1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Сиз ҳажга отланяпсиз...

18:08 / 27.07.2020 1674 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаж намоз, рўза, закот каби Исломнинг асосий ибодатларидандир. Аллоҳ таоло Қодир мусулмонларгагина фарз қилган. Аллоҳга шукр, ҳар йили дунёдаги миллионлаб мусулмонлар қатори ватанимиздан ҳам кўплаб ҳожилар бу баданий, молий ва руҳий ибодатни адо этиб қайтишяпти.

Ҳаж ибодатимиз комил бўлиши учун зарур бир неча нозик нуқталар бор. Кўпгина ҳожиларимиз буларга эътиборсизлик қилишади. Бир неча марта ҳаж қилиш шарафига эришган ходимингиз сифатида бу йил ҳажга отланган мусулмонларимиз диққатини ана шуларга қаратмоқчи эдим.

Биринчидан, ҳожиларимиз ўзларини ана шу улуғ ибодатга олдиндан тайёрлаб боришлари керак. Бунинг учун даставвал қанча маблағ сарфлаб, қанча йўл босиб, машаққатлар чекиб Байтуллоҳга қилинадиган сафарнинг туб моҳиятини ва мақсадини яхши англаб олиш зарур бўлади. Сиз дам олиш ёки саёҳат қилиш учун ёхуд табаррук жойларни зиёрат қилишга бормаяпсиз. Сиз Аллоҳнинг Ислом умматига фарз қилган ибодатини адо этишга, Унинг розилигини топишга, Парвардигорингизга яқинлик ҳосил қилишга, гуноҳлардан фориғ бўлишга боряпсиз. Шунинг учун сафар олдидан ҳажнинг арконларини, бажариладиган амалларни ва ўқиладиган дуоларни, эҳромда бўлганингизда нималар тақиқланганини яхшилаб ўрганиб олинг. Ўтган ҳажлар пайтида айрим ҳожиларимиз пухта тайёргарлик кўрмаганларидан ибодат чоғида кўп қийналишди, ҳатто айрим амалларни чала бажариб, ибодатлари камчиликли бўлиб қолди.

Улуғ сафарга жўнашдан олдин вужудингизни, қалбингизни батамом поклашга ҳаракат қилинг. Руҳингизни ҳаж қийинчиликларига, у ерда дуч келинадиган машаққат ва синовларга тайёрланг. Кетиш олдидан оила аъзолари, қариндош-уруғлар, ёру дўстлар билан яхши сўзлар айтиб хайр-хўшлашинг. Аразлашган ёки урушиб қолган яқинларингиз билан ярашиб, узр сўранг, уларни рози этинг. Қарзингиз бўлса, узишга ҳаракат қилинг. Қалбдаги гина, адоват, ғашлик, бесаранжомлик ўрнини том маънодаги хотиржамлик, поклик, ихлос, итоат, кечирувчанлик, сабр эгалласин.

Ҳаж пайтида ҳожиларимиз аҳамият беришлари ниҳоятда зарур бўлган икки муҳим нарса бор. Булар интизом ва сабрдир. Агар кишида ана шу икки нарса етишмаса, у ўзининг ҳам, бошқаларнинг ҳам ибодатига зарар беради. Ҳар йили гуруҳ раҳбарлари дуч келадиган, қанча тушунтиришлар, тавсияларга қарамай, муҳтарам ҳожиларимиз барибир йўл қўяверадиган интизомсизлик ҳолатлари ибодатларимизнинг кoмиллигига путур етказяпти. Ҳамма учун ўринлар етарли бўлишига қарамай, самолётга, автобусларга чиқиш-тушишдаги «ким ўзар»га югуришлар, аёлларни, кекса-нимжонларни туртиб-йиқитиб жой талашишлар, меҳмонхоналар ва йўллардаги, ибодат чоғидаги интизомсизликлар, гапнинг рости, юртимиз ҳожилари шаънига ғирт номуносибдир. Ҳожиларимиз бошқа давлатлардан келганларнинг уюшқоқлиги, тартиб-интизомига гувоҳ бўлатуриб ҳам, ўзлари тартиб-қоидаларни бемалол бузаверишади. Гоҳо автобус тўла одам бир интизомсиз кишининг меҳмонхонадан чиқишини кутиб, соатлаб хуноб бўлади. Хизмат кўрсатувчиларнинг ҳар бир дақиқаси ҳисобда эканини, айрим арконларнинг адо этилишини асло кечиктириб бўлмаслигини яхши тушуниб олиш керак.

Ҳажда ниҳоятда сабр-бардошли, қаноатли ва итоатли бўлиш талаб этилади. Кимдир ибодат чоғида бехосдан туртиб юбориши, оёғингизни босиб олиши ёки билмай озор етказиб қўйиши мумкин. Шунда сиз кечиримли, ҳамсафарларингиз етказган озорларга сабрли бўлинг. Бирон кишини оғринтириб қўйган бўлсангиз, дарров узр сўраб, кўнглини кўтаринг. Бир йўлдошингиз ибодат чоғида қийналиб қолса, ёрдамга ошиқинг. Бориб-келгунча ширин тилли бўлинг, ҳар қандай ҳолатда ҳам тилингизга эрк берманг. Бошқалар ҳатто ҳақорат қилса, сиз очиқ юз билан муомала қилаверинг, шунда фақат ютасиз.

Ҳаж умрда бир бериладиган имконият, бунга бепарво бўлманг. Ахир, қанча қийинчиликлар чекиб, катта маблағ ва саъй-ҳаракатлар эвазига ҳажга боряпсиз.

Эҳромга кириш, Каъбани тавоф қилиш, Арафотда туриш ҳаж ибодатининг асосий шартларидир. Бу учаласидан бири бўлмаса, ҳажингиз ҳаж бўлмайди, шунча ҳаракатингиз ҳавога учади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Бир мабрур ҳаж дунё ва ундаги ҳамма нарсадан яхшироқдир. Ва бир мабрур ҳаж борки, унинг мукофоти фақат жаннат бўлади» (Муттафақун алайҳ).

Яна бундай марҳамат қилганлар: «Арафотда турганида: «Аллоҳ таоло мени кечирмадимикан», деб гумон қилган киши инсонлар орасида энг гуноҳи улканидир»» (Хатиб ва Дайламий ривояти).

Макка ва Мадина шаҳарларида бўлганингизда намоз, тавоф, талбия ва дуоларни ниҳоятда кўпайтиринг. Айниқса, Масжидул Ҳаром, Масжидун Haбaвийда кўпроқ намоз ўқишга, такбир, таҳлил, дуолар қилишга улгуриб қолинг. Чунки бу масжидлардаги намозларнинг савоби бошқалариникидан минглаб, юз минглаб баробар ортиқдир. Айниқса, Байтуллоҳда ибодат ва зикрларга зўр беринг. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ушбу Байтга ҳар куни бир юз йигирмата раҳмат нозил бўлади: олтмиштаси тавоф қилувчиларга, қирқтаси (ундаги) намозхонларга ва йигирматаси эса (унга савоб умидида) тикилиб турувчиларга», деб марҳамат қилганлар (Байҳақий ва Ибн Ҳиббон ривояти).

Қаранг, чарчаб намоз ёки тавофга куч тополмай қолганда Байтуллоҳга савоб умидида тикилиб ўтирганлар ҳам Аллоҳнинг раҳматидан бебаҳра қолишмас экан. Каъбатуллоҳни тавоф қилиш, қора тошни ўпиш (ёки ишора қилиш), Сафо ва Марва орасида етти марта бориб-келиш, Замзам булоғи сувидан қониб-қониб ичиш, Мино ва Муздалифада бўлиш, жамраларда шайтонга тош отиш каби зарур амалларни мукаммал адо этишга тиришиш керак. Мадинада бўлинганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам равзаларида у зотга саломларни етказиш, масжидларида намоз ва зикруллоҳни кўп қилиш, Исломнинг тарихий жойлари – Қубо ва Қиблатайн масжидлари, Бақиъ қабристони, Уҳуд тоғи зиёратига ҳам эътибор қаратиш лозим.

Қаттиқ тайинлайдиган бир гапим бор: ҳаж ибодати чоғи Қуръони Каримда айтилганидай, ахлоқсизлик (рафас), бузуқлик (фисқ), жанжал (жидол)ни тарк этинг. Ахлоқсизлик тилдан чиқадиган ҳар қандай беҳуда, фаҳш сўзлардир; аёллар билан ҳазиллашиш, эркалаш ҳам шунга киради. Бузуқлик – Аллоҳ таолонинг тоатидан чиқилгандаги ҳар қандай нарсанинг умумий номи. Жанжал (жидoл) – гина-кудуратга сабаб бўладиган, чиройли хулққа путур етказадиган хусумат ва тортишувларда ашаддийлашиб кетиш. Суфён Саврий айтади: «Ким ахлоқсизлик қилса, унинг ҳажи бузилади».

Ҳаж жуда фазилатли, улуғ ибодат, унинг моҳияти, мақоми, савобини дарров англаб олиш мушкул. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ким Байтуллоҳни ҳаж қилса, (унда) ахлоқсиз сўзларни сўзламаса ва фиск-фужур ишлар қилмаса, худди онаси уни туққан кундаги каби (барча) гуноҳларидан (албатта) покланиб чиқади» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Шундай экан, ибодатларимизни, амалларимизни шу ҳадис кўрсатмаларига мувофиқлаштириб олайлик. Сафардан қайтгач эса, ҳаж пайтида Аллоҳга берган ваъдаларимизни унутиб, яна ғафлатга, гуноҳ ишларга юрмайлик. Мабрур ҳажнинг аломати ҳаждан кейин одамнинг яхши томонга ўзгариши, эски ёмонликларини тарк этишидир. Аллоҳ таоло барчаларимизнинг ҳажимизни мабрур, ибодатларимизни Ўзига манзур айласин! Омин...

Ҳорунхон Аюбхонов Наманган шаҳри.

«Ҳилол» журналининг 7(16) сонидан.

Мавзуга оид мақолалар
Аввалги мақоламизда амалда ихлос ва ниятга доир бир неча ривоятлар келтирилган эди. Амалда ният ва ихлоснинг ўрни муҳим бўлгани учун бу мавзудаги мақолани давом давоми...

1901 17:10 / 09.05.2019
АҚШдаги Пенсильвания университети қошидаги Маънавият ва тафаккур Маркази мутахассисларининг фикрича мия шундай тузилганки, унда Парвардигор билан .мулоқот, давоми...

3291 09:44 / 24.10.2018
СаволЭҳсон қилиш ниҳоятда савоб эканлигини биламиз. Лекин бир савол борки, эҳсонни фақат мусулмонларга бериш керакми Ёки уни бошқа дин вакилларига ҳам берса давоми...

3073 13:30 / 25.02.2020
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Ул зот.Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатдан бир давоми...

2479 21:10 / 14.02.2019