1446 йил 16 шаввол | 2025 йил 14 апрель, душанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Соғлом бола ва ҳомиладорлик (1- мақола)

13:09 / 17.10.2018 3397 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳомилани жисмоний ва руҳий жиҳатдан толиқтирмай, яхши ривожланиб боришини таъминлаш ҳам унинг соғлом бўлишининг омилларидан биридир.

Ҳомила ҳар тарафлама яхши ва соғлом ўсиб бориши учун унинг онасини жисмоний ва руҳий жиҳатдан толиқтириб қўймасликка шариатимизда катта эътибор берилган. Бу эътибор шу даражага етганки, ҳатто ҳомиладор аёллар Аллоҳ фарз қилган ва Исломнинг рукнларидан бири бўлган рўзани тутмасдан, кейин қазосини тутиб беришлари шариатга киритилган. Чунки ҳомиладор аёл рўза тутса, унинг толиқиши сабабли ҳомиласи ҳам толиқиши ва соғлиғига зарар етиши бор. Бас, ҳомилани толиқтирмаслик учун унинг онасига рўза тутмасликка рухсат берилган.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ الْكَعْبِيِّ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ ﷺ قَالَ: «إنَّ اللهَ وَضَعَ عَنِ الْمُسَافِرِ الصَّوْمَ وَشَطْرَ الصَّلَاةِ، وَعَنِ الْحُبْلَى وَالْمُرْضِعِ الصَّوْمَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Анас ибн Молик Каъбийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини кечди. Ҳомиладор ва эмизиклидан рўзани кечди».

Бешовлари ривоят қилишган.

Бу ҳадисда мусофирга сафарда ва ҳомиладор аёлларга, агар улар ҳомилаларининг соғлиғига зарар етишидан қўрқсалар, оғизларини очиб юришлари мумкинлиги ҳақида сўз кетмоқда.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, мазкур тоифадаги аёллар рўзанинг қазосини тутадилар. Ҳомиладор аёллар вақтинчалик бемор ҳукмида бўладилар. Ҳомилани туғиб, болани кўкракдан ажратгандан сўнг яна рўзани тутиш имконига эга бўладилар. Бу эса бизнинг динимизда ҳомиладор аёлнинг ва ундан дунёга келадиган фарзанднинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий-руҳий соғлиғини яхши ҳолатда ушлаб туришга қай даражада эътибор берилганининг далилидир.

Ҳомиладор аёл ҳомиласининг соғ-саломат ўсиб бориши учун керак бўлган барча чора ва тадбирларни кўриб бориш ўзининг бурчи эканини бир зум ҳам унутмаслиги керак. Бунинг учун доимий равишда ва ўз вақтида тиббий кўриклардан ўтиб туриши, ўзи ва ҳомиласи учун фойдали бўлган озуқаларни тановул қилиб бориши зарур. Унинг эри ва оила аъзолари эса барча керакли нарсаларни тайёрлаб беришлари лозим.

Агар аёллар ҳомиладорлик вақтларида, ундан олдинги ва кейинги даврларда жисмоний жиҳатдан бемор бўлсалар ёки камқонликка учраган бўлсалар, ижтимоий, иқтисодий ҳолатлари ва бошқа ҳолатлари эътиборидан беморликка чалинган бўлсалар, албатта, уларнинг туғилажак фарзандларига ҳам бу нарса таъсир кўрсатиши, улар ҳам оналари каби касалликларга чалинган ҳолда туғилишлари ёки келажакда мазкур хасталикларга чалинишга мойил бўлган ҳолда туғилишлари илмий жиҳатдан собит бўлган нарсадир.

Агар биз соғлом фарзандлар туғилишини хоҳласак, қизларимизнинг соғлом ўсишларига, келинларимизнинг соғлом бўлишларига ва айниқса, улар ҳомиладор бўлганларидан сўнг соғлиқларини муҳофаза қилишга катта эътибор беришимиз лозим.

Шу маънода «соғлиқ» деган сўзни шомил, комил, оммавий маънода тушунмоғимиз лозим. Бунда ҳам жисмоний, ҳам руҳий-маънавий жиҳатдан соғлик маъноси кўзда тутилган бўлади.

Шундай экан, биз ҳомиладор аёлларимизнинг мукаммал соғлом бўлишларини таъминлайдиган чораларнинг ҳаммасини кўришимиз лозим. Бунга албатта, онанинг ўзи, эри, оиласи, агар улар ожиз қолиб, қўлларидан келмай ёки тушунмасликлари сабабли ушбу ҳолатларда беэътибор бўлсалар, яқин қариндошлар ва қолаверса, жамият эътибор бериши, улар тушунмаган нарсаларни тушунтириши керак.

Ана шунда она ҳомиласининг соғ-саломат туғилиши, келажакда соғлом авлод бўлиб ҳаёт кечириши, комил инсон бўлиб вояга етиши таъминланган бўлади.

Шу ерда алоҳида таъкидлаб ўтмоқ керакки, ҳомиладор аёл фақат ҳалол нарсадан озиқланишга уриниши лозим. Фақатгина ҳалол нарсаларни тановул қилиб юрган онанинг ҳомиласи ҳам фақат ҳалол нарсадан озиқланиб туради. Ҳомила киндиги орқали онасидаги бор моддалардан ўзига олиб, ҳаётини давом эттириб, ўсиб, улғайиб боради. Шунинг учун ҳомиладор аёл бу пайтда бошқа вақтдагидан кўра кўпроқ тақводорлик руҳини ўзида мужассам қилиб, озуқаси ҳаромдан бўлмаслигига эътиборли бўлиши, ҳомиласини ҳалол таомлар билан қувватлантириб, ҳар бир луқмаси, ҳар бир ҳўплам ичадиган ичимлиги, ҳар бир киядиган кийими ва бошқа нарсалари фақат ва фақат ҳалол нарсадан бўлишига эътибор бериши керак.

Қайтариб айтамизки, ҳамма вақтда ҳам зарур бўлган бу нарсага ҳомиладорлик чоғида янада эътиборлироқ бўлиш лозим.

Эркаклар ҳам оиласини, ҳомиладор аёлини ҳаром-харишдан, порадан, ўғрилик, муттаҳамликдан, бировнинг ҳаққини поймол қилишдан тўплаган моллар билан ризқлантирмаслиги, балки доимий равишда ҳалол-пок нарсадан ризқлантиришга ҳаракат қилиши керак.

Ҳомиладорлик инсон ҳаётидаги ниҳоятда нозик ва ҳассос ҳолат ҳисобланади. Туғиш яқинлашганда, туғиш пайтида аёл ниҳоятда оғир, ўлимга яқин ҳолатни бошидан кечиради. Бу пайтда ота ҳам, она ҳам ҳомиланинг соғ-саломат туғилишини Аллоҳ таолодан сўраб, кўпроқ дуо қилишлари, ўзларини кўпроқ тақвога уришлари ва Аллоҳ таолонинг Ўзидан боланинг соғ-саломат туғилиб, оилага бахт-саодат билан кириб келишини сўраган ҳолда ибодатда бардавом бўлишлари зарур бўлади.

Аллоҳ таоло дуоларни ва ибодатларни, илтижоларни Ўз даргоҳида қабул айлаб, ҳомиланинг соғ-саломат туғилишини насиб этиши Аллоҳ таоло тарафидан берилган улуғ неъмат ҳисобланади. Ҳа, Аллоҳ таолонинг бандасига берадиган неъматлари кўп. Ўша неъматлар ичида иймон ва Ислом неъматидан кейин турадиган энг улуғ неъматлардан бири фарзанд неъмати ҳисобланади. Эркак ва аёл оила қуриб, эр-хотин бўлиб яшаши мумкин, лекин агар Аллоҳ таоло бермаса, фарзанд бўлмаслиги ҳаммамизга аён.

Шу ўринда ҳар бир ота-она уларга фарзандни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч қандай зот бера олмаслигини чуқур ҳис қилишлари зарур эканини таъкидламоқчимиз. Бир боланинг соғ-саломат туғилиши бутун инсоният учун Аллоҳнинг тенгсиз лутфу карами, инъоми ва марҳамати эканини англаб етиш учун Қуръони каримга бир назар солишимизнинг ўзи етарли.

“Соғлом бола” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Масжид рўпарасидаги спиртли ичимликлар дўкони ҳақида эшитиб, ўтган бир йиллик ҳаётим кўз олдимга келди.2019 йилнинг март ойлари. Кореядаги бир ўзбек ошхонасида давоми...

4596 15:45 / 29.02.2020
Нубувват муҳри 2719. Соиб ибн Язид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Холам мени Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бориб.Эй Аллоҳнинг Расули, давоми...

4048 18:17 / 07.12.2017
Маън ибн Зоида айтади .Халифалик аббосийларнинг қўлига ўтгач, Халифа Мансур мени қидирувга бериб, мени унинг олдига олиб борган одамга мукофот ҳам ваъда қилди. давоми...

3082 07:10 / 30.07.2019
Атрофмуҳитнинг ифлосланишига кишилар тарбиясида табиатни муҳофаза қилиш ҳақида тарбиявий ишлар етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги ҳам сабабдир.Маълумки, давоми...

2552 11:04 / 28.11.2018