1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Эй иймон келтирганлар! Рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг!

17:23 / 15.07.2019 2401 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Савдода ҳаром қилинган нарсалардан яна бири рибонинг барча турлари ва кўринишларидир.

«Рибо» луғатда «зиёда» маъносини англатади. Шариатда эса молни молга алмаштиришда эвазсиз ортиқча мол олишга айтилади.

Рибо, яъни судхўрлик бечораларнинг ночорлигидан фойдаланиб, уларнинг меҳнати эвазига бойлик орттиришдан иборатдир. Бир инсон ночор бўлиб, иш юритишга, оила тебратиб, бола-чақа боқишга сармояси қолмай, пулдор кишининг олдига ҳожатини айтиб борса, унга садақа ёки яхши қарз беришнинг ўрнига судхўрлик юзасидан муомала қилади. Яъни «Мен сенга маълум муддатга, маълум миқдор пул бераман. Сен бу пулни бунча фоизга кўпайтириб берасан», дейди. Агар тайинланган муддатдан кеч қолса, яна устига фоиз қўшилади ва ҳоказо.

Ислом жоҳилиятдаги номаъқул ишлардан ҳеч бирига қарши рибога қарши ўт очгандек ўт очмаган. ­Қуръони каримда бу ҳақда бир қанча оятлар келган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг» (278-оят).

Ушбу оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло рибодек нохуш, ҳаром нарсани йўқ қилишда, бошқа ҳолатларга ўхшаб, аввало, мусулмонларнинг руҳий-маънавий тарбиясига алоҳида эътибор берган.

Яна мусулмонлар учун маҳбуб бўлган

«Эй иймон келтирганлар!» деган хитоб ишлатилмоқда. Кетидан:

«Агар мўмин бўлсангиз», – деб яна иймонни орага солмоқда ва ниҳоят

«Аллоҳга тақво қилинг», – деб тақводор бўлишга чақирмоқда. Охири келиб, рибонинг сарқитини ҳам тарк қилишга амр этмоқда.

Исломда ҳукм юритишнинг энг таъсирчан йўли ташқи кучларни ишга солиш эмас, балки ҳар бир одамнинг қалбини ўзига кузатувчи қилиб қўйишдир. Исломда кишиларнинг қалбларидаги тақводорлик ҳис-туйғусини кучайтиришга ҳаракат қилинади. Ҳар бир кишининг виждони ўзига қоровул бўлади.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни рибонинг ўзи у ёқда турсин, сарқитидан, қолдиғидан ҳам қайтармоқда. Бу маънони алоҳида таъкидлаш учун кейинги оятда гапнинг пўскалласини очиқ-ойдин айтиб қўймоқда.

«Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга. Зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас» (279-оят).

Яъни «Агар иқтисодий муомалаларингизда ўртадан рибони кўтариб, унинг сарқитларини тарк этмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари сизга қарши қаттиқ уруш очади. Агар тавба қилиб, рибохўрликдан қайтсангиз, сармоянгизни оласиз. Шунда сиз судхўрлик билан бировга зулм қилмаган бўласиз ва сизга ҳам зулм қилинмаган бўлади.

Ибн Ҳиббон ва бошқа ҳадис олимлари Зайд ибн Асламдан ривоят қилишларича, жоҳилият даврида Бану Сақиф ва Бану Муғийра қабилалари ўртасида рибо асосида муомала бўлган экан. Исломга кирганларидан сўнг Бану Сақиф қабиласи Бану Муғийрадан рибо олмасликларини илтимос қилибди. Бану Муғийра ўзаро маслаҳатлашиб, «Исломда бўлганимиздаги муомалалардан рибо олмаймиз, ундан аввалгисидан оламиз», – дейишибди. Ўша пайтда Маккаи Мукаррамада бошлиқ бўлиб турган Итбан ибн Усайд розияллоҳу анҳу бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломга хат ёзганларида:

«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг. Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг...» оятлари нозил бўлди.

Пайғамбар алайҳиссолату вассалом бу ҳақда Итбан ибн Усайд розияллоҳу анҳуга хабар бердилар ва у кишини агар Бану Муғийра рибохўрликни тарк қилмасалар, уларга қарши уруш қилишга буюрдилар. Хабар етганда, Бану Муғийра: «Тавба қиламиз, рибонинг сарқитини ҳам ташлаймиз», дедилар.

Демак, Исломда рибо асосида молиявий алоқа олиб бориш мутлақо ҳаром қилинган. Ночор ҳолга тушиб, турмуш ўтказиш ёки иш юритиш учун сармояга муҳтож бўлиб қолган шахс билан хайри-эҳсон ёки яхши қарз бериш ила молиявий алоқа олиб бориш лозим.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг едирувчисини, котибини ҳамда икки шоҳидини лаънатладилар ва: «Улар (гуноҳда) баробардирлар», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.


“Бозор ва унга боғлиқ масалалар” китобидан


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло....иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар,, давоми...

1835 20:00 / 30.07.2019
.Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди, Марям, 41оят.Ҳозирги кунда миллиардлаб одамлар ҳаж ибодатини адо этишлари учун зиёрат қилаётган давоми...

6242 14:00 / 09.03.2019
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир одам келиб, .Менга фойдали нарсаларни жамлаган сўзларни ўргатинг,, деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу давоми...

1582 07:00 / 19.06.2019
Абдурраҳмон Испанияга етиб келганида, Шимолий Африкадан келган араблар Иберия ярим оролига кириб келган ва Ислом тарихида энг шарафли битиклардан бирини ёза давоми...

3057 11:11 / 07.01.2020