1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Хатар: Интернет тармоқми ёки қармоқ?

11:40 / 18.10.2019 1982 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жамиятимиз ҳаёти, инсонлар ўртасида ўзаро ахборот алмашиш, маълумот олишда интернет тармоғининг аҳамияти кундан кунга ортиб бормоқда.

Инсон саломатлиги у озиқланаётган сув ва неъматлар софлигига боғлиқ бўлганидек, шахс дунёқаришининг соғломлиги ва илм савияси ўзлаштираётган маълумот ва билимларининг манбаларига боғлиқдир. Шу нуқтаи назардан, давримизда интернет тармоғидан фойдаланиш одоби ижтимоий одобларнинг энг аҳамиятлиларидан бири ҳисобланади.

Аслида, интернет, айниқса ижтимоий тармоқларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад илм олиш имкониятларини осонлаштириш, одамларнинг узоғини яқин қилиш, ўзаро муносабатларда қулайлик яратиш эди. Бироқ бугунги кунга келиб, уларнинг вазифалари тобора кенгайиб, мақсадлари ҳам турланиб бормоқда.

Қайд этиш жоизки, ҳозирда ижтимоий тармоқлар илм-маърифат ва зиё тарқатишнинг муҳим воситаларидан бирига айланди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги масжид, мадраса, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда имом-хатибларимиз веб-саҳифалари орқали халқимизга ва бутун дунёдаги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотларни етказиш имконига эга бўлишмоқда.

Бироқ, ҳар нарсанинг яхши ва ёмон тарафи бўлганидек, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларнинг ҳам жиддий хатарлари юзага чиқмоқда. Жумладан, айни даврда айрим бузғунчи оқимларнинг интернетдан ўз ғарази йўлида кенг фойдаланаётгани, ёшларни ўз домига тортаётгани, айрим сайтларда беҳаёлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчлик иллатлар тарғиб этилаётгани, баъзи ижтимоий тармоқларда турли фитналар, жамиятни беқарорлаштирувчи ёлғон маълумотлар берилаётганини кузатишимиз мумкин.

Шунинг учун ҳам халқимиз, хусусан ёшларни ана шундай хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг энг долзарб вазифасига айланиб бормоқда. Қуйида ижтимоий тармоқларнинг ана шундай хатарларидан энг асосийларини санаб ўтамиз:

Ёлғон ва асоссиз хабарларнинг тарқалиши

Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири – ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни урчитиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

“Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят).

Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйидаги ҳадис ҳам яққол далил ҳисобланади. Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

“Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир”, – деганлар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Масалан, айрим кимсалар томонидан “Фарғона водийсида айрим ноиб имомлар аёлларнинг рўмолини ечтириш билан машғул бўлаётган экан”, – дея шов-шувли хабар тарқатишди. Аслида бу – водийлик имом-хатибларимизга нисбатан уюштирилган бўҳтондан бошқа нарса эмас эди. Бирорта имомдан бу каби ҳодиса содир бўлгани йўқ! Дин хизматида турган кишилар ортидан туҳмат қилиш – гуноҳ устига гуноҳдир!

Кишиларнинг шаънига тажовуз қилишнинг авж олганлиги 

Энг ачинарлиси – кўпинча тарқатилган ёлғон маълумотлар оқибатида инсоннинг обрў ва шаъни топталмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган катта гуноҳларга йўл очилмоқда.

Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – ҳудди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир. Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:

“Жаброил (алайҳиссалом) мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдашар эди. Мен: “Эй Жаброил, булар кимлар?” – деб сўрадим. Шунда: “Улар одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўларини тўккан кимсалардир”,– деб жавоб берди” (Имом Абу довуд ривояти).

Ушбу ҳадисдан динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли эканлиги, уни поймол қилишнинг оқибати аянчли экани маълум бўлмоқда.

“Фитналар уюштириш макони” экани

Сўнгги йилларда интернет сиёсий курашлар майдони, турли хил манфаатларнинг кучли қуролига ҳам айланиб бормоқда. Ҳар қандай тўсиқ, чеклов ва тақиқларни айланиб ўтишга мослаштирилган ижтимоий тармоқлар бугунги кунда чинакамига жиловлаб бўлмас кучга айланди.

Террорчи тўдалар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда одамларни, айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштириш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, жамиятда нифоқ чиқариш ҳамда энг ачинарлиси уруш оловини ёқишга уринишмоқда ва бунга маълум маънода эришишмоқдалар ҳам. Бунга яқин тарихимизда “Араб баҳори” деб ном олган араб давлатларидаги инқилоб ва зиддиятлар яққол мисол бўлади.

Аслида турли фитналар уюштириш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш – динимизда энг катта жиноятлардан бири экани таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

“Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...” (Бақара сураси 217-оят)

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва фитначилардан доимо эҳтиёт бўлишимизга чорлаб ўзининг Каломида бундай амр этади:

“Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (Анфол сураси 25-оят).

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У Зот айтадилар:

“Албатта, шайтон бир киши қиёфасига кириб, халққа ёлғон ҳадис айтганда, улар фирқаларга бўлинадилар. Улардан бири: “Мен юзини танийману, аммо исмини билмаганим кишидан ҳадис эшитдим”, дейди” (Имом Муслим ривояти).

Нотўғри фатво ва қарашларнинг тарқалгани

Турли оқимлар ўзларининг манфур қарашларини ёшлар онгига сингдириш учун ижтимоий тармоқлардан кенг кўламда фойдаланмоқдалар. Бу ҳам ёшлар, умуман, диндан, диний маърифатдан яхши хабардор бўлмаган кишиларни соф ақидадан оғиб кетишига, фиқҳий мазҳаблар борасида нотўғри фикр ва тушунчалар шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Аввало шуни айтиш керакки, ислом уламолари ёш авлодга илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берганлар. Илмни ўрганиш – динни ўрганишдир! Илмсиз одам ҳеч қачон диннинг мақсадини англолмайди.

Қолаверса, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди. Чунки, фатво бу – дин демакдир. Шариатимизга кўра эса уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи:

“Бу илм – диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар", – деганлар (Имом Муслим ривояти).

Имом Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илмни ишончли зотлардан олиш лозим, чунки диннинг устуни илм биландир. Киши ўзининг жонини ишонадиган кишигагина динини ҳам ишониб топшириши лозим”, – деганлар.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, фатво бериш – улкан масъулият экани ва у билан фақатгина етук илм ва малакага эга бўлган уламоларгина шуғулланиши лозимлиги салафи солиҳлар давридан уқтириб келинган. Шуни инобатга олиб, юртимизда шаръий саволларга фатво бериш фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан амалга оширилиши лозим.

Фаҳш ва беҳаёликнинг тарқалиши

Ёвуз ниятли кимсалар ғаразли мақсадлари йўлида ва халқнинг ўзлигини емириш учун турли усуллардан фойдаланади. Улардан бири – жамиятда ахлоқий бузуқликни ёйишдир. Бу йўлда ғаламислар ижтимоий тармоқ орқали ахлоқсизликни, фаҳшни кенг тарқатишга бор имкониятларини сарфламоқдалар. Беҳаёликка йўғрилган тасвирлар, видео-роликлар тарқатиш орқали ер юзида фасод тарқашига “хизмат” қилмоқдалар.

Бу каби иллатлар жамиятимизда ўзининг салбий таъсирларини кўрсатмай қолмайди. Бу иллат катта ёшдагиларнинг ҳам, ўрта ёшдагиларнинг ҳам ахлоқий бузилишига олиб келмоқда. Ижтимоий тармоқларда бир-бирига номаҳрам бўлган шахсларнинг ўзаро ножўя суҳбатлари оилалар ўртасидаги ажримларга ҳам сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур сураси 30-оят).

Салмон Форсий разияллоҳу анҳу: “Ўлиб-қайта тирилишим сўнг яна ўлиб, яна қайта тирилишим, сўнг яна ўлиб, яна қайта тирилишим – бир мусулмон кишининг авратига қарашимдан ёки у менинг авратимга қарашидан кўра яхшироқдир”, – деганлар (Имом Аҳмад "Зуҳд" китобида ривоят қилган).

Аҳли илм, имом, уламо кишилар ҳақида бўҳтон уюштирувчи, уларни обрўсизлантиришга уринувчи гуруҳларнинг кўплиги

Уламолар, имом-домлаларни яқиндан танимаган, улар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмаган кишилар мазкур бўҳтончи гуруҳларнинг таъсирига тушиб, сўзларига ишониб, улкан гуноҳ бўлган – ғийбат балосига мубтало бўлмоқдалар. Ҳазрати Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо:

Аллоҳ таъоло ўлакса гўштини ҳаром қилганидек, бирор нарсасида (айблаб) мўъминни ғийбат қилишни ҳам ҳаром қилди”, – деганлар (Имом Байҳақий “Шуабул имон”да ривоят қилган).

Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири – ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат-буҳтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир. Уларнинг бундан ўйлаган мақсадлари – мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқаришдир.

Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бировни шармисор қилса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни шарманда қилади, кимки ўзгаларни қийнаса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни қийнайди”, – деб айтдилар (Имом Бухорий ривояти).

Қалбидан дин ташвиши, уммат ғами ўчиб, иши – фақатгина уламоларнинг айбларини қидириш, уларни ғийбат қилиш бўлган кимсаларнинг ушбу найрангларига нисбатан хушёр бўлмасак, оқибати жуда ҳам хатарли бўлиши мумкин. Бундай улкан йўқотишга дунё тан олган уламолардан марҳум аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг шаҳид бўлишлари мисолида гувоҳ бўлинди.

Кишиларнинг, хусусан ёшларнинг руҳиятига, ахлоқига салбий таъсири

Ижтимоий тармоқ орқали фикр билдириш ва бунинг ортидан мақтов (“лайк”)ларни қўлга киритишга уриниш бугунги ёшларини тобора ўз домига тортмоқда. Бунинг салбий томони шундаки, фойдаланувчи бундай мақтов (“лайк”)ларни яна ва яна олишни истайди ва роҳатланади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчини мана шу боғланганлик ва роҳатланиш ҳислари бирлаштириб туради.

Бунинг оқибатида улар виртуал дунёга буткул шўнғиб кетадилар ва ташқи дунёдан узиладилар. Ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган ёшлар бошқалар билан жонли мулоқотда қийналади, одамови бўлиб қолади, дўстлашишда адашади, бировга ҳамдардлик билдириш ҳақида умуман бош қотириб ўтирмайди. Фақат ижтимоий тармоқда топган “дўст”ларининг фикри билан иш кўрадиган бўлиб қолади.

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
Баккор ибн Муҳаммад ва Ибн Қаънаб шундай дейишди .Ибн Авн ғазабланмас эди. Агар кимдир унинг ғазабини чиқарса, .Аллоҳ сенга баракот берсин,, дер эди,.Аллоҳ учун давоми...

1943 08:00 / 29.01.2021
Ривоят қилишларича, бир куни Умар розияллоҳу анҳу елкаларида меш кўтариб чиқибдилар. Халифа бўлишларига қарамай, меш кўтариб олган ҳазрати Умарни кўрган кишилар давоми...

1723 13:26 / 17.06.2019
Муҳаммад ибн Каъб айтади .Умар ибн Абдулазиз амир бўлгач, менга одам юборди. Мадинада эдим, унинг олдига бордим. Ҳузурига кирганимда уни таниёлмай, таажжуб билан давоми...

1783 07:10 / 29.05.2019
Қуръонда пайғамбарлар дуолари давоми Қуръонда Юнус алайҳиссалом ҳақида шундай дейилган.Албатта, Юнус ҳам юборилган Пайғамбарлардандир. Ўшанда у тўлган кемага давоми...

3329 12:40 / 18.04.2019