1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо (VI)

14:58 / 18.10.2018 3272 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

VI

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оила қурганларига ўн беш йил тўлиб, 40 ёшга етганларида кўнгиллари ёлғизликни тусай бошлади. У зот Макка атрофидаги тоғлардан биридаги Ҳиро ғорига кириб, бир неча кунлаб «таҳаннус» ибодатини қилар эдилар. Яъни ёлғиз ҳолда қолиб, дунё ишлари ҳақида, ундаги разолатларни йўқотиш, ҳақиқатни, адолатни юзага чиқариш ва бошқа фазилатлар тўғрисида фикр юритдилар. Баъзида уйга озиқ-овқат учунгина тушар эдилар ёки уни уйдан келтириб беришарди.

Бу Аллоҳ таоло тарафидан у зотни Пайғамбарликка тайёрлаш эди.

Бу ҳақда ‎имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи белги берган нарса уйқудаги ҳақ туш бўлди. У зот қандай туш кўрсалар, албатта, худди тонг ёруғидек, аниқ ўнгидан келар эди. Сўнгра у зотга холи қолиш маҳбуб бўлиб қолди. Ҳиро ғорида ҳоли қолиб, аҳллари олдига тушишдан олдин бир неча кеча «таҳаннус» ибодати қилар эдилар. Яъни ўз аҳлига қайтишдан олдин бир неча кечани ибодат ила ўтказар эдилар. Бунинг учун зоди роҳила олволар эдилар. Сўнгра Хадийжанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага етарли зоди роҳила олар эдилар. У зотга ҳақ келгунича шундай бўлди. У зот Ҳиро ғорида эканликларида фаришта келиб:

«Ўқи!» деди.

«Мен ўқувчи эмасман», дедилар.

У у зотни тутиб, ўзига тортди. Ҳатто қийинлик етказди. Сўнгра қўйиб юборди ва:

«Ўқи!» деди.

«Мен ўқувчи эмасман», дедилар.

У у зотни иккинчи марта тутиб, ўзига тортди. Сўнгра қўйиб юборди ва:

«‎Яратган Роббинг номи билан ўқи! ‎(У) инсонни алақдан яратди. Ўқи! Роббинг энг карамлидир!» деди.

Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша (оят)лар ила қалблари титраб-қақшаб қайтдилар ва Хадийжа бинти Хувайлиднинг олдига кирдилар. Сўнг:

«Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!» дедилар.

Бас, у зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйдилар. Кейин у зот Хадийжага хабарни айта туриб:

«Ўзимга бир нарса бўлмаса эди, деб қўрқдим», дедилар.

Шунда Хадийжа:

«Ундай эмас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Албатта, сиз силаи раҳм қиласиз. Заифга ёрдам берасиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Фалокатга учраганларга ёрдам берасиз», деди.

Сўнгра у зотни олиб, Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззонинг (Хадийжанинг амакисининг ўғли) олдига борди. У жоҳилият даврида насронийликка кирган одам эди. Иброний китоб ёзар эди. Инжилдан ибронийчасига Аллоҳ ёзишини хоҳлаганини ёзар эди. У кўзи ожиз бўлиб қолган қари чол эди. Хадийжа:

«Эй амакимнинг ўғли! Биродарингизнинг ўғлини бир тингланг!» деди. Варақа у зотга:

«Эй биродаримнинг ўғли, нима кўрмоқдасан?» деди.

Шунда у зот ўзлари кўрган нарсанинг хабарини айтиб бердилар.

Варақа у зотга:

«Бу Аллоҳ Мусога нозил қилган «Намус»дир («Сир соҳиби» – Жибрийл алайҳиссалом). Қани энди, сени қавминг ҳайдаб чиқарганда бақувват бўлсам эди! Қани энди, тирик бўлсам эди!..» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мени улар ҳайдаб чиқарурларми!?» дедилар.

«Ҳа! Қайси бир киши сен келтирган нарсани келтирса, душманликка учрайди. Сенинг ўша кунингга етсам, албатта, сенга қўлимдан келган ёрдамни берурман», деди».

Айни ўша вақтда инсониятни Ўз қўли билан яратиб, уни гўдаклигидан турли саркашликларига, инжиқликларига ва хатою адашишларига қарамай, пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилиб, тарбиялаб олиб келаётган Аллоҳ таоло инсониятнинг навбатдаги ва энг катта адашувидан кейин унга энг охирги Пайғамбарни юборишни, энг сўнгги Китобини нозил қилишни ва энг сўнгги, мукаммал ва доимий шариатини жорий қилишни ирода этган пайт келган эди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида «Иқроъ!!! (Ўқи!!!) деган гулдурос овозни эшитдилар.

Ана ўша овоз жоҳилият зулматини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган сўнмас ёғдунинг биринчи шуъласи – Қуръони каримнинг биринчи ояти эди.

Инсоният тарихидаги энг нозик пайт бўлган ўша кезда у зотнинг жонларига оро кирган бирдан-бир инсон у зотнинг умр йўлдошлари Хадийжа бинти Хувайлид бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўрқувларини босган киши ҳам Хадийжа бинти Хувайлид эди.

У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга у зотнинг олий сифатларини эслатиб, «Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди, албатта, сиз силаи раҳм қиласиз, заифга ёрдам берасиз, одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз, меҳмонга зиёфат берасиз, фалокатга учраганларга ёрдам берасиз», дея тасалли бердилар.

У зотни Варақа ибн Навфалнинг олдига етаклаб бориб, охири замон пайғамбари бўлганлари ҳақидаги хабарни эшиттирган киши ҳам Хадийжа бинти Хувайлид бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга самодан келган рисолатни қабул қилиб олишлари учун етарли шароит яратиб берган киши ҳам Хадийжа бинти Хувайлид бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳиро ғорида келган тарихий хабарни комил ишонч, мустаҳкам иймон, очиқ қалбда хотиржамлик билан кутиб олган киши ҳам Хадийжа бинти Хувайлид бўлдилар.

“Ҳадис ва Ҳаёт” 25-жуз

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қимматбаҳо ҳадя Малика бир дунё молтилла, кумуш, лаълимаржон, гавҳар, зумрад, ёқут, шу каби қимматбаҳо тошлардан, Яман ерида ўсган яхши мевалар, турли хил мато, тоза давоми...

2577 13:30 / 19.06.2021
Оиша онамизнинг зийракликлариОиша онамиз розияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак инсон эдилар. У кишининг зийракликлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

3084 11:10 / 29.12.2018
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирлар учун тўланган товонларни кўздан кечирар эканлар, бир таниш қутичага кўзлари тушди. .Бу кимга тегишли, дедилар. .Абу давоми...

2064 11:57 / 23.01.2022
Бир куни Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Эй Аллоҳнинг Расули Мана, Хадича қўлида бир идиш билан ҳузурингизга давоми...

1885 15:04 / 06 ноябрь
Аудиолар

135307 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55559 14:35 / 11.08.2021