1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Маккани Ғарбга танитган европалик мусулмон

11:02 / 31.10.2018 3597 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Алибей ал-Аббосий Арабистон ярим ороллиги ва сеҳрли Маккани севиб қолган илк европалик ёинки ушбу муқаддас шаҳарга келган ғарб дунёсининг илк вакили ҳам эмас. Аммо у бир жиҳати билан бошқа одамларни ортда қолдириб кета олди. У тарихда биринчи бўлиб, Маккани Ғарб дунёсига тўлиқ таърифлаб беролди. Ҳаммасига сабабчи билимга бўлган чанқоқлик эди, деб хабар бермоқда Arab News нашри.

Доминго Франсиско Хорхе Бадья-и-Леблих 1767 йилда Барселонада туғилди. У математика, астрономия, тиббиёт, тарих ва минералогиядан маълум бир нарсаларни ўзлаштириб, ҳақиқий қомусий таълимни олди. Араб тили унинг учун мутлақо янги дунё эди. Шуниси қизиқки, у 1801 йилда Париж ва Лондонга отланди, икки йилдан сўнг Испанияга мусулмон кийимида қайтиб келди. Бу вақтда у испан қиролининг хизматида эди.  Унинг буйруғига кўра, Марокашда тўнтариш уюштирилиб, султонни ҳокимиятдан ағдариб ташлаши керак эди.  Аммо султон ва марокашликлар уни шунчалик иззат-икром ва меҳмондўстлик билан кутиб олишдики,  натижада Бадья-и-Леблих исломни қабул қилди. Марокаш султони унинг дўстига айланди. У, ҳаттоки унга уйланишни маслаҳат берди. Бунга жавобан ал-Аббосий муқаддас Маккага бормагунича уйланмаслигини билдирди.

1806 йилда ҳажни адо этмоқчи бўлган зиёратчилар гуруҳига қўшилиб олди. Узоқ йўлга у 14 та туя ва икки отни ўзи билан бирга олади. Йўлда кўплаб қийинчиликларни бошдан ўтказишига тўғри келди. Уларнинг Суэцдан йўл олган кемалари чўкиб кетди. Ал-Аббосий ва унинг ҳамроҳлари кемада қутқарув шлюпкаси борлиги учун омон қолишди. Улар Қизил денгиздаги ороллардан биригача сузиб боришди, у ердан эса Жиддага етиб олишди. Зулқаъда ойининг 12-куни унинг иситмаси кўтарилди, бу унинг соғлиғига жиддий таъсир ўтказди. Эртаси куни унинг ҳамроҳлари эҳромга кириб, Макка томон йўл олишди.

Ал-Аббосий Макка дарвозаларига етганида, йўлбошловчидан тўхташни сўради ва деди: «Қаранглар. Қаранглар. Эгамизнинг уйи!». Каъбанинг кўриниши уни шунчалик ҳайратга солдики, бу ҳақда кейинчалик у шундай деб ёзган: «Худонинг Уйи безакли қора чойшаб билан қопланган ва чироқларнинг ҳалқаси билан ўралган. Кечки пайт. Тун ғоятда сокин. Бизнинг йўлбошчимиз илҳомланиб гапирар, бу тасвирлар шу қадар ажойиб эдики, мен уларни ҳеч қачон ёдимдан чиқармайман».

Ал-Аббосий Маккада қолди ва маҳаллий аъёнларнинг бириникида жойлашди. Кунлардан бир куни Макка ҳокими ундан Каъбани тозалашда ёрдам беришни илтимос қилди.

Испаниялик мусулмон ўз кундалигида йил давомида Маккага 830 000 зиёратчи келганини қайд этган. 

«Фақатгина Арофат тоғида зиёратнинг аҳамияти қанчалик катта эканлигини англаб етасиз. Бу ерда дунёнинг турли бурчакларидан одамлар йиғилади, улар турли халқларга тегишли ва таналарининг ранги ҳам турлича. Бу ерга етиб келгунгача бўлган турли хил хавф-хатарлар, қийинчиликларга қарамай, улар Ягона Аллоҳга сиғинишда давом этишади. Барча мусулмонлар ўзларини бир оиланинг вакиллари деб билишади. Инсон ва Аллоҳнинг ўртасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Ҳамма ўз Яратгувчисининг олдида тенгдир», – ёзади Ал-Аббосий.

У Маккани батафсил таърифлаб берган биринчи европалик бўлди. Европалик саёҳатчилар Маккада авваллари ҳам бўлишган. Гарчи Лодовико ди Вартема ёки Жозеф Бейтс, Маккани  Бадья-и-Леблихгача кўришган бўлишса-да, аммо у ҳақда узуқ-юлуқ хабарлар қолдиришган, холос. Ал-Аббосий эса нафақат у ҳақда батафсил маълумотларни тақдим этди, балки астрономик кузатувлар туфайли, ҳатто унинг аниқ жойлашувини белгилаб ҳам берди ва Масжидул Ҳаромни барча тафсилотлари билан харитага туширди.

Ал-Аббосий ўз сайёҳатини давом эттириб, кўп мамлакатларда бўлди. У 1818 йилда Суриянинг Алеппо шаҳрида хасталикдан вафот этди. 

 

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Ҳусайн ибн Хорижа Ашжаийдан ривоят қилинади .Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгач, мен ҳам фитнага аралашиб қолай дедим ва .Аллоҳим, менга ҳақ ишни кўрсатгин,, деб дуо давоми...

3336 07:00 / 16.01.2019
Роҳибнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом рисолатлари ҳақидабашорат берганиТарихчиларимиз, муҳаддислар ва сийратчиларимиз Буҳайро исмли роҳиб билан Абу Толиб давоми...

2934 17:04 / 24.11.2018
Америкалик тарихчи Теодор Лотроп Стоддард 18831950 шундай дейди .Исломнинг юксалиши, эҳтимол, инсоният тарихидаги энг ажойиб воқеадир. У унчалик маълум бўлмаган ерда, давоми...

2345 11:30 / 23.03.2022
Иккинчи бобЖобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга .Айтингчи, агар фарз намозларни ўқисам, Рамазон рўзасини тутсам, давоми...

2374 17:10 / 08.05.2019
Аудиолар

213584 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132791 14:35 / 11.08.2021