1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Қўл бериб сўрашиш ҳақида

10:03 / 18.12.2018 5592 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: لَمَّا جَاءَ أَهْلُ الْيَمَنِ، قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «قَدْ أَقْبَلَ أَهْلُ الْيَمَنِ، وَهُمْ أَرَقُّ قُلُوبًا مِنْكُمْ، فَهُمْ أَوَّلُ مَنْ جَاءَ بِالْمُصَافَحَةِ».

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Аҳли Яман келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Батаҳқиқ, Яман аҳли келмоқда. Улар сизлардан кўра юмшоқ қалблидир. Улар биринчи бўлиб қўл бериб сўрашганлардир», дедилар».

Демак, қўл бериб сўрашишни илк бор яманликлар одат қилган эканлар. Уларнинг мазкур сифатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари хабар бериб, уларнинг бу ишларини мақтаган эканлар. Бу мақтовда қўл бериб кўришиш қалбнинг юмшоқлигига сабаб қилиб кўрсатилган.

Шунинг учун ҳозиргача мўмин-мусулмонлар оғзаки саломлашиш билан бирга, қўл бериб ҳам сўрашадилар.

عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ: مِنْ تَمَامِ التَّحِيَّةِ أَنْ تُصَافِحَ أَخَاكَ.

Баро ибн Озибдан ривоят қилинади:

«Саломлашиш биродарингизнинг қўлини олишингиз билан мукаммал бўлади».

Демак, фақат оғзаки «Ассалому алайкум», деб сўрашиш ҳали тўлиқ сўрашиш эмас экан. Тўлиқ саломлашиш учун қўл бериб сўрашиш керак экан.

Алҳамдулиллаҳ, бу нарсага бизда яхши амал қилинади. Бунга жиддий эътибор бериш керак. Чунки айрим эътиборли, ёши улуғ кишиларнинг буни арзимаган нарса деб амал қилмаслиги бошқаларга катта салбий таъсир кўрсатади.

Каминага радиоэшиттириш орқали бир йигитдан савол ҳам келган экан. Унда айтилишича, кўпчилик одамлар берилган саломга алик олмай, бунинг устига, паст назар билан қараб ўтиб кетар экан. Шунинг учун салом беришда давом этиш керакми ёки ундайларга салом бермай қўяверса ҳам бўлаверадими, деган маънода сўраган эканлар.

Кўриб турибмизки, алик олмаслик ёшларга қаттиқ таъсир қилади. Биз эшиттириш орқали саломнинг одобларини, салом беришда давом этавериш лозимлигини, бу нарса суннат эканлигини, алик олиш эса вожиблигини, алик олмаган одамнинг оқибати шунга яраша бўлишини тушунтирдик.

Бундай одобларни катталар яхшилаб ўрганиб, амал қилиб, ёшларга ўрнак бўлиб юришса, жуда яхши бўлар эди.

Уламоларимиз қўл олиш, албатта, саломлашишдан кейин бўлишини таъкидлаганлар.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки мусулмон учрашганларида қўл олиб сўрашсалар, улар бир-бирларидан ажрашларидан олдин албатта мағфират қилинади», дедилар».

Абу Довуд ваТермизий ривоят қилишган. 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши йўлиқиб, қўл олиб кўришса, ўша одам ўзи қўлини тортмагунча, у зот қўлларини тортиб олмас эдилар. Унинг ўзи юзини ўгирмагунча, у зот юзларини ўгирмас эдилар. Ул зотнинг ўзлари билан ўтирган одам олдида тиззаларини чўзганлари кўришмаган».

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сўрашишнинг батамом бўлиши қўл олиш биландир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Қўл бериб кўришиш ҳақида келган ҳадиси шарифларни жамлаб ўрганган ва таҳлил қилган уламоларимиз қуйидаги хулосаларга келганлар.

Учрашганда қўл бериб кўришиш суннатлигига ҳамма уламолар ижмоъ қилгандир. Илло, бундан бегона аёл киши истисно қилинган.

Қўл бериб кўришиш пайтида Аллоҳ таолога ҳамд ва истиғфор айтиш мустаҳабдир.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон икки мусулмон учрашиб, қўл олиб сўрашсалар, Аллоҳга ҳамд айтсалар ва У Зотга истиғфор айтсалар, икковлари мағфират қилинади», дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Сунний ривоят қилишган.

Қўл бериб кўришишнинг суннатини унинг икки қўл билан бўлиши мукаммал қилади.

Одамларнинг бомдод ва аср намозларидан кейин қўл бериб сўрашиш одатлари асли йўқ нарсадир. Чунки қўл бериб сўрашиш дастлаб учрашган пайтда бўлиши керак.

Аллома Ибн Обидийн бу ишни доимо намоздан кейин амалга ошириб бориш жоҳил кишиларда унинг суннатлигини эътиқод қилишга олиб бориши мумкинлигини айтганлар. Ҳолбуки, бу ишни ўтган азизларимиздан ҳеч ким қилмаган.

Намоздан кейин қўл бериб кўришиш одатини аллома Мулло Али Қори ҳам қаттиқ танқид қилганлар.

“Одоблар хазинаси” китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
. .Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизлардан биров масжидда туриб, мудраса, ўша ўтирган жойидан давоми...

2557 18:30 / 20.03.2022
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб намоз ўқисалар, давоми...

3850 10:07 / 20.11.2023
. . Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир мусулмон касал биродарини кўргани борса, жаннат мевалари ичида давоми...

898 12:48 / 05 август
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бир одам йўлда юриб кетаётиб, тиканли шохни кўриб қолибди ва уни йўлдан олиб давоми...

2031 19:00 / 19.12.2021