1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Оилаларнинг мустаҳкам бўлиши

05:00 / 15.02.2017 3988 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Азалдан жамият ва турли диний таълимотларда оила муқаддас саналиб, уларда оилавий муносабатларга алоҳида эътибор қаратилган.

Оила жамиятнинг асосидир. Оилалар йиғиндиси жамиятни ташкил этади. Оила мустаҳкам бўлса, демакки жамият, мамлакат ҳам мустаҳкам ва барқарор бўлади. 

Оила Исломдан олдин ҳам бўлган, лекин оилада эр ҳамда аёлнинг ҳуқуқ, бурч ва масъулиятларини Ислом дини кўрсатиб берди. Ислом аёлга қарши зулмларга тўла барҳам берди. Сарвари олам Муҳаммад (с.а.в.) аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини оширишда фақат Ислом умматигагина эмас, балки кишилик жамиятига ибрат ва намуна бўлдилар.

Бу йил мустақил ва жаннатмисол юртимизда “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилинди. Оилаларнинг ҳар томонлама саодатли, фаровон ва мустаҳкам бўлиши мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиётига сабаб бўлишини ҳаммамиз яхши биламиз ва англаймиз.

Дунёқараши, имон-эътиқоди ва ихлоси мукаммал, дин-диёнати, ватани ва халқига содиқ ва муҳаббатли янги авлод таълим-тарбиясида, уларни турли-туман ёт таъсирлардан, бузуқ ақидалардан авайлаб сақлашда мустаҳкам оиланинг, шубҳасиз ўрни каттадир.

Демак, ҳар бир фарзанд оилада таваллуд топиб, илк одоб-ахлоқ ва тарбияни ҳаёт кўникмаларини ота-онасидан билиб ва ўрганар экан. Бунда ота-онанинг ўзлари фарзандлар тарбиясида қанчалик масъул эканликлари ва бу улуғ масъулиятни қанчалик ҳис қилишларига боғлиқдир. Оиладаги ўғил ва қиз фарзандларнинг ҳар бирига яраша одоб-ахлоқ ва тарбия усуллари мавжуд. Бу ўринда онанинг ўрни беқиёсдир. Фарзанд тарбиясида унинг эл-юрт хизматига камарбаста, ахлоқан баркамол инсон бўлиб вояга етишида она билан баробар отанинг ҳам масъулияти каттадир. Зеро, оиланинг устуни онадир. 

Беҳад шукрлар бўлсинки, Истиқлолдан кейин юртимизда оила қадри ва шаъни юксакларга кўтарилмоқда. Бош қомусимиз - Конституцияда ҳам "Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга" деб, оиланинг ўрни қатъий белгилаб қўйилган.

Ислом дини таълимотларида оиланинг мустаҳкам, тинч ва фаровон бўлишида солиҳа аёлнинг ўрни муҳимлиги таъкидланади. Ҳадиси шарифда яхши, солиҳа хотин Аллоҳга имон келтириш ва Унга тақвода бўлишдан кейин саодатга эришиш сабабларидан бири деб ҳисобланган. Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Мўмин киши Аллоҳ таолога тақво қилгандан кейин солиҳа аёлдан кўра яхшироқ фойда топмайди. Амрига итоат қилади, эрига чиройли муомала қилади, эр қасам ичса аёли эр қасамига мувофиқ иш тутади, эри уйда бўлмаса, ўз номусини ва эр молини сақлайди”.

Инсоннинг бу дунёдаги бахт-саодати ҳам солиҳа хотинга боғлиқлиги ҳақида Ҳазрати Пайғамбаримиз марҳамат қилиб бундай деганлар:

“Одам боласининг бу дунёдаги саодати - солиҳа хотин, қулай уй-жой ва яхши уловдир”.

Муҳтарам юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда оила, унинг жамиятдаги ўрни ва ролини, нуфузини кўтариш борасида қатор қарорлар, дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу оиланинг келажагимизни барпо этишда, ёш ва баркамол авлодни тарбиялашда нечоғли муҳим эканлигини кўрсатади. 

Ҳозирги вақтда оилаларнинг мустаҳкам бўлиши, кўп жиҳатдан эр-хотиннинг босиқ, сабрли ва мулоҳазали бўлишига боғлиқ. Арзимаган сабаб деб уйда жанжал кўтариш оила мустаҳкамлиги ва аҳиллигига путур етказади. Бу каби ҳолатлар фарзандлар тарбиясига салбий таъсир этишини унутмаслигимиз лозим. Оилада эр аввало хотин ва фарзандлар билан чиройли муомалада бўлишлиги, одоб-ахлоқда, ўз бурч ва вазифасини мукаммал адо этиш вожибдир.

Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёл илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонадонда, бир оилада аҳил, тотув яшашлари, насл давомийлигини таъминлниши Яратганнинг улуғ мўъжизаси ва ҳикматидан далолатдир. 

Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, эзгу урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга, келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканини унутмаслигимиз керак. 

Оилаларнинг мустаҳкам бўлиши, авлодлар тарбияси гўзал бўлишида жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари, аҳли аёлларига қанчалик шафқатли, меҳрибон чиройли хулқли ва раҳмли бўлганларидан ибрат ва намуна олишимиз керак бўлади. Ибн Ҳиббон розияллоҳу анҳу ҳазрати Ойша онамиздан ривоят қилган ҳадисда жаноб Пайғамбаримиз бундай деганлар:

“Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёли, оиласига эзгулик-яхшилик қилганларингиз ва мен ўз оиламга яхшилик қилгувчироқман”.

Буюк шоир, ғазал мулкининг султони Ҳазрат Алишер Навоий ҳам ўзининг кўплаб асарларида оила ва фарзанд тарбияси борасида кўплаб ибратли фикрларни айтган. Навоий бола тарбиясига унинг гўдаклигидан эътибор бериш кераклигини айтади: Аввал фарзандига ҳар ким яхши бир исм топиб қўйсин, кейин яхши муаллим – ўқитувчи танласин. 

Динимизда оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ юксак даражада улуғланади.

Ушбу буюк неъматга сазовор бўлган инсон оиланинг қадрига етсин, шукрлар айтиб, оиласи, фарзандлари ва жамият олдидаги бурчларини бекаму кўст адо этишлари лозим.

Соғлом авлодни тарбиялаш – буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш ва икки дунёда бахтиёр ва саодатли бўлиш ниятида яшашликни барчамизга насиб этсин. 

Аллоҳ таоло барчаларимизга Ўзи рози бўладиган яхши амалларни қилишда, оилаларимиз мустаҳкам бўлиши, фарзандларимиз камол топишлари йўлида айтилган гўзал панд-насиҳатларни, ваъз-иршодотларни тинглаб, унга амал қилишда Ўзи мадад берсин! 



Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”

 жомеъ масжиди имом хатиби


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу бобда отаонанинг фарзанд олдидаги бурчлари, уларнинг фарзандларига нисбатан маданияти ҳақида сўз юритилади. Албатта, болага меҳрмуҳаббат кўрсатиш, унга давоми...

3379 05:00 / 04.03.2017
Бутун борлиқни ва ундаги мавжудотларни яратган холиқ, Аллоҳ субҳонаҳу ва Таоло уларнинг борлиқдаги мавжудлигини турли сабабларга боғлаб қўйган. Ушбу сабаблар давоми...

3787 05:00 / 14.02.2017
Оила ndash бахт саройиАллоҳ таоло инсоният наслининг никоҳ йўли билан давом этишини ирода қилиб, Ўзининг сўнгги ва мукаммал динида бунга оид барча ҳукмларни баён давоми...

3922 05:00 / 15.02.2017
Ҳусайн ибн Миҳсондан р.а. ривоят қиладилар .У кишининг аммалари Набий с.а.в. олдиларига келганида, аёлдан .Эринг борми, деб сўрадилар Расулуллоҳ. .Ҳа,, деди. .Унга давоми...

5558 05:00 / 14.02.2017