1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ва илм

09:02 / 29.11.2018 5147 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон илм-маърифатга эга бўлмасдан туриб, дунё халқлари ичида пешқадам бўлишни хаёлига келтирмаса ҳам бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва инсониятга то қиёматгача икки дунё саодатига эришиш йўлларини кўрсатиб борадиган динини, яъни Исломни илм дини қилган.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу раҳбар сифатида бу маънони, ҳатто энг нозик жойларигача, тўлиқ ҳис қилар эдилар. Шунинг учун ҳам у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ва, хусусан, ўзларининг даврларида илмга алоҳида эътибор бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрган тушлари бежиз бўлмайди. У зот тушларида косада сут ичганлари, ортиб қолганини эса ҳазрати Умарга берганларини кўрганлари ва саҳобаи киромлар бунинг таъвилини сўраганларида илмга йўйганлари ҳаммага маълум. Шу боис ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу илмга ниҳоятда ҳарис эдилар.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан, у киши ҳазрати Умардан ривоят қиладилар:

«Менинг Бану Умайя ибн Зайд уруғидан ансорий бир қўшним бор эди. У Мадинанинг юқори тарафидан эди. Расулуллоҳнинг ҳузурларига навбат билан тушар эдик. Бир кун у, бир кун мен тушар эдим. У менга ваҳий ва бошқа хабарларни келтирар эди. Мен ҳам унга шундай хабарларни келтирар эдим».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўладиган илмга қизиқиш бундан ортиқ бўлиши мумкинми?

Ибн Абдулбарр Ҳилол Варроқдан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Огоҳ бўлинглар! Энг рост гап Аллоҳнинг каломидир. Энг яхши йўл Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо қилинганларидир. Огоҳ бўлинглар! Илм одамларга уларнинг улуғларидан келса, улар яхшиликда бардавом бўлурлар», дер эдилар».

Ҳазрати Умар раҳбар сифатида аҳолининг таълим-тарбиясига катта эътибор берар эдилар. Вақтлари бор бўлса, кишиларга шахсан ўзлари таълим берганлар.

Имом Байҳақий ва Асбаҳонийлар Ҳасандан ривоят қиладилар:

«Бир аъробий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдига келиб: «Эй Умар! Менга динни ўргат!» деди. У: «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирасан. Намоз ўқийсан. Закот берасан. Байтни ҳаж қиласан. Рамазон рўзасини тутасан. Ошкораликни лозим тут. Сирдан сақлан. Уятга сабаб бўладиган ҳар бир нарсадан сақлан. Аллоҳга йўлиққанингда «Умар менга шуни амр қилди» деб айт», деди».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу раҳбар сифатида аҳолининг таълим борасидаги ишларига катта аҳамият берар эдилар. У киши, аввало пойтахтнинг ушбу соҳадаги ишларига алоҳида эътибор қаратганлар.

Ибн Саъд Басрий Қосимдан ривоят қилади:

«Умар барча сафарларда ўз ўрнига Зайд ибн Собитни қўйиб кетардилар. У киши одамларни турли юртларга муҳим ишлар билан юборар эдилар. Одамлар у кишидан Зайд ибн Собитни сўрашса: «Зайднинг мартабаси эсимдан чиққани йўқ. Лекин юрт аҳли Зайдга муҳтождир. Улар Зайднинг айтиб берадиган нарсаларини бошқа одамдан топа олмайдилар», дер эдилар».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг бошқа тарафларига ҳам илм тарқатишга катта аҳамият берганлар.

Ибн Саъд Басрий Ҳориса ибн Музаррибдан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Куфа аҳлига ёзган мактубини ўқидим: «Аммо баъд: Мен сизларга Амморни амир, Абдуллоҳни муаллим ва вазир қилиб юбордим. Иккови ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатли саҳобаларидан. Уларга қулоқ осинг ва эргашинг. Мен Абдуллоҳни ўзимга олиб қолмай, сизларга илиндим».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзлари олим бўлганлари учун илм ва илм олиш қоидалари ҳамда одобларини жуда яхши билар эдилар. Кишиларни ҳам ўша қоидаларга амал қилишга чорлар эдилар.

Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Жобияда хутба қилиб: «Эй одамлар! Ким Қуръондан сўрамоқчи бўлса, Убай ибн Каъбнинг олдига келсин. Ким меросдан сўрамоқчи бўлса, Зайд ибн Собитнинг олдига келсин. Ким фиқҳдан сўрамоқчи бўлса, Муоз ибн Жабалнинг олдига келсин. Ким мол-дунё­дан сўрамоқчи бўлса, менинг олдимга келсин. Аллоҳ мени унга волий ва тақсимловчи қилди», дедилар».

Ҳар қандай илмни ўз мутахассисидан олиш керак. Саҳобаи киромлар ичида ҳам маълум илм билан шуҳрат топган кишилар бўлган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг раҳбар сифатида бундай кўрсатма беришлари катта аҳамиятга эга эди. Ана шу кўрсатмаларга амал қилинса, жамиятнинг илмга ажратган маблағи ҳам, мутахассисларнинг илмлари ҳам зое кетмайди. Жамиятнинг ривожи учун зарур бўлган мутахассисларга эса етарли даражада илм берилади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу олим шахс сифатида илм нима, олим ким, уларга қандай муомалада бўлиш керак буларни жуда яхши билар эдилар. Шунинг учун ҳам у кишининг илм бўйича раҳбар сифатида олиб борган сиёсатлари ғоят муваффақиятли чиққан.

Имом Аҳмад ва Ибн Абдулбаррлар Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Илмни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Шу билан бирга илм учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Ўзингиз таълим олган кишига ва таълим берган кишига тавозели бўлинглар. Жаббор уламо бўлмангки, жоҳиллигингиз илмингиздан устун бўлиб қолмасин».

Раҳбари «Илмни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар» деб турган жамиятда илм ривож топмаса, қаерда ривож топиши мумкин?

Раҳбари «Илм учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар» деб турган жамиятда уламолар виқорли ва сокин бўлмасалар, қаерда бўлишлари мумкин?

Раҳбари «Ўзингиз таълим олган кишига ва таълим берган кишига тавозели бўлинг» деб турган жамиятда олимларгаю толиби илмларга нисбатан тавозели бўлинмаса, қаерда бўлиши мумкин?

Раҳбари «Жаббор уламо бўлманг» деб турган жамиятда бир-бирини ғажийдиган, илмга ва олимларга бало бўладиган жабборлар йўқ бўлмасдан, қаерда йўқ бўлсин?

Раҳбари «Жоҳиллигингиз илмингиздан устун бўлиб қолмасин» деб турган жамиятда илм соҳиблари билмагани билганидан кўп эканини тушуниб етиб, доимий равишда илмий изланишда бўлмаса, бошқа қаерда бўлиши мумкин?

Ҳа, ким олим-у, ким олим эмаслигини билган юртдагина, ҳақиқий олим қадр топган юртдагина илм ривожланади ва ўша юрт илмий асосда тараққий этади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу буюк олим эдилар. У кишининг илмларига ҳамма саҳобаи киромлар ҳам тан берар эди.

Табароний Абу Воилдан ривоят қилади:

«Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: «Агар Умар розияллоҳу анҳунинг илми тарозининг бир палласига, қолган одамларнинг илми тарозининг иккинчи палласига қўйилса, унинг илми оғир келар эди», деди.

Ибн Саъд келтирган ривоятда Мадина аҳлидан бир киши: «Умарнинг олдига бориб қарасам, фақиҳлар унинг олдида ёш болага ўхшаб турибдилар. У ўз илми ва фиқҳи ила улардан устун эди», деган.

Ким «Ҳазрати Умар фақат исломий, яъни Қуръон, ҳадис, фиқҳ каби илмларгагина эътибор берган» деб ўйласа, катта хато қилган бўлади. Ҳазрати Умар ўз даврларидаги жамият учун фойдали бўлган барча илмларга бир хил муносабатда бўлганлар.

“Ислом тарихи” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ ўғлининг минг дирҳамлик узук сотиб олганини эшитиб қолди. Кейин ўғлига шундай мактуб жўнатди .Сенга узукни сотиб, унинг пулига давоми...

1362 08:00 / 16.11.2020
Масжидлар бу дунёдаги Ислом меъморчилигининг энг ажойиб намуналари. Eвропанинг энг яхши меъморчилик услублари черковларда такомиллаштирилгани каби, давоми...

2136 09:00 / 01.04.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кечанинг зулмат бўлакларига ўхшаш фитналар келгунча амалларни қилиб қолишга давоми...

4125 13:40 / 15.02.2019
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади .Бир обид Аллоҳга эллик йил ибодат қилди. Аллоҳ унга .Сени мағфират қилдим,, деб нидо қилди. У .Роббим, мен гуноҳ қилмаган бўлсам, нима учун давоми...

1635 07:10 / 05.09.2019