1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Маъсят бўлмаса, ота-онасига яхшилик қилаверади

05:00 / 14.02.2017 3683 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тўққиз нарсани васият қилдилар: Аллоҳга ширк келтирма, агар қийма-қийма қилиб ташлансанг ҳам, ўтга солиб ёқилсанг ҳам. Фарз намозни қасддан тарк қилма. Ким фарз намозни қасддан тарк қилса, унда Аллоҳнинг зиммаси қолмайди. Хамр (ароқ) ичма, чунки хамр барча ёмонликларнинг калитидир. Ота-онангга итоат қил. Агар улар сенинг бу дунёдан чиқиб кетишингга сабаб бўлса ҳам, улар учун чиқ. Ишбошилар билан мансаб талашма, агар ўша мансабнинг эгаси сен эканлигингга тўла ишончинг комил бўлса ҳам. Душман билан тўқнашилганда орқангга қараб қочма. Агар ҳалок бўлсанг ҳам, шерикларинг қочиб кетса ҳам. Топганингдан аҳлингга инфоқ қил. Асоингни аҳлинг бошига кўтарма.

Шарҳ: Мана бу ҳадиси шарифда ҳозирги кунимизда жуда ҳам керак нарсалар зикр қилинган. Буларнинг ҳаммасига эътибор беришимиз керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Дардо розияллоҳу анҳуга қилган васиятлари барчамиз учун қилинган васиятлдардир. Келинг, ушбу муборак васиятларга бир назар ташлаб чиқайлик.

1. «Аллоҳга ширк келтирма, агар қийма-қийма қилиб ташлансанг ҳам, ўтга солиб ёқилсанг ҳам».
Дунёда Аллоҳга ширк келтиришдан катта гуноҳ йўқлиги ҳаммамизга маълум. Шунинг учун мўмин-мусулмон банда ширкка яқинлашиши зинҳор ва зинҳор мумкин эмас. Албатта, қиймалаб ташланса ҳам, ўтга солиб ёқилса ҳам келтириб бўлмайдиган ширк қалб ила бўладиган ширкдир. Қалбида иймон собит бўла туриб, ўлимдан қутилиш учун тилида ширк келтиришга Аллоҳ таолонинг Ўзи рухсат берган. У зот «Наҳл» сурасида айтади:
2. «Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно, ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор».
Мушриклар саҳобалардан Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва у кишининг оталари Ёсир розияллоҳу анҳу ҳамда оналари Сумаййа розияллоҳу анҳоларни ҳам тутиб келиб, диндан қайтариш учун қаттиқ азобладилар. Улар азобларга чидам билан сабр қилиб, иймонларидан қайтишга кўнмадилар. Сумаййа розияллоҳу анҳонинг икки оёқларини қозиққа боғлаб, аврат жойларига найза санчдилар. Сўнгра мушриклар Амморнинг отаси Ёсирни розияллоҳу анҳу ҳам ўлдирдилар.
Бу икки улуғ инсон–эру хотин Ислом йўлида, иймон учун биринчи шаҳидлар бўлиш шарафига эришдилар. Амморнинг кўз ўнгида ҳам онасини, ҳам отасини ўлдирган мушриклар уни ҳам ўлдиришга қасд қилганларида унинг оғзидан кофирларни рози этадиган гап чиқди.
Шунда мушриклар уни ўлдирмадилар. Одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аммор муртад бўлди», дедилар.
Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Йўқ! Аммор бошидан товонигача иймонга тўлиқдир. Иймон унинг этига ҳам, қонига ҳам сингиб кетгандир», дедилар. Сўнг ушбу оят нозил бўлди.

3. «Фарз намозни қасддан тарк қилма. Ким фарз намозни қасддан тарк қилса, унда Аллоҳнинг зиммаси қолмайди».
Зотан, намоз диннинг устунидир. Намоз, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади.
У банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари жуда кўпдир.
Аввало намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир.
Унда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, У зотга муножот қилади, барча дардларини тўкиб солиб, руҳий, маънавий лаззат олади.
Бу дунёда ҳаёт кечираётган одамнинг ўзига яраша дарди ҳасратлари бўлади. Уларни бошқа одамларга айтса, ёрдам олса бўлмаслиги мумкин, қолаверса, улар сирини бошқаларга фош қилиб, дард устига чипқон бўлишади. Дард ҳасратни Аллоҳ таолога айтилганда эса, Аллоҳ ёрдам беради ва сирни фош қилмайди. Энг ози банда дардини тўкиб солиб ҳузур қилади.
Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.
Иккинчидан намоз ютуқлар ва нажот йўлидир.
Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўлидир.
Намоз доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.
Намоз намозхонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди. Фақат Аллоҳдангина иззат талаб қилишга ўргатади.
Намоз инсонни бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади.
Намоз ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат касб этади.
Намоз ўқийдиган одам, ғафлат уйқусидан қутилиб ушбу ҳаётдаги ўз масъулиятини сидқидилдан адо этадиган бўлади.
Намоз кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.
Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли, сабр каби кўплаб шахсий сифатларга эга бўлади.
Намоз ўз эгасини юксак инсоний фазийлатларга, эга бўлишига, турли разийлатлардан холи бўлишга олиб боради.
Учинчидан, намознинг намозхонлар жамиятига келтирадиган фойдалари ҳам жуда кўпдир.
Маълумки, намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзалдир.
Жамоат билан намоз ўқиш намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди. Куч жамоатда эканини англатади. Ижтимоий боғланиш, ҳамкорликни кучайтиради.
Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган муҳим омилдир. Намозда ким бўлишидан қатъий назар, бир жойда, бир сафда туради, бир хил амални бажаради ва бир Аллоҳга банда эканликлари изҳор қилинади.
Жамоат намози мусулмонларнинг сафлари бир, гап сўзлари бир эканини кўрсатади.
Намозда жамоат шаклида имомга бўйсиниш, бир мақсадга йўналиш кўринишлари номаён бўлади.
Жамоат намози орқали мусулмонлар бир бирлари билан танишиб, унсу улфат ортдирадилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга одатланадилар. Улар жамоат намози туфайли бир-бирларининг ҳолларидан хабар оладилар. Ичларида бемор, мазлум, ҳожандмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар.
Жамоат намозида қатнашувчилар бир-бирларига ёрдам бериш билан бирга хатоларини ҳам тузатадилар ва бошқа кўплаб ўз жамиятлари учун керакли ишларни амалга оширадилар.
Намоз мусулмон кишини ғайримусулмондан ажратиб турувчи асосий белгидир. Шунинг учун ҳам намозхон одамни ҳамма ҳурмат қилади, унга ишонади, ундан хотирижам бўлади.
Тўртинчидан, намоз поклик рамзидир.
Намозхон одамнинг энг аввало қалби пок бўлади. Қолаверса бадани, кийим-боши ва макони пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда кофирга ҳам сир бўлмай қолди.
Намоз ибодатларнинг онасидир.
Шунинг учун ҳам фарз намозни ҳеч қачон қасддан тарк қилиб бўлмайди.

4. «Ҳамр (ароқ) ичма, чунки хамр барча ёмонликларнинг калитидир». 
Ароқ ичишни ўзига раво кўрган одам бошқа барча ёмонликларни ҳам тап тортмай қилаверадиган бўлади. Бу ҳақийқатни қуйидаги ривоятдан тўлиқ тушуниб олишимиз мумкин.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Хамрдан четда бўлинглар! Чунки, у ифлосликларнинг онасидир. Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди. Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди. У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради. Эркак у(қиз) билан юриб кетди. У қайси бир эшикдан кирса қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди. Охири бир гўзал аёл ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди. Аёл:
«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди. Эркак:
«Менга манави хамрдар бир қадаҳ ичир», деди.
Аёл унга ичирди. Эркак:
«Менга яна зиёда беринглар», деди.
Ўша ернинг ўзида у(аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди.
Бас, хамрдан узоқда бўлинглар! Аллоҳга қасамки, албатта, у абадул обод иймон билан жам бўла олмас. Агар иккиси жамланиб қолсалар ҳам бири иккинчисини чиқариб юборур», деди».
Бошқа бир ривоятда: «Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни срурункали ичувчи ҳам кирмас», дейилган. Иккисини Насаий ривоят қилган.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қилинган биринчи ривоятда у киши хамрдан огоҳлантирувчи ажойиб гапларига ўтган умматларда бўлиб ўтган ибратли бир қиссани ҳам келтирмоқдалар.
«Хамрдан четда бўлинглар! Чунки, у ифлосликларнинг онасидир».
Ҳа, хамр бор жойда исфлосликнинг барча тури ҳам бўлади. Она асл бўлиб ундан ҳамма болалар туғилганидек, хамр ҳам ифлосликларнинг онаси бўлиб ундан барча ифлосликлар келиб чиқади. Бунга оддийгина бир мисол келтирилса, тушуниш осон бўлади.
«Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди».
У ўз ибодати, тақвоси, ҳаром-харишдан узоқлиги билан шуҳрат топган эди.
«Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди».
Одатда ифлос хулқли аёллар ҳалол-пок эркакларни йўлдан уришни ўзига мақсад қилиб олган бўлади. Чунки ўзларига ўхшаш ифлос эркаклар уларга шерик бўлгани учун эътиборларида бўлмайди. Ҳалол-пок, тўғри эркакларни йўлдан уриш учун пасткаш аёллар ҳар-хил ҳийла-найрангларни ишга соладилар.
«У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради».
Бузуқ аёл тақводор кишининг олдига ўзи бормай хизматчи чўри қизини юборди ва мазкур кишидан савобли бир иш қилишни, гувоҳликка ўтишни илтимос қилди. Унинг бундоқ иш тутишидан ниҳоятда пихини ёрган маккора аёл экани кўриниб турибди.
Агар ўзи ҳалиги кишининг олдига борса, юриш-туриши, гап-сўзи ва бошқа омиллардан кимлиги фош бўлиб, тақводор эркак ундан ўзини олиб қочиши мумкин.
Чўри қизни юборганда эса аёлнинг кимлиги сир қолади. Бунинг устига чўриси бор аёл обрў-эътиборли, шарафли ва кўчага чиқиши эп кўрилмайдиган мастура аёл бўлса керак, деб ўйлайди одам.
Гувоҳликка ўтишни сўраш ҳам савоб учун ҳар нарсага таёр турган тақводор инсонни ишонтиришнинг осон йўли. Бузуқ аёлнинг ҳийласи иш берди.
«Эркак у(қиз) билан юриб кетди. У қайси бир эшикдан кирса қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди».
Гувоҳликка ўтиб савобли иш қиламан деган умидда тақводор эркак бузуқ аёлнинг чўри қизига эргашиб унинг уйи томон йўл олди. Уйга етиб борганларидан кейин ичкарига кира бошладилар.
Ичкарида хоналар, хоналарда эшиклар кўп экан. Тақводор эркак ҳар бир эшикдан ўтганидан сўнг чўри қиз ҳалиги эшикни маҳкамлаб, қайта очилмайдиган қилиб беркитиб борди. У бу билан ўз ойимининг амрини бажарар, тақводор эркакни уйдан қайта чиқиб кета олмайдиган чорасини кўрар эди.
«Охири бир гўзал аёл ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди».
Гувоҳликка ўтиб савоб касб қиламан деган ниятда чўри қизга эргашиб келган содда тақводор юриб-юриб, кема-кет эшиклардан ўтиб-ўтиб ўзига оро бериб кўрган кишининг кўзини қамаштирадиган сувратга кириб олган гўзал аёлнинг олдидан чиқди. Аёл ёлғиз ўзи эмасди. Унинг ёнида бир ёш қул-ғулом турарди. Нарироқда эса, бир идишда хамр ҳам қўйилган эди. Тақводор киши ҳайрон қолиб турган эди. Маккора аёл гапни чўзиб, имо-ишорали сўзлар танлаб ўтирмасдан бирданига асл мақсадини айтиб қўяқолди. Аёл:
«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёхуд манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди».
Бузуқ аёл аввал тақводор кишига уни алдагини ҳақида хабар берди.
«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ», деди. Унга ўхшаш устаси фаранглар кези келганда қасам ичишни ҳам жойига қўйиб қўйишади. Шу билан бирга ёлғон тўқиганини ҳам тан олишади. Ушбу бузуқ аёл ҳам шундоқ қилди. Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб ул кишини алдаганини юзига очиқ айтди. Сўнгра асосий мақсадга ўтди.
«Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди».
Маккора аёл ушбу гуноҳларни тақводор кишига тақдим қилишда ҳам ўта нозик жойларигача ҳисобга олиб усталик билан гапирди.
Биринчи ўринга ўзининг асосий мақсадини, шаҳватини қондириш ишини қўйди. Мабодо хўп деб қолса, ҳеч қандай оворагарчиликсиз мақсад ҳосил бўлади, деб ўйлади.
Иккинчи ўринга бир қадаҳ хамр ичишни қўйди. У идишдаги ҳамма хамрни ичасан демади. Унда тақводор киши маст бўлиб қолиб бошқа ишларни ҳам қилиб қўйишдан қўрқиб айниб қолиши мумкин. Фқатгина бир қадаҳ ичасан дейилганда эса, эркак назар-писанд қилмаслиги мумкин.
Учинчи ўринга оғир ишни, ғуломни ўлдиришни қўйди маккор аёл.
У тақводор кишини қийин ҳолга қўйди. Ушбу уч ишдан бирини қилишга мажбурсан, бошқа иложинг йўқ, дегандек қилди.
Тақводор киши ўйланиб қолди. Қочиб кетай деса, барча эшиклар маҳкам беркитилганини ўз кўзи билан кўриб келди. Қочишнинг умуман иложи йўқ. Қаршилик кўрсатиш имкони ҳам йўқ. Бировнинг уйида хилват жойда, уй эгасининг қул ва чўрилари орасида турибди. Зино қилай деса, катта гуноҳ қилган бўлади. Ғуломни ўлдирай деса, бегуноҳ бир жонни беҳудадан-беҳуда ўлдириш ҳеч мумкин эмас. Осони, бировга зарар етмайдигани бир қадаҳ хамрни ичиш. Мажбурликдан бир қадаҳ хамрни ичса ичибди-да. Кейин тавба қилса кечирилиб кетар. Ушбу фикрларни хаёлидан ўтказиб бўлиб:
«Менга манави хамрдар бир қадаҳ ичир», деди».
У ўзича масаланинг ҳал қилишнинг энг тўғри йўлини топгандек бўлди. Бир қадаҳ хамрни ичадида қутилади. Аёл худди мана шу гапни кути турган эди.
«Аёл унга ичирди».
Ўзи айтганидек, бир қадаҳгина хамр ичирди. Ўша ичилган бир қадаҳ хамр эркакнинг ичига киргандан кейин унга ўз тасирини ўтказа бошлади. Бир қадаҳ ичганидан кейин яна ичгиси келиб қолди. Эркак:
«Менга яна зиёда беринглар», деди».
Энди бузуқ аёлнинг ўзига эмас, ўша ерда турганларнинг ҳаммасига хитоб қила бошлади. Хамрдан кўпроқ ичиш пайига тушиб қолди. У хамрни ичиб-ичиб ўзини билмайдиган даражада маст бўлиб қолди.
«Ўша ернинг ўзида у(аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди».
Мастликда билмай мазкура бузуқ аёл билан зино ҳам қилди. Ҳаддидан ошиб, мастликда қутуриб кетиб ғуломни ҳам ўлдирди. Ифлосликларнинг онаси бўлмиш хамрга яқин бўлгани учун ифлосликларнинг ҳаммасини қилди. Ҳа, биродарлар!
«Бас, хамрдан узоқда бўлинглар!»
Ким унга яқинлашса ислофликларнинг онасига, конига, уясига яқинлашган бўлади. Натижада, кўп нарсалардан, ҳаттоки, инсон учун энг азиз нарса бўлга иймондан ҳам ажраб қолиши мумкин.
«Аллоҳга қасамки, албатта, у абадул обод иймон билан жам бўла олмас».
Хамр бор жойда иймон бўлмас, иймон бор жойда хамр бўлмас. Бу икки нарса бир-бирига мутлақо зид нарсалардир.
«Агар иккиси жамланиб қолсалар ҳам бири иккинчисини чиқариб юборур».
Шунинг учун ҳам Аҳли сунна ва жамоа ақидавий мазҳабида, хамр ичувчи хамр ичганида иймони ташқарига чиқиб туради, дейилади.
Хамрнинг ёмонлиги ҳақида бундан ортиқ, бундан тасирли огоҳлантириш бўлмаса керак. Аллоҳ таоло хамрга мубтало бўлган бандаларга инсоф берсин, уларнинг ифлосликларнинг онаси чангалидан қутқаришга Ўзи ёрдам берсин.
Энди ижозатингиз ила иккинчи ривоят ҳақида ҳам икки оғиз шарҳ сўзлари гапириб ўтайлик.
Бошқа бир ривоятда: «Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни срурункали ичувчи ҳам кирмас», дейилган».
Ушбу ривоятда жаннатга кирмайдиганлар, яъни, дўзахга кирадиганлардан уч тоифаси ҳақида сўз кетмоқда.
1. Миннатчи.
Ўзиннг қилган яхшиликларини миннат қиладиган кишилар Қуръони Каримда ҳам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам кўпдан-кўп танқидларга учраганлар, уларга турли аламли азоблар ваъда қилинган. Бу ҳадиси шарифда эса улар жаннатга кирмасликлари таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло:
«Садақаларингизни миннат ва озор ила ботил қилманг»-деган.
Миннат қилиш ҳаромдир. Фақат ота ўз боласига, устоз ўз шогирдига ва эр ўз хотинига миннат қилса, уларнинг ҳақлари улуғлигидан жоиз ҳисобланади.
2. Оқ қилинган. 
Ота-онасига оқ бўлишлик қанчалик оғир гуноҳ эканини гапириб ўтимаса ҳам бўлади. Оқ бўлишлик туфайли жаннатга кириш мумкин бўлмай қолишининг ўзи бу ишнинг нима эканини ояиқ кўрсатиб турибди.
3. Хамрни срурункали ичувчи.
Демак, хамрни сурункали ичиш ҳам миннатчи ва ота-онасига оқ бўлганинг гуноҳи билан баробар экан. Шунинг учун ҳам уларга қўшилиб дўзахга кирар экан. Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.

5. Ота-онангга итоат қил. Агар улар сенинг бу дунёдан чиқиб кетишингга сабаб бўлса ҳам, улар учун чиқ. 
Ота-онага итоат қилишга катта эътибор беришимиз лозим. Модомики, маъсият эмас экан, яъни, Аллоҳга гуноҳ бўладиган нарса бўлмаса, ҳаммасида ота-онага итоат қилишимиз керак.
Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишга амр қилсалар, узр айтилади. Ўтган сафар ҳам айтдик, мисол учун ароқ олиб кел деса, фалон гуноҳ ишни қил, ҳаромдан мол топ ёки шунга ўхшаган нарсаларни айтса, унда узр айтилади.
Узр, бу ҳаром, Аллоҳга гуноҳкор бўлиб қоламан, мен учун жоиз эмас, сизларни ҳурмат қиламан, лекин бу тарафдан узрни қабул қиласизлар, деган маънода айтилади.

6. Ишбошилар билан мансаб талашма, агар ўша мансабнинг эгаси сен эканлигингга тўла ишончинг комил бўлса ҳам. 
Ҳамма айнан манасаб талашиш кўпгина ёмонлик ва душманликларга сабаб бўлишини яхши билади. Аввало нолойиқ шахсни мансабдор бўлишига йўл қўйилмайди. Аммо мансбдор бўлганидан кейин у билан мансаб талашилмайди.

7. Душман билан тўқнашилганда орқангга қараб қочма. Агар ҳалок бўлсанг ҳам, шерикларинг қочиб кетса ҳам. 
Ватан ҳимояси ва халқ омонлиги йўлида душманга қарши курашда сафни ташлаб қочиш катта гуноҳ ҳисобланади. Бу гуноҳдан ҳам ҳазир бўлиш лозим.

8. Топганингдан аҳлингга инфоқ қил.
Зотан, аҳли аёлнинг нафақаси мўмин-мусулмон эр учун вожибдир. Нафақанинг эрга вожиб бўлиши қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит бўлган.

Қуръондан далил.
Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида: «Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур», деган (7-оят).
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
«Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», деган (233-оят).
Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида:
«У(аёл)ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг», (6-оят).

Суннатдан далил.
Имом Муслим, Абу Довуд ва Моликлар видолашув ҳажи ҳадисида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор».
Муовия ал-Қурайший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй, Аллоҳнинг Расули, бизнинг биримизда хотинининг нима ҳақи бор?» дедим.
«Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзга урмайсан. Қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», дедилар у зот». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳинд бинти Утба: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Магар унга билдирмай олсамгина бўлур», деди.
«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот. Икки Шайх ривоят қилишган.
Барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб бўлишига иттифоқ қилганлар.
Ақлга солиб кўрилганда ҳам аёл киши эрнинг хизматларини қилгандан кейин, унинг измида бўлганда кейин, албатта, унинг нафақаси эрга вожиб бўлади.
Унинг миқдори иккисининг ҳолига қараб бўлади. Иккиси бой бўлса, бойники, камбағал бўлса, камбағалники бўлади. Эр бой, хотин камбағал ёки аксинча бўлса, икки ҳолнинг ўртасида бўлади. Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам.
Эрга хотини учун вожиб нафақалар беш қисмдир:
1. Таом.
Буни озиқ-овқат, ичимлик ва овқатга қўшиб ейиладиган нарсалар (сирка, ёғ ва шунга ўхшаш) ҳамда овқат пишириш учун кетадиган барча нарсалар киради. Таомнинг миқдори етарли бўлиши керак, мазкур миқдор эрнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади.
2. Кийим.
Етарли даражада, бир сидра кийим бош доимо бўлиши керак. Ҳанафий ва Шофеъий мазҳабларида ҳар олти ойда бир сидра янги кийим олиб берилади, дейилган.
3. Маскан.
Эр ўз хотинини маскан билан таъминлаши вожиб. Маскан эрнинг молявий имконияти савиясида бўлади. Шу билан бирга маскан тўлиқ жиҳозланган бўлиши шарт. Унда яшаш учун керакли ҳар бир нарса бўлиши лозим.
4. Агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, хизматкор солиб бериш ҳам унинг нафақасига киради.
5. Тозалик асбоб-анжомлари ва уйнинг керакли матоҳлари.

Агар эр моли бўла туриб нафақа бермаса, қози уни қамашга ҳукм чиқаради. Хотин талаб қилса, бошқа мулклари сотилиб, унинг нафақаси берилади. Эр ноиложликдан нафақа бера олмаса қамалмайди.

9. «Асоингни аҳлинг бошига кўтарма».
Яъни уларни калтаклама, аҳли аёлингни урма, уларнинг ҳаққида Аллоҳдан қўрқ. Уларни қаровсиз, эътиборсиз қўйма, хорлама ва ноҳақ урма, сўкма, ва ҳоказо.
Уламолар бу маънода кишининг аҳли деганда хотини, болалари ва хизматчилари англанади, деганлар.
Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра ал-Қушайрий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Пайғамбар алайҳиссалом: «Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» деганлар.
Бунга ўхшаш ҳадислар кўп.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳга ширк келтириш мутлақо мумкин эмаслиги.
2. Фарз намозни қасддан тарк қилиш мутлақо мумкин эмаслиги. Ким фарз намозни қасддан тарк қилса, унда Аллоҳнинг зиммаси қолмаслиги.
3. Ароқ (хамр) ичиш мутлақо мумкин эмаслиги.
4. Ароқ (хамр( барча ёмонликларнинг калити эканлиги.
5. Ота-онангга итоат қилиш бу дунёдан чиқиб кетишга сабаб бўлса ҳам қилиш кераклиги.
6. Ишбошилар билан мансаб талашиш мумкин эмаслиги.
7. Душман билан тўқнашилганда орқага қараб қочиш мумкин эмаслиги.
8. Топганидан аҳлига инфоқ қилиш лозимлиги.
9. Аҳли аёлига зўровонлик қилиш, уларни уриш ва сўкиш яхши эмаслиги.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир жамиятда раҳбар бўлиши керак бўлганидек, оила деб номланган кичик жамиятда ҳам раҳбар бўлиши лозим. Бу масалани бошқалар қандай ечганига назар соладиган давоми...

6951 09:04 / 24.09.2021
.Никоҳ, луғатда, қўшиш, жамълаш, яқинлик маъноларини англатади. Шариатда эса, никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли қасддан ҳузурланиш, яъни, эр кишининг никоҳида давоми...

3979 05:00 / 14.02.2017
Дунёда ҳамма нарса жуфтжуфт яратилган ой ва қуёш, кеча ва кундуз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий, иссиқ ва совуқ, гўзал ва хунук ва ҳоказо. Ўз табиатига давоми...

4521 05:00 / 15.02.2017
Бутун борлиқни ва ундаги мавжудотларни яратган холиқ, Аллоҳ субҳонаҳу ва Таоло уларнинг борлиқдаги мавжудлигини турли сабабларга боғлаб қўйган. Ушбу сабаблар давоми...

3788 05:00 / 14.02.2017