1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Инсонларнинг энг фаросатли ва энг шарафлиси ким?

10:02 / 26.11.2018 3951 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар:

– Завқ ва ўйин-кулги орзуларини совутиб қўювчи нарса (ўлим)ни кўп хотирланг!

Ҳадиснинг шарҳи бундай:

Ўлимни кўп хотирлаб туринг  нафсингизнинг завқ ва ўйин-кулгига бўлган майли кесилсин. Шу тариқа Аллоҳга юзланинг.

Ҳазрати Оиша Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрайди:

– Эй Аллоҳнинг Расули, шаҳидлар билан бирга йиғилишадиган бирон шахс борми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Ҳа, ҳар вақт кеча-кундуз йигирма марта ўлимни хотирлаган кимса шаҳидлар билан бирга йиғилишади.

Ўлимни кўп хотирловчи киши шаҳидлар билан бирга йиғилишади. Чунки ўлимни кўп хотирлаган киши ўткинчи дунё ҳаётига мағрур бўлмайди, кимсанинг ҳақини емайди ва охират учун ҳозирлигини қилади. Ўлимдан ғофил бўлмоқ эса кишини дунё завқларига кўмилишга чорлайди.

Ўлим ҳар мусулмон учун бир каффоратдир (қилинган гуноҳларни ювадиган бадалдир).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида ўзи ҳам, сўзи ҳам тўғри, қўлидан ҳам, тилидан ҳам кимсага зарар келмайдиган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пок ахлоқига эга бўлган ҳамда катта ва кўпдан-кўп кичик гуноҳлар билан кирланмаган, фақатгина кичик ва арзимас хатолари бўлган ҳақиқий мусулмонларни назарда тутганлар. Ўлим мана шу хил мусулмонларни гуноҳлардан тозалайди, катта гуноҳлар килмагани ва фарзларни ҳам адо этгани учун кичик ва арзимас гуноҳларига каффорат бўлади.

Ото Ҳуросоний ҳикоя қилади:

Бир кун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кетгандилар. У ерда бир гуруҳ жамоат гаплашиб-кулишиб ўтирарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гуруҳга хитобан буюрдиларки:

– Ўлимни унутманг, ўлимни хотирланг. Борлиғим қудрат қўлида бўлган Аллоҳнинг номига қасам ичиб айтаманки, агар менинг билганимни билсайдингиз, оз кулиб, кўп йиғлардингиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида бир одамдан гап очадилар ва мадҳу сано қиладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Дўстингиз ўлимни ёдга олармиди? – деб сўрайдилар.

Уни мадҳ этганлар: «Биз унинг ҳеч ўлимни ёдга олганини эшитмадик», – дейдилар.

Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– У дўстингиз сиз мадҳ этган даражада эмас, – деб айтдилар.

Ибн Умар ҳикоя қилади:

Бир кун биз ўн киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргани боргандик. Орамиздаги ансорлардан бири дедики:

– Эй Аллоҳнинг Расули, инсонларнинг энг фаросатлиси ва энг шарафлиси кимлар?

Жавоб бердиларки:

– Ўлимни энг кўп ёдга олувчилар, энг кўп ўлимга ҳозирланган кишилар!.. Мана, фаросатлилар, шарафлилар шулардир. Шулар дунёдан шараф билан ўтадилар ва охиратда ҳам шарафли ўринни қўлга киритадилар.

Ҳасан Басрий дерки:

– Ўлим дунё ҳаётини бир пул қилди. Шу туфайли фаросатли инсонларга ҳеч қувониш учун имкон қолдирмади.

Ибни аби Ҳойсама ҳам шундай дейди:

– Мўмин етишишни орзу қиладиган ўлимдан ҳам хайрлироқ йўқотиш йўқ. (Ўлим аслида бир йўқотишдан иборат, аммо мўмин унга етишишни орзу қилади, унинг учун бундай йўқотиш ҳар нарсадан хайрлироқдир).

Ҳикмат аҳлидан бири дўстларидан бирига шундай хат ёзган экан:

– «Эй биродар, «Кошки ўлсайдик» деб ёлвориб ҳам ўлолмайдиган қора кунларинг келмасдан бу дунёда ўлимдан эҳтиёт бўл!». («... Ўлимдан эҳтиёт бўл» - коинот низоми бузилиб, қиёмат бошланганда бир тўда инсонлар ўлимни, ўлишни, йўқ бўлишни хоҳлайдилар, аммо ўлолмайдилар. Бу ҳақда Аллоҳнинг шундай буйруғи бор: «Дарҳақиқат Биз сизларни яқин азобдан огоҳлантирдик. У Кунда киши ўзи қилиб ўтган нарсани кўрур. Кофир кимса: «Эҳ, кошки эди тупроққа айланиб кетсам», деб қолур (Набаъ сураси, 40-оят)

Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳар кеча олимларни йиғар, биргаликда ўлимдан, қиёматдан ва охиратдан баҳслашардилар, сўнгра бамисоли олдиларида бир жаноза бордай йиғлардилар.

Иброҳим Тамимий шундай дейди:

“Икки нарса мени дунё завқи ва ўйин-кулгисидан узди:

1. Ўлимни хотирламоқ.

2. Ҳисоб-китоб чоғида Аллоҳ ҳузурига чиқмоқ”.


Абу Ҳомид Ғаззолий,
“Мукошафат-ул қулуб” китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг марҳаматга оид баъзи ҳадислари Умматимнинг саралари ўқиган намозлари ва тутган рўзаларининг кўплиги билан эмас, давоми...

4091 14:11 / 06.11.2018
Имом Абу Ҳанифанинг энг кучли шогирди қози Абу Юсуф масжидда зуҳд ҳақида суҳбат ўтказаётган бир йигит ҳақида эшитиб, шогирдларига Юринглар, бориб унга савол давоми...

5702 23:23 / 14.04.2017
91. Сиз яхши кўрадиган ҳар бир нарса сизнинг бахтли бўлишингизга сабаб бўлавермайди.Сиз ёмон кўрадиган ҳар бир нарса сизнинг хафа бўлишингизга сабаб давоми...

5181 16:11 / 23.03.2017
Қалбни кир қиладиган, ташвишга ва хижолатга соладиган нарсаларни тарк қилиш. . ,. . Наввос ибн Самъон Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

1296 19:00 / 03 февраль