1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳаё– тақво белгиси

09:02 / 09.11.2018 3191 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари ва ҳадисларида ҳам ҳаё ҳақида маълумотлар кўп.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ», дейиш ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё иймоннинг шўъбасидир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда энг олий ва энг қуйи шўъбалардан кейин ҳаёни алоҳида таъкидлаб, «Ҳаё иймоннинг шўъбасидир», дейилиши бежиз бўлмаса керак.  Чунки ҳаё иймоннинг энг ажойиб кўринишларидан биридир. Ҳаё инсонни доимо яхшилик қилишга, ёмонликдан четланишга чорловчи ажойиб сифатдир.

Абу Воқид Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, тўхташди. Улардан бири халқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса ортга бурилиб, чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин:

«Сизларга ҳалиги уч кишининг хабарини берайми? Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради, Аллоҳ унга бошпана берди. Бошқаси эса ҳаё қилди, бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирди, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

«Бошқаси эса ҳаё қилди, бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди».

Бу – халқанинг орқасига бориб ўтирган одам. У ўзини одамлар орасига уришдан ҳаё қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам уни савобсиз қолдиришдан ҳаё қилди. Унга қилганига яраша муомала қилди.

Бундан ҳаёли одамнинг қилган ҳаёси доимий равишда унга фойда келтириши, унинг барча ҳолидан ўта хабардор бўлган Аллоҳ таоло унинг ҳаёсини ҳисобга олиш билан бирга, бу дунёнинг ўзи мукофотлаб ҳам туриши англанади.

Баҳз ибн Ҳаким отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?» дедим. 

«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил», дедилар. 

«Эй Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?» дедим. 

«Агар уни ҳеч кимга кўрсатмасликка қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин», дедилар. 

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўзимиз холи бўлганимизда-чи?» дедим. 

«Ҳаё қилишга одамлардан кўра Аллоҳ ҳақлироқдир», дедилар». 

«Сунан» эгалари ривоят қилишган. Бухорий баъзисини ривоят қилган.

Яъни авратни тўсиш масаласида одамлардан кўра кўпроқ Аллоҳ таолодан ҳаё қилмоқ зарур.

Шунга биноан, холи одам ўзини тўсмай ғусл қилганидан кўра, авратини тўсиб ғусл қилгани афзал, дейилган.

Албатта, мўмин-мусулмон инсон учун Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш фақат авратининг очилиши билан боғлиқ эмас. Ҳар бир мўмин-мусулмон инсон доимий равишда Аллоҳ таоло уни кўриб, билиб, ҳисоб-китобини қилиб турганини ҳис қилиб туради. Ана шу ҳис-туйғу билан яшайдиган ҳар бир банда доимий равишда Аллоҳ таолодан ҳаё қилиб яшайди.

Бандалар Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш қай тарзда бўлишини тўғри англашлари учун Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадиси шариф ворид бўлган.

Саъид ибн Зайд Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менга тавсия қилинг», деди.

«Сенга ўз қавмингнинг аҳли солиҳларидан бир кишидан қандай ҳаё қилсанг, Аллоҳ азза ва жалладан ҳам шундай ҳаё қилишингни тавсия қиламан», дедилар».

Табароний ривоят қилган.

Одатда ҳар қандай одам ҳам, агар одамлигини йўқотмаган бўлса, солиҳ – ибодатли, тақволи ва динига амал қиладиган шахсни ҳурмат қилади. Уни кўрганда беҳуда гап-сўз айтишдан, шармсиз ҳаракатлардан ҳаё қилади. Исломи гўзал бўлган банда доимо Аллоҳ таолони кўриб тургандек, бунга қодир бўлмаса, Аллоҳ таоло уни кўриб тургандек яшайди. Шунинг учун у доимо Аллоҳ таолодан ҳаё қилади, У Зотнинг амрини тутиб яшайди.


“Зуҳд ва ҳаё” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ётирқоний айтади .Абу Абдуллоҳ ибн Манда вафот этган кечаси ёнида эдим. Жон беришидан олдин ўша ерда ўтирган бир киши унга .Лаа илааҳа иллаллоҳ,ни талқин қилиб давоми...

2991 08:00 / 27.05.2020
Уқбат ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жуҳфа ва Абваъ орасида юриб борар эдим. Бизни ёмғир ва шиддатли давоми...

4149 16:30 / 18.11.2019
Тўпланган молмулкнинг ҳисобкитоби ўта қаттиқ, шиддатли бўлади. Аллоҳ таоло молдунёга эга қилган инсонлар ҳаром йўллар билан қўлга киритилган мулк ва бойликнинг давоми...

3398 21:03 / 06.10.2018
Ҳазрати Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар1. Инсон, менинг қалбимда Аллоҳ таъолодан жудаям катта хавф қўрқув бор десаю, лекин гуноҳлардан давоми...

3597 10:00 / 28.06.2019
Аудиолар

230183 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148761 14:35 / 11.08.2021