1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нақадар саодатли умматмиз!

17:02 / 10.11.2018 2271 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Йўл кўпчиликка хизмат қиладиган тармоқлардан биридир. Ундан барча баробар фойдаланади. Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шунинг учун ҳам йўл алоҳида эътиборга сазовор тармоқ ҳисобланади. Демак, бу тармоққа оид қоида ва одобларни ўрганиб, уларга амал қилиш юксак маданият, катта одоб ҳисобланади. Фиқҳ, ҳадис ва одоб китобларимизда йўл ҳаққи ва одоблари ҳақида жуда гўзал маълумотлар тақдим этилгани бизларнинг нақадар саодатли уммат эканимиздандир. Қуйидаги сатрларда Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда мазкур одоблардан баъзиларини эътиборингизга тақдим этамиз:

Йўлга яхши ният билан, керакли дуоларни ўқиб чиқиш

Яхши ният – ярим мол. Мусулмон киши доимо яхши ниятли бўлади. Бинобарин, йўлга чиққанда ҳам яхши ният билан чиқади. Ривоятларда келган йўлга чиқиш олдидан ўқиладиган дуоларда ҳам айнан яхши ният ифода қилинган.

Йўлнинг ўнг тарафида юриб, ўнг тарафида тўхташ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча нарсаларни ўнг тарафдан бошлашлари кўп ривоятларда келган. Уламоларимиз: «Йўлнинг ўнг тарафидан юриш мустаҳабдир», деганлар.

Йўлда юришда тавозели бўлиш 

Йўл одамлар бир-бирлари билан учрашадиган ва улар кўп қатнайдиган жойдир. Бундай жойларда шайтон одам боласини васвасага солиши ҳам мумкин. У лаънати баъзи одамларнинг кўнглига: «Шунча одамнинг ичида энг афзали сенсан, шакли-шамойилинг, қадди-қоматинг, мансабинг, бойлигинг ҳамманикидан устун», дея иғво қилиши турган гап. Шайтоннинг бу каби иғвосига учган айрим кишилар кибру ҳавога берилиб, тавозени унутишлари мумкин. Шунинг учун йўлда юрган одам қуйидаги оятни эслаши ва унга амал қилган ҳолда Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаларидан бўлишга ҳаракат қилиши лозим.

Йўлда юриб бораётган мусулмон инсон ўзидан бошқалар ҳам йўлга у каби ҳақли эканларини унутмайди. Уларга йўлда ноқулайлик туғдирмасликка, уларга нисбатан ҳурмат билан қараб, одоб билан муомала қилишга ҳаракат қилади. Йўлда кибру ҳавога берилиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш, даб-даба ва асъаса билан юриш динимизда қаттиқ қораланади.

Йўлда кетаётган мусулмон киши Аллоҳ таолонинг зикрини мунтазам қилиб бориши йўл одобларидандир.

Мусулмон инсон йўлда эканида номаҳрамларга кўз тикмаслиги, ношаръий нарсаларга назар солмаслиги керак.

Агар беихтиёр мазкур нарсаларга кўзи тушиб қолса ҳам, дарҳол бошқа тарафга қараши ва ўзини кўрмаганга олиши зарур.

Мусулмон одам ҳамма жойда, жумладан, йўлда ҳам ҳеч кимга озор бермаслиги матлуб.

Албатта, бундан фақат бировни ушлаб олиб уриш ёки сўкишгина англашилмайди. Балки йўловчиларга озор берадиган барча нарсалар ирода қилинади.

Мисол учун, қуйидагиларни келтиришимиз мумкин:

Йўлга уни ифлос қилувчи чиқиндилар, пўчоқлар, папирос қолдиқлари, турли қоғозлар ва шуларга ўхшаш нарсаларни ташламаслик.

Бир сўз билан айтганда, йўлни ифлос қилмаслик. Зотан, бизнинг динимиз таълимотида поклик иймондан экани қатъий таъкидланган.

Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққосдан, у эса отасидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни севади, покизадир – покизаликни севади, карамлидир – карамлиликни севади, ўта сахийдир – ўта сахийликни севади».

Термизий, Баззор ва Абу Яъло ривоят қилганлар.

Йўл – кўпчилик фойдаланадиган тармоқ экани олдин ҳам айтиб ўтилди. Унда кишиларга озор берадиган, кўнгилларини ғаш қиладиган нарсалар бўлмаслиги керак. Агар бирор киши йўлга қазои ҳожат қилиб қўйса, ўтган-кетган одам унга лаънат айтади. Одамлар ўтириб, дам оладиган, салқинлаб, нафасини ростлайдиган жойлар ҳам худди шундай! Бундай жойлар ҳам доимо озода сақланиши лозим.

Ислом таълимоти бўйича озор берувчи нарсалар йўлда пайдо бўлганида, уларни олиб ташлаш талаб қилинади. Динимизда бундай ишларга кенг тарғиб қилинади ва кишиларга озор берувчи нарсаларни йўлдан олиб ташлаш иймон шўъбаларидан бири, деб баҳоланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир одам йўлда юриб кетаётиб, тиканли шохни кўриб қолибди ва уни йўлдан олиб ташлабди. Бас, Аллоҳ унга шукр айтибди ва уни мағфират қилибди», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Битта тиканли шохни йўлдан олиб ташлашнинг мукофоти қанчалар улуғ эканини кўрдингизми? Агар йўлнинг озодалиги учун, йўловчиларга озор берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлаш учун шох олиб ташлашдан ҳам каттароқ ишлар қилинса, мукофотлар ҳам катталашиб бораверади. Ҳозирги кунда майда-чуйда нарсаларни йўлдан олиб, махсус ахлат идишларига солиб қўйиш билан бирга, йўлдаги ноқулайликлар ҳақида йўл хизмати ишчилари ёки муассасаларига хабар бериб қўйиш ҳам шундай савобли ишлардан ҳисобланади.


«Ижтимоий одоблар китобидан»

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сулайм Розий ё нусха кўчирар, ё дарс берар, ё ўқир, ё тиловат қиларди, унинг бўш вақти бўлмаган. Ҳофиз ибн Асокирнинг .Табйину кизбил муфтарий, ва Тожуддин давоми...

1358 14:40 / 08.03.2020
Ибн Ваҳб Моликдан зикр қилади .Абу Бакрнинг қизи Асмо эри Зубайр ибн Аввомга қарши чиқиб, гап талашиб қолишди. Эри унга ҳам, кундошларига ҳам ғазаб қилди ва урди. давоми...

12590 10:50 / 26.01.2019
Аҳмад ибн Абу Ҳаворийдан ривоят қилинади .Абу Сулаймон Доронийга .Бугун эрталаб тура олмадим. Бомдод намозининг икки ракъатини ҳам ўқий олмадим. Намозни ҳам давоми...

2536 08:07 / 14.05.2020
Агар фикр юритиб, ибрат назари билан кузатадиган бўлсак, инсон умрининг ўтиши, кеча ва кундузларнинг кетмакет алмашиши жуда ҳам тезлик билан ҳаракатланади.Аллоҳ давоми...

3677 15:04 / 22.04.2017