1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Умматнинг улуғларидан эди...» (иккинчи мақола)

15:01 / 15.11.2020 1788 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳақларида

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида бирга қатнашганлар. Бадр жангида ҳам душманга қарши курашиб, мислсиз жасорат кўрсатдилар. Аллоҳнинг душманларидан Умайр ибн Усмон ибн Каъб Таймийни айнан шу киши ўлдирдилар. Ибн Авф Бадр уруши давомида бир неча совут ва бошқа қурол-аслаҳаларни ўлжа қилиб олдилар. У киши уруш майдонида ўлжаларини кўтариб келаётиб, жоҳилиятдаги дўстлари Умайя ибн Халафга кўзлари тушди. У билан бирга ўғли Али ибн Умайя ҳам бўлиб, ота-бола қаерга қочишларини билмай турар эдилар. Умайя Абдурраҳмон ибн Авфдан совут ва бошқа ўлжаларни ташлаб, ўзини ўғли билан асир қилиб олишни илтимос қилди. У киши қўлларидаги ўлжаларни ташлаб, иккисини асир қилиб, олдиларига солиб ҳайдаб кетдилар. Абдурраҳмон ибн Авф Бадр урушида яна ушбу умматнинг фиръавни лақа­бини олган машҳур кофир Абу Жаҳлнинг қатл этилиши тафсилотига гувоҳ бўлиб, бу ишда ҳам иштирок этдилар.

Бир йил ўтиб, Уҳуд жангида Абдурраҳмон ибн Авф ундан ҳам катта фидокорлик кўрсатдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида собит турган оз сонли муҳожир ва ансорлардан бири эдилар. Уҳуд урушида у киши йигирмадан ортиқ жойларидан ярадор бўлдилар. Ўша жароҳатлардан бири Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг умр бўйи оқсоқ бўлиб қолишларига сабаб бўлди. Шунингдек, худди ўша Уҳуд урушида у кишининг бир неча тишлари тушиб кетди ва гапиришлари нуқсонли бўлиб қолди. Аллоҳ таолонинг йўлида олган жароҳатлари Ислом учун курашда кўрсатган қаҳрамонликларини тақдирлаб берилган олий нишонлар сифатида бир умрга сақланиб қолди.

Табук юриши чоғида ажойиб бир воқеа содир бўлди, Аллоҳ таоло Абдурраҳмон ибн Авфни бирорта мусулмонга насиб этмаган шарафга эриштирди. Намоз вақти кириб қолди, лекин Пайғамбар алайҳиссалом ҳадеганда келавермадилар. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф қавмга имом бўлиб намозни бошладилар. Ҳали биринчи ракат тугамай туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, намозхонлар сафига қўшилдилар ва Абдурраҳмон ибн Авфга иқтидо қилиб намозни адо этдилар. Башарият саййиди, пайғамбарлар имоми Муҳаммад ибн Абдуллоҳга имом бўлишдан ортиқроқ шараф ва мақом бормикин?!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлганларида Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу шўро мажлиси аъзоси сифатида жамиятнинг турли масалаларини ҳал қилишда фаол қатнашдилар.

Абдурраҳмон ибн Авф ҳазрати Умарнинг халифаликлари пайтида ҳам Ислом уммати манфаати йўлида катта ишлар қилдилар. У киши халифанинг ёнида туриб, кишиларга келган ёрдамни тарқатиш ёки кечаси билан ухламай, мусофирларни қўриб чиқиш билан машғул бўлар эдилар. Аллоҳ таоло ўзларига берган мол-мулкдан кишиларга хайр-эҳсон қилишда ҳам бошқаларга ўрнак эдилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Оиша розияллоҳу анҳо уйларида туриб, Мадинада шовқин-сурон овозларини эшитдилар ва: «Нима бўляпти?» дедилар. «Абдурраҳмон ибн Авфнинг карвони Шомдан ҳар хил моллар олиб келди», дейишди. Карвон етти юз туядан иборат эди. Абдурраҳмон ибн Авф карвонни эгар-жабдуғи, юклари билан Аллоҳ йўлига атади. Етти юз туяга юк бўлган тижорат молини туялари, эгар-жабдуқлари билан садақа қилиб юбориш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иймон дорилфунунини битирган сахий бой бўлиш керак эди. Етти юз туяга юк бўлган тижорат молини туялари, эгар-жабдуқлари билан садақа қилиб юбориш учун Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу керак эди.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Исломнинг катта олими эдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тириклик вақтларидаёқ бошқаларга фатво берадиган оз сонли кишилардан бири эдилар. Бу у кишининг турли савобли амаллари ва кенг миқёсдаги тижорат ишлари илм олиб, катта олим бўлишларига тўсиқ бўла олмаганини кўрсатади. У кишининг олимликлари ҳазрати Умар даврларида, ижтиҳодга эҳтиёж кўп тушган пайтда иш берди. У киши одил халифанинг ёнларида юриб, ўз илмлари билан мусулмонлар оммасига катта фойда келтирдилар.

Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Абдурраҳмон ибн Авф у зотнинг покиза завжалари хизматида бўлдилар. Уларнинг барча ҳожатларини сидқидилдан бажарар, сафарга боришса, кузатиб чиқар, ҳажга боришса, бирга ҳаж қилар эдилар. Туялари устига тахтиравон ўрнатиб берар, дам олишга тўхташганида имкони борича қулай шароит туғдириш пайидан бўлардилар.

Абдурраҳмон ибн Авф бутун умри давомида Пайғамбар алайҳиссалом дуоларининг баракотини ҳис қилиб юрдилар. У киши саҳобаларнинг энг бойига, Мадинадаги энг кўп мулк эгасига айландилар. Тижоратлари ақл бовар қилмайдиган даражада кучайиб кетди. Етти юз, саккиз юз туяли карвонлари тинимсиз шаҳарга дон-дун, ун, мой, кийим-кечак, идиш-ашёлар, халққа керакли бошқа молларни етказиб келар, мадиналиклардан ортганини бошқа шаҳарларга олиб бориб сотардилар. Мол-мулкларининг баракали бўлиши сабабларидан бири у кишининг фақат ҳалол ризққа рағбат қилишлари, ҳаром ва шубҳали нарсалардан узоқда бўлишларида эди.

У киши қўли очиқ, ниҳоятда сахий одам эдилар. Молларини ҳеч кимдан аяб ўтирмас, муҳтожларга ҳамиша ёрдам қилар, сўрашдан уялганларга пинҳона кўмак берар эдилар. Ҳатто бир гал қўшинга беш юз отни миндириб юборган бўлсалар, бир гал мингта туяни эҳсон қилдилар.

Ҳазрати Умар шаҳид бўлганларидан кейин Абдурраҳмон ибн Авф янги халифа сайлаш масаласида оқилона иш олиб бориб, ишни ҳикмат билан охирига етказдилар ва Ислом умматининг катта фитнадан сақланиб қолган қаҳрамонга айландилар. Абдурраҳмон ибн Авфнинг ўзи мансабни сира ёқтирмас эди. У кишига баъзи саҳобалар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абдурроҳман ибн Авф осмонда ҳам, ерда ҳам аминлардандир», деб марҳамат қилганлар, шунинг учун сен бўлишинг яхшироқ», деб халифаликни таклиф қилишганида: «Аллоҳга қасамки, мен учун пичоқни олиб, бўғзимга қўйиб тортилиши бундан кўра яхшироқ», деган эди.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ўлим соати яқинлашганини сезиб, қўл остидаги кўплаб қулларни озод этдилар. Бойликларининг катта қисмини Ислом равнақи йўлида фидойилик кўрсатганларга, мўминларнинг оналарига васият қилдилар. Қонуний меросхўрларига ҳам саноғига етиш мушкул бўлган беҳисоб мол-мулк қолдирдилар. Ҳеч шубҳа йўқки, буларнинг ҳаммаси Сарвари олам дуоларининг баракотидан эди. Аммо бунча катта миқдордаги бойлик ва моллар Абдурраҳмон ибн Авфни ром қилиб, тузоғига илинтира олмади. Одамлар уни қўл остидагилари билан бирга кўриб, ким хожаю, ким қул, асло ажрата олишмасди.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг вафотларидан олдин Оиша онамиз у кишининг олдиларига келиб, вафот этсалар ўз ҳужраларига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр Сиддиқнинг ёнларига дафн қилишни таклиф этдилар. Аммо Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу рози бўлмадилар, чунки вафот этгач Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу билан ёнма-ён ётишни ваъдалашишганини айтдилар.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳижрий 32 йили вафот этдилар, жанозаларини Саъд ибн Абу Ваққос кўтариб бордилар, жаноза намозини ҳазрати Усмон ўқидилар. Марҳумни Бақиъ қабристонидаги қабрга ҳазрати Алий қўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул-Аълога интиқол қилишларидан олдин бундай деган эдилар: «Эй одамлар! Абу Бакр менга ҳеч қачон беодоблик қилмади, унинг бу қадрини билинглар! Эй одамлар! Мен Умардан, Усмондан, Алийдан, Талҳа ибн Убайдуллоҳдан, Зубайр ибн Аввомдан, Саъд ибн Абу Ваққосдан, Абдурраҳмон ибн Авфдан ва аввалги муҳожирлардан розиман. Уларнинг қадрини билинглар». Азадорлар сафида қаттиқ қайғуриб турган ҳазрати Алий: «Сен бу умматнинг улуғларидан эдинг, Аллоҳ раҳматига олсин» деб дуо қилдилар.

(Тамом)

Биринчи мақола

Аҳмад Муҳаммад

«Ҳилол» журналининг 11(20) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ айтдилар .Дуонинг энг яхшиси арафа кунида қилинган дуодир. Мен ва мендан илгари ўтган пайғамбарлар дуода айтган энг яхши сўзлари .Ла илаҳа давоми...

2684 14:00 / 27.06.2023
Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ 1976 йилда вақф вазири бўлган вақтида Лондонга турли дин вакиллари ўртасида суҳбат мавзусида ташкил қилинган давоми...

4777 09:10 / 21.08.2019
Абу Саъиддан ривоят қилинади .Абдуллоҳ ибн Марзуқ Маҳдий билан тўкинсочинликда эди. Бир куни ўйинкулги қилиб, хамр ичиб, пешин, аср ва шом намозларини ўқимади. давоми...

2969 09:00 / 22.10.2020
СаволОдамлар орасида .Агар инсон жума куни вафот этса, тўғридантўғри, саволжавобсиз жаннатга тушади, деган ақийда мавжуд. Шу гап қанчалик ростЖавоб Бисмиллаҳир давоми...

5794 11:06 / 14.02.2020