1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Иймон ҳаловатига муҳтожмиз

09:03 / 18.12.2018 3271 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ таоло учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар». 

Бешовларидан Абу Довуд ривоят қилмаган.

Иймон ҳаловати барчани қизиқтирадиган масаладир. Ҳамма «Иймон ҳаловатини қандай қилиб топса бўлар экан?» деб юради. Иймон ҳаловатини уч нарса билан топиш мумкинлигини эълон қилиш эса ҳамманинг эътиборини ўзига тортиши турган гап.

1. «Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари».

Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан, бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас. Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандай тушунмоқ керак? Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир.

2. «Бир кишига фақат Аллоҳ таоло учунгина муҳаббат қилмоғи».

Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўстлаштирган Зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ўзаро муҳаббатлари Аллоҳ учун бўлмоғи лозим. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат орқали иймон ҳаловатини топиб бўлмайди.

3. «Куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши».

Зотан, куфрга қайтиш оловга ташланиш демакдир. Демак, иймон ҳаловатини топиш учун фақат бир тарафлама ҳаракат кифоя қилмас экан. Муҳаббат қилиш билан бир қаторда, нафрат қилишни ҳам, ўзини тийишни ҳам жойига қўйиш керак экан. Куфр ва унга олиб борувчи нарсалар мўмин киши учун унга яқинлашганда куйдирадиган олов каби қўрқинчли ва ёқимсиз нарса бўлиши керак. Мўмин киши катта-кичик куфрга тегишли ҳар бир нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақланганидек сақланиши лозим.

Энди бир ўйлаб кўрайлик. Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатимиз улардан бошқага бўлган муҳаббатимиздан устунми? Доимо Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтяпмизми? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига, суннатларига қанчалик амал қиляпмиз? Ёки молу дунёга муҳаббат қўйиб, унинг домига тушганча, халос бўлолмай юрибмизми? Ёхуд мансаб поғонасида кўтарилишга восита бўлувчи ўзимизга ўхшаш ожиз бандага кўпроқ эгилиб-букилиб, қуллуқ қилмоқдамизми? Эҳтимол, шунинг учун Иймон ҳаловатини эмас, дунё матоҳи ҳаловатини топаётгандирмиз?! Аввал нима бўлган бўлса, бўлиб ўтди. Энди иймон ҳаловатини топишга уринайлик! Бунинг учун Аллоҳга ва Унинг Расулига улардан бошқа ҳамма нарсадан кўпроқ муҳаббат қўйишга ҳаракат қилайлик! Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтайлик! Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари асосида яшаб, суннатларига тўлиқ амал қилишга ўтайлик! Шояд, бу соҳада ҳам ушбу ҳадиси шарифдан фойда олсак!

Нега одамларни фақат Аллоҳ учун севмаймиз? Уларга бўлган муҳаббатимизда ғаразсизмизми? Бу муҳаббатнинг ортидан дунё матоҳини, иззат-икромни ва яна қандайдир манфаатни кутмаяпмизми? Бунақалар йўқ, бўлса ҳам оз, дейсизми? Ундай бўлса, ўрганган ҳадисимиздан фойда олишга ўтайлик, Аллоҳнинг мухлис, тақводор бандаларини Аллоҳ учун севишни бошлайлик! Ҳа, бу муҳаббатимиз мансаб, дунёвий ғараз, турли манфаатлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун бўлсин! Фақатгина ёлғиз Аллоҳ учун бўлсин! Ана шунда иймон ҳаловатини топамиз.

Шунингдек, куфрга ва унга тегишли нарсаларга бўлган муносабатимизни ҳам қайта кўриб чиқайлик. Дарҳақиқат, куфрдан ва унга тегишли нарсалардан оловга ташланишдан қўрққандек қўрқамизми ёки бепарвомизми? «Қандай қилайлик, замон шу экан, одамлар қилаяпти-ку» деб, яна ғафлатда юрган бўлмайлик! Агар, Аллоҳ кўрсатмасин, шундай бепарволик қилаётган бўлсак, унда дарҳол ўзимизни ўнглаб, иймон ҳаловатини топишга ҳаракат қилайлик.

Бу улуғ ҳадиснинг ҳикматларига бугунги кунда инсон қанчалик муҳтож эканлигини англаб етармикан? Ўн бешинчи ҳижрий асрнинг бошларида инсоният иймон ҳаловатини қандай тотишини англай оляпмизми?

Бошқаларни қўйиб, мусулмонлик даъвосини қилаётганларни, ушбу ҳадисни айтган зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвосини қилаётганларни олиб кўрайлик.

Кишиларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатлари қай даражада? Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиши қай даражада? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига, суннатларига амал қилиш қай даражада? Катта масалаларни қўя турайлик, энг осон, кўп ҳаракат талаб қилмайдиган калимаи шаҳодатни қанча одам тушунган ҳолда, тўғри нутқ қила олади? Бу саволлар жавобсиз қолаётган экан, иймон ҳаловатига биз муҳтож бўлмай, ким муҳтож бўлсин?

Бугунги кунда инсоният ўзаро муҳаббат Аллоҳ учун бўлишига жуда муҳтож! Аллоҳ учун муҳаббат йўқлигидан якка шахслар, уруғлар, қабилалар, жамиятлар орасида ўзаро ишончсизлик, бир-бирига хиёнат қилиш, душманлик кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу бало-офатлардан қутулиш учун ушбу ҳадисга амал қилиш керак.

“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримда Ҳадид сураси бор. Бу сура Мадинада нозил бўлган. Сурада темирни нозил қилингани, унда катта кучқувват ва одамлар учун манфаатлар борлиги зикр давоми...

2789 15:26 / 14.10.2020
Ўшал Кунда бир чеҳралар қўрқувчидирhellipБу чеҳралар бу дунёда куфр, ширк, нифоқ, гуноҳ ва исён билан ўтган кимсаларнинг чеҳраларидир. Уларга дўзахга тушишлари аён давоми...

3854 14:40 / 01.05.2019
Абдурроҳман ибн Мусъаб айтади Куфада бир киши бор эди. Унинг исми Асад ибн Солҳаб бўлиб, обидлардан эди. Бир куни у Фурот дарёси бўйида турганида, ўша ердаги бир давоми...

2865 11:00 / 14.02.2019
1калит. Аллоҳга тақво қилиш. Тақво ndash Аллоҳнинг буйруқларига бўйсуниш, ман этган ишларидан сақланиш. Аллоҳ таоло ўз Китобида марҳамат қилади .Кимки Аллоҳга тақво давоми...

4721 11:25 / 18.06.2019