1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Совчилик одоблари ва совчи қўйилган аёлга қараш мумкинлиги

05:00 / 14.02.2017 7622 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтди: «У аёлларга (яъни, эрлари ўлиб, идда сақлаб турган аёлларга) совчиликни ишора қилишингизда ёки ичларингизда (совчилик ҳақида) ўйлашингизда сизлар учун гуноҳ йўқ» (Бақара сураси, 235).
Табарий айтадилар: «Эй эркаклар, сизлар иддадаги аёлларга очиқ эмас, балки ишора билан турмуш қуришга рағбатингизни маълум қилсангиз, сизлар учун торлик ё гуноҳ йўқдир.
«Хитба»дан мурод – совчилик, яъни қизни унинг аҳлидан аҳлидан ўз никоҳига сўрашдир.
Насл­насаб ҳоллари, нафақа, мерос ва бошқа эр­хотинлик ҳаётига тааллуқли бўлган роҳат­фароғат ўзаро ҳамжиҳатлик билан турмуш қуришнинг муҳим ва жиддий ишларидан ҳисобланади. Шунинг учун никоҳдан олдин «Хитба» – совчилик қилиш зарурдирки, никоҳ боғлашдан олдин эр аёли ҳақида ва аёл эри ҳақида таниш­билишлар қўни­қўшнилар орқали маълумотга эга бўлиши керак. Чунки никоҳ аниқ маълумотлар асосида бўлса, никоҳ ақди доимий, жуфтлар орасидаги ҳаёт эса гўзал бўлади.
Агар йигит кўчада бир қизни кўриб ёқтириб қолса, у билан оила қуришга шошилмай, олдин уни таниб, ўрганиб чиқиши керак. Чунки баъзи қизлар ўйноқи, уятсиз бўлиши мумкин. Худди шунингдек, қиз ҳам хушрўй йигитни кўриб қолиб, унинг истаги асирасига айланиб қолмаслиги керак. У (йигит) инсон суратида тарбияланган ўғри бўлиши ҳам мумкин. Ундайлар мулойим қўзичоқ суратидаги ваҳший бўри бўлиб, қизларнинг номусларни бузиши мумкин.
Ислом шариати, турмуш қуриш мавзусида жиддий ўйлашга, совчилик қилишдан олдин фикр юритишга ундайди. Аёл киши ҳам оила аъзоларини бехабар қолдириб, ўзи эрга тегиб олиши тўғри эмас. Бу хусусда шундай дейди:
«Хожаларининг изни билан уйланаверинглар» (Нисо сураси, 25).
Мустафо (с.а.в.) айтадилар: «… Агар сизларга, диндор ва хулқига рози бўладиган (яъни, тақволи ва яхши хулқли) кишидан совчи келса унга турмушга чиқинглар. Бундай қилмасангиз, (яхшига тегмай, ёмонга тегсангиз) ер юзида фитна-фасод (бузғунчилик) тарқалади» (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Шундай қилиб, Ислом аёлнинг хитбасини, жавобгарлигини аҳли оиласига топширди. Европа қизларига ўхшаб ўзи хоҳлаганига тегиб кетавериши мумкин эмас.
Айрим турмушлар қаршиликлар бўлмасада, ажралиш­талоқлар, кун ва ойлар ўтмасданоқ қисқа муддат ичида содир бўлган. Бунинг асосий сабаблари эса эътиборсизлик, ўз ҳаввойи хоҳишларига эргашиш, жиддий мулоҳаза ва чиройли ҳужжат асосида никоҳ бўлмаганлигидир. Сурати (чиройлилиги) алдайдиган қизлар қанча? Қанчадан-қанча қизлар алдов, макр йўли билан номус ўғриларининг арқонига тушиб қолади.
Бу хусусида шоир қуйидаги сўзларида чиройли мисол келтирган:

Ориқ кишини кўриб, уни мазаҳ қиласан,
Лекин, у кийимларда ҳайбатли арслон бўлур.
Торирдан ажабланиб, уни синаб кўрасан,
Шу ҳол, у гумонингга тескари келур.

Торир – чиройли, саранжом кўриниш соҳиби. Ҳозирги аср истилоҳида «жентельмен», «зиёли», «маданиятли».
Бир киши Ҳасан ибн Алига (р.а.) деди: «Менинг бир қизим бор, уни кимга никоҳласам экан?» Айтдилар: «Уни Аллоҳга тақво қиладиганга никоҳланг. Агар уни яхши кўрса, ҳурматини жойига қўяди, ёмон кўрса зулм қилмайди».
Уммул­мўминийн – Оиша (р.а.) дедилар: «Никоҳ – қулликдир. Шундай экан, ҳар бирингиз ўзининг иззатлисини (қизини) қандай жойга бераётганига қарасин».
Шаъбий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Ким иззатлисини (қизини) фосиққа никоҳлаган бўлса, бошини ёрибди» (Юқоридагилар «Ҳужжатул Ислом» ўаззолийнинг «Иҳёу улумиддин» китобидан олинди).
Ота ва оила аҳллари, қизлари учун яхши хулқли, тақводор куёв қидиришлари шарт. Унинг бойлиги ва молини кўзлашлари керак эмас. Агар совчи қўювчи хулқи яхши, тақволи, шарафли, мурувватли, илмли ва кўркам бўлса, қандай яхши. Бу йигит турмуш қуриш неъматига ва қиз унга ҳадя қилинишига арзийди. Улар турмуш қурса, яхшилик билан қуради ва агар баъзи ишларини ёқтирмай қолса унга чиройли муомалада бўлаверади.
Имом ўаззолий айтдилар: «Қизнинг ҳаққида эҳтиёт бўлиш аҳамиятлидир. У никоҳ билан қул бўлиб қолади ва ундан халос бўлолмайди. (яъни, ўзи хоҳлаганини қилолмайди, деган маънода) Эр ўзи хоҳлаган пайтда талоқ беришга қодир. Агар киши мусулмон бўлатуриб ўз қизини золимга, ё фосиққа, ё бидъатчига ёки ароқхўрга берса у ўз динига хиёнат қилибди. Бунинг билан Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабига рўбарў бўлади, оилада раҳм-шафқатни узиб, қизига ёмонликни танлабди». (ўаззолийнинг «Иҳё…» асаридаги «Никоҳ боби»га қаранг.)

Инсон қизини яхшилар ва солиҳларга таклиф қилиши атрофидаги муҳим баҳс

Қиз бола кишининг номуси ва шарафи, уни муҳофаза қилиш ва сақлаш лозим. Инсон молига қандай ҳарис бўлса, қизининг шарафи, иззатига молидан кўра каттароқ ҳарис бўлиши керак. Оқил одам қизини ўзига муносиб, номусини сақлайдиган, у билан қариндошлари қаноатланадиган ва қизини бахтли қила оладиган эрга никоҳлайди. Аммо баъзи инсонлар қизини келинликка таклиф қилишни эркаклик шаънига тўғри келмайди деб, ҳисоблашади. Бироқ бу нуқтаи назарни салафи солиҳлар (аввалда ўтган яхшилар) сийрати бекор қилади, чунки бу манманлик ва Исломга ёт бўлган жоҳилиятнинг бир кўриниши.
Қуйида ажойиб бир қиссани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Умарул Форуқнинг қизларини баъзи саҳобаларга таклиф қилишлари

«Ҳафса бинту Умар (р.а.)нинг жуфтлари вафот этиб, иддалари тугади. Оталари у аёлни бирорта саҳобийга никоҳлашни ирода қилдилар. Бу ҳақда Ҳазрати Умар (р.а.) ҳикоя қилади: «Мен Усмон ибн Аффон билан учрашиб, Ҳафсани никоҳига олишни таклиф қилиб, айтдимки: «Агар хоҳласангиз сизга Ҳафса бинту Умарни никоҳлаб берай». У киши: «Ўйлаб кўришим керак», деб жавоб бердилар. Умар (р.а.) айтадилар: «Бир неча кун кутганимдан сўнг, «Ҳозирча уйланмайдиганга ўхшайман», дедилар. Сўнг Абу Бакр Сиддиққа учрашиб: «Агар хоҳласангиз, сизни Ҳафса бинту Умарга никоҳлаб берай», деганимда индамадилар. Абу Бакрнинг бу иши Усмон (р.а.)нинг сўзларидан кўра қаттиқроқ таъсир қилиб, Усмонни гапидан жаҳлим чиққандан кўра кўпроқ жаҳлимни чиқарди. Яна Абу Бакр (р.а.) менга йўлиққанларида: «Ҳафсани таклиф қилганингизда сизга ҳеч нарса жавоб қайтармаганим учун жаҳлингиз чиққан бўлса керак­а?» дедилар. Мен ҳа», деб жавоб бердим. У киши: «Менга таклиф қилганингизда, сизга жавоб қайтаришдан ҳеч нарса тўсмади. Бир кун Расулуллоҳнинг (с.а.в.) Ҳафсани гапираётганларини (зикр қилганларини) (яъни, унга уйланмоқчиликларини) эшитгандим. Шунинг учун у кишининг сирларини фош қилгим келмади. Агар Расулуллоҳ (с.а.в.) хоҳламасалар, мен қабул қиламан», дедилар («Саҳиҳи Бухорий»нинг шарҳи «Фатҳул Борий»дан).
Ҳазрати Умар (р.а.)нинг бу ишлари хунук ёки ғалатими?! Ўки қизига фазилатли ва солиҳ кимсаларни қидириш айни ақллилик ва тўғрилик эмасми?
Албатта, қиз бола уни муҳофаза қилиб сақлайдиган инсон ҳузурига қўйилиши керак бўлган «гавҳар»дир.
Муносиб жуфт ва бошқаларга ўрнак бўладиган йигитни қидиришимиз, қизни ўзи хоҳлаган йигит билан турмуш қуришга қўйиб беришимиздан кўра яхшироқдир. Оилага муносиб бўлган эр қизнинг аҳлига ор ва иснод келтириши мумкин.
Қандай аёлга совчи юбориш мумкин?
Аёлларга совчи қўйишликда учта шарт бор:
1. Бирон эрнинг қарамоғида бўлмаслиги.
2. Вафот (эри вафот этган) ёки талоқ иддасида бўлмаслиги.
3. Олдинроқ унга бирор киши шаръий хитба (совчилик) қилган бўлмаслиги.
Аллоҳ таоло аёлнинг эри бўлса, унга совчи юбориш ёки уйланишни ҳаром қилган. Субҳанаҳу ва таоло айтди:
Маъноси: «Сизларга оналарингиз (га никоҳланиш) … ҳаром қилинди. Ва (яна сизларга) аёллардан, ҳимоядагилари (эри борлари ҳам ҳаром қилинди) фақат қўл­остидагиларингиз (сизнинг ҳимоянгиздаги чўрилар) бундан мустасно…» (Нисо сураси 23)
Демак, эри бор аёлга совчилик қилиш ва никоҳига олиш ҳалол эмас. Бу ишларни қилишлик эр­хотинлик алоқасига зарар етказади, шариатда эса ҳаром. Бундан ташқари, эри талоқ қилиб, унга яна уйланишини билдириб, бошини қотириши ҳам ҳалол эмас, чунки унда мусулмон ҳурматига, иззатига тажовуз бордир. Эри бўлатуриб аёлга совчилик қилган одамни Расулуллоҳ (с.а.в.) лаънатлаганлар. Буни Табароний қуйидаги лафз билан ривоят қилган: «Ким аёлга, эри бўлатуриб совчилик қилса биздан эмас». Яъни, ўзи унга уйланиб олиш учун эрини талоқ қилишга қизиқтиради ва эр­хотин орасини бузади.
Идда муддатида бўлган аёлга ҳам совчи юбориш ҳаром, хоҳ у талоқ иддаси бўлсин хоҳ эри вафот қилган бўлсин. Рожъий (яъни қайтиш мумкин бўлган талоқдаги) иддадаги аёл эса никоҳдаги аёл ҳукмида бўлади. Чунки эр­хотин орасидаги турмуш алоқалари узилмаган ва эр идда ичида ўзи хоҳлаган вақтда аёлини қайтиб олиши мумкин. Аммо юқоридаги ҳолда ишоравий тарзда ҳам, очиқ тарзда ҳам аёлнинг қўлини сўраш ҳаромдир. Ҳақиқий иддадор аёлнинг қўлини сўраш ишора тарзида бўлса жоиз, очиқ шаклда эмас, то иддаси тугамагунича у билан никоҳлана олмайди. Аллоҳ субҳанаҳу таоло Бақара сурасининг 235-оятида шундай дейди:
«У аёлларга (яъни, эрлари ўлиб, идда сақлаб турган аёлларга) совчиликни ишора қилишингизда ёки ичларингизда (совчилик ҳақида) ўйлашингизда сизлар учун гуноҳ йўқ. Аллоҳ сизлар у аёлларга (совчилик ҳақида) зикр қилишингизни билди. Лекин улар билан хуфёна ваъдалашмангиз! Фақат яхши гаплар гапиришингиз (жоиздир). То буюрилган идда муддати битмагунча никоҳ боғлашга қасд қилманг!» (Бақара сураси, 235)
Бундан мурод: улар билан то талоқ ё вафот иддалари тугамагунигача уйланиш –никоҳ аҳдини боғламанглар.
Тасриҳ – никоҳига олишини очиқ айтиш. Яъни: «Сенга уйланишни ва менинг хотиним бўлишингни хоҳлайман». Юқорида зикр қилинган ҳолатларда бу сўзни ишлатиш фақиҳларнинг келишуви билан ҳаром қилинган. Ояти каримада баён қилинган талмиҳ эса, (яъни ишора орқали уйланиш мақсадини билдириш) қуйидаги сўзлар мисолида бўлиши мумкин: «Аллоҳ сени ва фарзандларингни ўз паноҳида сақласин. Шояд Аллоҳ сенга яхшиликлар ато этса, чунки сен солиҳа аёлсан» ва шунга ўхшаш турмуш қуришга очиқ далолат қилмайдиган сўзлар:
Ривоят қилинадики, Ҳусайн (р.а.)нинг набираларидан Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али Сукайна бинту Ҳанзоланинг эри вафот этганидан сўнг изн сўрадилар. У аёлнинг ҳали иддалари тугамаган эди. Абу Жаъфар аёлга: «Менинг Расулуллоҳга ва Алига қариндошлигимни (уларнинг авлодиданлигимни), араблар олдида тутган ўрнимни биласан…», дедилар. Сукайна бинту Ханзала: «Аллоҳ сизни мағфират қилсин, эй Абу Жаъфар сиз мусулмонларга ҳукм ва фатволар берадиган кишисиз, менга иддамда совчилик қиляпсизми?» дедилар.
Абу Жаъфар айтдилар: «Мен сенга фақат Расулуллоҳ (с.а.в.) ва Алига қариндошлигим ҳақида хабар бердим. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам Абу Саламадан тул бўлиб қолган Умму Салама (иддасида) олдига кириб: «Менинг Аллоҳнинг элчиси эканлигимни, унга ихтиёр қилинганимни ва қавмимдаги ўрнимни яхши биласан…» деганлар. (Бу уларнинг хитбалари эди) (Байҳақий уни «Сунан»ларида келтирганлар, ҳадиснинг санадида узилиш бор.
Совчилик шартларининг учинчиси совчиликка бормоқчи бўлган аёлга кимдир олдин хитба қилиб қўйган бўлса, бир киши қизга совчи қўйсаю, йигит унга мувофиқ бўлиб тегишга рози бўлса, бошқаларнинг совчи қўйиши мумкин эмас, Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) шу сўзлари биланки: «Мўмин – мўминнинг биродаридир, мўмин биродарининг савдоси устига савдо қилиш ҳалол бўлмайди ва биродарининг хитбаси устидан хитба қилиши ҳам ҳалол бўлмайди» (токи биродари у савдони ёки хитбани тарк қилмагунича) (Бу ҳадисни Муслим ва Аҳмадлар келтиришган.)
2. «Биронтангиз биродарингизнинг совчилиги устига совчи қўймангиз, токи у никоҳланиб ё тарк қилиб юбормагунича» (Имом Насоий ривоятлари).
3. «Киши биродари савдосининг устидан савдо қилмасин ва совчилиги устига совчилик қилмасин ва биронта муслима аёл опаси ёки синглисининг идишидаги нарсадан (тортиб олиб) баҳраманд бўлиш учун унинг талоғини сўрамасин» (Муслим, Насоий ривоятлари).
Ҳадисдан мурод: махтуба (совчи қўйилаётган аёл) эркакнинг ўзи учун қолишини хоҳлаб бошқа хотинини талоқ қилишни сўраши бировнинг идишидаги яхшиликларни ўзининг идишига қўйиб олиши мисолида чиройли ўхшатиш билан келтирилган. Пайғамбар (с.а.в.) аёл киши совчилик қилаётган эркакнинг мавжуд хотинининг талоғи билан унга келиши мумкин бўлган нафақа, кийим­кечак, меҳрибонлик ва шунга кабиларни фақат ўзига бўлишини хоҳлаган пайтда буни мисол қилиб келтирганлар. Чунки уни талоқ қилишининг талаби бировнинг идишидаги нарсани ўзининг идишига қуйиб олгандек бўлади.
Совчилик устига совчи қўйиш аввалги совчининг ҳаққига душманлик ва унга нисбатан ёмонлик қилиш бўлганлиги учун ҳам, қайтарилган. Чунки улар никоҳланиш иттифоқга яқинлашган, иккинчиси эса бу иттифоқни бузган бўлади. Бу нарса оиланинг бузилишига ва тинч турмуш кечираётган кишилар ўртасида адоват пайдо бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун Ислом ундан қайтарган.

Муҳим эслатма

Маҳбубага қараш шариат томонидан матлуб (талаб қилинган)дир
Шариатимизнинг гўзал тарафларидан бири, куёв уйланадиган аёлини кўриб турмуш қуришга чақирганлигидир. Бу нарса улар орасида улфат­яқинлик ва муҳаббат давомийлигини таъминлайди. Бўлажак турмуш ўртоғининг чиройи никоҳ тўйидан аввал куёвга маълум бўлиши керак. Бу нарсага Расулуллоҳ (с.а.в.) буюрганлар. Шунда йигит ҳам қиз ҳам никоҳга кўнгли хотиржам боради. Йигит тўйдан у олдин қизни кўрган ва унинг кўриниши хотирасида қолган бўлади, қиз никоҳ куни кўриб ажабланмайди. Ўртада ҳар хил қийинчилик ва мушкуллар бошланмайди. Худди шундай қиз ҳам куёвини кўриши ва унга нисбатан нуқтаи назарни белгилаб олиши керак. Айрим йигитлар табиатан хунук бўлиши натижасида қизнинг қалбида унга нисбатан муҳаббат бўлмай қолади. Чунки қиз йигитга ёқмай қолиши мумкин бўлганидек, йигит ҳам қизга ёқмай қолиши мумкин.
Умар (р.а.) шундай деганлар: «Қизларингизни хунук кишига эрга берманг, чунки йигитларни қизлардаги нима ажаблантирса, қизларни ҳам йигитлардаги шу нарса ажаблантиради».
Замонамиздаги инсонларнинг аҳволи ҳаддан ташқари ўтказиб юбориш­ифрот ёки ҳаддан ташқари сустлик қилиш – тафрит ичида бўлиб қолди. Шу сабабдан улар икки қисмга бўлиниб қолдилар. Баъзилар майдакаш – расмиятчи, баъзилар эса лоқайд, эътиборсиз. Баъзиларнинг фикрича, куёвнинг келин диндор оиладан бўлса, уни кўриши айб бу нарса уларга лойиқ эмас, йигит қизга уйланиш рағбати бўлса ҳам, бир-бирини кўринишга кўнмайдилар, унинг онаси ё синглисини ёки бошқа бир қариндошини кўриш билан кифоялангани, қизнинг таърифини ўша қариндошлари келтириб бергани кифоя қилади. Уларнинг бу ишлари ислом ва унинг пок таълимотига хилофдир. Афсуски улар, «Жуфтнинг кулфати» йўлида биринчи қадам ташлаб, яна ўзларини шараф ва номуснинг ҳимоячилари деб ҳисоблашади. Наҳотки улар саййидимиз Муҳаммад (с.а.в.)дан номуслироқ бўлишса? Ул зот куёвнинг келинни кўришига чақирганлар ва тарғиб қилганлар.

Нодонлик, енгилтаклик ва аҳмоқлик

Никоҳ кечасидан олдин куёвнинг келинни кўришига рухсат бермаслик нодонлик ва аҳмоқлик эмасми? Никоҳдан кейин унинг қоматини кўриб, балки кўзи қувонар. Агар бунинг акси бўлса-чи? Уни «гўзаллик маликаси» сифатида тасаввур қилиб, аслида «укки»ни кўрса, қийинчилик ва ишкаллар бошланмайдими? Шоир ҳадисдан фойдаланиб, тўқиган шеъридаги аҳволда кўрса:
Ожиз эмас, кўрасан, очса оғзини,
Олов эшикларидан деб ўйлайсан уни.
Бундай пайтда надомат ва мусибатлар кучаймайдими? Куёвнинг кўриниши қизга ёқмаса, қизнинг аҳли нима қиладилар? Ахир улар қизларининг куёвини ё узоқдан, ёки парда орқасидан кўриб кифояланганлар. Никоҳ куни уни ўз кўзлари билан кўрса ва ўйлаганидек «қуёш» суратида» эмас, балки «маймун» суратида кўрса… Бунинг натижасида у фитнага тушиб, бошқа йигитга кўнгил қўйиб кетмайдими?

Диндан қочувчи лоқайдлар фирқаси

Кейинги фирқа – Европача урф­одатларга тақлид қиладиган одамлар. Улар қизларини куёв билан бемалол, кузатувсиз ёлғиз қолдириб, бирга юришга қўйиб бераверадилар. Йигит билан қиз кино, ўйингоҳ ва паркларга ҳатто йигит сафарга отланса, сафарга ҳам бирга-бирга кетаверади. Уларнинг ҳужжати – қиз-йигит билан унаштирилган, иккаласи турмуш қурмоқчи, шунинг учун бир-бирининг ахлоқини ўрганиб чиқиши керак. Ота-она қизининг ихтиёрини бегона, номаҳрам эркакка ташлаб қўйишади, орада ҳеч ким кузатувчилик ёки воситачилик қилмайди...

Расулнинг (с.а.в.) “махтуба”га қараш хусусидаги кўрсатмалардан бир қисм

Ҳамма келин­куёвлар аҳлларига, ўғил­қизларининг бахт­саодатига ҳарис бўлган, эр­хотин орасида улфат ва муҳаббат давомий бўлишни хуш кўрган ва дин аҳкомларини тутишга рағбати бўлган қиз ва йигит аҳлларига, Аллоҳ таоло у кишига итоат қилиш ва эргашишда дунё ва охиратда саодат, ютуқ ва омад белгилаб қўйган, башариятдан бирортаси у зотдан кўра ахлоқ ва номусга эътиборлик бўлолмайдиган, мураббийларнинг комилроғи, саййидимиз Муҳаммаднинг (с.а.в.) ҳадиси шарифидан келтирмоқчимиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
«Аллоҳнинг Пайғамбарида (у зотнинг иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21)
Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қиладилар: Набий (с.а.в.) ҳузурларида эдим, олдиларига бир киши келиб, ансорлардан бир аёлга никоҳланганини айтди. Расулуллоҳ (с.а.в.) жавобан: “Унга қарадингми?” деб сўрадилар. “Йўқ”, деб жавоб берди ансорий. Айтдилар: “Боргинда, унга қара, чунки ансорларнинг кўзида нарса бор”) (Муслим, Насоий ривоятлари).
Яъни, уларнинг кўзида, кичиклик ёки кўплик бор. Нававий айтадилар: «Бу нарсада яхшилик учун шунга ўхшаш иш жоизлигига далолат бор ва бу сўзлар уйланмоқчи бўлган аёлининг юзига қарашни мустаҳаб қилади. Энди аёлга қараш деганда фақат унинг юзи ва кафтларига қараш мумкин. Чунки юз­гўзаллик ё унинг зиддига далолат қилишга ва кафтлар билан соғломлигига далолат қилишга етарли деб кўпчилик фикр билдирган. Довуд Зоҳирий эса: “Бутун баданини кўриш мумкин”, дейди. Аммо бу суннат, ижмоъ усулларига тескари бўлган очиқ хатодир. Кўпчиликнинг фикри шуки, махтубага қараш жоиз, унинг розилиги шарт қилинмайди. Унга олдиндан айтмай, билдирмаган билмаган ҳолда кўриши мумкин.
Жобирдан (р.а.), у киши Набий (с.а.в.)дан ривоят қилиб, айтдилар: «Агар бирортангиз аёлга совчилик қилса ва у аёлга уйланишдан олдин уни чорлаётган (рўйи жамолига) қараш имкони бўлса, шундай қилсин (қарасин)». Жобир (р.а.) айтдилар: «Бир қизга совчи қўйгандим, мени унга никоҳланишга ва уйланишга чақирган нарса (унинг жамолидир) (Абу Довуднинг ривояти).
Саҳаронфурий айтдилар: Ҳадисдан тушуниладиган зоҳирий маъно, эркакнинг уйланишдан олдин аёлга қараши жоизлигидир, бу нарса хоҳ аёлнинг изни билан, бўлсин хоҳ изнисиз Имом Моликдан эса изн эътиборлилиги ривоят қилинган.
Жобир (р.а.)нинг ишларида номус ўғирлиги деб гумон қилинадиган нарса йўқ. Уйланишга ният қилганларида, бўлажак турмуш ўртоғининг қомати, юриш­туришини қўшниларидан сўрашни хоҳладилар. Қизни ўзларига ёқадиган шаклда кўрганларидан кейин уйландилар. Бу шариатнинг талаби, унда ҳеч қандай ғубор йўқ.
Абу Ҳурайра (р.а.) айтдилар: «Бир киши ансорлардан бўлган аёлга совчи юборган эди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Унга қарадингми?” деб сўрадилар. “Йўқ”, деб жавоб берганида, у аёлга қараб келишни буюрдилар». (Имом Насоий “Сунан”да келтирган.)
Муғайра ибн Шўъба (р.а.) бир аёлга совчи юборганларида Набий (с.а.в.): “Унга қара. Чунки орангизда улфат пайдо қилишга арзигулик хотин бўлсин», деганлар (Насоий ва Термизий ривоятлари). Баъзи аҳли илмлар бу ҳадис хусусида: Аёлга қараш (эътибор беришда)да ҳаром нарса йўқлиги учун ёмонлик йўқдир», дейишган.
“Аттажул­жамиъу лил­усул”нинг шарҳловчиси айтади: «Бу матнда келинга қараш талаби бор ва талаб қилинадиган нарса фақат унинг юзи ва икки кафтидир (бирортадан кўп бўлса ҳам жоиз), икки аъзонинг чиройлилиги жисмнинг қолганига ҳам далолат қилади. Келин ҳам куёвнинг шу аъзоларга қараши жоиз. Куёв ёки келинни кўришнинг иложи бўлмаса, уларни кўриб таърифлаб берадиган яқин кишисини вакил қилиб жўнатиши керак. Чунки Набий (с.а.в.) ўзлари уйланмоқчи бўлган аёлга Умму Саламани (р.а.) юборганлар.
Ибн Можа “Никоҳ китоби”да Муҳаммад ибн Саламадан айтдилар: Бир аёлга уйланмоқчи бўлдим ва беркиниб уйнинг ёнидаги хурмо дарахти орасидан унга қарадим. Шунда бир киши: “Расулуллоҳнинг (с.а.в.) саҳобаси бўла туриб шундай қиласизми?” деди. Мен: “Расулуллоҳнинг (с.а.в.) шундай деганларини эшитганман: «Агар Аллоҳ бирор кишининг қалбига аёл никоҳини солса, унга қарашда ҳеч бир ёмонлик йўқ” (Бу ҳадисни Ибн Ҳиббон ҳам “Саҳиҳ”ларида келтирганлар).
Муғийра ибн Шўъба айтдилар: «Набийга (с.а.в.) уйланаётганимни айтдим. У киши: “Бориб унга қара”, дедилар. Ота­онасига қизини менга беришларини сўраб, Пайғамбар (с.а.в.)нинг сўзларини айтдим. Бу нарса, уларга ёқмагандек бўлди. Аёл ўзининг хонасидан менинг сўзларимни эшитиб: “Агар сизга Расулуллоҳ (с.а.в.) қарашни буюрган бўлсалар қаранг, агар ундай бўлмаса, сизга Аллоҳни эслатаман. (Сиздан Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайманки, менга қараманг), деди». Чунки ота­онасининг Расулуллоҳ (с.а.в.) амрларини рад қилишини катта гуноҳ деб билган”. Мен унга қарадим ва (кейин) уйландим». Аёлнинг ҳам рози бўлганини айтадилар (Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.) Расулнинг (с.а.в.) амрларини эшитганлари учун аёл ҳам кўришга рози бўлди. Чунки у ақлли, тўғри ва ҳидоят йўлидаги иффатли қиз эди. Ота­онасининг Расулуллоҳ (с.а.в.) амрларини қайтаришларидан қўрқди. Ва айтди: У зотнинг амрларини рад қиласизларми? Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг изнларисиз Жобир (р.а.)нинг ўзига қарашларидан ҳам қўрқди. Рухсат берилганига ишонч ҳосил қилгач у кишига кўринишга рухсат берди.
Бу нарса элчилар саййидининг улуғ насиҳат ва иршодларики, турмуш қурадиган йигит-қизни бир-бирига назар солишга буюради. Токи уларнинг орасида меҳр-муҳаббат давомий бўлиб, бир­бирини никоҳ кунидан аввал аниқ кўриб билсин ва никоҳ саҳиҳ асосларга қурилсин. Никоҳ куни ёқтирмайдиган ҳолатларга тўсатдан учраб қолмасин. Расул (с.а.в.) қизларнинг биздан кўра номусларни ҳимоя қилувчи бўлганлар. Агар куёв аёлга қарашда унинг иффатига нуқсон етказадиган ёки ҳурматини поймол қиладиган жиҳат бўлганида, унга изн бермас эдилар. Биз эса никоҳ ва бисот ваъдалашувидан олдин қизига қарашни манъ қиладиган мутаассиб кишиларга айландик. Қизининг куёв билан ростгўй ёки ёлғончи эканини суриштирмай дўстлашиб юришига ва уларнинг орасида никоҳ аҳдидан олдин гуноҳ қилишга изн берадиганлар орасида қолиб кетдик. Бу эътиборсизлик ва лоқайдлик туфайли ношаръий ишлар, бало-офатлар келиб чиқади.
Аллоҳнинг ўзи бизни бундай кулфатлардан асрасин!

Шайх Муҳаммад Али Собуний

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг номи билан ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ никоҳ ришталари орқали ҳаётларини бирбирига боғлаган эрхотин ўзаро ҳурматэҳтиром давоми...

12091 09:00 / 16.09.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ рашк қиладир. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки мўминнинг давоми...

8554 05:00 / 14.02.2017
Cаодат излаб Инсон зоти борки, бахтли бўлишни истайди. Ҳамма тарафдан яхшилик билан ўралган, ёмонликлардан қўрилган бўлишни истайди. Инсон борки, оиласи гўзал, давоми...

3008 05:00 / 15.02.2017
.Никоҳ, луғатда .қўшиш,, .жамлаш,, .яқинлик, деган маъноларни англатади. Шариатда эса никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли ҳузурланишни қасд этиш, яъни эркак кишининг давоми...

5054 17:37 / 15.07.2017
Аудиолар

135329 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55579 14:35 / 11.08.2021