1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Оила бузилишининг баъзи сабаблари

05:00 / 15.02.2017 6717 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Энди оила бузилишининг баъзи сабаблари ва уларнинг муолажаси ҳақида сўз юритишга ижозат бергайсиз. Албатта, бунда ҳаётимизда бўлиб турган ҳолатлар эътиборидан сўз бориши турган гап. Ҳар биримиз оилаларимизнинг мустаҳкамлиги учун қайғуриш бурчимиз эканлигини англаб етишимиз ва бу борада қўлимиздан келган чора-тадбирларни кўришимиз вазийфамиздир.


1. Оила ва оилавий муносабатлар ҳақида билимнинг етишмаслиги.

Менимча, бу борада биринчи ўринда турадиган омил оилавий ҳаёт, эр-хотин ораларидаги муносабатлар ва оила юритиш бўйича маданиятнинг етишмаслиги бўлса керак. Тўғрисини айтадиган бўлсак, ўсиб келаётган ёшларга, бўлғуси келин ва куёвларга турмуш маданиятини ўргатиш умуман йўлга қўйилмаган.

Яқинда интернетдаги савол-жавоб бўлимига бир мактуб келди. Мактуб соҳибаси ўзининг келин бўлганига икки ой муддат ўтгани, тўйдан кейин куёв билан ўзлари бирга яшаётганлари, орада тинмай жанжал бўлаётгани, нима қилишини билмай, маслаҳат сўраб, бизга мактуб ёзаётганини битган. Бунга ўхшаш ҳолатлар ҳар қадамда учрайди. Минг афсуслар бўлсинким, кўпчилик келин-куёвлар тўйдан кейин ўз хоналарида ёлғиз қолганларида, улар билан бирга оилавий ҳаёт ҳақидаги олинган асосли таълимотлар эмас, кўча-кўйда эшитган узуқ-юлуқ ҳашаки маслаҳатлар қолади. 

Жамиятимизда келин-куёвликка номзод ёшларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини тартиб билан керакли ҳажмда ва савияда йўлга қўйишимиз жуда ҳам зарур. Бу масалада уламоларимиз ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшишлари керак. Бошқа соҳаларнинг мутахассислари ҳам ўз йўналишлари бўйича керакли ҳаракатни қилишлари, чора-тадбирларни кўришлари лозим. Бу борада таълим ва маслаҳатлар тақдим қилувчи ўқув марказлари кўпайса, яна ҳам яхши бўлади.

Албатта, оила, уни қуриш, уни тутиш, оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши кераклиги ва бошқа зарур нарсалар ҳақидаги дийнимиз таълимотларини олдиндан билиб, уларга ихлос билан амал қилиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун, унинг бахт-саодати учун, оиласининг мустаҳкамлиги учун шартдир. Ушбу таълимотлардан бехабарлик эса оилавий нохушликлар ва муаммоларнинг аслидир.

Бир қанча муддат илгари интернетдаги саҳифамизга мактуб келди. Бир бирдодаримиз салом-алик ва миннатдорчилик сўзларидан кейин қуйидагиларни ёзибди. 

«Биз – эр-хотин ажрашишга қарор қилиб, керакли ерларга аризамизни топшириб қўйган эдик. Иттифоқо сизларнинг саҳийфангизни очиб, оила рукнига кўзим тушиб қолди. Ундаги маълумотларни ўрганганимдан кейин ўзимнинг мусулмон эр эмаслигимни тушуниб етдим. Аста-секин ўзимни ўнглашга киришдим. Мендаги ўзгаришларни кўрган аёлим бунинг сабабини сўради. Унга саҳийфани очиб, кўрсатдим. У ҳам оила рукнини ўқиганидан сўнг ўзининг хатоларини тушуниб етди ва ўзини ўнглашга киришди. Ҳозир иккимиз бирга ўтириб, сизларга ташаккурнома ёзмоқдамиз».

Албатта, ҳар бир нарсани тушуниб етиб, билим асосида олиб бориш кўп яхшиликларнинг манбаси бўлади. Оила, эр-хотинлик муносабатлари жуда ҳам нозик нарсалар эканлиги ҳаммага маълум. Шунинг учун бу муносабатларга жиддий қараш ва уларни юқори савияда тутишга ҳаракатда бўлишимиз лозим. Айнан шунинг учун ҳам фарзандларимизни оилавий ҳаётга ёшликларидан ўргатиб боришимиз, бу борада моддий тарафларига эътибор бериб, маънавий тарафларини унутиб қўймаслигимиз зарур.


2. Ароқхўрлик ва гиёҳвандлик.

Бу икки офат бир-бирига боғлиқ, десак, хато қилмаган бўламиз. Кўпинча эр Аллоҳ таоло ҳаром қилган ароқни ичиб, маст бўлади. Маст бўлгандан кейин оилада жанжал кўтаради. Жанжал эса хотинини талоқ қилиш билан ниҳоясига етади. Гуноҳ устига гуноҳ бўлади: оила бузилади, болалар тирик етимга айланадилар...

Ароқхўрликнинг шунга ўхшаш зарарлари кўп бўлганлигидан у дийнимизда ҳаром қилинган.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида марҳамат қилади: «Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир, шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз» (90-оят).

Араб тилида «хамр» сўзи «тўсиш», «беркитиш» маъноларини англатади. Тановул қилган кишининг ақлига таъсир этади¬ган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача қилиб айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсага «хамр» дейилади. 

Бу нарса ҳаромдир. Мусулмон кишилар ундан четда бўлиш¬лари, яқинига йўламасликлари матлуб.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида марҳамат қилади: «Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли орала¬рингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сиз¬ларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлай¬ди. Энди тўхтарсизлар?!» (91-оят).

Бу ояти каримада хамр билан қимор сабабли мусулмонлар орасида ўзаро адоват ва ёмон кўришлик пайдо бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кўп, маълум ва машҳурдир. Бу ҳақийқатларни бутун дунё – мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам, ҳатто ароқхўрлар ҳам яхши биладилар.

Биз у ҳақдаги маълумотларни такрорлаб ўтирмайлик-да, ушбу ояти каримада зикр қилинган зарарини – кишилар ўртасида адоват ва ёмон кўришга сабаб бўлишини эслаб ўтайлик. 

Агар эътибор берадиган бўлсак, қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик келиб чиқади. Ичкилик туфайли оилаларнинг бузилгани қанча, ака-укалар, ота-болалар, дўст-оғайни, қўни-қўшниларнинг бир-бирига душман бўлгани қанча. Ишхона, маҳалла-кўй, тўй-маросим, дам олиш жойлари ва жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва ёмон кўришларнинг ҳисобига етиб бўлмайди. Бас, оилам бузилмасин, деган одам ароқ ичмасин.

Гиёҳвандлик туфайли янги уйланган йигитлар келинга қўшила олмай, оилалари бузилиб кетишининг ўзи катта мусийбат. Гиёҳвандлик оилани барбод қилувчи омиллардан бири эканлиги ҳам сир эмас. Бу нарса ҳам шариатда қатъиян ман қилинган.


Умму Салама розияллоҳу анҳадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бу билан истеъмол қилганда танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлди.

Худди шу ҳадиси шарифдаги айтилаётган «бўшашти¬рувчи»лик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланётган гиёҳвандлик моддаларининг алоҳида васфидир.

Ҳамаср уламоларимиз гиёҳвандлик моддаларини тановул қилиш, экиш, ишлаб чиқариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш – ҳаммаси ҳаром эканлигига иттифоқ қилганлар. 

Улар «Гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган касб ҳаромдир, уларнинг таъсири остида намоз ўқиган одамнинг намози қабул эмас, улардан келган фойда ҳаромдир, уни садақа ҳам қилиб бўлмайди, яхшилик ишларга ҳам ишлатиб бўлмайди», деганлар.

Бас, оилам бузилмасин, болаларим тирик етим бўлмасин, деган одам гиёҳвандликнинг яқинига йўламасин.


3. Ёш оилага ота-оналарнинг аралашуви.

Қадимдан мусулмон халқларда, жумладан, бизнинг халқимизда оиланинг катталари, хусусан, ота-оналар ёш оилаларнинг мустаҳкамлигига гаров бўлиб келганлар. Келин-куёвлар ёшлик қилиб, ўзаро келиша олмай қолсалар, жанжал қилсалар, уларни яраштиришни ўзларининг бурчлари деб билганлар. Ҳар бир ота-она аввало ўз фарзандига насиҳат қилган, қолаверса, кейин келини ёки куёвига насиҳат қилган ва оилаларнинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшган. Баъзи ҳолатларда қаттиқроқ гапириб, дўқ-пўписа ҳам қилганлар.

Ўша пайтларда «Фалончининг қизи уйиги аразлаб келган экан, сенинг уйинг ўша ер, бизникидан кетгансан, яна шундай қилсанг, сендан норози бўламан, деб, қайтариб олиб бориб қўйибди», қабилидаги гаплар тез-тез қулоққа чалинар эди. Шунингдек, «Фалончининг ўғли келини билан уришиб қолган экан, агар келинни яна бир марта хафа қиладиган бўлсанг, ундай қиламан, бундай қиламан, деб, роса ўғлини уршибди», каби гап-сўзлар ҳам тарқалиб турар эди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, икки тарафнинг катталари нима қилиб бўлса ҳам, оиланинг мустаҳкамлигининг қайғусини қилар эдилар.

Ҳозир эса бунинг тескарисининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Тез-тез бу борада ақл бовар қилмайдиган ишларни кўриб, гапларни эшитиб, ёқа ушлаб юрибмиз. 

Куни кеча домлаларимиздан бирлари қуйидаги саволни берди:

«Бир кишининг онаси «Хотинингни талоқ қилмасанг, сени оққ қиламан», деб туриб олган экан, «Талоқ қилдим», дебди. Ота бу бир талоқ бўлишини, ўғли яна келин билан ярашиб олиши мумкинлигини бошқалардан билибди. Келин отасиникига кетганидан кейин она ўғлини олиб, келинникига борибди. Қўшниларни жамлаб, уларнинг гувоҳлигида «Ҳозир уч талоқ қиласан, бўлмаса, оққ қиламан», дебди. У киши ноиложликдан уч «алоқ» қилдим, дебди. Талоқ сўзининг «т»сини айтмай, «алоқ», дебди. Бунинг ҳукми нима бўлади?» 

Худди шунга ўхшаш гаплар ҳар қадамда учрайди. Уларнинг келиб чиқишига ота-оналарнинг инсофсизлиги, уларнинг шариатни билмасликлари, унга амал қилишни хаёлларига ҳам келтирмасликлари сабаб бўлмоқда. Бундай кимсалар боласи ўз жуфти ҳалоли билан саодатли умр кечираётганини етарли ҳисобламайдилар. Улар бир-бирларига эмас, бизга ёқишлари керак, деган фикрда бўладилар.

Ота-оналардан бирининг қизининг қайнонасидан қилган шикоятига қулоқ солайлик. Уларнинг айтишларича, қуда хотин янги келинга «Менга чўри бўлсанггина бу уйда турасан, бўлмаса, жавобингни бериб, ўзимга ёқадиган келин топаман», дер экан. Келинни кечаси ўн иккигача ишлатиб, яна саҳар соат олтида эшик олдида туришини талаб қилар экан. Оқибатда, тўйдан икки ой ўтар-ўтмас, орага талоқ тушибди. Келин ота-онасининг уйига қайтибди. Икки тараф хижолат.

Бировнинг боқиб, тарбиялаб, вояга етказган қизини келин қилишга сўраб борган тараф ўғлига умр йўлдоши топиш ниятида бўладими ёки ўғилнинг ота-онасига чўри сотиб олиш савдосига борадими?! 

Шунчалик ҳам ноинсофлик бўладими?!

Шунчалик ҳам жоҳиллик бўладими?!

Камина ходимингизга оилавий муаммо билан савол сўраб келган шахсларнинг анчагина қисми ўзи жуфти ҳалоли билан яхши муносабатда бўлса ҳам, ота-онасининг зўрлаши сабабли оиласи бузилаётганидан зорланишади. Бунинг устига мазкур оилабузар ота-оналар боласига «Агар оилангни бузиб, жуфтингдан ажрамасанг, сени оққ қиламан, берган оқ сутимга розимасман, сендек болам йўқ», каби таҳдид жумлаларини қалаштириб ташлаган бўладилар.

Бечора фарзанд икки ўт орасида қолган: бир тарафда уни туғиб, катта қилган ота-онаси, бошқа тарафда умид билан бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши. Охири, нажот излаб, диний кўрсатмага бош уришга қарор қилган, Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлиб қолмасликка қасд қилган бўлади.

Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳаққи жуда ҳам улуғ. Бу ҳақийқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъий назар, яхши билади, шу билан бирга, ота-онанинг ҳаққини қўлдан келганича адо этишга ҳаракат қилади.

Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби, ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.

Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақийқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар.

Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муҳаммад Мақдисийнинг «Ал-Одобуш шаръийя» номли китобида бу маънода алоҳида фасл бор. Унда жумладан, қуйидагилар айтилади:

«Фасл: Хотинини талоқ қилишда ота-онага итоат қилиш вожиб бўлмайди. Агар отаси унга хотинини талоқ қилишни амр қилса, ижобат қилмайди. Буни асҳобларимизнинг кўпчилиги зикр қилган». 

Шайх Тақиюддийн онаси хотинини талоқ қилишга амр қилган киши ҳақида «Унинг учун хотинини талоқ қилиш ҳалол бўлмайди. У онасига яхшилик қилаверади. Хотинини талоқ қилиш онасига яхшилик қилишдан эмас», деган.


Муовия ибн ар-Райёндан ривоят қилинади:

«У бир кишининг Атодан савол сўраганини эшитди: у кишининг онаси ва хотини бўлиб, онаси хотинини талоқ қилишидан бошқа ишга рози эмас экан. Шунда у:

«Онаси ҳақида Аллоҳга тақво қилсин ва унга силаи раҳм қилаверсин», деди. 

«Хотинини қўйиб юборадими?» деди. 

«Йўқ», деди Ато. Шунда ҳалиги одам: 

«Онаси шундан бошқага рози бўлмаяпти», деди.

«Уни Аллоҳ рози қилмасин! Хотини қўлида. Талоқ қилса ҳам танглик йўқ, тутиб қолса ҳам танглик йўқ», деди».

Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Демак, бу ердаги гаплар ҳам ушбу бобнинг мазмунидан келиб чиқади. Ота-она Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсани буюрса, қилмаслик керак бўлади. Талоқ худди шундай нарса. Агар талоқ тушса, Роҳманнинг Арши ларзага келади, дейилади. Шунинг учун бу ривоят она боласидан хотинини талоқ қилишни қаттиқ талаб қилса ҳам, унга рухсат йўқлигининг далили сифатида келтирилди. 

Аллоҳнинг амрига, дийннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳаққи жуда улуғ. Бу ҳақийқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъий назар, яхши билади. Шу билан бирга, ота-онанинг ҳаққини қўлдан келганича адо қилишга ҳаракат қилади.

Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби, ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.

Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақийқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар. 


Ҳумайддан ривоят қилинади:

«Ҳасанга:

«Бир кишини онаси хотинини талоқ қилишга амр этди?» дейилди. Шунда Ҳасан:

«Талоқ онага яхшилик қилиш ишларидан эмас», деди».

Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.

Одамлар тарафидан Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳига «Бир одамнинг онаси «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, нима қилади?» дейилган экан. Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳи айтибдиларки, хотинини талоқ қилиш онага яхшилик бўладиган, яъни онанинг хурсандчилиги учун қилинадиган ишлардан эмас. Бу эса, онаси «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, талоқ қилиш керак эмас, онасининг бу талаби нотўғри талаб, ношаръий талаб. Уни қилмаса, боласи гуноҳкор бўлмайди, деганидир.

«Бир киши Имом Аҳмаддан:

«Отам хотинимни талоқ қилишимга буюрмоқда?» деб сўради.

«Уни талоқ қилма!» деди.

«Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга хотинини талоқ қилишга амр қилган эмасми?» деди.

«Отанг Умар розияллоҳу анҳудек бўлганда, сен ҳам қиласан», деди.

Яъни «Отанг Умарга ўхшаб, ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргашмасликни биладиган даражага етмагунча хотинингни талоқ қилмай тур», дейилмоқда. («Мавсуъа Фиқҳийя». 8-жуз, 71-72-бетлар).

Худди шу маънодаги гап қизини мажбурлаб, ажратиб олишга уринадиган ота-оналар ҳақида ҳам айтилади.

Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин ота-оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари лозим.


4. Оиланинг бузилишига сабаб бўладиган омиллардан бири бефарзандликдир.

Бефарзандлик доимо оилаларда кўнгилсизликнинг сабаби бўлиб келган. Чунки бу нарса оила қуриб, эр-хотин бўлиб яшашдан кўзланган бош мақсадга зиддир. Аллоҳ таоло инсон зотига фарзанд муҳаббатини қўшиб яратган. Шу боис оилада яшаб турган эр-хотин фарзанд кўрмасалар, ташвишга тушишлари табиий ҳолатдир.

Аммо баъзи кишиларимиз бу ишда жуда ҳам шошиб кетадилар. Бир ой, ярим ой ўтмай, ташвишни бошлайдилар. Келин-куёвни олиб, дам солдиришга, табибга кўрсатишга югурадилар, икки тараф айб бошқасида эканлигини исбот қилишга ҳаракатни бошлайдилар. Айниқса келин тарафнинг хижолати зиёда бўлади. Албатта, бундай пайтларда шошмаслик, фарзандни аввало Аллоҳ таолодан сўраш лозим. Кейин шошмасдан, мутахассас табиблар билан маслаҳатлашиш керак бўлади.

Баъзи ҳолатларда келин-куёв сабр қилишса ҳам, ота-оналар, қариндошлар уларни тинч қўйишмайди. Куёв тараф келинни туғмасликда, келин тараф куёвни бепуштликда айблашга ошиқадилар. Икки тараф ҳам оилани бузишни таклиф қила бошлайдилар. Бу ҳам тўғри эмас. Аслида ёшлар шошилганда ҳам катталар насиҳат қилиб, уларни тинчитишлари лозим. Бизнинг ҳозирги кунги тажрибамизда ўн тўрт йил ва ундан ҳам кўпроқ вақтдан сўнг фарзанд кўрганларнинг гувоҳи бўлдик, ақийқаларида иштирок этдик. Шунинг учун ҳам бу масалада оилани бузишга шошмаслик лозим.

Ҳомилани сунъий урчитиш масаласи.

Ҳозирги, бефарзандликни даволаш анча тараққий этган бир даврда барча имкониятлардан фойдаланиш керак. Баъзи ҳолатларда табиий равишда ҳомила пайдо бўлишига қобилияти йўқ шахсларни ҳомилани суньий урчитиш билан даволаш ҳам йўлга қўйилган. Кўпчилик бу ишга шариатнинг ҳукми қандай эканлигини сўраб келишади. Бу масалани Ислом Фиқҳи Академиялари ўрганиб, шаръий муносабатларни эълон қилганлар.


РОБИТАТУЛ ОЛАМИЛ ИСЛОМИЙ ҲУЗУРИДАГИ
ИСЛОМ ФИҚҲИЙ АКАДЕМИЯСИ ҚАРОРИ


Учинчи мажлис:

23–30 Робийъус-Соний, 1400 ҳижрий сана.



СУНЪИЙ УРЧИТИШ ҲАҚИДАГИ ҚАРОР


Оилали бўла туриб, ҳомиладор бўлмаётган аёл ва унинг эрининг болага бўлган ҳожати шаръий ғараз деб эътибор қилинади. Улар ўзларини бу маънода даволатишлари мубоҳдир. Жумладан, сунъий урчитиш йўли билан ҳам.

Эрнинг уруғлигини олиб, унинг хотини бачадонига қўйиб, урчитиш шариат бўйича жоиздир.

Эр-хотин икковларидан уруғликларини олиб, найчада урчитиб, сўнгра хотиннинг бачадонига солиб қўйиш ҳам шариат бўйича жоиздир.

Бошқа услуб билан бўладиган сунъий урчитишнинг турлари мумкин эмас.

Шу билан бирга, сунъий урчитишни амалга ошириш жараёнида ислом шариати қоидаларига амал қилиш лозим. Даволанаётган аёлга иложи борича муслима табиба қарасин.


Ҳозирда сунъий урчитишнинг саккиз хил услуби бор. Улардан фақат юқорида зикр қилинган услубгина шариатга тўғри келади. Бунда эр-хотиннинг орасидагина бўлган нарсадан ҳомила урчитилади. Агар учинчи тараф қўшилса, зино ўрнидаги нарсага айланиб қолади. 

Бола асраб олиш масаласи.

Оиладаги бефарзандлик ҳолатини муолажа қилиш ниятида баъзи кишилар бола асраб олишни истайдилар. Аммо бу ўта нозик масала эканлигини унутмаслик керак. Бир одамнинг бегона болани ўз номига ўтказиб олиши, уни «ўз болам» дейиши шариатимизда ҳаромдир. Шунингдек, бировни «отам» дейш ҳам катта гуноҳдир.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким ўзи билиб туриб, отасидан бошқанинг боласиман, деб даъво қилса, унга жаннат ҳаромдир», деганлар.

Чунки Ислом кўзда тутган олти катта мақсаддан бири инсон наслини муҳозафа қилишдир. Шунинг учун ҳам никоҳ, талоқ, идда ва шунга ўхшаш кўпгина ҳукмлар жорий қилинган. Ҳамма нарса инсон наслининг тоза, пок, очиқ-ойдин бўлишига қаратилган. Агар шундай қилинмаса, ҳаром-ҳалол аралашиб, ота боласини, бола отасини, она қизини, қиз онасини, ака синглисини, сингил акасини танимайдиган бўлиб кетади ва инсоният ҳалокатга учрайди. 

Насли бегона бўлган болани ўз наслидан бўлган болалари қаторига қўшиш билан кўпгина ҳаром-хариш ишлар юзага чиқади. Маҳрамлик-номаҳрамлик қоидалари бузилади. Бир кун келиб, ота ўз қизига ёки ака синглисига уйланиб қолиши, мерос масаласида ва бошқа кўпгина масалаларда ўнглаб бўлмас хатолар вужудга келиши мумкин. Шунинг учун ҳам Исломда бу иш ҳаром қилинган.

Аммо бу етим болани, қийинчиликда қолган оиланинг боласини боқиб олиш, тарбия қилиш мумкин эмас, дегани эмас. Аксинча, бундай ниҳоятда савобли ишларни қилиш керак. Лекин бегона болани ўзининг номига ўтказиб олиш эмас, балки у аслида кимнинг фарзанди бўлса, ўшанинг номида қолдириш ҳамда шариат ҳукмига мувофиқ боқиш, тарбиялаш лозим.

Бола асраб олишни истаган оилалар ушбу ҳукмларни яхши ўрганиб олиб, кейин ҳаракат қилишлари керак бўлади. Агар имкони бўлса, асраб олинаётган фарзандни асраб олувчининг имкони бўлса, ўзи, агар имкони бўлмаса, бошқа маҳрам қариндошларидан бири эмизиб қўйса, эмиш орқали маҳрам бўлиб қолади. Шу билан маҳрамликка оид муаммолар ҳал бўлади.


5. Оиланинг бузилишига сабаб бўладиган нарсалардан бири зинодир. 

Оиланинг асосий кушандаси, унинг бузилишига сабаб бўладиган нарсалардан бири эр-хотинларнинг зинога бориш¬ларидир. Бу ниҳоятда ачинарли ҳолат. Никоҳланиш ва оила қуришдан кўзланган бош мақсадлардан бири зинодан сақланишдир. Никоҳланиш, оила қуриш бахтига сазовор бўла туриб, зино қилиш эса катта гуноҳ ва улкан жиноятдир. 

Аввало «Зино ўзи нима ва дунё халқлари унга қандай қараганлар?» деган саволга жавоб берайлик. Барча халқлар тушунчасида зино-бегона эркак билан аёлнинг никоҳсиз жинсий алоқада бўлишидир. Бу иш барча динлар, халқлар, тузумлар, фалсафаларда ор-номуснинг топталиши, уят, ифлослик ва разиллик ҳисобланган. Қадимдан барча халқлар зинони улкан гуноҳ ва катта айб деб ҳисоблаб келмоқдалар. Турли халқлар қонунларида зинокорларга тайин қилинган жазо ҳам турлича бўлган. Улардан баъзиларини эслатиб ўтиш кифоя.

Яҳудийлар «Агар бир эркак диний олимнинг қизи билан зино қилса, осиб ўлдирилади, қиз эса куйдирилади», деган ҳукмни Талмуддан олганлар. 

Ҳиндларнинг Мону исмли машҳур қонунчиси ўз китобларида «Агар бир киши ўз табақасидан юқори табақадаги қиз билан зино қилса, қиз сургун қилинади, эркакнинг эса қўл-оёқлари кесилади, агар қиз браҳманлардан бўлса, куйдирилади», деб ҳукм чиқарган. 

Ғарбда эса император Константин ўз даврида зинокор эркак ва аёлни ўлдириш ҳақида фармон чиқарган. 

Элимиз ўзини халқ сифатида танибдики, зинони улкан гуноҳ, кечирилмас айб деб билган. Чунки Қуръони Каримнинг «Исро» сурасида Аллоҳ таоло мусулмонларга хитоб қилиб айтади: «Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир» (32-оят).

Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар», дейилмоқда. Бу эса, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги, зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим. Чунки:

«Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир».

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни барча фоҳиша ишлар ва ёмон йўллардан қайтарган. Ущбу оятда эса ҳам фоҳиша иш, ҳам ёмон йўл бўлган зинодан қайтармоқда. Мўмин-мусулмонлар бу ишнинг нақадар хатарли эканлигини тушуниб етмоқлари ва ундан қайтмоқлари лозим.

Уламоларимиз зинодан қайтариш ҳақидаги ушбу оятнинг, олдинги – фарзандларни ўлдирмаслик ҳақидаги оятдан кейин ва ноҳақ одам ўлдиришдан қайтарилган оятдан олдин келиши бежиз эмас, деган фикрни олға сурганлар. Чунки зино – ҳалол-пок йўл билан сарфланса, фарзандлар пайдо бўладиган моддани беҳуда, ҳаром йўлда сарф қилишдан иборатдир. Зинокор иложи борича ушбу ҳаром алоқа туфайли бола бўлиб қолмаслигига, мабодо бўлиб қолса ҳам, уни туғилишидан олдин ёки кейин ўлдиришга уринади. Агар зинодан бўлган бола ҳаётга келса ҳам, ҳаромдан бўлганлиги учун жамиятда тирик ўлик бўлиб юради.

Шу билан бирга, зино жамиятга ҳам катта зарарлар келтиради, бора-бора уни ҳалок қилиши мумкин. Қадимдан зинога мубтало бўлган жамият ва давлатларнинг ҳалокатга учраб келаётганлиги сир эмас.

Ҳа, зино насл-насабнинг бузилишига, оилаларнинг парчаланишига, инсоний ахлоқларнинг ёмонлашувига, турли касаллик¬ларнинг тарқалишига, ахлоқсизликка ва бошқа бало-офатларга сабаб бўлади.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қайси қавмда фоҳиша тарқалса, уларнинг орасида унга очиқча амал қилинса, уларнинг ичида ўлат ва ота-боболари билмаган касалликлар чиқади».

Байҳақий ривоят қилган. 


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Банда зино қилаётган пайтида унинг мўминлик ҳоли қолмас», дедилар».

Насаий ва икки Шайх ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдан зино қилиш туфайли банданинг иймонига футур етишини англаб оламиз. 

Зинокорлик гуноҳи кабиралардан бўлиб, бу ишни Аллоҳ таоло қатъиян ман қилгандир. Шунга ҳам қарамай, мазкур гуноҳи азимга қўл урган банданинг иймонига футур етишига шубҳа йўқ. Аммо ўша иймонга футур етишлик даражаси ҳадиси шарифни тушунишга қараб, бир неча хил бўлади. Агар банда мазкур жиноятнинг ҳаромлигини билиб турса ҳам, уни ҳалол санаб қилса, кофир бўлади. Аммо банда ўша ишни бошқа ҳолатда қилса, ўша ишни қилаётган пайтида иймони ундан чиқиб туради. У ишни қилиб бўлганидан кейин афсус-надомат чекиб, тавба қилса, иймони қайтиб киради. Шунинг учун ҳам эр-хотинлардан бири ўз жуфти ҳалолининг зино қилганини билиб қолса, ажрашишни талаб қилади. 

Кўпчилик «Эр ёки хотин зино қилса, талоқ тушадими?» деган саволни берадилар.

Бунга уламолар «Зино билан талоқ тушмайди», деб жавоб берадилар. Чунки шариатда «Ҳаром ҳалолни ҳаром қилмайди», деган қоида бор. Бу албатта, зино қилса бўлаверади, дегани эмас. Зино энг ёмон гуноҳлардан биридир. Мусулмон одам ундан тамоман йироқда бўлиши лозим. Унинг шахсга, жамиятга ва оилага зарарлари чексиздир. У оилаларнинг бузилишига сабаб бўладиган омиллардан биридир.


6. Оилаларнинг бузилишига сабаб бўлаётган омиллардан яна бири эр-хотинларнинг бир-бирлари билан бўлаётган алоқаларида сабр ва бағрикенгликнинг етишмаслигидир.

Табиийки, оилавий ҳаётда турли ҳолатлар содир бўлиб туради, шу жумладан, эр-хотин ўртасида келишмовчиликлар ҳам чиқиши мумкин.

Шошқалоқлик, тез аччиқланиш, талашиб-тортишиш, тирноқ остидан кир ахтариш ва ўзидан бошқаларга ўхшаш ҳаёт кечиришни талаб қилиш каби ишлар хотинга ҳеч қачон обрў келтирмаган, келтирмайди ҳам. Бундай ишлар оилавий ҳаётни бузишга, уни ёруғ дунёдаги жаҳаннамга айлантиришга хизмат қилади, холос. 

Шунинг учун ўрни келганда ғазабни ютиш, ёқмаса ҳам, оилавий ҳаёт ҳурматидан баъзи нарсаларга чидашга одатланиш керак бўлади.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мўмин мўминага ғазаб қилмасин, агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқасини ёқтирур», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Эр хотинининг бирор ёмон хулқидан норози бўлиб, унга ғазабини тўкиб солмасин, ўша пайтда хотинининг яхши фазилатлари ҳам борлигини эсга олсин. Бундай пайтларда аёл киши оқилона йўл тутмоғи лозим. Оқила аёллар тезда ўзини ўнглаб олиб, сулҳга ўтади ва эрига бу борада эсидан чиқмайдиган дарс беради.

У ўз эрига енгил пайтида ҳам, оғир пайтида ҳам яқин киши, дардкаш, маслаҳатчи бўлади. Уни сабр-чидамга даъват қилади, тушкун кунларида кўнглини чўктирмай, доимо олдинга интилишга ундайди. 


Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қай бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишини сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади», дедилар». 

Сунан эгалари ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифда аёлларнинг оилавий ҳаётдаги энг заиф жойларидан бири муолажа қилинмоқда. Минг афсуслар бўлсинки, баъзи аёллар бўлган-бўлмаган нарсага эрларидан талоқ сўраб, «Ундай бўлса, менинг талоғимни беринг», деб туриб оладилар. Эридан беҳудага талоқ қилишини сўраган аёл жаннатга кириш у ёқда турсин, унинг ҳидини ҳам ҳидлай олмас экан. Бу иш мўмина-муслималарга мутлақо тўғри келмайдиган иш ва гуноҳдир.

Баъзи аёллар эрининг хаёлида ҳам йўқ бўлган масалани кўндаланг қилиб қўйиб, туриб оладилар. Ушбу нотўғри иш оқибатида гап кўпайиб, жанжал кучаяди ва иш талоқ билан тугайди. Эр ўзининг хаёлига ҳам келмаган нарса бўлмиш талоққа хотини томонидан мажбур қилинади. Шунинг учун ҳам ҳадисда ушбу ишни қиладиган аёллар учун қаттиқ ва шиддатли жазо борлиги хабар қилинмоқда. Албатта, ҳар бир мўмина-муслима аёл бу ҳадиси шариф маъносини ўзига яхшилаб сингдириб олмоғи лозим. 

Турмушда ҳар хил ҳолатлар бўлиши турган гап. Одам бир хил туравермайди: эркаклар хато қилиши, баъзида зулм қилиб юбориши мумкин. Лекин ўша ҳолатни орага талоқни қўшмасдан ҳам муолажа қилса бўлади-ку! 

Аёллар иложи борича эрларидан талоқни талаб қилмасликлари керак. Шунингдек, эркаклар ҳам ўзларини бу гапни айтишдан сақлашлари лозим.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аёл ndash аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опасинглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. давоми...

4544 05:00 / 04.03.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.Умр йўлдош танлаш давоми...

5309 05:00 / 06.03.2017
Cаодат излаб Инсон зоти борки, бахтли бўлишни истайди. Ҳамма тарафдан яхшилик билан ўралган, ёмонликлардан қўрилган бўлишни истайди. Инсон борки, оиласи гўзал, давоми...

3008 05:00 / 15.02.2017
.Лиъон, сўзи лаънатдан олинган бўлиб лаънатлашиш маъносини англатади. Шариатда эса, хотинини зинода айблаб, гувоҳ келтира олмаган эрнинг ва зинонинг рад этган давоми...

4198 05:00 / 14.02.2017
Аудиолар

135390 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55633 14:35 / 11.08.2021