.

Дарвоқе, тропик иқлим шароитида резина ўз хусусиятини тез йўқотади, мен бунга кўп дуч келганман. Аммо келиб-келиб айнан ҳозир, горелка ҳаётий зарурат бўлган бир пайтда бундай бўлиши ўта ачинарли эди. Аммо, ўтган ишга салавот, горелка учун қайғуришнинг ҳеч бир нафи йўқ эди. Энг ачинаралиси, яқин атрофда на бирон дорихона, ва на горелка сотиладиган дўкон бор эди.

«Майли, нима ҳам қила олардик, – дедим хўрсиниб қолганларга юзланарканман. – Энди чақалоқни бундай салқин кечада нобуд бўлмаслиги учун ўта эҳтиёткорлик билан унга керакли иссиқликни таъминловчи оловга яқин жойга ётқизишимиз керак. Ўзимиз эса навбат билан чақалоқнинг олдида ётамиз, биримиз эса эшикдан шамол кирмаслиги учун масъулмиз. Бизнинг асосий вазифамиз – бир неча кун болани иссиқ сақлашимиз керак».

Эртасига мен одатдагидай болалар уйига бордим ва у ерда ўз хоҳишлари билан менга ҳамроҳ бўлган бир неча болалар билан ибодат қилдим. Ибодатга қадар мен болаларга ўтган кеча бўлган воқеани гапириб бердим, горелканинг ёрилиб кетгани ва чақалоқ учун керакли иссиқликни қандай қилиб таъминлаганимизни тушунтирдим. «Горелка бўлганда бизга жуда асқотган бўларди, – қўшимча қилдим мен. – Ахир чақалоқ бир оз совуқ қотса ҳам нобуд бўлиши мумкин». Бундан ташқари мен болаларга янги туғилган чақалоқнинг вафот қилган, энди ҳеч қачон қайтиб келмайдиган онасини қўмсаб йиғлаётган, аммо етим бўлиб қолганини ҳали тушуниб етмаган икки ёшли опаси ҳақида ҳам гапириб бердим. Болалар мени диққат билан тинглашди ва ибодатга отланишди. Ибодат вақтида уларнинг орасидаги ўн ёшли қизча эътиборимни тортди. У шу қадар чин кўнгилдан ибодат қилдики, дуолари бегуноҳ бир гўдакнинг бутун юрагидан тўкиларди. «Ўтинаман, Аллоҳим, – дуо қиларди у, – бизга бир дона горелка юборгил. Ё Аллоҳим, уни бизга бугуноқ юбор, ахир эртага кеч бўлиши, чақалоқ ўлиб қолиши мумкин». Қизча дуосининг охирида қўшимча қилди: «Ё Аллоҳим, шу чақалоқнинг опаси учун бир қўғирчоқ ҳам юборсанг, токи у ёлғиз эмаслигини, Сен уни яхши кўришингни билсин, ёлвораман, Аллоҳим!» Бу сўзларга лол қолиб, болаликнинг соф ва содда қалбига бутунлай таслим бўлгандим. Мен ўша пайтда бундай дуога «Омин» дейишим мумкин эдими?.. Йўқ, деб ўйлайман. Мен Аллоҳнинг ушбу илтижони бажаришига шунчаки ишона олмасдим. Албатта, Қуръонда Аллоҳнинг қодир, чексиз қудрат эгаси эканлиги, Ўзи ихтиёр қилган ҳар нарсани қила олиши ёзилганини билардим. Аммо ҳар нарсада, шу жумладан, сўрашда ҳам чегара бор, деб ўйлардим. Менинг наздимда, ўша пайтда бизнинг шароитда бундай илтижонинг амалга ошиши имконсиз эди. Чунки горелкага эга бўлишимиз эҳтимолининг бирдан-бир йўли – бу менинг ватанимдан жўнатма олишим эди. Аммо мен бу ерда деярли тўрт йилдан бери ишлаётган эдим ва ҳалигача ҳеч ким менга биронта ҳам жўнатма юбормаган эди. Бунинг устига, кимдир менга жўнатма юборган тақдирда, унинг ичига горелка солармиди? Ана шундай бадгумон ўйлар билан ишга қайтдим.

Орадан икки соатча ўтгач, ўқувчиларимга тиббиёт асосларидан дарс ўтаётганим бир вақтда, уйим олдига (у шифохона яқинида эди) машина келиб тўхтаганини хабар қилишди. Шошилиб уйга келганимда машина кетиб қолганди. Лекин айвонда мени 22 килограммлик жўнатма кутаётган эди. Кўзларимга ёш қуйилиб келаётганини ҳис қилиб турардим. Ҳаяжондан уни оча олмадим ва ёрдамга чақирдим. Зум ўтмай бугун биз биргаликда ибодат қилган меҳрибонлик уйининг болалари ёрдамга етиб келишди. Уларнинг ичида ўша ўн ёшли қизча ҳам бор эди. Болалар билан биргаликда ҳар бир тугунни ечиб, арқонни бўшатдик. Биз ҳаяжон ичра бу тилсимли қутидан кўзимизни уза олмасдик. Ўттиздан ортиқ кўзлар жўнатма ичидаги нарсаларни ола бошлаган менинг қўл ҳаракатларимга қадалганди. Энг устдан мен бир нечта турли рангдаги свитерларни олдим. Уларни болаларга тарқатганимда, беғубор кўзлари янада чақнаб кетди. Кейин касаллар учун юборилган бандажларни чиқардим. Сўнгра турли хил тиббиёт ускуналарини олдим. Ундан кейин майиз солинган бир неча пакет чиқди. Ва, ниҳоят қутига навбатдаги нарсани олиш учун пайпаслаган қўлларим ... Йўқ... Бўлиши мумкин эмас!

Кўзларимга ишонмаган ҳолда, тушимми ўнгим эканлигини аниқлаш учун ўзимни чимчилагим келарди, мен қутидан... ҳа, ҳа, яп-янги резина горелкани чиқардим! Болалар мафтун бўлиб, қичқириб юборишди, мен эса кўз ёшларимга кўмилгандим. Мен Аллоҳдан горелка юборишини сўрамаган эдим, чунки бунинг мумкинлигига шунчаки ишонмаган эдим. Аҳмоқ бўлмасам, дуонинг кучига шубҳа қиламанми! Шунда ўша ўн ёшли қизча хурсанд бўлиб, ёнимга келди. «Модомики Аллоҳ бизга горелка юборибдими, демак У қўғирчоқни ҳам юборган», – ишонч билан шивирлади у қутига назар ташларкан. Албатта! Бўлмасам-чи! Қутининг энг тагидаги жозибали қўғирчоқни биз биргалашиб чиқардик. Қизчанинг кўзлари мисоли икки кичик юлдуздек порларди. У бунга мутлақо шубҳа қилмаганди! «Аллоҳ уни жуда яхши кўришини билиши учун сиз билан бирга бориб, ушбу қўғирчоқни ўша икки ёшли қизчага берсам майлими? ... Илтимос», – сўради мендан қизалоқ. «Албатта, шириним», – кўз ёшлар ичида маъқулладим мен. Аслида мазкур жўнатма беш ой давомида йўлда бўлган эди. Уни менга собиқ ўқувчиларим илгари мен билан бирга ишлаган Аллоҳга ишонган ва унинг амрларига бўйсунган бир ҳамкасб аёлнинг ташаббуси билан юборишган эди. Бунинг устига горелкани нақ экваторга ҳамда энг керакли вақтда етказиб беришганди! Собиқ ўқувчиларимдан бири қўғирчоқни Аллоҳга бутун вужуди билан ишониб дуо қилган ҳалиги қизалоқнинг илтижосига жавобан икки ёшли етим қолган қизча учун солиб қўйган эди.

«Улар ҳали сўрмасларидан аввал Мен уларнинг дуоларига лаббай дея жавоб бераман»

Роббимиз чиндан ҳам ҳамма нарсани эшитгувчи ва билгувчидир. У бизни нақадар яхши кўради!

Муҳаммаджон Собиров таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Валид ибн Муслим айтади .Дўстларимнинг бири сўзлаб берди .Иброҳим ибн Адҳамнинг олдига бориб, унга салом бердик. У бошини кўтариб, .Аллоҳим, биздан нафратланма, давоми...

1227 08:31 / 12.05.2020
Суфён айтади .Зубайд ёмғир ёққан кечада қўлига машъала тутиб, маҳалладаги қарияларнинг уйини айланиб, .Уйингиздан ёмғир ўтмадими Машъала берайми, дер эди. Тонг давоми...

1710 09:05 / 29.09.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганиш12қисм АХЛОҚ Давоми МАҲБУСНИНГ САДОҚАТИМурдос Хорижий Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг қамоқхонасида маҳбус давоми...

5619 02:37 / 17.03.2017
Толҳа ибн Мусарриф айтади .Ҳайсамадан .Қайси нарса ҳосилсиз пайтида ҳам, ҳосилдорлик пайтида ҳам семираверади Қайси нарса иккала ҳолатда ҳам озаяверади Қайси давоми...

1613 07:10 / 12.09.2019