1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Жуфт танлаш ихтиёри

05:00 / 06.03.2017 5302 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.

Умр йўлдош танлаш ҳар бир йигит-қизнинг умридаги энг ҳаёжонли дамлардир. Чунки ўз номи ила бу танловни “умр йўлдош, ёстиқдош ва бир умрлик жуфт танлаш” деб аташади. Мазкур танлов икки ёшнинг ҳаётида ўта муҳим рол ўйнайди. Зотан, ҳар бир инсон ҳаётининг асосий масъулиятли ва шарафли даври унинг оилали бўлган пайтига тўғри келади. Агар мазкур танловда хатоликка йўл қўйилса, бир умр ғам-ташвиш, асаббузарлик, келишмовчилик ва низоларга маҳкум бўлади. Аксинча, агар хатоликка йўл қўйилмаса ва танлов ҳар тарафлама кўнгилдагидек бўлса, шу оилада бир умр тинчлик-хотиржамлик, қут-барака, ўзаро меҳр-муҳаббат таъминланади.

Шунинг учун ҳам ҳар бир халқ, миллат-элат ва дин вакилларининг бу борада ўзларига яраша урф-одатлари ёки қонун-қоидалари бор. Масалан, баъзи миллатларда “Оила қуриш икки ёшнинг шахсий ишидир. Шунинг учун ҳам уларнинг ўзлари хоҳлаганлари билан истагандек оила қурсинлар. Уларнинг бу борада эркинликлари ва ҳурфикрларига ҳеч ким тўсқинлик қилмасин. Яшайдиган икки ёш бўлганидан кейин ўзларининг оилавий ҳаёт йўлларини ҳам ўзлари танласин”, деб икки ёшга мутлоқ эркинлик топшириб қўйилади. Бошқа миллатларда эса “Катталар, яъни ота-оналарнинг айтгани – айтган, дегани – деган бўлиши керак, ёшлар жуфт танлаш ва оила қуриш нима эканлигини қаердан ҳам билади?! Бу борада уларнинг ҳеч қандай тажрибалари йўқ, уларни ўзига ташлаб қўйсанг, нималар қилмайди. Шунинг учун бизнинг урфимизда фақат ота-оналарнинг айтгани эътиборга олинади”, дейилади.

Албатта, ушбу икки ҳолатнинг ҳам ўзига яраша маъқул ва номаъқул тарафлари бор. Авваллари инсонлар ўта содда ва оддийгина ҳаёт кечирар эдилар. Ҳозирга келиб эса, ҳар тарафлама ҳаёт мураккаблашиб боряпти. Мазкур жараёндан биз мўмин-мусулмонлар ҳам холи эмасмиз. Олдинлари мўмин-мусулмонларнинг ичида жуфт танлаш борасида ҳеч қандай ихтилоф, келишмовчилик ва ота-она билан фарзандлар ўртасида сен-менга бориш бўлмас эди. Аммо ҳозирга келиб, “оммавий маданият”нинг заҳарли шаббодаси ёш мўмин-мусулмонларнинг ҳам кўксиларини тешиб ўтиб, иймоннинг ўрни бўлмиш қалбларига жароҳат етказдирди. Мазкур салбий ҳолатнинг натижаси ўлароқ, мусулмонларнинг оилаларида ҳам жуфт танлаш борасида ҳар хил муаммолар, мунозара ва тортишувлар, ҳаттоки мутахассислар иштирокида муҳокамалар ҳам бўлиб турибди. Биз эса бу борада доимгидек динимиз кўрсатмаларига амал қилишга даъват этамиз. Чунки динимиз ҳеч қачон бир тарафлама ёки қайсидир шахсларнинг манфаатларини кўзлабгина ҳукм жорий қилмайди. Балки бу борадаги илоҳий таълимотларга эътибор берадиган бўлсак, нафақат ота-онанинг, балки оила қураётган ёшларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинмаган ҳолатда мўътадил ва ҳар тарафлама манфаат келтирадиган ҳукмларни жорий қилганлигига гувоҳ бўламиз. 

Демак, шариатимизда жуфт танлашдаги асосий мезон ота-оналарнинг розичилигини олиб, уларнинг дуоларига сазовор бўладиган ишни қилиш ва шу билан бирга ёшларнинг фикру танловларини ҳам эътибордан четда қолдирмасдан уларга-да ихтиёр қилиш ҳуқуқини беришдир. Бунда ота-оналар ва иш бошиларнинг ҳаётий тажрибалари, оилага тегишли бўлган малакалари эътиборидан ўғил ёки қизларига номзодларни таклиф қилиш, улар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш, ҳар тарафлама нима учун мазкур номзод танланганлиги тўғрисидаги фикрларни уларга баён этиш керак. Ёшлар эса улар тарафидан тақдим этилган номзодлар билан шариат кўрсатмаларига мувофиқ бир марта учрашиб, сўнгра ўз фикрларини изҳор этишлари даркор.

Бу борада ёшлар ўзларича кўча-куйдан ёки яна қаердандир ўзларининг шаҳвоний ҳирсларига берилиб, қандайдир ўткинчи орзу-ҳаваслар оғушида танлаган кишисини ота-онаси олдига етаклаб келиб ёхуд уларнинг номзодини кўрсатиб, шулардан бошқа билан зинҳор оила қурмайман, дейиши мутлақо мумкин эмас. Чунки бунда ота-оналарнинг неча йиллар давомида қилган меҳнатлари, ўз фарзандига кўрсатган меҳр-оқибати, чеккан заҳматлари оёқости бўлади. Ота-онани норози қилиб оила қурганларнинг оқибати қандай бўлиши эса ҳаммамизга маълум. Лекин шу билан бирга ҳар доим ҳам ота-онанинг бу борадаги танловлари тўғри ва ҳақ бўлади, деб ҳам айтиб бўлмайди.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ! Бизнинг бир етим қизимизга икки киши — бир бой ва бир камбағал совчилик қилди. У камбағални истаяпти, биз бойни хоҳлаяпмиз», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Севишганлар учун никоҳга ўхшагани кўрилмаган», дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).

Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етим қизнинг кўнглига қанчалик эътибор берганларига қаранг. Ким бўлишидан қатъий назар, инсоннинг кўнгли бор. Унинг риоясини қилиш керак. Қолаверса, мазкур ҳадиси шарифга кўра, баъзи ота-оналар совчиларнинг бой ёки камбағал эканликларига асосий эътиборларини қаратишлари ҳам мумкин экан. Ота-оналар ҳам инсон. Фарзандим бой-бадавлат хонадонга келин бўлсин, деган орзу-ҳавасга асосий эътиборини қаратиб, унинг иллатларидан кўз юмиб юбориши ҳам мумкин. Шунинг учун бундай пайтларда ёшларнинг танловларига-да эътибор қаратиш фойдадан холи бўлмайди.

«Бир бокира қиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, отаси уни ёқтирмаса ҳам, эрга берганини зикр қилди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни унинг ўзига бердилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоят қилганлар).

Демак, саодат асри даврида ҳам баъзи ота-оналар ўз қизларини ҳеч қандай хоҳиш ва истаги билан ҳисоблашмасдан, мажбурлаган ҳолда турмушга бериш ҳолати кузатилган экан. Аммо ўша даврда барча ноўрин ишларнинг тўғри ечимини баён этгувчи зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан хабар топишлари биланоқ уни ислоҳ қилиб, қизнинг ихтиёрини ўзига берган эканлар. 

Бошқа бир ҳадиси шарифларида эса мазкур маънолар тўғрисидаги шаръий қоидани ҳам баён этганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маслаҳат сўралмагунча жувон никоҳланмас. Изн олинмагунча бокира никоҳланмас», дедилар. «Эй Аллоҳнинг расули, унинг изни қандай бўлади?» дейишди. «Сукут сақламоғи», дедилар» (Бешовлари ривоят қилишган).

Бошқа бир ривоятда: «Жувон ўз нафсига валийсидан ҳақлироқдир. Бокирадан эса изн сўралади. Унинг изни – сукутидир», дейилган.

«Унинг изни – сукутидир»дан мақсад совчилар келганида улар кимнинг номидан келганлиги тўғрисидаги маълумотни ўз қизига тўлиқлигича баён этганидан сўнг қиз тарафидан бўладиган сукутдир. Қизлар ўта ҳаёли, иффатли ва уятчан бўлганликлари сабабли ўз истакларини ошкора баён эта олмайдилар. Лекин ақд-никоҳ ўқилаётган пайтда келиннинг сукути эътиборга олинмайди. Балки рози эканлигини очиқ-ойдин изҳор қилиши шарт қилинади. Чунки унинг лафзини куёв ва икки гувоҳ эшитиши шарт.

Бу маълумотларни билган ёшлар ўзларидан кетиб қолмасликлари керак. Яъни ота-оналарининг танловлари, номзодларни тақдим қилишлари, дуо ва розичиликлари ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслиги зарур. Мазкур маъноларни қуйидаги ҳадиси шарифдан билиб оламиз.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси аёл ўз валийларининг изнисиз никоҳланса, бас, никоҳи ботилдир», деб уч марта айтдилар».

Баъзи мазҳаб уламолари ушбу ҳадиси шарифни далил қилиб, валийнинг изнисиз никоҳ ботилдир, дейдилар. Аммо Ҳанафий мазҳабида валийнинг изни никоҳнинг фазилатли, барокатли ва хайрли бўлиши учун лозимдир, лекин никоҳнинг дуруст бўлиши учун шарт эмас, дейилади.

Демак, ҳар бир оила қураётган ёш ўз оиласидан барака топиб, хайрли ҳаёт кечиришни истаса, албатта, ота-онасининг изни ва дуоси ила оила қуриши шартдир.

 

Хулоса

 

Шариат ёш йигит-қизларга умр йўлдош танлаш ҳуқуқини бериш билан бирга бу нозик ишда уларга меҳрибон бўлганлари, ҳаётий тажрибалари мавжудлиги учун ота-она ва уларнинг ўрнини босувчи иш боши билан маслаҳатлашиб иш тутишни тавсия қилади. Шундай экан, ёшлар ўз ҳавои нафсларига берилмай, шариат таълимотлари асосида иш тутсалар, мақсадга мувофиқ бўлади. Акс ҳолда ғарб маданиятига кўр-кўрона тақлид қилаётган баъзи ёшларга ўхшаб: “Яшайдиган менман, демак, жуфтимни ҳам ўзим танлайман, сизларнинг даврларинг ўтган, эскича ўйлайсизлар, сизнинг дунёқарашингиз билан меники умуман тўғри келмайди. Шундай экан, сизлар танлаган жуфт ҳам менга тўғри келмайди. Ўзимнинг ақлим, фаросатим бор. Қолаверса, менинг шахсий ҳаётимга аралашманглар. Мен ўзим синаб, бир неча йиллар давомида бирга бўлган кишим билан бирга оила қураман. Сизларга ўхшаб кўр-кўрона, кимга никоҳлаб қўйса, ўша билан яшаб кетавермайман”, демасдан ота-оналарга “Майли, сизларнинг айтганларингиз бўла қолсин. Бирор номзодни кўрсатсаларингиз, мен ҳам шариатга мувофиқ бир кўрай, агар маъқул келса, рози бўламан. Мабодо, маъқул келмаса, хафа бўлмайсизлар. Яна бошқа номзодларни кўрсатсаларинг, ўшалардан бирортасини танлайман. Лекин мен ўзим кўчадан етаклаб келадиган ва ота-онасига мана шу билан оила қураман, дейдиган фарзанд эмасман. Чунки менга бунақа тарбия бермагансизлар, қолаверса, менинг бу борада ҳеч қандай тажрибам йўқ. Сизларнинг тажрибаларингиз ва дуоларингизга суянаман”, деб айтса, албатта, умридан барака топиб, оилавий бахт-саодатга эришади. Акс ҳолда ўзим истаганимга уйланаман, деб йиллар давомида бир-бирининг пинжига кириб, гўёки дунёда уларчалик бир-бирларини яхши ўрганган жуфтлик йўқдек тасаввур қиладилар-да, оила қурганларидан кейин эса бир неча кунга бормасдан ажрашадилар. Чунки бундай оила қурилишига иймон-эътиқодли ота-оналар ҳеч қачон рози бўлмайдилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг жуфт танлашдаги ишларимизга муваффақият бериб, оила қурганларга оилавий бахт-саодат, оила қурмаган ёшларимизга эса бахтиёр оила қуришларини насиб айласин. 

 

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,

«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади .Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панднасиҳат қилинглар, сўнг яъни, насиҳатларинг кор қилмаса, уларни ётоқларда давоми...

52434 05:00 / 14.02.2017
Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд васалавотларимиз бўлсинСўнги даврларда дунёдаги оламийлашув натижасида давоми...

23186 05:00 / 15.02.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймОламлар роббиси, шариъат, ҳукм ва намозни адо қилиш амрини қилган ягона Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Махлуқотларининг энг давоми...

3992 05:00 / 15.02.2017
Ато ибн Абу Робаҳдан ривоят қилинади.Абу Ҳурайранинг Байтни тавоф қилиб юриб, .Фақат аҳли аёлдан ортганини садақа қилиш бор, деб нидо қилаётганини кўрдим,.Шарҳ Ато давоми...

3146 05:00 / 14.02.2017
Аудиолар

135084 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55361 14:35 / 11.08.2021