1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳар бир қийинчиликдан кейин енгиллик бордир

08:54 / 10.09.2018 7802 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Инсон бу дунёдаги ҳаёти давомида турли бало-офатларга, мусибатларга учрайди. Аммо шундай мусибатлар борки, уларнинг қаршисида дунё тор кўриниб, ундан қутулиш йўли йўқдек туюлиб қолади. Бироқ бало-мусибатлар фақат бандани синаш учунгина юборилади, зеро улар туфайли Аллоҳ таоло бандаларини поклайди, юксак мартабаларга кўтаради. Бало-офат қанчалик шиддатли бўлмасин, унинг ортидан албатта енгиллик, нажот келади. Зеро, Аллоҳ таоло «Ҳар бир қийинчиликдан кейин енгиллик бордир», деб марҳамат қилган. Шу боис, бугунги кунда мусулмон умматининг бошига тушиб турган мусибатларни ҳам Аллоҳ таолонинг бир синови деб билиб, уларнинг ҳам ортидан яхшиликлар келишини Аллоҳ таолодан сўраб, бундай қийинчиликлардан қутулиш учун нималар қилиш лозимлигини бир эслаб ўтамиз. 

• Аввало, бало-мусибат келган пайтда банда ўзи каби ожиз бандага эмас, балки барча нарсани кўриб, эшитиб турган, эҳтиёжларимизни билиб турган ва бу қийинчиликлардан халос қилишга қодир ёлғиз Зотга – Аллоҳ таолога талпиниши, тавба-тазарру қилиб, ёлвориб кушойиш сўраши керак. Зеро, У Зот: «Уларга Бизнинг балоларимиз етганда тазарру қилсалар эди!», «Бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен яқинман. Дуо қилувчи Менга дуо қилса, унинг дуосини ижобат қилурман», деб марҳамат қилган;

• Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиб, умидсизликка, тушкунликка тушмаслик керак. Зеро, У Зот ҳадиси қудсийда: «Бандам Мен ҳақимда қандай гумон қилса, шундайман», деган. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги яхшиликлардан умидвор бўлиш, бало ва синовларни сабр-матонат билан қарши олиш лозим, чунки Аллоҳ таоло «Сабрлиларга хушхабар беринг» деб марҳамат қилган;

• Аллоҳ таолога узлуксиз дуода бўлиш керак. У Зот: «Ёки музтар киши дуо қилганда ижобат этадиган, ёмонликни аритадиган ҳамда сизни ер юзида халифа қиладиган Зот...» деб марҳамат қилган. Хусусан, солиҳ амаллар ила Аллоҳ таолога дуо қилинганда оғир мушкулотлар кушойиш топиши барчамизга маълум. Ҳар ким қодир бўлганича солиҳ амаллар (таҳажжуд, нафл рўза, садақа) қилиб, улар ила Аллоҳга ёлвориб дуо қилиши лозим. Масалан, харсанг тош тушиб, ғор ичида қамалиб қолган уч киши Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларини айтиб, дуо қилганларида ғорнинг оғзи очилгани саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинган:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сизлардан аввал ўтганлардан уч киши кетишаётган эди, бирдан ёмғир қуйиб, бир ғорга кириб олишди. Шу пайт бир харсанг тушиб, ғорнинг оғзи ёпилиб қолди. Шунда улар бир-бирига: «Энди бизни фақат сидқ қутқаради. Ҳар биримиз сидқидилдан қилган ишимиз билан дуо қилайлик», дейишди.

Улардан бири деди: «Аллоҳим! Биласанки, менинг бир миқдор шоли учун ёлланган ишчим бор эди. У ишлаб берди, лекин ҳаққини олмай кетди. Мен ўша шолини олиб, экдим. Ҳосил мўл бўлиб, мол-ҳол сотиб олдим. Бир куни у ҳаққини талаб қилиб келиб қолди. Мен унга: «Анави молларни олиб, ҳайдаб кетавер», дедим. У: «Сен менга бироз шоли беришинг керак, холос», деди. Мен унга: «Мана шу молларни олавер, чунки улар ўша шоли ҳисобига келган», дедим. Шундан сўнг у уларни ҳайдаб кетди. Агар ўша ишни Мендан қўрққани учунгина қилган, деб билган бўлсанг, бизни халос қил». Шунда харсанг бироз силжиди.

Бошқаси шундай деди: «Аллоҳим! Биласанки, кекса ота-онам бор эди. Ҳар кеча уларга қўйларимнинг сутини олиб келар эдим. Бир куни кечикиб келсам, ухлаб қолишган экан. Аҳли аёлим очликдан инграрди, лекин ота-онамни уйғотгим келмай, улар ичмагунча бошқаларга сут бермадим. Чиқиб кетсам, сутни қидириб қолишмасин деб, тонг отгунча кутиб туравердим. Ўша ишни Мендан қўрққанидан қилган деб билган бўлсанг, бизни халос қил». Шунда харсанг яна сал силжиб, осмон кўринди.

Учинчиси деди: «Аллоҳим! Биласанки, амакимнинг қизини жонимдан ортиқ севар эдим. Мен уни истаган эдим, кўнмай, юз динор сўради. Мен қидириб, ниҳоят юз динор топиб, қизга олиб келдим. У ноилож ўзини менга топширди, бироқ яқинлашганимда «Аллоҳдан қўрқ! Муҳрни ҳақсиз бузма!» деди. Шунда мен ўрнимдан туриб кетдим, юз динорни ҳам унга қолдирдим.

Агар бу ишни Мендан қўрққанидан қилган, деб билган бўлсанг, бизни халос қил». Шунда Аллоҳ уларни халос қилди, ҳаммалари ғордан чиқиб кетишди». 

Имом Бухорий ривоят қилган.

• Қуръон ва ҳадиси шарифларда келган дуоларни айтишда бардавом бўлиш керак. Жумладан, Юнус алайҳиссаломнинг дуосини айтиш лозим: «Лаа илааҳа илла анта, субҳаанака, инни кунту миназ-золимийн» (Ўзингдан ўзга илоҳ йўқ, Ўзинг поксан, мен золимлардан бўлиб қолдим).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғам-ташвиш пайтида «Лаа илааҳа иллаллоҳул ъазиимул ҳалиим. Лаа илааҳа иллаллоҳу Роббул ъаршил ъазиим. Лаа илааҳа иллаллоҳу Роббус самааваати ва Роббул арди ва Роббул ъаршил кариим», деб дуо қилар эдилар» («Буюк, Ҳалим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Буюк Аршнинг Робби Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Осмонларнинг Робби, ернинг Робби ва шарафли Аршнинг Робби Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ»). 

Имом Бухорий ривоят қилган.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ғам-ғуссага ботган кишининг дуоси будир: «Аллоҳумма, роҳматака аржуу, фа лаа такилнии илаа нафсии торфата ъайн, ва аслиҳ лии шаъний куллаҳ, лаа илааҳа иллаа ант» (Аллоҳим, раҳматингдан умидворман, мени кўз очиб-юмгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйма! Барча ишларимни Ўзинг ислоҳ қилгин, Ўзингдан ўзга илоҳ йўқ!) 

Абу Довуд ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бир бандага ғам-қайғу етганда шундай деса, Аллоҳ унинг ғам-қайғусини кетказиб, ўрнига ечим беради: «Аллоҳумма, иннии ъабдук, вабну ъабдик, вабну аматик, наасиятии бийадик, маадин фийя ҳукмук, ъадлун фийя қодооук, асъалука би куллисмин ҳува лак, саммайта биҳи нафсак, ав анзалтаҳу фии китаабик, ав ъалламтаҳу аҳадан мин холқик, ав истаъсарта биҳии фии ъилмил ғойби ъиндак, ан тажъалал Қуръаана робийъа қолбии, ва нууро содрии, ва жалаа-а ҳузнии ва заҳааба ҳаммии» (Аллоҳим, мен бандангман, бандангнинг боласиман, чўрингнинг боласиман. Пешонам қўлингда, Сенинг ҳукмингдаман, менга битган қазоинг адолатдир. Ўзингни Ўзинг номлаган, ёки Китобингда нозил қилган, ёки махлуқотларингдан бирига ўргатган, ёки ҳузурингдаги ғайб илмида махфий сақлаган барча исмларинг ила Сендан сўрайманки, Қуръонни қалбимнинг баҳори қилгин, кўксимнинг нури қилгин, қайғуларимни кетказгин, ғамларимни аритгин). «Уни ўрганиб олайликми?» дейишган эди, у зот: «Ҳа, буни эшитган одам ўрганиб олиши лозим», дедилар». 

Имом Аҳмад ривоят қилган.

• Ушбу дуоларни ҳадиси шарифларда айтилганидек, туннинг охирги учдан бирида, хусусан, саждада айтиш мақсадга мувофиқдир: 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳар кеча туннинг охирги учдан бири қолганда Роббимиз табарока ва таоло дунё осмонига тушиб, «Ким Менга дуо қилади, ижобат қиламан. Ким Мендан сўрайди, унга бераман. Ким Мендан мағфират сўрайди, Мен уни мағфират қиламан», дейди». 

Имом Бухорий ривоят қилган. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда Роббига энг яқин бўладиган ҳолати унинг сажда ҳолатидир. Шунинг учун саждада кўп дуо қилинг», деганлар. 

Имом Муслим ривоят қилган.

• Кўп истиғфор айтиш. Аллоҳ таоло: «Роббингиздан мағфират сўранг, чунки У Зот Ғоффардир – кўп мағфират қилувчидир. Шунда устингизга мўл-кўл ёмғир юборади, мол-мулк ва бола-чақа ила мадад беради, боғ-роғлар ва анҳорлар беради» деб марҳамат қилган.

• Аллоҳни кўп зикр қилиш. Аллоҳ таоло: «Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур» деб марҳамат қилган. 

• Муҳтожларга, заифҳолларга ёрдам бериш, садақотлар қилиш. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ унинг ҳожатида бўлади. Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ уни қиёмат кунининг ғамларининг биридан фориғ қилади», дедилар»

Имом Бухорий ривоят қилган.

• Кишиларнинг омонатларини, ҳақ-ҳуқуқларини адо этиб қўйиш. Агар зулм қилинган бўлса, тавба қилиб, эгасини рози қилиш. Зулм қилишдан ва мазлумнинг дуоибадидан эҳтиёт бўлиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мазлумнинг дуосидан қўрққин, чунки у билан Аллоҳнинг орасида парда йўқ», деганлар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

• Мўмин-мусулмонлар орасида фитна қўзғаётганларга Аллоҳ таоло қандай даҳшатли жазолар беришини эслаш: «Мўминларни ва мўминаларни фитна қилиб, сўнгра тавба қилмаганларга – ана ўшаларга жаҳаннам азоби ва ёниш азоби бордир».


Нодирбек Хидиров

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни Шақиқ Балхий шогирди Ҳотам алАсомдан .Ҳузуримга келганингдан бери мендан нима ўргандинг, деб сўради. Ҳотам алАсом шундай деди .Олти нарсани давоми...

940 08:00 / 24.10.2020
Умму Зарр розияллоҳу анҳо рўзғордаги етишмовчилик сабабли Абу Зарр розияллоҳу анҳуни маломат қилди. Абу Зарр розияллоҳу анҳу аёлига .Эй Умму Зарр, олдимизда давоми...

1883 07:00 / 08.07.2019
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдилар. Тасаввур қилинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафар қилишдан ҳам ажиб давоми...

2271 17:00 / 25.02.2022
Ҳофиз улкабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий адДоримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга давоми...

3629 21:58 / 27.04.2017