1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Хотиннинг эрига итоатсизлик қилиши

05:00 / 14.02.2017 53237 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади: «Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни, насиҳатларинг кор қилмаса), уларни ётоқларда тарк қилингиз, (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг) сўнгра (яъни, шунда ҳам сизларга бўйинсунмасалар), уринглар! Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг юксак ва буюк бўлган зотдир» (Нисо сураси, 34).

Воҳидий раҳимаҳуллоҳ айтганларки: «Бу оятдаги «итоатсизлик»дан мурод – эрга осийлик қилиш, яъни, такаббурлик билан эрининг буйруқларига хилоф иш юритишдир».
Ато раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «У (яъни, итоатсизлик) – эри учун ўзига оро бермаслик (хушбўйлик сепмаслик), ўзи билан ҳузурланишига йўл қўймаслик ва илгариги мутеълик ҳолати ўзгариб қолишидир. Ундай хотинларга Аллоҳ Китоби ила «панд-насиҳат қилинглар», Аллоҳ уларга буюрган ишларни эслатинглар».
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: «Уларни ётоқларда тарк қилиш – тўшакда хотинига орқасини ўгириб, гапирмай ётишидир», деган бўлсалар, Шаъбий ва Мужоҳидлар: «Хотини билан бир жойда ётмаслик, яқинлашмаслик», дейишган.
Уларни уришдан мурод қаттиқ, бирон аъзосига жароҳат етказадиган қилиб эмас, билакс секин уришдир.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: «Одоб бериш учун кафти билан кўксига туртиш каби», деганлар.
Эр хотинининг итоатсизлигини ушбу оятда зикр қилинганидай, Аллоҳ изн берган суратда тузатиши, бартараф этиши лозим.
«Агар сизларга (талаб қилган нарсаларингизда) итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Эр хотинини тўшагига чорлаган вақтда (хотини) келмаса ва эри ундан норози бўлиб тунаса, то тонг отгунча фаришталар у аёлни лаънатлайдилар» (Муттафақун алайҳ).
Бошқа бир ривоятда «Аллоҳга қасамки, қайси бир киши хотинини тўшагига чорласа-ю, хотини бош тортса, то эри ундан рози бўлмагунча, осмондаги Зот ундан рози бўлмайди», дейилган (Муттафақун алайҳ).
Яна бир ривоятда эса: «Агар аёл эрининг тўшагини тарк этган ҳолда тунайдиган бўлса, то тонг отгунча, фаришталар у аёлни лаънатлайдилар», дейилган (Бухорий, Муслим, Насоий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Уч тоифа одамнинг намози мақбул бўлмайди ва биронта яхшилиги осмонга кўтарилмайди: қочоқ қулнинг, то хўжайинларига қайтиб, қўлини уларнинг қўлларига қўймагунича; эрини ғазаблантирган – норози қилган аёлнинг, то эри ундан рози бўлмагунича ва мастнинг, то ўзига келмагунича» (Ибн Ҳиббон, Ибн Ҳузайма ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эри ҳозир бўлган (сафарда бўлмаган) аёлга эрининг рухсатисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз бировни уйига киришига изн бериши ҳалол эмас» (Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифдаги ҳукм ихтиёрий-нафл рўзаларга тааллуқли бўлиб, эрнинг ҳақи улуғ ва итоати вожиб бўлгани боис, ундан изн сўрамай туриб хотини рўза тутиши мумкин эмас.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар бирон бандани бошқа бир бандага сажда қилишга буюрган бўлганимда, шубҳасиз, хотинни эрига сажда қилишга буюрган бўлардим» (Термизий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таборака ва таоло эрига ношукрлик қиладиган хотинга қарамайди. Ҳолбуки, у эридан беҳожат эмас» (Насоий, Баззор ривояти).
Умму Салама розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси аёл вафот этса-ю эри ундан рози бўлса, жаннатга киради» (Ибн Можа, Термизий ривояти).
Ривоят қилинадики, аёл қиёмат куни биринчи бўлиб намози ва эридан сўралади.
Ривоят қилинишича, аёл уйидан чиқса-ю, эри норози бўлса, то (уйига) қайтгунича, осмондаги барча фаришталар ҳамда инсу жиндан ташқари, у ёнидан ўтган ҳар бир нарса унга лаънат айтади.
Аёл эрини норози қилишдан, ғазаблантиришдан сақланиши ва эри уни хоҳлаган вақтида бош тортмаслиги лозим. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Агар эр ҳожати учун чорласа, гарчи (хотини) ўчоқ бошида бўлса ҳам келсин» (Термизий, Насоий, Ибн Ҳиббон ривояти).
Уламолар айтадиларки: «Магар аёл узрли (ҳайз ёки нифос кўрган) бўлса, эрининг чақириғига жавоб бермаслиги лозим. Шунингдек, эр ҳам аёли узрли бўлган вақтда бу ишни талаб қилмаслиги ва узрли ҳолати тугаб, ғусл қилмагунича унга яқинлик қилмаслиги даркор. Зотан, Аллоҳ таоло айтганки:

«Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз!» (Бақара сураси, 222).
Ривоят қилинадики: «Кимда-ким ҳайзли аёлга ёки хотинининг орқасига яқинлик қилса ёхуд фолбинга бориб, гапини тасдиқласа, батаҳқиқ, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирибди».
Бошқа бир ҳадисда: «Аёлларининг орқаларига яқинлик қиладиган кимсаларни Аллоҳ лаънатлайди», дейилган (Табароний ривояти).
Хуллас, хотин узрли ҳолатида эри яқинлик қилишни хоҳласа, бўйсунмаслиги, бундан бошқа барча ҳолатда итоат этиши лозим.
Яна аёл билиб олиши лозимки, у ўз нафсида ва эрининг молида ундан изн сўрамай туриб, тасарруф қила олмайди. Эрининг ҳаққи ўзининг ҳаққидан, эри қариндошларининг ҳаққи ўз қариндошлари ҳаққидан муқаддам туради. Эри у билан ҳузурланиши учун, поклик-тозаликка эътибор берган ҳолда тайёр бўлиши лозим. Ҳусн-жамоли билан эрига такаббурлик қилмаслиги, мабодо эри хунук бўлса, уни айбламаслиги даркор.
Асмаъий айтадилар: «Саҳройи араблар маконига борган эдим. У ерда бир эр-хотинни учратдим. Хотин гўзал, эри эса хунук эди. Хотиндан: «Мана шундай кишининг қўл остида яшашга қандай рози бўлдинг?» деб сўраган эдим, у: «Яхшилаб эшитиб ол, эҳтимол эрим ўзи билан Яратувчиси – Аллоҳ орасини яхши қилгандир-у, мени унга мукофот қилиб бергандир. Эҳтимол, мен осийлик қилгандирман-у, уни менга жазо қилиб бергандир», деди.
Оиша розийаллоҳу анҳо айтадилар: «Эй аёллар жамоаси, агар эрларингизнинг сизларнинг устингиздаги ҳақларини билганингизда эди, сизлардан ҳар бир аёл эрининг оёқларидаги чангни юзининг ёноқлари билан артиб қўйган бўларди».
Ривоят қилинадики: «Сизларнинг жаннатдаги аёлларингиз – ҳар бир суювчию болажон (серфарзанд) аёллардир. Мабодо ғазабланса, ёки унга ёмон муомала қилинса ва ё эри ғазабланса: «Қўлим қўлингизда, то рози бўлмагунингизча, киприк қоқмайман», дейди».
Шунингдек, аёл эридан доимо ҳаё қилиши, унинг ҳузурида ерга боқиб туриши, буйруғига итоат қилиб, гапираётганда сукут сақлаши, кириб келганида ёки чиқиб кетаётганида ўрнидан туриши, унга ёқмайдиган барча нарсалардан узоқ бўлиши, ухлаши олдидан унга ўзини арз қилиши, унга тўшаги ва мол-мулкида хиёнат қилмаслиги, доимо покиза бўлиши, мисвок ишлатишга одатланиши, у ҳозир бўлганда ўзига зеб бериб, хушбўйликлар сепиб, йўқлигида зийнатни тарк этиши, унинг аҳли ва қариндошларини иззат-икром қилиши, озгина нарсасини кўп ўрнида кўриши вожиб бўлади.

Мутеъ аёлнинг фазилати ва осий аёлнинг уқубати хусусида

Аллоҳ таолодан қўрқувчи аёл Аллоҳга ва эрига астойдил итоат қилиши, розилигини қозонишга жидду жаҳд билан ҳаракат қилиши лозим. Зеро, эр аёлнинг жаннати ёки дўзахидир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Қайси аёл вафот этса-ю, эри ундан рози бўлса, жаннатга киради» (Термизий, Ҳоким ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, фаржини – иффатини сақласа ва эрига итоат қилса, жаннатнинг истаган эшигидан киради», дейилган (Ибн Ҳиббон ривояти).
Ривоят қилинадики, эрига итоаткор аёл ҳақига, модомики эри ундан рози бўлар экан, ҳаводаги қушлар, сувдаги балиқлар, осмондаги фаришталар ҳамда қуёш ва ой истиғфор айтади.
Қайси бир аёл эрига осийлик қилса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати ёғилади.
Қайси бир аёл эрининг юзига хўмрайиб қараса, то эрига табассум қилиб, кўнглини олмагунича, Аллоҳ ундан норози бўлади.
Қайси бир аёл уйидан эрининг рухсатисиз чиқса, то қайтгунича, унга фаришталар лаънат айтишади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Дўзахга боқиб, унинг кўпчилик аҳли аёллар эканини кўрдим».
Бунинг сабаби аёллар Аллоҳ ва расулига ҳамда эрларига кам итоат қилиб, кўп ясан-тусан қилишларидир. Яъни, улар кўчага чиққанларида пардоз-андоз қилиб, ўзларига зеб бериб, чиройли, ялтир-юлтир кийимларини кийиб, бегона эркакларни фитнага солиб юрадилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши авратдир. Агар у уйидан чиқса, шайтон унга кўз тикади», деганлар (Табароний ривояти).
Аёл қанчалик уйида муқим бўлса, шунчалик Аллоҳга яқин бўлади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: «Аёллар авратдир. Бир аёл уйидан чиқади ва унинг хаёлида ёмонлик бўлмайди. Бироқ шайтон унга кўз тикади ва: «Сен қайси эркакнинг олдидан ўтсанг, уни ажаблантирдинг», дейди. Аниқки, бир аёл кийимларини кийиб олади. Унга: «Қаёққа кетяпсан?» дейилса, у: «Касални кўриб келаман» ёки «Жанозага қатнашаман» ва ё «Масжидда намоз ўқийман», дейди. Ҳолбуки, ҳеч бир аёл Раббига уйда ибодат қилганидек ибодат қилган эмас» (Табароний ривояти).
Шайтон аёлнинг елкасига миниб олишининг сабаби – у уйидан ташқарига чиққан ва шайтон ўзига ҳоким бўлиб олишига йўл очиб берган. Ҳеч бир аёл Раббига ибодат қилиб, эрига итоат қилиб, уйида ўтирганичалик, Аллоҳ розилигини қозонишга интилмаган.
Али розийаллоҳу анҳу аёллари Фотимадан: «Эй Фотима, аёл киши учун энг яхши нарса нима?» деб сўраганларида, у зоти шарифа: «У (бегона) эркакларни кўрмаслиги ва (бегона) эркаклар уни кўрмаслиги», дея жавоб берганлар.
Али розийаллоҳу анҳу: «Уялмайсизларми? Рашкингиз келмайдими?! Хотинингиз эркаклар орасига чиқиб юришига имкон берасизлар-да, яна у уларга қарайди, улар унга қарайди, дейсизлар», дер эдилар.
Умму Салама розийаллоҳу анҳо айтадилар: «Маймуна иккимиз (булар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллардир) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Бир пайт Ибн Умму Мактум кела бошлади. Бу воқеа ҳижобга буюрилганимиздан кейин бўлаётган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундан ҳижобланинглар (ўзингизни парда ортига олинглар)» дедилар. Биз: «Ў Расулуллоҳ, у киши кўр эмасми? Бизни кўрмайдилар-ку», деган эдик, у зот: «Нима, сизлар ҳам кўрмайсизларми? Уни кўрмаяпсизларми?» дедилар» (Абу Довуд, Термизий ривояти).
Эркаклар номаҳрам аёллардан кўзларини тийишга буюрилганларидек, аёллар ҳам номаҳрам эркаклардан кўзларини тийишга буюрилганлар.
Мабодо, аёл киши ота-онасини ёки қариндошларини зиёрат қилиш, ҳаммомга бориш каби зарурий ишлар учун ташқарига чиқишга мажбур бўлса, ясан-тусан қилмасдан, ўзига оро бермасдан, кенг, қалин кийим кийиб, эрининг рухсати билан чиқсин. Йўлда кетаётганида у ёқ-бу ёққа алангламасдан, ерга қараб, йўл четидан юриши лозим. Илло, осий бўлади.
Ҳикоя қилишларича, бир аёл уйидан ташқарига чиққанда ясан-тусан қилиб юрар эди. У вафот этгач, қариндошларидан бири тушида уни кўрибди. У Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига юпқа кийимда борибди. Шу пайт бирдан шамол эсиб, аёл очилиб қолибди. Аллоҳ таоло ундан юз ўгирибди-да: «Уни чап томонидан ушлаб дўзахга ташланглар. У дунёда ясан-тусан қилувчилардан эди», дебди.
Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Биронта аёл дунёда эрига озор берса, у (киши)нинг ҳурул ийнлардан бўлган хотини: «Аллоҳ ҳалок қилгур, унга озор берма. У сенинг олдингда вақтинча меҳмон холос. У яқинда сендан ажраб, бизга келади», дейди» (Термизий ривояти).

***

Аёл эрига итоат этишга, розилигини қозонишга буюрилганидек, эр ҳам хотинига эҳсон қилишга, лутф-марҳамат кўрсатишга, унинг айрим ножўя ҳаракатларига сабр қилишга, яхши, тинч-тотув яшаш, едириб-ичириш ва кийдириш каби ҳақларини адо этишга буюрилган. Аллоҳ таоло айтадики:

«Улар билан хушмуомала бўлиб, тинч-тотув яшанглар» (Нисо сураси, 19).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Огоҳ бўлинглар, аёлларга доимо яхши муносабатда бўлинглар. Улар сизларнинг қўл остингиздаги асирлар, холос. Бундан бошқа уларнинг бирон нарсасига эгалик қила олмайсизлар. Магар улар очиқ фаҳш ишни қилсалар (унда ҳаққингиз бор). Агар итоатсизлик қилсалар, уларни ётоқларида тарк этинглар, сўнгра жароҳат етказмайдиган қилиб уринглар. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар.
Огоҳ бўлингларки, аёлларингиз устида сизларнинг ҳаққингиз бор ва сизларнинг устингизда аёлларингизнинг ҳаққи бор. Улар устидаги ҳақларингиз – тўшагингизни сиз ёқтирмайдиган кимсага бостирмаслиги ва сиз ёқтирмайдиган кимсани уйингизга киритмаслигидир. Сизнинг устингиздаги ҳақлари – уларга кийимлари ва таомларини эҳсон қилишингиз» (Ибн Можа, Термизий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшиларингиз аҳлига яхши бўлганларингиздир», дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўминларнинг иймони энг мукаммали хулқи гўзалроқ бўлганидир. Яхшиларингиз хотинларига яхши бўлганларингиздир» (Термизий, Ибн Ҳиббон ривояти).
Асарда келганки: «Қайси эркак хотинининг ёмон хулқига сабр қилса, Аллоҳ унга Айюбга (а.с.) балолари эвазига берилган миқдорда ажр беради. Қайси аёл эрининг ёмон хулқига сабр қилса, Аллоҳ унга Фиръавн хотини Осиё бинти Музохимга берилган миқдорда ажр беради».
Ривоят қилишларича, бир киши Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳуга хотинининг хулқи ёмонлигидан шикоят қилиш учун келди. Умарнинг эшиги ёнига келиб, чиқишини кутиб турди. Шу пайт Умарга хотини қаттиқ-қаттиқ гапираётганини эшитди. У киши эса ҳеч бир сўз қайтармай, жим турарди. Ҳалиги киши: «Амирал мўминин бўлатуриб, яна шунчалик шиддати ва салобати билан Умарнинг ҳоли шу бўлса, менинг аҳволим нима бўларди?» деб изига қайтди. Шу вақт Ҳазрати Умар уйидан чиқдилар ва ҳалиги кишининг қайтиб кетаётганини кўриб ёнига чорладилар-да: «Нима эҳтиёжинг бор?» деб сўрадилар. У «Эй амирал мўминин, хотинимнинг хулқи ёмонлигидан, тили узунлигидан сизга шикоят қилиш учун келган эдим. Қарасам, сизнинг хотинингиз ҳам шундай экан. Ўзимча, амирал мўмининнинг ҳоли шу бўлса, менинг аҳволим нима бўларди, дедим», дея жавоб берди. Шунда Умар: «Эй биродар, хотинимнинг менда бир қанча ҳақлари бўлгани боис бу қилиғига сабр қилдим. Зеро, у овқатимни пиширади, нонимни ёпади, кийимларимни ювади, боламни эмизади. Ҳолбуки, буларнинг барчаси ҳам унга вожиб эмас. У сабабли қалбим таскин топади, ҳаромдан сақланаман. Шу боис сабр қилдим», дедилар. У: «Эй амирал мўминин, менинг хотиним ҳам шундай», деган эди, Умар розийаллоҳу анҳу: «Эй биродар, сабр қил. Бу озгина муддат, холос», дедилар.

Ҳикоят

Ҳикоя қилишларича, бир солиҳ кишининг Аллоҳ йўлида солиҳ дўсти бўлиб, уни ҳар йили бир марта зиёрат қилар эди. Бир куни биродарини зиёрат қилиш учун келиб, эшигини тақиллатди. Хотини: «Ким?» деб сўради. У: «Эрингнинг Аллоҳ йўлидаги биродариман. Уни зиёрат қилиш учун келдим», деди. Шунда хотини: «Ўтин теришга кетганди. Аллоҳ уни соғ қайтармасин, саломат қилмасин, ундоқ қилсин, бундоқ қилсин», дея қарғай кетди. У киши эшик олдида турган вақтда тоғ тарафдан биродари шерга бир қучоқ ўтин ортиб келиб қолди. Биродари билан саломлашиб, хуш келибсиз деб, ўтинни ичкарига киргизди-да, шерга: «Баракаллоҳ, энди борақол», деди Сўнг биродарини ичкарига таклиф қилди. Хотини ҳануз қарғанар, тили билан озор берар, эри эса бир сўз қайтармай, сукут сақлар эди. Солиҳ киши биродари билан бир оз тамадди қилган бўлди. Сўнг уйига қайтди. У биродарининг шундай бемаъни хотинига сабр қилиб яшаётганига ажабланган эди.
Орадан бир йил ўтгач, у киши одатига биноан, биродарини зиёрат қилиш учун келиб эшигини тақиллатди. Хотини: «Ким?» деди. У: «Эрингизнинг Аллоҳ йўлидаги биродари, фалончиман», деган эди, хотини: «Марҳабо, хуш келибсиз. Ўтира туринг, у киши, иншааллоҳ, соғ-саломат келиб қоладилар», деди. Киши хотинининг ширинсухан ва одоблилигидан ажабланди. Шу пайт биродари ўтин орқалаб келиб қолди. Киши бундан ҳам ҳайратга тушди. Биродари келиб у билан саломлашиб, ичкарига таклиф қилди. Хотини уларга таом ҳозирлади ва уларни ширинсуханлик билан таомга таклиф қилди. Киши кетиши олдидан биродарига: «Сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим», деди. Биродари: «Нима?» деган эди, у киши: «Ўтган йили келганимда хотинингиз беодоб, кўп қарғанар эди, сиз эса ўтинни шерга ортиб келдингиз. Ваҳший ҳайвон амрингизга мунтазир эди. Бу йил эса, хотинингиз ширинсухан, қарғанмайди. Бироқ ўтинни ўзингиз орқалаб келдингиз. Бунинг боиси нима?» деб сўради. Шунда биродари жавобан: «Эй биродар, ўша бемаъни хотиним вафот этди. Унинг ахлоқсизлиги ва қилиқларига сабр қилар эдим. У билан яшаш беҳузурлик берса-да, чидаганим боис шекилли, Аллоҳ таоло менга ўша шерни бўйсундириб қўйган, у оғиримни енгил қилар эди. Хотиним вафот этгач, мана шу солиҳа аёлга уйландим. Бу муборак, мутеъ аёл билан роҳат-фароғатда яшаяпман. Шу боис, шер келмай қўйди ва ўзим ўтинни орқалаб келишга мажбур бўлдим», деди.
Аллоҳ таолодан Ўзи яхши кўрган ва рози бўлган нарсаларга сабр-бардошли этмоғини сўраймиз. Албатта, У марҳаматли, саховатли зотдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳафса Хунайс ибн Ҳузафа асСаҳмийдан бева қолди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлиб, давоми...

3192 05:00 / 14.02.2017
УЧИНЧИ ДАРСОта Маҳмуд ва Фотимадан ҳолларини ва мактабда нималар қилганларини сўраш ила дарсни бошлади. Сўнгра АЛЛОҲнинг китоби ndash Қуръони каримдан ёд давоми...

2987 05:00 / 15.02.2017
Ибн Шиҳоб Саълаба ибн Абу Молик Қаразий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади.У киши улов миниб, уч авратга риоя қилганлиги билан машҳур бўлган Абдуллоҳ ибн Сувайднинг давоми...

5463 05:00 / 14.02.2017
САРИҲ ЛАФЗЛАРДА НИЯТ ШАРТ ЭМАСЮқорида талоққа сароҳатан далолат қилувчи сўзларни талоқдаги сариҳ лафзлар деб зикр қилинди ва улардан баъзилари билан ражъий, давоми...

4676 05:00 / 15.02.2017