1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Аёлларга эрининг ака-укалари қай даражада номаҳрам?

05:00 / 15.02.2017 9159 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2012 йил юртимизда “Мустаҳкам оила йили”, деб эълон қилинди. 

Оиланинг мустаҳкамлиги жамиятни кучли ва мустаҳкам бўлишига энг асосий сабабдир. Чунки катта жамият биносини тутиб турувчи кичик ғиштлар оилалар ҳисобланади. Қачон оила мустаҳкам бўлса, шундагина жамият ҳам мустаҳкам, кучли ва бақувват бўлади.
Ислом шариати бундай долзарб масала бўлган мустаҳкам оила қуриш ва салоҳиятли жамият барпо қилишнинг кафолатини берган ягона диндир. Бу шариат инсониятнинг барча мушкилларини, барча замонларда ва барча маконларда уларнинг хилма хиллигига қарамай еча оладиган ягона диндир. Бу шариат ўзига хос хусусиятларга эгадир. Чунки бу шариат раббоний, илоҳий шариатдир!. Бу шариатнинг қонунлари, ҳукмлари, асослари қосирлик, ожизлик, маданият, ҳолат, замон ва макон, меҳр-шафқат, ҳавои-нафс, кайфият ва тараққиётга қараб таъсирланишга ва ўзгаришга маҳкум бўлган инсон тарафидан эмас, балки бутун коинотни яратган, шу жумладан инсонни ҳам яратган, унинг Роббиси бўлган, унга нима фойда-ю, нима унинг даражасини кўтариши, унга нима рухсату, нима уни ислоҳ қилиши, унга нима зарару, нима унинг даражасини тушириши, нима унинг оиласини мустаҳкам қилади-ю, нималарга риоя қилмаса оиласи турли келишмовчиликларга дучор бўлиши ва нималарга эътибор берса салоҳиятли, мустаҳкам жамият барпо қилишини ўта яхши билган Роббилари тарафидан асос солингандир.
Исломда оилани мустаҳкам сақлаш фақат оила қурган эру-хотинларнинг ўзигагина боғлиқ бўлиб қолмай, балки уларнинг ота-оналари, ака-укалари, қариндош уруғлари, қўни-қўшни ва маҳалла-кўйига ҳам катта боғлиқдир, деб қаралади. Оиланинг мустаҳкам бўлишида эътибор қилинадиган нарсаларнинг энг аҳамиятли ва зарурларидан бири маҳрамлик ва номаҳрамлик масаласи бўлиб, динимиз бунга катта эътибор қаратган. Биз қуйида аёл кишига нисбатан эрининг эркак қариндошлари қай даражада номаҳрам эканлиги ҳақида сўз юритамиз.
Имом Бухорий ва Имом Муслим р.а. Уқба ибн Омир р.а.дан тахриж қилган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Сизлар аёлларнинг олдига киришдан сақланинглар”. Шунда ансорлардан бири: “Эрнинг яқинларичи”, деди. (Пайғамбар с.а.в.): “ Ҳамву” (яъни, эрининг яқинлари) ўлимдир”, дедилар.”
Имом Нававий р.а. ўзларининг “Саҳиҳу Муслим”га ёзган шарҳларида 2172 рақамдаги мазкур ҳадисни шарҳлаб қуйидаги маълумотларни келтирадилар:
Луғат аҳли ҳадисдаги “ҳамву” лафзини аёлга нисбатан эрининг отаси, амакиси, ака-укаси, ака-укасининг ўғиллари, амакисининг ўғиллари ва шу кабилар эканига иттифоқ қилишган.
Ҳадисдаги “ Ҳамву” (яъни, эрнинг яқинлари) ўлимдир” сўзининг маъноси: Бегоналарга хилоф ўлароқ уларнинг аёлга ва аёл билан ёлғиз қолишга қаршиликсиз етишиш имкони бўлгани учун хавф ва фитна бошқасига қараганда буларда кўпроқ бўлиб, ёмонликнинг эҳтимоли бордир. (Чунки улардан ҳеч ким ёмонликни кутмаган бўлади. Бу эса ёлғиз қолиш имконини ва гуноҳга гирифтор бўлиш шароитини туғдириб беради.) Бу ҳадисдаги “ҳамву” лафзидан мурод эрининг отаси ва ўғилларидан бошқа эркак қариндошларидир.
Аммо эрининг оталари ва ўғиллари аёлга маҳрам бўлиб, уларнинг хилвати яъни, ёлғиз қолиши жоиздир ва улар ҳадисдаги “ўлимдир” васфи билан сифатланмайдилар. Ҳадисдан мурод эрининг ака-укалари, амакилари, уларнинг ўғиллари ва шулар каби маҳрам бўлмаган кимсалардир. Бу борада кўпчилик инсонларнинг одати енгил бўлиб, улар ака-укаларининг аёли билан ёлғиз қолишаверади. Мана шу “ўлимдир”. Биз зикр қилганимиздек булар бегоналардан кўра тўсилишга ҳақлироқдир. Мана шу биз зикр қилган нарса ҳадиснинг тўғри маъносидир. (Саҳиҳу Муслим би шарҳин Нававий 14-жуз 129 саҳифа)
Ҳадисдаги “ўлимдир” дейилишининг маъноси: Бу бепарволик катта фитнага олиб боради ва бу фитнанинг оқибатида қариндош-уруғлар ўртасида ўзаро адоватлар пайдо бўлади. Бундай адоватлар сабабидан ўзаро уруш-жанжаллар келиб чиқади. Уруш-жанжаллар эса ҳатто ўлимга ҳам сабаб бўлади.
Бадриддин ал Айний ўзларининг Саҳиҳул Бухорийга ёзган “Умдатул Қорий” номли шарҳларида қуйидагича айтади:
Бундан мурод агар аёлни турмушда эмас деб фараз қилинса, унга уйланиши шаръан мумкин бўлган эрининг ака-укалари ва уларнинг ўғиллари, амаклари, ва уларнинг ўғиллари ва опа-сингилларининг ўғиллари кабилардир. Одат бунда енгил жорий бўлгач, ака-ука ўзининг ака-укаларининг аёллари билан ёлғиз қолаверди ва Набий с.а.в. буни ўлимга ўхшатди.
Қозий Иёз айтади: Эрининг яқинлари билан ёлғиз қолиш динда ҳалокатга олиб борувчидир.
Бунинг маъноси: “Бундан ўлимдан сақлангандек сақланинглар”, дейилганидир. (Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳил Бухорий 20-жилд 303 саҳифа 5232-ҳадис)
Эмикдош опа ёки сингил ва ёш қайнонадан бошқа маҳрамлар билан ёлғиз қолиш мубоҳдир. (Улар билан эса ёлғиз қолиб бўлмайди.) Чунки бу ўринда кўпинча фитнага воқеъ бўлишлик бор. (Ҳошияту ибн Обидийн, 9-жилд, 608-бет).
Жобир р.а.дан ривоят қилинади: Пайғамбар с.а.в. айтдилар: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, ёнида маҳрами бўлмаган аёл билан холи қолмасин. Чунки уларнинг учинчиси шайтондир” Имом Аҳмад р.а. ривояти.
Умар ибн Абдулазиз р.а. шундай деганлар: “Аёл билан холи қолмагин, агарчи унга Қуръони каримни ёдлатаётган бўлсанг ҳам”.
Демак биз ўзимиз учун оддий ҳол деб қараган, доим оилада бирга аралашиб юрган ака-уканинг хотинлари, амакининг хотинлари, қизлари, амманинг қизлари, тоғанинг қизлари, ҳолаларнинг қизлари, хотиннинг амма-холалари ва опа-сингиллари ва ҳакозолар бизга номаҳрамдир. Улар билан ёлғиз қолиш мутлақо мумкин эмас.
Ёки бугунги кунда оддий одатий ҳол бўлган, доим кўраверганидан эътибор қилинмайдиган опа-сингилларнинг эрлари, амакининг ўғиллари, амманинг ўғиллари, тоға-ю, ҳолаларнинг ўғиллари, эрининг ака-ука, амаки ва тоғалари, уларнинг ўғиллари аёл кишиларга номаҳрам саналиб улар билан ҳам холи қолишлик мутлақо шариатга тўғри келмайди.
Ислом шариати одамлардан қийинчилик ва машаққатни кўтаришлик учун аёлларга ўзларининг зийнатларининг маълум қисмини баъзи хос кишиларга кўрсатишга рухсат берган.
Агар аёл киши уйида ҳам худди номаҳрамлар олдида ўраниб юргани каби юришликка буюрилганида, жуда кўп машаққатларга дуч келган бўлар эди.
Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилади:
“Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё аёлларига ё ўз қўлларида мулк бўлганларга ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли). Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар”. Нур-31.
Лекин бу дегани маҳрамликда эрининг ўғли аёлга худди ўзининг ўғлидек ёки қайнота худди ўзининг отасидек маҳрам дегани эмас. Албатта бунда фарқ бўлиб, унга эътибор бериш керак. Имом Қуртубий р.а. ва ундан бошқа муҳаққиқ имомлар айтганидек: Агар ёши катта бир киши ёшроқ аёлга уйланган бўлиб, у кишининг ўша аёли билан тенг ёшда ўғли бор бўлса, бундай ҳолатларда уларнинг ёлғиз қолишида фитнадан қўрқилади.
Буни фуқаҳолар баён қилиб шундай деганлар: “Бундай ўринларда ҳалол бўлган нарсаларнинг барчаси фитнанинг хавфи бўлгани ва манъ қилинган ишга олиб бориши мумкинлиги сабабидан ҳаром бўлади ”. Шунингдек ҳаром бўлган нарсалар зарурат ўринларда мубоҳ қилинади. Масалан: Аёл кишини даволаш учун аёл духтирлар топилмаган пайтда унинг ҳаётини сақлаб қолиш сабабидан эркак дўхтирларга мурожаат қилиши ва кўриниши каби мисоллар.
Демак, ҳаром бўлган нарсалар зарурат ўринларда мубоҳ қилинганди, фитнанинг хавфи бўлган пайтда мубоҳ нарсалар ҳам манъ қилинади.
Шунингдек эркак кишининг қайнонаси гарчи унинг учун номаҳрам бўлмаса ҳам, маҳрамликда туққан онаси каби бўла олмайди. Ёки хотинининг қизи маҳрамликда ўзининг қизи каби маҳрам бўла олмайди. Шунинг учун фитна хавфи бўлган ўринларда эр киши ўзининг қайнонаси ёки хотинининг қизи билан холи қолиши жоиз эмас. Бу ўринларда агарчи ёмон хаёлга борилмаса ҳам, ёмонликка олиб борувчи эшик очилиши ва шайтон фурсатдан фойдаланиб фитнани ташлаши мумкин.
Бу ҳолатлардан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки агар қайнота келинини қасддан бўлсин ё хато қилиб, тўсиқ билан (баданнинг ҳароратини сезадиган даражада) бўлсин ёки тўсиқсиз шаҳват билан ушласа ўғлига келини ҳаром бўлиб қолади.
Шу ўринда баъзи оилаларда маданият саналиб, келинларнинг қайноталари билан қўл беришиб ёки юздан ўпиб кўришишлари уларнинг никоҳини бутунлай, қайта тиклаб бўлмайдиган даражада бузилиб кетишига сабаб бўлишидан огоҳлантириб қўйишимиз даркордир.
Абдуллоҳ ибн Умар р.а. айтдилар: Агар бир киши бир аёлга жимоъ қилса, ёки уни шаҳват билан ўпса ёхуд ушласа, ёки фаржига шаҳват ила назар солса, у аёл ўша эркакнинг отаси ва ўғлига ҳаром бўлади. У аёлнинг онаси ва қизи эса ўша эркакга ҳаром бўлади.
Расулуллоҳ с.а.в.: “Ким бир аёлнинг фаржига шаҳват-ла назар солса, унга ўша аёлнинг қизи ҳам, онаси ҳам ҳаром бўлур”, - деганлар. Ибн Абу Шайба ривоят қилган.
Дарҳақиқат бу нарсага кўпчилик эътибор билан қарамасдан, балки бу ҳолатларни енгил санашади. Лекин бу ҳолатларда бирор кўнгилсизлик рўй бермайди деб ҳеч ким айта олмайди. Чунки баъзан шундай ўринларда юз берган нохуш воқеалар қулоғимизга чалиниб қолади.
Шунинг учун бундай ҳолатлардан ўта эҳтиёт бўлиш ва фасодга сабаб бўладиган эшикларни ёпиш керакки, токи фитнага тушиб қолмайлик. Валлоҳу аълам.

Сидиқметов Қудратуллоҳ
“Кўкалдош” ислом билим юрти мударриси
“Аҳмаджон қори” жомеъ масжиди имом хатиби

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳил Бухорий
2. Саҳиҳу Муслим би шарҳин Нававий
3. Фатҳу бабил ъинояҳ фий шарҳи китабин ниқояҳ
4. Ҳошияту ибн Обидийн
5. Фатава муъасироҳ

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Идда, сўзи луғатда .санаш,, .ҳисоблаш, маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин сақлаши лозим бўлган давоми...

9024 05:00 / 14.02.2017
Аёл ndash аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опасинглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. давоми...

4603 05:00 / 04.03.2017
.Никоҳ, луғатда .қўшиш,, .жамлаш,, .яқинлик, деган маъноларни англатади. Шариатда эса никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли ҳузурланишни қасд этиш, яъни эркак кишининг давоми...

5091 17:37 / 15.07.2017
.Хулуъ, сўзи луғатда кийим ечиш маъносида кўпроқ ишлатилади. Шариатда эса хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб эри билан ажрашишга хулуъ дейилади. Чунки эру давоми...

14402 05:00 / 14.02.2017