1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Ота-онанинг бола ҳаққига ва зиддига дуоси ҳақидаги боб (2-қисм)

19:49 / 11.05.2018 6357 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

21. (53). Ҳасандан ривоят қилинади:

«Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бўлган эди. У доимий ибодатда эди. Ўзининг меҳробида намоз ўқирди. Бир куни онаси келиб, уни чақирди. У онасига қаради. У (онаси): «Ҳой Жарий! Ҳой Жарий!» деди. 

У «Намозимми, онамми?» деб иккиланди. Онаси учун намозни бузгиси келмади. Шунда онанинг ғазаби чиқди ва уни қарғаб, «Аллоҳим! Жарийни зинокорлар мақомида турғизмагунча ўлдирмагин!» деди.

Бир қўйчивон ҳам бор эди. Қўйларини саҳрода боқиб, кечаси ғорда ётар эди. У бир аёл билан бирга бўлди. Аёл туғадиган бўлганда унга: «Бу боланг кимдан?» дейишди. У эса «Жарийдан», деди. Жарийнинг олдига боришди. У: «Нима ишингиз бор?» деди. «Ишимиз сенсан! Ҳожатимиз сенсан! Талабимиз сенсан!» дейишди. 

Жарий (аёлга):

«Боланг кимдан?» деди. 

«Сендан!» деди хотин.

«Менданми?!» деди.  Аёл: 

«Ҳа!» деди.

Уни олиб бориб қамамоқчи бўлишди. Шунда у:

«Аллоҳ ҳаққи, менга бир неча кун муҳлат беринглар. Роббимга дуо қилиб, сўраб олай», деди. Унга бир неча кун муҳлат беришди. Неча кунлигини Аллоҳ билади. Унга тушида: «Одамлар тўпланганда хотиннинг қорнига бир ниқтагин-да, «Ҳой ҳомила, сен кимсан [ёки отанг ким]?» дегин. Шунда у: «Отам қўйчивон», дейди», дейилди.

Одамлар тўпланишди. Шунда Жарий хотиннинг қорнига бир ниқтаб, «Ҳой ҳомила, қани гапир-чи, сен кимсан, отанг ким?» деди. Шунда (Она қорнидаги ҳомила) «Отам қўйчивон», деди».

Ҳасан айтади: «Менга шу бола билан Ийсо ибн Марямдан бошқа ҳеч ким онасининг қорнида гапирмагани зикр қилинди». 

Шарҳ: Бизлардан олдин ўтганлардан, яъни мусулмон умматидан аввалги ўтган умматлардан бирининг ичида бир одам бор экан. Ўша одам ўзининг серибодат эканлиги билан ном чиқарган экан.

Ўзининг бир намозхонаси, меҳроби бор экан. Доим ўша ерда намоз ўқиб вақтини ўтказар экан. Бир куни онаси келиб, уни чақириб қолибди. Қараса, онаси «Ҳой Жарий!» деб уни чақиряпти. Демак, ҳалиги одамнинг иси Жарий экан. Шунда у: «Намоз ўқияпман, бир томондан онам чақиряпти. Нима қилсам экан», дебди-да: «Кел энди, онам учун намозимни бузмай», деган хаёлда намозида давом этибди.

Шунда онанинг ғазаби чиқибди-да боласини қарғаб: «Аллоҳим, шу ўғлим Жарийни зонийларнинг мақомида турғизмагунча ўлдирмагин», деб дуо қилиб юборибди...

Мана шу ривоятда обид, ибодат қилиб турган ҳалол-пок одам намозни ўқиб олай, деб онасининг чақириғига вақтида жавоб бермаганлиги учун, онанинг ғазабланиб қилган дуоси юзага чиққани, туҳматга қолгани, ҳар хил гаплар тарқалгани, лекин поклиги эвазига Аллоҳ таоло уни бадномликдан сақлаб қолгани ҳикоя қилинмоқда.

Демак, оналарнинг дуолари шундай нозик даражада экан. Шунинг учун оналар ҳам болаларнинг ҳаққига ҳар хил салбий маънодаги дуоларни қилиб юборишдан эҳтиёт бўлишлари керак.

22. (54). Ҳазм ибн Меҳрондан ривоят қилинади:

«Ҳасандан бир кишининг сўраганини эшитдим: «Эй Абу Саъид! Отанинг боласи ҳаққига қиладиган дуоси тўғрисида нима дейсан?» деди. «У нажотдир», деди ва «бундай», деб қўли билан ердан бир нарсани кўтаргандек қилиб кўрсатди.

«Унинг зиддига қилган дуоси-чи?» деди. «Таг-туги билан қўпорилишдир!» деди ва қўли билан бир нарсани ерга пастлатгандек қилиб кўрсатди».

Шарҳ: Демак, отанинг яхши дуоси – фарзанднинг нажоти, унинг юқори даражаларга кўтарилишига сабаб экан. Отанинг қарғиши эса фарзанднинг таг-туги билан қўпорилишига, тупроққа қорилишига сабаб бўладиган ҳолат экан.

Шунинг учун фарзандлар ҳар доим ота-онанинг яхши дуоларини олиш пайидан бўлиб, дуоибадидан эҳтиёт бўлиб, қўрқиб юришлари лозим. Ота-оналар ҳам доим фарзандларига яхши дуо қилиш пайидан бўлиб, иложи борича уларни қарғашдан, уларнинг ҳаққига дуоибад қилишдан четда бўлишлари лозим бўлар экан.

23. (55). Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч дуо мустажобдир. Бунда шак йўқ. Отанинг боласига дуоси, одил имомнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси», дедилар». 

Шарҳ: Яъни уч дуо борки, уларнинг қабул бўлишида ҳеч қандай шак йўқ, шубҳа йўқ.

Биринчиси, ота-онанинг фарзандига қилган дуоси.

Ота-она боласи учун қандай дуо қилса, ҳеч шак-шубҳасиз қабул бўлар экан. Шунинг учун фарзанд доим ота-онанинг яхши, хайрли дуосини олишга ҳаракат қилиши, ота-она эса доим хайрли дуо қилиб, дуоибад қилишдан ўзини сақлаб, фарзандидан маълум бир хатолар ўтса, камчиликлар содир бўлса, сабр қилиб, ёмон дуо қилишга шошилмасликлари керак бўлади.

Иккинчиси, адолатли имомнинг дуоси.

Адолат қилиш улуғ фазилатдир. Адолат соҳиби ҳам фазилатли инсон бўлиши турган гап. Адолат йўлидаги хизмат Аллоҳ таолонинг бандаларига яхшилик қилиш йўлидаги хизматдир. Шунинг учун ҳам адолатли имомнинг дуоси мустажоб бўлади. Бинобарин, ҳар бир киши адолатли имомнинг яхши дуосини олиб қолишга ва ёмон дуосидан сақланишга ҳаракат қилиши лозим.

Учинчиси, мусофирнинг дуоси.

Мусофир инсоннинг ҳам дуоси қабул бўлар экан. Чунки сафарда юрганда Аллоҳга яқин бўлади, аҳл-аёлдан, қавм-қариндошдан, бошқа қулайликлардан ва ўрганиб қолган жойларидан узоқда, маълум бир қийинчиликни зиммасига олиб, Аллоҳ таолога таваккул қилиб юрган бўлади. Ўша вақтда банданинг Аллоҳга яқинлиги кучли бўлади. Шунинг учун соф қалбли, ибодатли, эътиқодли, Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб юрган, шариатни маҳкам тутган мусофирнинг дуоси мақбул.

Мусофирларга нон-сув бериш, уларга ёрдамдан бўйин товламаслик мўмин-мусулмонларга одат бўлганлигининг сабаби ҳам шудир. Мусофирнинг дуосини олиб қолиш, унинг кўнглини қолдирмаслик, дуоибадига учрамаслик учун мўмин-мусулмонлар ҳамиша мусофирларга яхши муомала қилиб келганлар. Уларга ўз уйларидан жой берганлар. Ўзлари емай, уларга едирганлар. Мусофир муҳтож бўлган барча ёрдамларни беришга уринишган ва ҳоказо.

Мана шу уч дуодан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Шу уч тоифадан фақат яхши дуо олишга ва уларнинг ёмон дуосидан эҳтиёт бўлишга ҳаракат қилиш керак.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Дуоларнинг ичида шак-шубҳасиз қабул бўладиганлари борлиги.

2. Ота-онанинг фарзандига қилган дуоси шак-шубҳасиз қабул бўлиши.

3. Одил имомнинг дуоси шубҳасиз қабул бўлиши.

4. Мусофирнинг дуоси шак-шубҳасиз қабул бўлиши.

24. (56). Жаъфар ибн Муҳаммад отасидан ривоят қилади:

«Уч тоифа одамнинг дуоси қабул бўлмайди: ўз қариндоши зиддига дуо қиладиган одамнинг, ҳолбуки, унга силаи раҳм қилиш буюрилган эди. 

Бир киши хотинини дуоибад қилиб, Аллоҳдан ўзини ундан қутқаришини сўрайди. Ҳолбуки, Аллоҳ унинг қўлига анинг талоғини бериб қўйибди. 

Бировнинг зиммасида моли бор-у, уни ёзмаган ва гувоҳи ҳам йўқ одамнинг». 

Шарҳ: Бу ривоятдан ўзаро яқин ва бир-бирида ҳаққи бор кишиларнинг дуоибадлари қабул бўлмаслигини билиб оламиз. Мисол тариқасида улардан уч тоифаси зикр қилинмоқда.

Биринчиси, ўз қариндоши зиддига дуо қиладиган одамнинг дуоси қабул бўлмайди.

Қариндошлик бурчи, вазифаси юзасидан, Аллоҳ таолонинг амрига кўра бу кимса унга силаи раҳм қилиши, яхшилик кўрсатиши керак эди. Бу одам эса қариндошининг зиддига дуо қиляпти. Бу одам Аллоҳ таолонинг амрига хилоф иш қилгани учун дуоси қабул бўлмади.

Иккинчиси, бир одам ўз хотинини дуоибад қиляпти. «Аллоҳим, шундан мени қутқаргин», деяпти. Бу одамнинг ҳам дуоси қабул бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло талоқни унинг қўлига бериб қўйган. Хоҳламасанг, қўйвор, уни қарғаб нима қиласан. «Аллоҳим, буни олгин, мени бундан қутқаргин», дейишнинг нима кераги бор? Аллоҳ сенинг қўлингга талоқни бериб қўйибди. Бировни қарғаб, унга ёмонлик тилаб дуо қилишдан кўра, шундай номаъқул даражага етган бўлсанг, ажраш, аёл ҳам ўз кунини кўрсин.

Демак, осон йўли бўла туриб, бировга ёмонлик тилаб дуо қилиш ҳам дуонинг қабул бўлмаслигига олиб келар экан.

Яна бошқаси, яъни бошқа бировга қарзга мол берган одам бор экан. Ўша қарзни ёзиб ҳам қўймаган, гувоҳ ҳам қилмаган. «Молимни еб кетди», деб шикоят қилиб, дуоибад қилиб юрибди. Ахир буни ёзиб қўйса бўлармиди?! Гувоҳ бўлса, гувоҳ билан бориб сўрайсан. Ёзиб қўйган бўлсанг, ёзганингни кўрсатиб, «Мана, қарзингга имзо қўйгансан, бер», дейсан. Яъни чорасини, тадбирини кўрмай туриб, орқасидан дуоибад қилиш ўринсиздир.

Мана шу ерда ота-оналарга бир ишора бор: болаларингизнинг ҳаққига дуоибад қилмангиз, чунки улар ўзингизнинг болаларингиз. Уларга доим яхшилик қилиш, тарбия бериш сизларнинг ўзларингизга топширилган эди. Энди боладан бир нарса ўтаётган бўлса, ўзингизда ҳам бир гап бордирки, мана шу нарса келаётгандир...

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Дуоси қабул бўлмайдиган одамлар борлиги.

2. Қариндоши зиддига қилинган дуо қабул бўлмаслиги.

3. Қариндошларга силаи раҳм қилиш зарурлиги.

4. Эрнинг хотини зиддига қилган дуоси қабул бўлмаслиги.

5. Бировга қарз бергандан сўнг уни ёзиб қўймаган ёки гувоҳ қилмаган одамнинг қарздорнинг зиддига қилган дуоси қабул бўлмаслиги.

6. Қарз олди-бердисини ёзиб қўйиш ва бу ишни гувоҳлар иштирокида қилиш кераклиги.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Яхшилик ва силаи раҳм китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
НАСАБНасаб луғатда нисбатини баён қилиш, нисбатини билиш деган маъноларни англатади. Истилоҳда, боланинг насабини ҳақиқий отаси томонга нисбатини беришга давоми...

8296 05:00 / 15.02.2017
Рубаййиъ бинти Муъаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўйим бўлган куни келиб тўшагимга худди сен ўтирганга ўхшаб давоми...

3376 05:00 / 14.02.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймОламлар роббиси, шариъат, ҳукм ва намозни адо қилиш амрини қилган ягона Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Махлуқотларининг энг давоми...

4063 05:00 / 15.02.2017
МАЖНУННИНГ ХУШИ ЎЗИДАЛИГИДА АЁЛИНИ ТАЛОҚ ҚИЛИШИМажнун хушига келган вақтида аёлига талоқ қўйса, унинг талоғи талоқ ҳисобланади. Мажнунлик пайтида қўйган талоғи давоми...

4198 05:00 / 15.02.2017