1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Талоқ (рисола) (11)

05:00 / 15.02.2017 3385 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЗИҲОРНИНГ БАЁНИ

ЗИҲОРНИНГ ЛУҒАВИЙ ВА ШАРЪИЙ МАЪНОЛАРИ:

“Зиҳор” лафзи “зоҳр” сўзидан олинган бўлиб, бел деган маънони билдиради. Зиҳор “муфоъала” бобидан масдардир. У бир-бирига орқа қилиш ёки белни белга ёпиштириш ёки киши томонидан аёлига“Сен менга онамнинг бели кабисан” деб айтиши каби маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда никоҳидаги аёлини ёки унинг тўлиқ зотини ифодалайдиган бирор аъзосини никоҳи абадий ҳаром қилинган маҳрамларидан бирига ёки уларнинг кўриш ҳаром қилинган аъзоларига ўхшатишга зиҳор дейилади. Бу ҳукмда насаб, қуда-анда ва эмикдошлик жиҳатидан абадий маҳрам бўлганлар баробардир. Масалан, бир киши аёлига“Сен мен учун онам кабисан” ёки “Сенинг белинг онамнинг бели каби” дейиш билан зиҳор собит бўлади. Булардан ташқари аёлини сингли, аммаси, холаси, эмизган онаси, қайноналарига ўхшатиш ёки аёлини маълум аъзоларини юқорида зикр қилинган маҳрам аёлларнинг аврат жоиларига ўхшатиш билан ҳам зиҳор собит бўлади.

بَابُ الظِّهَارِ: هُوَ لُغَةً مَصْدَرُ ظَاهَرَ مِنْ امْرَأَتِهِ: إذَا قَالَ لَهَا أَنْتِ عَلَيَّ كَظَهْرِ أُمِّي. وَشَرْعًا تَشْبِيهُ الْمُسْلِمِ زَوْجَتَهُ أَوْ تَشْبِيهُ مَا يُعَبَّرُ بِهِ عَنْهَا مِنْ أَعْضَائِهَا، أَوْ تَشْبِيهُ جُزْءٍ شَائِعٍ مِنْهَا بِمُحَرَّمٍ عَلَيْهِ تَأْبِيدًا.

Зиҳор боби: У луғатда бир киши аёлига: “Сен менга онамнинг бели кабисан” деган вақтдаги “зоҳара мин имраатиҳи” сўзидан келиб чиққан масдардир. Шариатда, мусулмон киши аёлини ёки аёлидан таъбир бериладиган аъзосини ёки аёлнинг кенг тарқалган жузини никоҳи абадий ҳаром қилинган аёлга ўхшатишдир” (Дуррул мухтор).

لِأَنَّ " ظَاهَرَ " مُفَاعَلَةٌ مِنْ الظَّهْرِ فَيُقَالُ ظَاهَرْتُهُ إذَا قَابَلْتَ ظَهْرَكَ لِظَهْرِهِ حَقِيقَةً الخ بِمُحَرَّمٍ عَلَيْهِ أَيْ بِعُضْوٍ يَحْرُمُ النَّظَرُ إلَيْهِ مِنْ أَعْضَاءِ مُحَرَّمَةٍ عَلَيْهِ نَسَبًا، أَوْ صِهْرِيَّةً أَوْ رَضَاعًا كَمَا فِي الْبَحْرِ، أَوْ بِجُمْلَتِهَا كَأَنْتِ عَلَيَّ كَأُمِّي فَإِنَّهُ تَشْبِيهٌ بِالظَّهْرِ وَزِيَادَةٌ كَمَا يَأْتِي.

Чунки, зиҳор “зоҳр” сўзидан олинган бўлиб, муфоала вазнидадир. Ўз белингизни ўзгаларнинг белига муқобилида қилганингизда араб тилида “зоҳартуҳу” дейилади... Шариатда эса, насаб, қуда-андалик, эмикдошлик туфайли кишига ҳаром бўлган аёлнинг ўзини ёки аёлдан таъбир берса жоиз бўладиган бирор бир аъзосини қарашлиги бирор бир аъзога ўхшатишлик, сен менга онам кабисан деганга ўхшаш. Бунда белни ва ундан ортиғини ўхшатиш бордир” (Дуррул мухтор).

 

ЗИҲОРНИНГ ИСЛОМ ШАРИАТИДА СОБИТ БЎЛИШИ

Жоҳилият замонасида зиҳор талоқдан ҳам қаттиқ ҳисобланиб, эр-хотинни бир-бирига абадий ҳаром қиладиган ва у иккисини ўзаро алоқасини буткул узуш воситаси деб тушунилган. Жоҳилият даврида араблар талоқдан кейин аёлларини қайтариб олар эдилар. Лекин, зиҳордан кейин аёлини қайтариб олишни сира иложи йўқ эди. Чунки, улар зиҳорни эр-хотин ришталарини узадиган бир восита халос деб тушунмаганлар. Балки, жоҳилия пайтида зиҳор сабабли аёл она каби бўлиб, онанинг никоҳи ўз ўғли учун доимий ҳаром бўлгани каби зиҳор қилинган аёл ҳам эри учун абадий ҳаром бўлади деб тушунганлар. Ислом аввалида унга тегишли бирор ҳукм нозил бўлмаган эди. Лекин, кейинчалик ушбу мавзуга доир бир воқеа юз берди.

Авс ибн Сомит розияллоҳу анҳу ғазаб устида аёли Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳога “Сен мен учун онамнинг бели каби ҳаромсан” деб юборди. Бироз вақт ўтгач иккалалари ўтган ишга афсус қилдилар. Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳо чора излаб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Чунки, ҳали ҳануз бу борада самовий ҳукм нозил қилинмаган эди. Олдин ривож топган жоҳилият анъаналарига мувофиқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Менинг фикримча эрингга ҳаром бўлибсан”, дедилар. Шунда Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳо дод-вой солиб“Аллоҳим Ўзингга шикоят қиламан” деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юзланиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули менинг ёшлигим эрим хонадонида ўтди. Қариб қолганимда эрим мени зиҳор қилди. У билан ажрашсам хонадоним барбод бўлиб, болаларим қандай ҳаёт кечирадилар” деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Унга ҳаром бўлибсан”дан бошқа гапни айтмадилар ва:

Сенинг тўғрингда бирор амр келгани йўқ”, дедилар. Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳо эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тортишаверди. Ул зот:

Унга ҳаром бўлибсан”, десалар, у:

“Мушкулимни, ёлғизлигимни ва ҳолимнинг оғирлигини Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан”, дерди.

Шундай айтишув чоғида Хавла бинти Саълаба:

“Ахир менинг ёш болаларим бор, мен билан қолсалар, оч қоладилар, у билан бўлсалар, зое бўладилар”, дер ва бошини осмонга кўтариб:

“Эй бор худоё! Ўзингга ёлборяпман. Эй бор худоё! Пайғамбаринг тилига менинг мушкулимни осон қилувчи (оятларни) тушир”, дерди.

Бирдан Пайғамбар алайҳиссалом жим бўлиб қолдилар. Ваҳий тушганда бўладиган ҳолат юзага келди. Бир муддатдан кейин у киши муборак бошларини кўтардилар-да:

Аллоҳ таоло сен ва сенинг эринг ҳақида оят туширди”, дедилар. Сўнгра “Қод самиъа Аллоҳу”дан, то “азабун алим”гача ўқиб бердилар.

قَدْ سَمِعَ اللَّهُ قَوْلَ الَّتِي تُجَادِلُكَ فِي زَوْجِهَا وَتَشْتَكِي إِلَى اللَّهِ وَاللَّهُ يَسْمَعُ تَحَاوُرَكُمَا إِنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ بَصِيرٌ الَّذِينَ يُظَاهِرُونَ مِنْكُمْ مِنْ نِسَائِهِمْ مَا هُنَّ أُمَّهَاتِهِمْ إِنْ أُمَّهَاتُهُمْ إِلَّا اللَّائِي وَلَدْنَهُمْ وَإِنَّهُمْ لَيَقُولُونَ مُنْكَرًا مِنَ الْقَوْلِ وَزُورًا وَإِنَّ اللَّهَ لَعَفُوٌّ غَفُورٌ وَالَّذِينَ يُظَاهِرُونَ مِنْ نِسَائِهِمْ ثُمَّ يَعُودُونَ لِمَا قَالُوا فَتَحْرِيرُ رَقَبَةٍ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَتَمَاسَّا ذَلِكُمْ تُوعَظُونَ بِهِ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَتَمَاسَّا فَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَإِطْعَامُ سِتِّينَ مِسْكِينًا ذَلِكَ لِتُؤْمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَتِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ وَلِلْكَافِرِينَ عَذَابٌ أَلِيمٌ

 “Албатта, Аллоҳ Сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Ҳа, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир. Сизлардан ўз хотинларидан зиҳор қиладиганлар (билиб қўйсинларки), у(хотин)лар оналари эмас. Туққан оналаридан ўзга ҳеч ким уларга она эмаслар. Ва, албатта, улар инкор қилинган ва ғирт ёлғон сўзларни айтарлар. Ва, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва мағфират қилувчидир. Хотинларидан зиҳор қилганлар ўз айтганларидан қайтсалар, (қайта) қўшилмасларидан аввал бир қул озод қилсинлар. Бу (ҳукм) ваъзланишингиз учундир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир. Ким (қул) топмаса, бас (қайта) қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин. Ким (рўзага) қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйғазсин. Бу (ҳукм) Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз учун. Ва бу(ҳукм)лар Аллоҳнинг чегараларидир. Ва (ундан чиққан) кофирларга аламли азоб бор” (Мужодала 1-4 оят).

 

ЗИҲОРНИНГ РУКНЛАРИ

Зиҳорнинг тўрт рукуни бор:

1. Мушаббиҳ  эрнинг ақлли, болиғ, мусулмон бўлиши. Шунинг учун ҳам телба ва балоғатга етмаганларнинг зиҳори эътиборга олинмайди;

2. Мушаббаҳ  аёлнинг тўлиқ зотини ёки тўлиқ зотига далолат қиладиган аъзосини никоҳи ҳаром бўлган маҳрамларига ўхшатиш. Масалан, орқа, қорин, сон, бош, жинсий аъзо, баданни ярми кабиларни ўхшатиш билан зиҳор воқе бўлади. Уни акси ўлароқ, қўл, оёқ, биқн каби нарсаларни ташбиҳ қилиш билан зиҳор воқе бўлмайди. Чунки, улардан тўлиқ зотни ирода қилинмайди;

3. Мушаббаҳун беҳ – маҳрамларидан унга қарашлиги ҳалол бўлмаган аъзо ёки зот;

4. Ташбиҳ предлоги ва сўзларини бўлиши. Араб тилида “коф”, “наҳву”, “мислу” сўзлари ташбиҳга ишлатилса, ўзбек тилида “каби”, “ўхшаш”, “...дек” каби сўз ва қўшимчалар ташбиҳга ишлатилади. Зиҳорда ушбу сўзларни ишлатиш лозимдир. Шунинг учун ташбиҳсиз эр аёлига“Сен мени онамсан” ёки “Сен мени синглимсан” ёки “Сени белинг онамни бели” дейиши билан зиҳор воқе бўлмайди ва шу каби сўзлар бекорчи гап саналади. Лекин, бундай сўзларни айтиш макруҳи таҳримий ва гуноҳдир. Шунингдек, аёл эрни ота, ака дейиши билан зиҳор воқе бўлмайди. Лекин, бундай дейиш макруҳи таҳримий ва гуноҳдир.

 

ЗИҲОРНИНГ САРИҲ ВА КИНОЯ ЛАФЗЛАРИ

Зиҳор лафзлари икки хил бўлади. Улар:

1. Сариҳ;

2. Киноя.

وَالْحَاصِلُ أَنَّ هُنَا أَرْبَعَةُ أَرْكَانٍ: الْمُشَبِّهُ وَالْمُشَبَّهُ وَالْمُشَبَّهُ بِهِ وَأَدَاةُ التَّشْبِيهِ. أَمَّا الْأَوَّلُ: وَهُوَ الْمُشَبِّهُ وَهُوَ بِكَسْرِ الْبَاءِ فَهُوَ الزَّوْجُ الْبَالِغُ الْعَاقِلُ الْمُسْلِمُ وَزَادَ فِي التَّتَارْخَانِيَّة الْعَالِمُ وَلَا يَخْفَى مَا فِيهِ. وَأَمَّا الثَّانِي: وَهُوَ الْمُشَبَّهُ بِفَتْحِ الْبَاءِ الْمَنْكُوحَةُ أَوْ عُضْوٌ مِنْهَا يُعَبَّرُ بِهِ عَنْ كُلِّهَا أَوْ جُزْءٍ شَائِعٍ. وَأَمَّا الثَّالِثُ: وَهُوَ الْمُشَبَّهُ بِهِ عُضْوٌ وَلَا يَحِلُّ النَّظَرُ إلَيْهِ مِنْ مُحَرَّمَةٍ عَلَيْهِ تَأْبِيدًا، وَأَمَّا الرَّابِعُ وَهُوَ الدَّالُّ عَلَيْهِ وَهُوَ رُكْنُهُ وَهُوَ صَرِيحٌ وَكِنَايَةٌ.

Хуллас, зиҳорнинг тўртта рукни бордир: мушаббиҳ (ўхшатувчи), мушаббаҳ (ўхшатилмиш), “мушаббаҳун биҳ (унга ўхшатилган), адотут ташбиҳ (ташбиҳ предлоглари). Биринчиси, “бо”нинг касараси билан мушаббиҳ бўлиб, у балоғатга етган оқил мусулмон эрдир. “Татархонияда” олим деган сифат зиёда қилинган. Ундаги нарса махфий эмас. Иккинчиси, “бо”нинг фатҳаси билан мушаббаҳдир, яъни никоҳидаги аёл ёки барча танасидан хабар берадиган аъзоси ёки кенг тарқалган жузи. Учинчиси, мушаббаҳун биҳ – абадий никоҳи ҳаром қилинган маҳрамларининг қараш ҳаром қилинган аъзоси. Тўртинчиси,  зиҳорга далолат қилувчи лафзлар. Манашу, зиҳорнинг рукнидир. Зиҳор лафзлари сариҳ ва киноий бўлади” ” (Баҳрур роиқ).

وَإِنْ نَوَى بِأَنْتِ عَلَيَّ مِثْلُ أُمِّي )، أَوْ كَأُمِّي، وَكَذَا لَوْ حَذَفَ عَلَيَّ خَانِيَّةٌ بِرًّا، أَوْ ظِهَارًا، أَوْ طَلَاقًا صَحَّتْ نِيَّتُهُ وَوَقَعَ مَا نَوَاهُ لِأَنَّهُ كِنَايَةٌ وَإِلَّا يَنْوِ شَيْئًا، أَوْ حَذَفَ الْكَافَ لَغَا وَتَعَيَّنَ الْأَدْنَى أَيْ الْبِرُّ، يَعْنِي الْكَرَامَةَ. وَيُكْرَهُ قَوْلُهُ أَنْتِ أُمِّي وَيَا ابْنَتِي وَيَا أُخْتِي وَنَحْوَهُ وَبِأَنْتِ عَلَيَّ حَرَامٌ كَأُمِّي صَحَّ مَا نَوَاهُ مِنْ ظِهَارٍ، أَوْ طَلَاقٍ وَتُمْنَعُ إرَادَةُ الْكَرَامَةِ لِزِيَادَةِ لَفْظِ التَّحْرِيمِ، وَإِنْ لَمْ يَنْوِ ثَبَتَ الْأَدْنَى وَهُوَ الظِّهَارُ فِي الْأَصَحِّ وَبِأَنْتِ عَلَيَّ حَرَامٌ كَظَهْرِ أُمِّي ثَبَتَ الظِّهَارُ لَا غَيْرُ لِأَنَّهُ صَرِيحٌ.

Эҳтиром қилишни ёки зиҳорни ёки талоқни ният қилиб “Сен менга онам кабисан ёки онамдексан” деб айтса, нияти дуруст бўлиб, нимани ният қилса, ўша воқе бўлади. “Хония”да келтирилишича “Сен онам кабисан” деб, “менга” сўзини келтирмаса ҳам. Чунки, бу сўзлар киноийдир. Агар бу сўзларни айтиб ҳеч нарсани ният қилмаса ёки ўхшатиш предлогини тушириб айтса, бекорчи сўз бўлиб қолади ва эҳтиром қилиш тайин топади, яъни улуғлаш. Эр хотинига “Сен онамсан, эй синглим, эй қизим” дейиши макруҳ саналади. Эрнинг сен менга онам каби ҳаромсан дейиши, дуруст бўлиб, зиҳор ва талоқдан нимани ният қилса ўша бўлади. Лекин, эҳтиромни ирода қилганлиги жоиз бўлмайди. Ҳаром қилиш лафзи қўшимча тарзда келтирилгани учун. Агар ҳеч нарсани ният қилмаса, энг пасти, яъни саҳиҳ қавлга биноан зиҳор собит бўлади. “Сен менга онамнинг бели каби ҳаромсан” деган эрнинг сўзи билан фақат зиҳор воқе бўлади ва ундан бошқаси ирода қилинмайди. Чунки, бу зиҳорнинг сариҳ лафзидир” (Дуррул мухтор).

قَوْلُهُ: لِأَنَّهُ كِنَايَةٌ أَيْ مِنْ كِنَايَاتِ الظِّهَارِ وَالطَّلَاقِ. قَالَ فِي الْبَحْرِ: وَإِذَا نَوَى بِهِ الطَّلَاقَ كَانَ بَائِنًا كَلَفْظِ الْحَرَامِ، وَإِنْ نَوَى الْإِيلَاءَ فَهُوَ إيلَاءٌ عِنْدَ أَبِي يُوسُفَ، وَظِهَارٌ عِنْدَ مُحَمَّدٍ... وَيَنْبَغِي أَنْ لَا يُصَدَّقَ قَضَاءً فِي إرَادَةِ الْبِرِّ إذَا كَانَ فِي حَالِ الْمُشَاجَرَةِ وَذِكْرِ الطَّلَاقِ.

Мусанниф раҳматуллоҳи алайҳнинг “Чунки у киноийдир” деган иборалари зиҳор ва талоқнинг киноий лафзларидан эканлигини билдиради. “Баҳр”нинг соҳиби: “Агар у билан талоқни ният қилса, ҳаром лафзи каби боин талоқ бўлади. Агар ийлони ният қилса, Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ наздиларида ийло бўлади. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ наздиларида зиҳор бўлади” дедилар. Музокаратут талоқ ва жанжал пайтида киноий сўзларни айтиб, эр бундан эҳтиромни ирода қилганман деса, қазоан тасдиқ қилинмайди” (Дуррул мухтор).

Сариҳ зиҳор – абадий никоҳи ҳаром қилинганларнинг кўриш ҳаром қилинган аъзоларини ташбиҳ қилиш. Масалан, эр аёлига“Сен менинг онамнинг белидексан” деса, бас бу билан зиҳор воқе бўлади ва ниятга эътибор берилмайди, яъни эр бу билан зиҳорни ният қилган бўлса ҳам, зиҳорни ният қилмаган бўлса ҳам аёлга зиҳор воқе бўлади.

Киноя зиҳор – абадий никоҳи ҳаром қилинганларнинг тўлиқ зотига ташбиҳ қилиш. Масалан, эр аёлига“Сен мени онам кабисан” ёки “Сен мени синглим кабисан” дейиши. Бас, бу сўзлар сариҳ зиҳор ҳисобланмайди. Ушбу сўзларда зиҳор, талоқ, ийло, иззат-икром қилиш, улуғлаш эҳтимоли бор. Шунинг учун ушбу сўзларда эрнинг ниятига эътибор берилади. Агар у айтган сўзларидан зиҳорни ният қилган бўлса, зиҳор бўлади. Ийлони ният қилган бўлса, ийло бўлади. Талоқни ният қилган бўлса, талоқ бўлади. Агар у сўзлар билан эрнинг нияти аёлини онаси каби иззат-икром қилиш бўлса, улуғлаш деб қарор берилади ва аёлга ҳеч нарса воқе бўлмайди.

Лекин, ушбу сўзларни эр талоқ зикр қилинаётган пайтда айтса, қазоан иззат-икром қилиш ва улуғлаш деб эътиборга олинмайди.

Умуман олиб қаралганда, одамлар зиҳордан хабардор эмаслар. Лекин, ғазаб вақтида зиҳорда ишлатиладиган сўзларни ишлатиб, ундан талоқни ёки доимий аёлдан ажрашишни ният қиладилар. Шунинг учун эр зиҳорнинг киноя лафзларини ишлатса ва унинг нияти номаълум бўлса, уруфга қараб боин талоқ бўлди деб ҳукм қилинади ва иккинчи бор аёли билан никоҳланиши зарур бўлиб қолади.

 

СЕНГА ЯҚИНЛИК ҚИЛСАМ ОНАМГА ЯҚИНЛИК ҚИЛГАН БЎЛАЙ ДЕЙИШ

Бир киши аёлига“Сенга яқинлик қилсам онам билан қўшилгандай бўлай” деса, бу билан на зиҳор ва на талоқ воқе бўлади. Бундай дейиш билан қаттиқ гуноҳкор саналади.

لَوْ قَالَ: إنْ وَطِئْتُك وَطِئْت أُمِّي فَلَا شَيْءَ عَلَيْهِ كَذَا فِي غَايَةِ السُّرُوجِيِّ.

Бир киши аёлига: “Сен билан яқинлик қилсам онам билан яқинлик қилган бўлай” деса, унинг зиммасига ҳеч нарса лозим бўлмайди. “Сирожия”да шундай дейилган” (Фатвои ҳиндия).

 

ЗИҲОРНИНГ ҲУКМИ

Зиҳор билан на талоқ воқе бўлади ва на никоҳ тугайди. Лекин, зиҳор каффоратини эр адо этмагунича аёли билан жимо, бўса, қучоғига олишнинг бирортаси жоиз бўлмайди. Лекин, бир-бири билан гаплашиши ҳаром эмас. Каффоратни адо қилмай аёлга яқинлик қилиш гуноҳи кабира саналади ва аёлга каффоратни эр адо қилмагунича, уни яқинига йўлатмаслиги лозим бўлади. Агар каффоратсиз эр аёлига яқинлик қилса, бас тавба вожиб бўлади ва шу билан бир қаторда каффоратни адо қилиш лозим бўлади.

وَإِذَا قَالَ الرَّجُلُ لِامْرَأَتِهِ أَنْتِ عَلَيَّ كَظَهْرِ أُمِّي فَقَدْ حُرِّمَتْ عَلَيْهِ لَا يَحِلُّ لَهُ وَطْؤُهَا وَلَا مَسُّهَا وَلَا تَقْبِيلُهَا حَتَّى يُكَفِّرَ عَنْ ظِهَارِهِ لِقَوْلِهِ تَعَالَى { وَاَلَّذِينَ يُظَاهِرُونَ مِنْ نِسَائِهِمْ } إلَى أَنْ قَالَ { فَتَحْرِيرُ رَقَبَةٍ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَتَمَاسَّا }.

Бир киши аёлига: “Сен менга онамнинг бели кабисан” деса, Аллоҳ таолонинг “ўз аёлларини зиҳор қилувчилар”дан бошлаб “бир-бирига тегинишларидан аввал бир қул озод қилишдир” гача бўлган оятга биноан то зиҳор каффоратини адо қилмагунича аёл эрига ҳаром бўлади ва яқинлик қилиш ҳам, ушлаш ҳам, ўпиш ҳам дуруст бўлмайди” (Ҳидоя).

 

БЕЛГИЛАНГАН МУДДАТГАЧА ЗИҲОР ҚИЛИШ

Бир киши белгилан муддатгача аёлини зиҳор қилса, масалан, эр аёлга“Сен мен учун бир йил ёки бир ойгача онамдексан” деса, бас белгиланган муддат ичида аёли билан яқинлик қилса, зиҳор каффорати лозим бўлади. Агар белгиланган муддатдан кейин аёлга яқинлик қилса, зиҳор ботил бўлиб, каффорат лозим бўлмайди.

ولو ظاهر موقتا بان قال انت علي كظهر امي اليوم او الشهر او السنة يصير مظاهرا في الحال فاذا مضى ذلك الوقت بطل.

Агар бир киши аёлига маълум вақт тайин қилиб: “Сен менга бугун ёки бир ой ёки бир йил” онамнинг бели кабисан” деса, ўша ҳолатда зиҳор қилувчи бўлади ва агар белгиланган вақт ўтгандан кейин аёлига яқинлик қилса, эрнинг зиммасига зиҳор каффорати лозим бўлмайди” (Фатвои қозихон).

 

НИКОҲГА ТАЪЛИҚ ҚИЛИБ ЗИҲОР ҚИЛИШ

Бир киши бегона аёлга“Мен сенга уйлансам, сен мен учун онам кабисан” деб, сўнг унга уйланса, у аёлга зиҳор воқе бўлади.

Бир киши бегона аёлга“Мен сенга уйлансам талоқсан” деб, яна“Мен сенга уйлансам сен мени онам кабисан” деса ва у аёлга уйланса, бас зиҳор ҳам, талоқ ҳам воқе бўлади.

ولو قال لاجنبية اذا تزوجتك فانت علي كظهر امي فتزجها يكون مظاهرا ولو قال اذا تزوجتك فانت طالق ثم قال اذا تزوجتك فانت علي كظهر امي فتزوجها يلزمه الطلاق والظهار جميعا لانها يقعان في حالة واحدة.

Бир киши бегона аёлга қарата: “Мен сенга уйлансам сен менга онамнинг бели кабисан” деб, сўнг унга уйланса, зиҳор воқе бўлади. Агар бир киши бегона аёлга: “Агар сенга уйлансам сенга талоқ” деб, кетидан: “Агар сенга уйлансам сен менга онамнинг бели кабисан” деб, сўнг унга уйланса, талоқ ҳам, зиҳор ҳам воқе бўлади. Чунки, у иккаласи учун бир хил ҳолат топилди” (Фатвои қозихон).

 

ЗИҲОР ҚИЛГАНДАН КЕЙИН УЧ ТАЛОҚ ҚЎЙИШ

Бир киши аёлини зиҳор қилгандан кейин унга уч талоқ қўйса ва шаръий ҳалоладан кейин аёл аввалги эри билан турмуш қурса, каффоратни тўлашдан олдин унга яқинлик қила олмайди.

اذا ظاهر من امرأته ثم طلقها ثلاثا ثم تزوجها بعد زوج آخر كان مظاهرا لا يحل له وطؤها قبل التكفير لان وقوع الفرقة لا يبطل الظهار.

Бир киши аёлини зиҳор қилиб, каффорат тўлашидан олдин аёлини уч талоқ қилса ва бошқа эрга тегиб чиққандан кейин аввалги эр унга уйланса, зиҳор каффоратини адо қилишидан илгари аёлига яқинлик қилиши мумкин эмас. Чунки, ажрим зиҳорни йўққа чиқармайди” (Фатвои қозихон).

 

ХОҲИШГА ЗИҲОРНИ ТАЪЛИҚ ҚИЛИШ

Бир киши Аллоҳ таолонинг машиятига зиҳорни таълиқ қилиб аёлига“Аллоҳ хоҳласа сен менинг онам кабисан” деса, талоқ каби зиҳор ҳам воқе бўлмайди. Агар бир кишининг хоҳишига эр аёлини зиҳорини таълиқ қилиб“Фалончи хоҳласа, сен менинг онам кабисан” деса ва фало шахс зиҳорни хоҳласа, зиҳор воқе бўлади. Агар хоҳламаса, зиҳор воқе бўлмайди. Эр аёлига қараб“Хоҳласанг сен менинг онам кабисан” деса ва аёл ўша мажлисда зиҳорни хоҳласа, зиҳор бўлади. Агар хоҳламаса, зиҳор бўлмайди.

ولو قال انت علي كظهر امي ان شاء الله لا يكون ظهارا كما لا يكون طلاقا ولو قال انت علي كظهر امي ان شاء فلان او قال انت علي كظهر امي ان شئت فهو على المشيئة في المجلس.

Эр аёлига: “Сен менга онамнинг бели кабисан, иншааллоҳ” дейиши билан талоқ тушмагани каби зиҳор тушмайди. Агар эр аёлига: “Фалончи хоҳласа, сен менга онамнинг бели кабисан” деса ёки “Агар хоҳласанг сен менга онамнинг бели кабисан” деса, ўша мажлисда аёлнинг хоҳшига эътибор берилади” (Фатвои қозихон).

 

ЗИҲОР ҚИЛИШ ГУНОҲ

Зиҳор қилиш гуноҳ. Баъзи олимлар зиҳор қилишни гуноҳи кабираларга киритганлар. Чунки, Аллоҳ таоло зиҳор қилувчиларга хитоб қилиб қуйидагиларни айтган:

وَإِنَّهُمْ لَيَقُولُونَ مُنْكَرًا مِنَ الْقَوْلِ وَزُورًا وَإِنَّ اللَّهَ لَعَفُوٌّ غَفُورٌ

Ва, албатта, улар инкор қилинган ва ғирт ёлғон сўзларни айтарлар” (Мужодала 2 оят).

 

ЗИҲОРНИНГ КАФФОРАТИ

وَالَّذِينَ يُظَاهِرُونَ مِنْ نِسَائِهِمْ ثُمَّ يَعُودُونَ لِمَا قَالُوا فَتَحْرِيرُ رَقَبَةٍ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَتَمَاسَّا ذَلِكُمْ تُوعَظُونَ بِهِ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَتَمَاسَّا فَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَإِطْعَامُ سِتِّينَ مِسْكِينًا ذَلِكَ لِتُؤْمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَتِلْكَ حُدُودُ اللَّهِ وَلِلْكَافِرِينَ عَذَابٌ أَلِيمٌ

Хотинларидан зиҳор қилганлар ўз айтганларидан қайтсалар, (қайта) қўшилмасларидан аввал бир қул озод қилсинлар. Бу (ҳукм) ваъзланишингиз учундир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир. Ким (қул) топмаса, бас (қайта) қўшилмасдан аввал икки ой кетма-кет рўза тутсин. Ким (рўзага) қодир бўлмаса, олтмиш мискинни тўйғазсин. Бу (ҳукм) Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиришингиз учун. Ва бу(ҳукм)лар Аллоҳнинг чегараларидир. Ва (ундан чиққан) кофирларга аламли азоб бор” (Мужодала 3-4 оятлар).

Ояти каримада зиҳорнинг каффорати учта эканлиги  баён қилинган. Уларда тартиб ва кетма-кетлик фарз. Улардан биринчиси, қул озод қилиш. Агар унга қодир бўлмаса (масалан ҳозирги пайтда), икки ой кетма-кет рўза тутиш. Агар қул озод қилаётган пайтда ёки кетма-кет рўза тутаётган пайтда, ҳали каффоратни тўлиқ қилмай туриб аёлига яқинлик қилса, янгитдан каффоратни адо қилиш лозим бўлади. Агар кетма-кет рўза тутаётганда рўзани бир кунини бузиб қўйса, янгитдан икки ой рўза тутади. Хоҳ қасдан яқинлик ёки ифторлик қилган бўлсин, хоҳ узурли сабабли қилган бўлсин ёки узурсиз кундизи ёки кечасида яқинлик қилган бўлсин янгитдан каффорт рўзасини тутишни бошлайди. Ҳа, агар мискинларга таъом бераётган аснода аёли билан яқинлик қилса, фақат гуноҳкор бўлади ва каффоратни қайтадан бошлаши лозим бўлмайди. Шунинг учун каффорат рўзасини рўза ойи ва рўза тутиш ҳаром қилинган кунлардан бошқа кунларга тўғрилаши ва юқоридаги кунлар каффорат рўзаси кунлари орасига тўғри келиб қолмаслиги лозим бўлади. Агар ойга қараб рўза тутса ва икки ой кетма-кет 29 кундан бўлиб, жами 58 кунни ташкил қилса, каффорат рўзаси учун кифоя қилади. Агар ойга қарамай каффорат рўзасини тутса, тўлиқ олтмиш кун рўза тутиши лозимдир. Агар бундай ҳолатда 59 кун бўлганда рўзасини очиб қўйса, қайтадан олтмиш кун каффорат рўзасини тутиши лозим бўлади.

Агар олтмиш кун рўза тутишга қодир бўлмаса, олтмишта мискинни икки маҳал ёки бир мискинни икки маҳалдан олтмиш кун қорнини тўйдириши лозим бўлади. Агар таомлантиришни хоҳламаса, олтмишта мискиннинг ҳар бирига садақаи фитр баробарида, яъни ярим соданъ буғдой ёки бир соъдан арпа ёки уларни қийматини беради ёки бир мискинга олтмиш кунгача ярим соъдан буғдой ёки бир соъдан арпа ёки уларни қийматини бериб боради. Агар бир кунда бир мискинга олтимиш кунлик ғаллани бирданига бериб қўйса, каффорат адо бўлмайди. Балки ўша куннинг каффорати адо бўлади халос. Бир мискинга бериладиган бир куннлик каффоратни бир неча мискинларга тарқатиб қўйса, каффорат адо бўлмайди.

بَابُ الْكَفَّارَةِ هِي تَحْرِيرُ رَقَبَةٍ... فَإِنْ لَمْ يَجِدْ الْمُظَاهِرُ مَا يُعْتِقُ... صَامَ شَهْرَيْنِ وَلَوْ ثَمَانِيَةً وَخَمْسِينَ بِالْهِلَالِ وَإِلَّا فَسِتِّينَ يَوْمًا... مُتَتَابِعَيْنِ قَبْلَ الْمَسِيسِ لَيْسَ فِيهِمَا رَمَضَانُ وَأَيَّامٌ نُهِيَ عَنْ صَوْمِهَا... فَإِنْ أَفْطَرَ بِعُذْر... أَوْ بِغَيْرِهِ، أَوْ وَطِئَهَا... فِيهِمَا أَيْ الشَّهْرَيْنِ مُطْلَقًا لَيْلًا، أَوْ نَهَارًا عَامِدًا، أَوْ نَاسِيًا... اُسْتُؤْنِفَ الصَّوْمُ لَا الْإِطْعَامُ... فَإِنْ عَجَزَ عَنْ الصَّوْمِ... أَطْعَمَ أَيْ مَلَّكَ سِتِّينَ مِسْكِينًا وَلَوْ حُكْمًا... كَالْفِطْرَةِ قَدْرًا وَمَصْرِفًا أَوْ قِيمَةِ ذَلِكَ... وَإِنْ أَرَادَ الْإِبَاحَةَ فَغَدَّاهُمْ وَعَشَّاهُمْ... جَازَ... كَمَا جَازَ لَوْ أَطْعَمَ وَاحِدًا سِتِّينَ يَوْمًا لِتَجَدُّدِ الْحَاجَةِ وَلَوْ أَبَاحَهُ كُلَّ الطَّعَامِ فِي يَوْمٍ وَاحِدٍ دَفْعَةً أَجْزَأَ عَنْ يَوْمِهِ ذَلِكَ فَقَطْ اتِّفَاقًا.

Каффорат боби: зиҳорнинг каффорати қул озод қилишдир... зиҳор қилувчи озод қилиш учун қул топа олмаса...кетма-кет икки ой рўза тутади. Агар ойга қараб рўза тутса, эллик саккиз кун, йўқса олтмиш кун рўза тутади...бир-бирларига тегинишларидан илгари. Олтмиш куннинг ичида рамазон ҳам ва рўзадан қайтарилган кунлар ҳам бўлмайди...агар узр ёки узрсиз рўзасини очиб юборса ёки икки ойнинг ичида хоҳ кундизида бўлсин хоҳ кечасида, хоҳ қасдан бўлсин хоҳ эсдан чиқариб аёлига яқинлик қилса рўзани янгитдан тутишни бошлайди. Таъом беришда эса, бундай эмасдир. Агар рўза тутишдан ожих қолса, таомлантиради, олтмишта мискинга фитр миқдорича таомни ёки унинг қийматини  милк қилиб беради. Агар тўйгунингларча еяаеринглар деб уларни олдига таом қўйса, эрталаб ва кечки таомини берса жоиздир. Бир кишини олтмиш кун таомлантиргани каби. Бунга ҳожат тушгани учун. Битта мискинга бир кунда олтмишта мискинга бериладиган таомни бирданига берса, битта мискиннинг бир кунидан каффорат адо бўлган бўлади” (Дуррул мухтор).

 

ЗИҲОРНИНГ КАФФОРАТИ САБАБЛИ ЭР АЁЛ БИЛАН ЯҚИНЛИК ҚИЛМАСЛИГИ

Зиҳордан кейин эр каффоратни адо қилишдан қўрқиб, аёлга яқинлик қилмаса ва уни ўз ҳолига ташлаб қўйса, аёл қозига ариза бериб, каффоратни адо қилдиришга ёки талоқ қўйишга мажбур қилдиришга ҳаққи бор.

وَلِلْمَرْأَةِ أَنْ تُطَالِبَهُ بِالْوَطْءِ لِتَعَلُّقِ حَقِّهَا بِهِ وَعَلَيْهَا أَنْ تَمْنَعَهُ مِنْ الِاسْتِمْتَاعِ حَتَّى يُكَفِّرَ وَعَلَى الْقَاضِي إلْزَامُهُ بِهِ بِالتَّكْفِيرِ دَفْعًا لِلضَّرَرِ عَنْهَا بِحَبْسٍ، أَوْ ضَرْبٍ إلَى أَنْ يُكَفِّرَ، أَوْ يُطَلِّقَ.

Аёл эридан яқинлик қилишини талаб қила олади. Чунки, бу аёлнинг ҳақларидандир. Шунингдек, аёл эри зиҳор қилган пайтда каффоратни тўлагунича яқинликдан эрини тўсиб туради. Қози эса, аёлдан зарарни дафъ қилиш учун каффоратни тўлашга эрни ундайди. Бу нарса то каффоратни эр тўлагунича, уни ҳибсда тутиб туриш билан ёки уриш йўли билан бўлади” (Дуррул мухтор).

 

ЛИОННИНГ БАЁНИ

ЛИОННИНГ ЛУҒАВИЙ ВА ШАРЪИЙ МАЪНОСИ

Лион сўзи муфоалат бобидан масдар бўлиб, лаънат сўзидан келиб чиққандир ва у раҳматдан йироқ қилиш, маъносини билдиради. Шариатда эр-хотин ўртасида шаръий қонунларга мувофиқ қози олдида бўлиб ўтадиган тўрт шаҳодат ва бир матротаба лаънат ва ғазабни айтишдир.

وينبغي أن يكون بحضرة الإمام أو القاضي وجمع من المسلمين

Лион имом ёки қози ва мусулмонлардан бир жамоанинг ҳузурида бўлиши лозимдир” (Мирқотул мафотиҳ).

 

ЛИОННИНГ ҲАҚИҚАТИ

Бирор киши ўзининг покдомон аёлига зинокор деб туҳмат қилса, масалан, эр аёлига“Сен зинокорсан” ёки “Зино қилганингни кўрдим” ёки “Эй, зинокор” ёки аёлдан туғилган насабни инкор қилиб“Сенинг бу фарзандинг зинодан бўлган” ёки “Бола мендан эмас” деса ва айтган сўзига гувоҳ келтира олмаса ва аёл қозига шикоят қилиб, эрига зинода туҳмат қилганлик ҳадди урулишини талаб қилиб, ариза билан қозига мурожаат қилса, эрга лион вожиб бўлади.

Аёл зино қилганлигига иқрор бўлса ёки эр аёлига туҳмат қилиб ёлғон гапирганига иқрор бўлса, лион вожиб бўлмайди. Чунки, лионда эр ўз даъвосида, аёл эса, ўз инкорида бардавом бўлиши зарурийдир.

 

ЛИОННИ ШАРИАТДА ЙЎЛГА ҚЎЙИЛИШИ

Ислом аввалида покиза аёлларни зинокорликда айблаганлиги учун ҳад урулиш ҳукми нозил бўлганидан кейин саҳобаи киромлар ўртасида: “Бирор киши бегона аёлни ёмон иш устида кўриб қолса, инсон унга сабр бардош қила олади. Лекин, эр ўз аёлини ёмон иш устида ушлаб олса, қандай қилиб, унга сабр қила олади?” деган савол пайдо бўлди. Агар эр аёли билан зино қилаётган кишини ўлдириб юборса, ўзи ҳам жазога тортилади. Агар қилинаётган зинога гувоҳ қидирай деса, бу ҳам мушкулу. Агар кўрган нарсаларини унутиб, сабр қилай деса, виждони қийналади. Талоқ қилиб юборай деса, аёл ва уни ўйнаши сувдан қуриқ чиқиб, зино сабабли пайдо бўлган боланинг насаби унга берилиб қолади.

Саъд ибн Ваққос ва Уваймир Ижлоний розияллоҳу анҳумлар фаразий тарзида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда савол бердилар. Кўп ўтмай Ҳилол ибн Умайя аёлини Шарик ибн Саҳмо билан ножоиз алоқадалигини кўриб қолди. У ҳодисани икки кўзи билан кўриб, икки қулоғи билан эшитди ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

“Эй, Аллоҳнинг Расули, мен кечаси ўз аҳлим олдига келиб, унинг олдида бир эркакни кўрдим. Ҳодисани икки кўзим билан кўриб, икки қулоғим билан эшитдим”, деди. У келтирган хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёқмади, жуда оғир ботди. Ансорийлар Ҳилолнинг атрофига тўпланиб:

“Саъд ибн Убода гапирган гапнинг балосига қолдик, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иложсиз Ҳилол ибн Умайяга дарра урадилар, одамлар ичида шарманда этиб, гувоҳлиги ўтмайдиган қиладилар”, деб хавотирланишди. Ҳилол эса:

“Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таолонинг Ўзи бир йўл кўрсатишини умид қиламан”, деди. Сўнгра у:

“Эй, Аллоҳнинг Расули, кўриб турибманки, мен олиб келган нарса сизга оғир ботди. Аллоҳ билади, мен ростгўйдирман”, деди. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дарра уришни ирода қилиб турганларида, бирдан, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушириб қолди. У кишига ваҳий келаётганини юзлари оқарганидан билиб олишар эди. Ана шунда ушбу оятлар нозил бўлди:

وَالَّذِينَ يَرْمُونَ أَزْوَاجَهُمْ وَلَمْ يَكُنْ لَهُمْ شُهَدَاءُ إِلَّا أَنْفُسُهُمْ فَشَهَادَةُ أَحَدِهِمْ أَرْبَعُ شَهَادَاتٍ بِاللَّهِ إِنَّهُ لَمِنَ الصَّادِقِينَ وَالْخَامِسَةُ أَنَّ لَعْنَتَ اللَّهِ عَلَيْهِ إِنْ كَانَ مِنَ الْكَاذِبِينَ وَيَدْرَأُ عَنْهَا الْعَذَابَ أَنْ تَشْهَدَ أَرْبَعَ شَهَادَاتٍ بِاللَّهِ إِنَّهُ لَمِنَ الْكَاذِبِينَ وَالْخَامِسَةَ أَنَّ غَضَبَ اللَّهِ عَلَيْهَا إِنْ كَانَ مِنَ الصَّادِقِينَ وَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ وَأَنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ حَكِيمٌ

 “Ўз жуфтларига (бўҳтон) тоши отиб, фақат ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаганлар эса, бас, улардан ҳар бирининг гувоҳлиги Аллоҳнинг исми ила тўрт марта, албатта, у ростгўйлардан эканлиги ҳақида шоҳидлик беришдир. Бешинчисида эса, агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини (айтишликдир). Ва у(аёл)дан азобни қайтарадиган нарса, Аллоҳнинг исми ила тўрт марта, албатта, у(эр) ёлғончилардандир, деб шоҳидлик беришидир. Бешинчисида эса, агар у(эр) ростгўйлардан бўлса, ўзи(аёл)га Аллоҳнинг ғазаби бўлишини (айтишликдир). Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида!.. Албатта, Аллоҳ тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва ўта ҳикматли зот бўлмаганида эди!..” (Нур 6-10 оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳийни қабул қилиб, аввалги ҳолатларига келдилар ва:

Хурсанд бўл, эй Ҳилол, батаҳқиқ, Аллоҳ сенга кушойиш ва қутулиш берди”, дея марҳамат қилдилар. Ҳилол:

“Роббим азза ва жалладан худди шуни умид қилаётган эдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Аёлга одам юборинглар”, деб айтдилар. Аёлга одам юборилди. У келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига оятларни ўқиб бердилар, иккаласига ҳам насиҳат қилдилар, охиратнинг азоби бу дунёнинг азобидан шиддатли эканини эслатдилар. Ҳилол:

“Аллоҳга қасамки, эй, Аллоҳнинг Расули, мен у ҳақда рост гапни айтдим”, деди. Аёл:

“Ёлғон гапиряпти”, деб жавоб қайтарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Икковларини бир-бирларига лаънат айтгизинглар”, дедилар. Ҳилолга:

“Сен шоҳидлик бер”, дейилди. У ўзи, албатта, ростгўйлардан эканлиги тўғрисида тўрт марта Аллоҳнинг исми ила шоҳидлик берди. Бешинчисига келганда, унга:

“Эй Ҳилол, Аллоҳдан қўрқ! Албатта, бу дунёнинг азоби охиратнинг азобидан енгилдир. Албатта, мана шу сафаргиси сенга азобни вожиб қилгувчидир”, дейилди. У:

“Аллоҳга қасамки, менга бу (аёл) сабабли дарра урилмаганидек, Аллоҳ мени азобламайди ҳам”, деди ва бешинчисида, агар ёлғончилардан бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлиши ҳақида шоҳидлик берди.

Сўнгра аёлга:

“Аллоҳнинг исми ила, у, албатта, ёлғончилардандир, деб гувоҳлик бер”, дейилди. Бешинчисига келганда, унга:

“Аллоҳдан қўрқ! Албатта, бу дунёнинг азоби охиратнинг азобидан енгилдир. Албатта, мана шу сафаргиси сенга азобни вожиб қилгувчидир”, деб эслатилди. У бир муддат дудуқланиб қолди, эътироф қилмоқчи ҳам бўлди. Сўнгра, Аллоҳга қасамки, қавмимни шарманда қилмайман, деб бешинчи шаҳодатни, яъни, агар у (эри) ростгўйлардан бўлса, ўзига Аллоҳнинг ғазаби бўлиши ҳақида гувоҳлик берди.

وصورته ان يقول هو اولا اربع مرات اشهد بالله اني صادق فيما رميتها به من الزنا وفي الخامسة لعنة  الله عليه ان كان كاذبا فيما رماها به من الزنا مشيرا اليها في جميعه ثم تقول هي اربع مرات اشهد بالله انه كاذب فيما رماني به من الزنا وفي الخامسة غضب الله عليها ان كان صادقا فيما رماني به من الزنا ثم يفرق القاضي بينهما...وتبين بطلقة.

“Лионнинг сурати эр тўрт бор: “Мен Аллоҳ номи билан гувоҳлик бериб айтаманки, мен унга нисбатан айтган зинокор деган сўзимда ростгўйман” дейди. Бешинчисида, зинокор деб айблашида ёлғончи бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини айтади. Бешаласида ҳам хотин тамонга ишора қилади. Кейин аёл тўрт бор: “Аллоҳ таоло номи билан гувоҳлик бераманки, эр мени зинода айблашида ёлғончидир” дейди. Бешинчисида, агар эр сўзида ростгўй бўлса, аёлга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин дейди. Сўнг қози иккаласи ўртасини ажрим қилади ва иккиси ўртасига боин талоқ тушади” (Шарҳул виқоя).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларини ажратдилар. Аёлнинг боласи туғилгандан кейин ота исми билан аталмаслиги, уни зинодан бўлган демаслик, ким шундай деса, унга ҳадд урилиши, эр аёлга уй-жой бермаслиги, таом бериши ҳам вожиб эмаслиги ҳақида ҳукм чиқардилар. Чунки, уларнинг ажрашувлари талоқ ёки вафот туфайли эмас эди. Сўнгра у зот:

Аёл қизғиш сочли, думбаси кичик, болдири ингичка бола туғса, Ҳилолдан бўлади. Агар қорамтир, жингалак соч, бўлиқ, икки болдири йўғон ва думбалари катта бола туғса, аёл билан туҳмат қилинаётган шахсдан бўлади”, дедилар. Бас, аёл қорамтир рангли, жингалак сочли, бўлиқ, икки болдири йўғон ва думбалари катта бола туғди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Агар қасамлар бўлмаганида, мен билан у аёл ўртасида бир иш бўлар эди”, дедилар”.

 

ЛИЪОННИНГ ШАРТЛАРИ

Зинокор деб туҳмат қилгандан кейин лиъон вожиб бўлиши учун тўққиста шарт топилиши лозимдир. Улар:

1. Эр-хотин иккалалари мусулмон, ҳур, оқил ва болиғ бўлиши;

2. Иккалаларидан ҳар бирига олдин қазф билан ҳад урулмаган бўлиши, яъни эр-хотиндан қайси бири бирор кишини зинокорсан деб айиблаб, сўнг айтган сўзига гувоҳ келтира олмай саксон қамчи урилган бўлмасин. Агар у иккисидан бирортасига қазф ҳадди урилган бўлса, лиъон қилиш дуруст бўлмайди;

3. Эр-хотин ўртасидаги никоҳ саҳиҳ бўлиши. Агар фосид никоҳ билан оила қурилса ва эр аёлга“Зинокорсан” деб туҳмат қилса, лиъон дуруст бўлмайди ёки эр боин талоқ қилинган аёлига“Зинокорсан” деб туҳмат қилса, бундай ҳолатда ҳам лиъон лозим бўлмайди;

4. Пок-домон аёл бўлиши, яъни аёл зинокор ёки шубҳа билан яқинлик қилинган ёки фосид никоҳ билан яқинлик қилинган бўлмаслиги;

5. Эр қилган даъвосига ҳужжат келтира олмаслиги. Агар эр қилган даъвосига тўртта гувоҳ келтирса, бас лиъон дуруст бўлмайди;

6. Эр ўз даъвосида мустаҳкам туриши ва аёл ҳам эр томонидан қилинган даъвони рад қилишда бардавом бўлиб, лиъон қилишни талаб қилиши;

7. Зино туҳмати соф, сариҳ лафзлар билан бўлиши. Шунинг учун соқов томонидан ишоралар билан қилинган туҳмат билан лиъон вожиб бўлмайди;

8. Эр аёлдан туғилган боланинг насабини инкор қилиши. Агар эр аёлининг ҳомиласини инкор қилса ва бундан кейин гарчи аёл олти ой ўтар ўтмас бола туғса ҳам лиъон вожиб бўлмайди;

9. Лион қилинаётган жой дорул ислом бўлиши.

وَشَرْطُهُ قِيَامُ الزَّوْجِيَّةِ وَكَوْنُ النِّكَاحِ صَحِيحًا لَا فَاسِدًا.

Унинг шарти эр-хотинлик ришталарини боқий туриши ва никоҳни саҳиҳ йўл билан бўлишидир. Фосид йўл билан эмас” (Дуррул мухтор).

قَوْلُهُ: وَشَرْطُهُ قِيَامُ الزَّوْجِيَّةِ فَلَا لِعَانَ بِقَذْفِ الْمَنْكُوحَةِ فَاسِدًا، أَوْ الْمُبَانَةِ وَلَوْ بِوَاحِدَةٍ، بِخِلَافِ الْمُطَلَّقَةِ رَجْعِيَّةً، وَلَا بِقَذْفِ زَوْجَتِهِ الْمَيِّتَةِ. وَيُشْتَرَطُ أَيْضًا: الْحُرِّيَّةُ وَالْعَقْلُ وَالْبُلُوغُ وَالْإِسْلَامُ وَالنُّطْقُ وَعَدَمُ الْحَدِّ فِي قَذْفٍ، وَهَذِهِ شُرُوطٌ رَاجِعَةٌ إلَيْهِمَا. وَيُشْتَرَطُ فِي الْقَاذِفِ خَاصَّةً: عَدَمُ إقَامَةِ الْبَيِّنَةِ عَلَى صِدْقِهِ، وَفِي الْمَقْذُوفِ خَاصَّةً إنْكَارُهَا وُجُودَ الزِّنَا مِنْهَا، وَعِفَّتُهَا عَنْهُ. وَيُشْتَرَطُ أَيْضًا كَوْنُ الْقَذْفِ بِصَرِيحِ الزِّنَا، وَكَوْنُهُ فِي دَارِ الْإِسْلَامِ، هَذَا حَاصِلُ مَا فِي الْبَحْرِ عَنْ الْبَدَائِعِ وَنَفْيُ الْوَلَدِ بِمَنْزِلَةِ صَرِيحِ الزِّنَا.

Мусаннифнинг “лионнинг шарти эр-хотинликни” боқий туриши деган сўзидан мурод, лион вақтида саҳиҳ йўл билан эр-хотин бўлишсин. Фосид йўл билан никоҳланган аёл ёки бир талоқ бўсада боин талоқ қўйилган аёлни зинокорликда айблаш билан лион қилинмайди. Ражъий талоқ қўйилган аёлни хилофи ўлароқ. Эр ўзини ўлиб кетган аёлини зинокорликда айблаши жоиз бўлмайди. Лионда яна ҳурлик, ақл, балоғатга етганлик, мусулмон бўлишлик, сўзлай олишлик, олдин туҳматда ҳад урилмаганлик шарт қилинади. Бу шартларнинг барчаси эр-хотин иккисига тегишлидир. Эрдан яна, ростгўйлигига ҳужжат қоим қила олмаганлиги ҳам шарт қилинади. Аёлда эса, аёлдан зино собит бўлганлигини инкор қилишлик ва зинодан пок эканлигининг даъвоси шарт қилинади. Шунингдек, эр аёлни зинокорликда айблаши зино сўзини ошкора айтиши билан бўлиши ҳамда бу нарса ислом ҳовлисида бўлиши шарт қилинади. Бу нарса “Бадоиъ”дан нақл қилиниб “Баҳр”да келган нарсаларнинг хулосасидир. Эр болани ундан эмаслигини даъво қилиши зинода айблаш кабидир”. (Дуррул мухтор).

 

ЛИЪОННИНГ ҲУКМИ

Лиъондан кейин қози чиқарган ҳукми билан эр-хотин ўртасида ажрм бўлиб, аёлга боин талоқ воқе бўлади. Агар аёл лиъондан кейин фарзанд кўрса, унинг насаби аёлдан собит бўлади. Эрдан насаб собит бўлмайди. Эр ўз даъвосида, аёл эса, уни инкор қилишда ажрмдан кейин бардавом бўлсалар у иккиси ўртасида абадий никоҳ дуруст бўлмайди. Ҳа, ажрмдан кейин эр ўз даъвосидан қайтса ёки ўзини-ўзи ёлғончига чиқарса ёки аёл ўз сўзидан қайтса, бас иккалаларини никоҳлаш дуруст бўлади. Чунки, эр-хотиндан бири ўз сўзидан қайтиш билан у иккиси орасида лиъон қолмайди.

Ҳадиси шарифда:

الْمُتَلَاعِنَانِ لَا يَجْتَمِعَانِ أَبَدًا

Икки лаънатлашувчилар абадий жамланмайдилар” дейилган. Бу ҳадисдан кўзланган мақсад шу-ки, икки лиъон қилувчилар ўз сўзида бардавом бўлиб, собит турсалар уларни абадий жамлаш мумкин эмас. Лекин, эр даъвосидан қайтиши ёки аёл ўзини-ўзи ёлғончига чиқариши билан лиъон ботил бўлади ва иккисини орасини жамлашга монеълик қилаётган нарса ҳам йўққа чиқади. Шунинг учун уларни никоҳ қилиш дуруст бўлади. Лекин, эр ўзини-ўзи ёлғончига чиқарса, бас унга қазф ҳадди, аёл киши инкоридан қайтса, бас унга зино ҳадди жорий қилинади.

Шунингдек, лиъондан кейин эр бирор кишига зинокорсан деб туҳмат қилди ва унга гувоҳ келтира олмай, қазф ҳадди урилди ёки лиъондан кейин аёл бирор киши билан зино қилса ва у ўз исботини топиб, ҳад жорий қилинса, бас у икки суратда ҳам лиҳон тугаб, қайтадан у икки лиъон қилишган эр-хотинни никоҳлаб қўйиш мумкин бўлади. Чунки, лиъон қилишганларнинг бир-бирига никоҳи абадий ҳаром бўлиши учун лиъонга аҳлият у иккисида доимий боқий туриши лозим. Эрга қазф ҳади, аёлга зино ҳади қоим қилингандан кейин лиъон аҳлияти у иккисида боқий қолмайди ва бир-бирлари билан никоҳанишлари жоиз бўлади.

ثم يفرق القاضي وينفي نسبه ويلحقه بامه وتبين بطلقة فان اكذب نفسه حد وحل له نكاحها لانه لم يبق اللعان بينهما فقوله عليه السلام المتلاعنان لا يجتمعان ابدا اي ما داما متلاعنين لان علة عدم اجتماعهما اللعان فلما بطل اللعان لم يبق حكمه وهو عدم الاجتماع وكذا ان قذف غيرها بعد التلاعن فحد او زنت بعد التلاعن فحدت فان بقاء اهلية اللعان شرط لبقاء حكمه.

"Қози ажратиб, насабини эрдан инкор қилади ва болага онани насабини беради ва аёлга бир боин талоқ воқе бўлади. Агар эр ўзини-ўзи ёлғончига чиқарса, ҳад урилади ва аёлини никоҳлаб олиши ҳалол бўлади. Чунки, эр ўзини ёлғончига чиқариши билан иккиси орасида лион қолмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки лаънатлашувчи абадий жамлашмайдилар дегани, яъни модомики эр-хотин лаънатлашувчи ҳолда қолсалар. Чунки, эр-хотинни жам қилинмаслик иллати лиондир. Лион ботил бўлгандан кейин лионга тегишли ҳукм қолмайди. Лионнинг ҳукми, эр-хотинни жамланмаслигидир. Агар эр аёлини лион қилгандан кейин бошқа бир аёлни қазф қилганлиги сабабли эрга ҳад урилса ёки аёл зино қилиб ҳад урилса эрга аёлнинг никоҳи ҳалол бўлади. Лион ҳукмини боқий қолиш шарти лионга аҳлиятлик боқий қолишидир" (Шарҳул виқоя).

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАЖНУННИНГ ХУШИ ЎЗИДАЛИГИДА АЁЛИНИ ТАЛОҚ ҚИЛИШИМажнун хушига келган вақтида аёлига талоқ қўйса, унинг талоғи талоқ ҳисобланади. Мажнунлик пайтида қўйган талоғи давоми...

4199 05:00 / 15.02.2017
САРИҲ ЛАФЗЛАРДА НИЯТ ШАРТ ЭМАСЮқорида талоққа сароҳатан далолат қилувчи сўзларни талоқдаги сариҳ лафзлар деб зикр қилинди ва улардан баъзилари билан ражъий, давоми...

4676 05:00 / 15.02.2017
Ушбу турдаги ҳақлар эрга ҳам, хотинга ҳам бир тарафдан ҳақ бўлса, иккинчи тарафдан мажбурият ҳисобланадиган нарсалардир. Икки тараф ҳам мазкур ҳақдан баҳраманд давоми...

10714 19:36 / 16.04.2018
Ушбу бобдан отаонанинг фарзанд олдидаги бурчлари, уларнинг фарзандларига нисбатан маданияти ҳақида сўз юритилади. Албатта, болага меҳрмуҳаббат кўрсатиш, унга давоми...

5750 05:00 / 14.02.2017