1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Унинг таъвилини Аллоҳдан ўзгаси билмас

21:09 / 20.11.2018 2990 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини маҳкам тутмоғимиз лозим. Ўшанда Аллоҳ таолонинг «Оли Имрон» сурасида нозил қилган қуйидаги оятларига амал қилароқ Аллоҳ таолони барча нуқсонлардан поклаб ёд қилган бўламиз.

«У сенга Китобни нозил қилган Зотдир. Унда муҳкам – ойдин оятлар ҳам бор ва улар Китобнинг аслидир ва муташобиҳ оятлар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (7-оят).

Ушбу ояти каримада Қуръони каримнинг оятлари иккига – муҳкам ва муташобиҳга бўлиниши ҳақида сўз бормоқда.

«Муҳкам» сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади.

«Муташобиҳ» сўзи эса, ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради.

Қуръони карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади. Бунинг ўзи алоҳида бир илм бўлиб, Қуръон илмлари фани бўйича мутахассис уламолар буни махсус ўрганадилар.

Биз ўрганаётган ояти каримада худди шу мавзуда сўз бормоқда. Бу ояти кариманинг аввалида Аллоҳ:

«У сенга китобни туширган Зотдир», деб Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилмоқда.

Китобдан мурод Қуръони каримдир.

«Унда муҳкам – ойдин оятлар ҳам бор ва улар Китобнинг аслидир ва муташобиҳ оятлар ҳам бор».

Қуръони каримда келган муҳкам – ойдин оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон.

«...улар китобнинг аслидир...», яъни ўша муҳкам оятлар Қуръоннинг аслини ташкил қиладилар.

Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат учун Қуръонда муташобиҳ – бир-бирига ўхшаш маъноларни билдирадиган, турлича маънога буриш мумкин бўлган оятлар ҳам бор. Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қиладилар.

«Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир».

Демак, аслида эътиқоди бузуқ кишиларни фош қилишда муташобиҳ оятлар иш берар экан. Қалбида марази бор, ҳидоятдан оғган бундай кишилар ақийда ва шариатнинг нозик усулларини очиқ-ойдин баён қилиб берган муҳкам оятларни бир четга суриб қўйиб, ғойибдан эшитиш орқали собит бўладиган хабарларга, турли маъноларга далолат қиладиган муташобиҳ оятларга фитна қўзиш, уни таъвил қилиш мақсадида эргашар эканлар.

«Таъвил» сўзи бирор сўз ёки тушунчани сиртқи маъносидан бошқа маънога кўчириш, деган маънони англатади.

Қалбларида ҳидоятдан оғиш бор бўлган мазкур кишилар муташобиҳ оятларни ўзларига қурол қилиб олиб, фитна қўзиш учун ўз ҳавои нафсларига мувофиқ таъвил қиладилар. Ва ҳолбуки, муташобиҳ оятларнинг таъвилини ҳамма ҳам билавермайди:

«Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас».

Муташобиҳ оятларнинг ҳақиқий таъвилини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Шунинг учун, мўмин-мусулмон кишилар муташобиҳ оятларнинг таъвилига машғул бўлмасдан, уни Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола этишлари керак.

«Илмда собит бўлганлар эса: «Унга иймон келтирдикбарчаси Роббимиз ҳузуридандир», дерлар».

«Илмда собит бўлганлар» бандалар ичида илмнинг олий даражасига етган уламолардир.

Улар илмда собит бўлганлари учун кўп нарсадан бохабар бўладилар ва шу боисдан ҳам, муташобиҳга иймон келтирдик, барчаси (яъни, оятларнинг барчаси) –муҳками ҳам, муташоҳиби ҳам Роббимиз ҳузуридандир, дейдилар.

Дарҳақиқат, етук олимлар ўзларининг илмий чегараларини аниқ тушуниб етадилар, Аллоҳнинг илми чегарасиз эканини яхши биладилар. Ҳамда ўрни келганда ҳеч иккиланмай, ўзларининг ожиз жойларини эътироф қиладилар. Аммо ҳақиқий илмдан бебаҳра, чаласавод кишилар эса, ўзлари билган озгина нарсани, дунёдаги бор илм шу, деб тушунадилар ва ундан бошқа ҳамма нарсани инкор этиб, ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қиладилар. Ушбу ҳақиқатлардан

«...фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар».

Бундай нарсалардан ақл эгаларигина ваъз-насиҳат ва ибрат оладилар.

Мазкур ҳақиқатларни тушуниб етганларидан сўнг, Аллоҳ таолога ёлбориб дуо қилиб, қалбларини ҳақда собит қилишни ва ҳидоятдан оғдирмаслигини сўрайдилар:

«Эй, Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг, қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта, Сен кўплаб ато қилувчисан» (Оли Имрон”, 8-оят).

Илмда собит бўлган мўмин кишининг ҳоли шу – у ҳидоят нима эканини, қандай улуғ неъмат эканини жуда яхши тушунади. Шунинг учун ҳидоятни берган Аллоҳга ёлбориб, қалбини ҳақ йўлига бошловчи ҳидоятдан оғдирмаслигини ўтиниб сўрайди.

«Эй, Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг, қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин».

Улар Аллоҳ таолонинг «Ваҳҳоб» – кўплаб ато қилувчи зот эканлигини ҳам яхши биладилар ва Унинг Ўзидан раҳмат ато қилишини сўрайдилар.

«Албатта, Сен кўплаб ато қилувчисан».

Улар ўз Роббиларининг барча халойиқни бир куни жамлаб, ҳисоб-китоб қилишини ҳам яхши биладилар ва шунинг учун У зотга бу ҳақда қуйидагича ёлборадилар:

«Роббимиз, албатта, Сен одамларни келишига шубҳа йўқ Кунда йиғувчисан. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас» (Оли Имрон”, 9-оят).

«Келишига шубҳа йўқ кун» қиёмат кунидир.

Аллоҳ таоло ўша кунда барча одамларни жамлаб, сўроқ-саволга тутиб, амалига яраша жазо ёки мукофот беришини ваъда қилган. Мўмин бандалар бу ишнинг албатта бўлишига қаттиқ ишонадилар. Чунки Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди.


islom.uz портали таҳририяти 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири эҳтикормонополиядир.Маъмар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким эҳтикор қилса, ўша давоми...

3339 09:00 / 11.07.2019
38. Рамазонда унутишнинг ҳам фазилати бор. Ибодатларда унутишга йўл қўйиш аслида яхши саналмайди. Аммо рўзадорнинг унутиши ҳам унга Аллоҳ таолонинг икроми, инояти давоми...

1340 17:00 / 15.05.2020
Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади Бир яҳудий ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан сўради Қуръонда Жаннатнинг кенглиги осмонлар ва ер баробарида...rdquo Оли Имрон, 133оят давоми...

5082 07:09 / 27.11.2018
Қалбим қўри, бебаҳо бойлигим, киприкларимда асраганим, гул ифорлигим, жигарпорам, жон қизим Сўзларимни диққат билан тингла ва зинҳор унутма. Чунки бу дунёда давоми...

3624 22:09 / 11.11.2018