1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Устозлик бурчи

10:45 / 06.03.2020 1966 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фарзандларга тарбия энг аввало оилада, ота-она томонидан берилади. Кейинроқ эса уларга устозлар ёрдамчи бўлишади. Фарзанд тарбиясида устозларнинг қандай бурч ва вазифалари бор? Келинг, шу ҳақда сўз юритайлик:

1. Муаллим Аллоҳ уни таълим олиш ва таълим бериш билан шарафлаганини, умматнинг оёққа туриши учун таянч қилганини унутмаслиги керак. У талабаларга берадиган таълими ва кўрсатмалари орқали катта таъсир ўтказади. Бугунги талабалар бизнинг келажагимиз, чунки уларнинг ичидан жамият ва уммат ривожига муносиб ҳисса қўшадиган зотлар – имом-хатиб, вазир, депутат, қози, маслаҳатчи, ҳарбий, миршаб, ҳоким, табиб, муҳандис, иқтисодчи, тадбиркор, устоз-муаллим, ихтирочи каби соҳа мутахассислари етишиб чиқади.

2. Ихлос билан таълим бераверинг, Аллоҳ даражангизни юксалтиради. Вазифангизга лойиқ маош берилмаса ҳам ихлосингиз, фидокорлигингиз туфайли Аллоҳ сизга ризқ эшикларини очади, сиз маҳрум бўлган нарсаларнинг ўрнини тўлдиради. Сизга ўрнак сифатида пайғамбар алайҳимуссаломларнинг текинга, Аллоҳдан ўзгадан бирор ҳақ талаб қилмай таълим берганларини келтириш мумкин.

3. Мактаб-мадраса дастурларини талабаларга етказишга ижтиҳод қилинг. Шундай йўлни танлангки, улар сиз дарс берадиган фанни севиб қолишсин. Уларга бу борадаги қийинчиликларни енгиш йўлларини ўргатинг, иштиёқ билан таълим олишга қизиқтиринг. Уларга умматни жаҳолат уйқусидан уйғотишда тутган ўринларини, ҳимматлари фақат шаҳодатнома олиб, шунинг орқасидан тирикчилик қилиш бўлиб қолмаслиги кераклигини тушунтириб беринг.

4. Нозик сиёсат билан синфни тартибга солишга ҳаракат қилинг. Шахсиятингиздаги заиф нуқталарни уларга кўрсатманг. Тағин баъзи қитмир талабалар буни ўзингизга қарши ишлатиб, таъбингизни хира қилиб, дарс беришдан, ўзгаларга фойда улашишдан тўсиб қўймасин.

5. Сиз талабаларингизга ўрнаксиз. Айниқса, улар сизга меҳр қўйиб қолишса, ҳар бир хатти-ҳаракатингиз улар учун намуна бўлиб қолади. Шунинг учун тўғри бўлинг, шунда улар ҳам тўғри бўлишади. Эгри бўлмангки, улар ҳам эгри бўлиб қолишмасин. Уларга ҳурмат билан муомала қилинг, асло масхараламанг. Уларнинг ютуқ ва муваффақиятга эришганини кўришдан қанчалик севинишингизни айтинг. Уларнинг олдида зинҳор ҳақоратли сўзлар ишлатманг, ножўя ҳаракатлар қилманг.

6. Талабаларингиз олдида ўзингизни мақтаманг, қаҳрамонликларингизни сўзлаб берманг. Сиздаги илм-маърифат, хулқу саховатни улар ўзлари кашф қилишсин. Тўғри, баъзан уларга муваффақиятли тажрибангиз ҳақида сўзлаб бериш керак бўлиб қолади. Шунда ҳам буни камтарлик билан айтиб беринг, бундан фахрланиш, иззатталаблик кўзланмасин.

Муаллимнинг хатолари

Муаллимлар йўл қўядиган ва бундан четланишлари керак бўлган баъзи хатоларни келтириб ўтамиз:

1. Талабага ёмон муомалада бўлиш. Ёмон муомала талабада муаллимга нисбатан нафрат туйғуларини уйғотади, натижада у муаллимдан манфаат олишдан маҳрум бўлади, илмдан безийди, ўқишни ташлаб, бирор касб билан шуғулланиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бундай ҳолатдаги бола атроф-муҳитнинг таъсирида эгри йўлга кириб кетиши ҳам мумкин.

2. Баҳс ва савол эшигини ёпиб қўйиш. Бу хато туфайли талаба зерика бошлайди, дарсда ўтилган тушунчалар зеҳнига ўрнашмайди. Муаллим эса талабаларга бераётган маълумотларни улар қанчалик тўғри ёки нотўғри фаҳмлаганини била олмайди. Агар талаба дарсни яхши тушунмаса, ўша дарсни қайтадан, бошқача услубда шарҳлаш керак. Дарсда жонли, икки томонлама мулоқот бўлмаса, талаба бу жараёнда ўзининг ҳам ўрни борлигини ҳис қилмай қўяди, муаллим ҳам ўзи ҳисобга олмаган, аммо талабаларнинг эътиборидаги кўпгина мулоҳазалардан бехабар қолади.

3. Талабанинг ҳолатини билмасликка олиш. Бу хато талабани ноқулай вазиятларга солиб қўяди. Гоҳида талаба ўзининг ҳолатини ўртоқлари олдида очиқлаб беришга ийманади. Талаба топшириқ-вазифаларни бажаришда оқсаши, унутиб қўйиши ёки фикри тарқоқлиги каби омилларни ҳисобга олиб, унга имкон бериш керак бўлади. Масалан, талабанинг яқинларидан бири вафот қилган бўлиши ёки оилавий муаммо гирдобида бўлиши мумкин. Бу каби ҳолатларни ҳисобга олмаслик муаллимнинг жиддий хатосидир.

4. Аълочиларни тақдирламаслик. Бу хато илм чўққилари сари интилаётган талабанинг ҳафсаласини пир қилади, умидларини пучга чиқаради, дангасанинг эса яхши томонга ўзгаришига туртки бўлмайди.

5. Талабанинг қобилиятини ҳисобга олмаслик. Бу хато айрим талабаларни ранжитиши мумкин, чунки уларнинг ақлий ва фаҳмлаш қобилиятлари ҳар хил бўлади. Шунинг учун муаллим маълумотларни ҳамма тушунарли тарзда тақдим этиши керак, чунки зеҳни пастроқ ўқувчилар ҳам дарсдан бошқалардек баҳраманд бўлишга ҳақли.

6. Дарсга атайлаб кечикиш. Шунингдек, дарс пайтида шахсий ишлар билан машғул бўлиш (масалан, муаллиманинг пардозланиши), қўл телефонидан заруратсиз фойдаланиш муаллимнинг обрўсини туширади.

7. Айрим талабаларни бошқаларидан ўзгача кўриш. Ўқитувчи бу хато туфайли ўқувчилар орасига адоват уруғини экади.

8. Бир кишининг қилмиши учун ҳаммани жазолаш, уларни муваффақиятсизликда айблаб, келажаги йўқлигини айтиш. Аксинча, йўл қўйилган хатони биргалашиб бартараф қилишга ундаш, уларнинг руҳини кўтариб, юксак ютуқларга эришишга истеъдодлари борлигини уқтириш керак.

9. Дарс мавзусидан узоқлашиб, талабалар учун бефойда нарсаларга ўтиб кетиш. Асосий мавзу қолиб, иккинчи даражали масалалар муҳокамаси талабани тезда зериктириб қўяди.

10. Дарсга тайёрланиб келмаслик. Бу хато машғулот пайтида тутилиб қолишларга, саволларга нотўғри жавоб бериб қўйишга олиб келади.

Тақдирлаш ҳам муҳим

Муаллимлар талабанинг эътиборини қозониш, улар диққати ва қизиқишини машғулотларга тортиш учун шогирдларини мукофотлаш ва жазолаш йўлларини бир меъёрда қўллашлари зарур. Шунда тиришқоқ ўқувчининг ғайрати ва рағбати ошади, дангасалар эса жон куйдиришга мажбур бўлади.

Мукофотлашнинг қуйидаги турлари бор:

1. Моддий мукофот, масалан, китоб ёки нақд пул. Ота-она фарзандига билдирмасдан муаллимга бирор ҳадя олиб келиб бериб, талабалар олдида фарзандини мукофотлашни илтимос қилиши мумкин. Талабаларга гўё бу ҳадя муаллим тарафидан берилгандек туюлиши керак.

2. Мақтов сўзлар билан тақдирлаш. «Аъло», «тасанно», «баракаллоҳ» каби сўзлар билан мақташ. Бу мақтовлар талабани янада юксакларга чорлайди, бошқаларни ҳам муаллимдан шундай мақтов эшитишга ундайди.

3. Баракот ва муваффақият тилаб дуо қилиш. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга таҳорат суви тайёрлаб берганида у зот: «Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин» деб дуо қилганлар.

Лоқайд, дангаса талабага фойдаси тегадиган, ҳаддан ошмасдан, ўч олмасдан жазолаш туркумига қуйидагилар киради:

1. Дўқ-пўписа. Сиртдан қараганда қаттиққўллик, негизида эса панд-насиҳат бўлган услубда, сўкмасдан дўқ-пўписа қилиш.

2. Талабанинг ёлғиз ўзига танбеҳ бериш, насиҳат қилиш. Кўпчилик олдида койиш болани шарманда қилиш дегани.

3. Норози эканини билдириб қўйиш, қовоғини солиб муомала қилиш.

4. Ёмон иш қилган талаба ўша ишидан тавба қилмагунича ундан юз ўгириш.

5. Жазо сифатида уйга қўшимча вазифалар бериш. Масалан, дарсни бир неча марта ёзиб келишни талаб қилиш.

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади

«Ҳилол» журнали 9- сонидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бошимни ёстиққа қўйиб қўймас тонг ёришади. Ҳали уйғониб уйғонмас ухлаш пайти бўлади. Кунлар тўхтамасдан ўтмоқда. Ўзимга ўзим .Ҳақиқатда амаллар дафтарини солиҳ давоми...

2659 17:06 / 03.06.2020
Ҳижрий тўқсон еттинчи йил. Зулҳижжа ойининг охирги ўн куни. Каъбатуллоҳ пойи пиёда, отуловда келган одамлар билан тўла. Улар орасида ёшу қари, эркагу аёл, оқу қора, давоми...

2426 12:49 / 04.05.2020
ndash Мўмин қандай бўлмайдиҲар галгидек бир яхши гап айтишингизни билганим, тезроқ эшитгим келгани учун, ўйламасдан ҳам туриб, шаҳар бераманrdquo.ndash Наҳот, ҳадис давоми...

7861 17:20 / 29.03.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Отаонага яхшилик қилиш умрни зиёда қилади. Ёлғон ризқни камайтиради. Дуо давоми...

2893 19:35 / 17.06.2019
Аудиолар

131072 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51597 14:35 / 11.08.2021