1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Соғлом бола ва ҳомиладорлик (2- мақола)

16:28 / 18.10.2018 3427 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Шууро сурасида марҳамат қилади:

«Осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. У Зот хоҳлаган нарсасини яратур. У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У ўта билувчидир, ўта қодирдир» (49-50-оятлар).

Инсонга ҳамма нарсани фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини ҳис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, балки доимо Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.

«Осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир». 

Осмонларда ва ерда нимаики бўлса, ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ тао­лонинг мулкидир.

«У Зот хоҳлаган нарсасини яратур».

Бу ишда У Зотнинг хоҳишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди. Бутун борлиқнинг молики – эгаси ва мутлақ холиқи бўлган ўша Зот Ўз мулкидан хоҳлаган бандасига хоҳлаган нарсасини беради. Жумладан, фарзанд бериш масаласида ҳам

«У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур».

Агар ўғил ёки қиз фарзанд кўриш ота-она хоҳишига кўра бўлганида, ўзлари билиб, хоҳишларига биноан, истаган пайтларида, истаган фарзандни кўриб олар эдилар. Ҳолбуки, баъзилар фақат қиз фарзандлар кўришади, ўғил фарзандга зор бўлиб юришади. Бу ҳол фарзанд фақат Аллоҳнинг хоҳиши билан ўғил ёки қиз бўлишини билдиради.

«...ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур». 

Фақат ўғил фарзандлар кўриб, Аллоҳдан қиз сўраб юрган одамлар ҳам оз эмас.

«Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур». 

Аралаш фарзандлар кўриш одамлар ичида кўп тарқалган ҳолатдир.

«...ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур». 

Бундайлар озчилик бўлиб, Аллоҳ таоло ибрат учун, фарзанд одамларнинг хоҳиши билан эмас, Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишини кўрсатиш учун шундай қилиб қўйган.

«Албатта, У ўта билувчидир, ўта қодирдир». 

Ҳамма нарсани билиб қилади. Жумладан, кимга қиз, кимга ўғил, кимга ўғил-қиз беришни ёки кимни туғмас қилишни Ўзи билади. Бу ишларга фақатгина Унинг қудрати етади, холос.

«Инсон» сўзи арабча «нисён» – «унутиш» сўзидан олингани учунми, унда унутиб қўйиш одати бор. Айниқса, унинг кўз ўнгида такрорланиб турадиган нарсаларнинг асосий қилувчисини унутиб қўйиши мавжуд. Ҳар куни, ҳар дамда болалар туғилгани ҳақидаги хабарларни эшитиб, билаверганимиз учун ота-она бирга яшаб, эр-хотинлик қилганидан кейин бола туғилади-да, деган хаёлга бориб қоламиз. Ҳар бир боланинг Холиқи Аллоҳ эканини, ота-она эса оддий сабаб эканини эсдан чиқариб қўямиз.

Одамзод ўша буюк ҳақиқатни эсидан чиқармаслиги учун Аллоҳ таоло уларнинг ичидан баъзиларини туғмас қилиб қўяди. Агар эр-хотин бола туғилишининг асосий сабаби бўлса, ораларида туғмаслар бўлмаслиги керак эди. Аммо улар ҳар вақтда, ҳар ерда бор: тирноққа зор бўлиб, турли мутахассисларга кўриниб, кўпчиликдан фарзанд кўриш борасида дуо сўраб юрибдилар.

Аллоҳ таоло фарзанд кўришга қобилиятли қилиб қўйган эр-хотинларнинг ихтиёри ҳам ўзида эмас. Аввало улар ўзларига қачон фарзанд берилишини билмайдилар. Ҳатто ҳомиладор бўлган аёлнинг ўзи ҳам бу ҳақда билмай юраверади. Ҳомила катталашиб, унинг жисмига ва руҳиятига таъсир кўрсатгандагина мутахассиснинг ҳузурига боради. У текшириб кўриб, «Ҳомиланг фалон ҳафталик бўлибди», десагина, ўзининг ҳомиладор бўлганига ишонади. Аммо ўзининг ҳомиладор бўлганига ишонганда ҳам нима қила оларди? Кутишдан бошқа иложи йўқ.

Биз ожиз ва унутувчи бандалар «Ҳомила билинди, иш битди, фарзанд кўрдим деяверайлик», демаслигимиз учун Аллоҳ таоло ибрат учун гоҳида баъзи ҳомилалардан иноятини бир лаҳза бурса, ҳомила тушиб кетади. Демак, ҳомилани керакли тарзда ривожлантириб борувчи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи.

Ҳомиланинг туғилиш давригача соғ-саломат етиб келиши билан мақсад ҳосил бўлади, дейиш катта гумроҳлик бўлади. Чунки оддий инсоний ўлчов билан қараганда, маълум ҳажмдаги боланинг она қорнидан соғ-саломат ерга тушиши ақлга сиғмайди. Бунда фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдам бермаса, бошқа илож йўқ. Худди шу улкан ҳақиқатни бизга эслатиб туриш учун баъзида Аллоҳ таоло туғаётган аёлларни қийнаб қўяди. Бу пайтда Аллоҳнинг инояти бир лаҳза четга бурилса, бола, она ёки иккиси ҳам ҳалок бўлиши ҳеч гап эмас.

“Соғлом бола” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Соиб Абдий айтади .Солиҳ Муррий бизнинг олдимизга кирган эди, .Қаердан келяпсан, эй Абу Бишр, дедим. Солиҳ шундай деди .Уйимдан келяпман. Бу ерга келгунча кўп давоми...

2336 08:00 / 26.12.2019
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳнинг йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш давоми...

1578 18:00 / 30.04.2020
Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳар бир амалимизда йўлбошчимиз бўлгани каби, дўстлик мавзусида ҳам бизга тўғри йўлни давоми...

4281 12:00 / 08.05.2022
Тирик жонзотлар ичида отаонасидан энг кеч мустақил бўладигани инсондир. Айрим ҳашаротлар дунёга келиши биланоқ мустақил ҳаётни бошлаб юборса, айримлари тухумдан давоми...

4325 15:03 / 10.01.2018