1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Кашф қилганим – Муҳаммад Аввома!

12:02 / 10.10.2018 3804 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ давримизнинг улуғ олимларидан саналади. Ўзбекистонга ташриф буюрмасларидан аввал у зотнинг бир неча асарлари билан танишиб чиққан эдим. У зот буюк ватандошимиз, улуғ муҳаддис олим Абу Исо ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадия” асарини нашрга тайёрлаганлар. Мен эса бундан олдин, 5 жилддан иборат “Сунани Абу Довуд”ни у зотнинг 8 нусха асосида амалга оширган илмий-танқидий матнларига кўра тўлиқ ўқиб чиққан эдим. У зотнинг “Маолими иршодия” номли бугунги кунимиз учун ўта муҳим асарининг таржимасида ҳам қатнашгандим. Бироқ, у зотни кўриш, суҳбатларида қатнашиб, ўзим учун кашф қилиш... Буни таърифлашга тил ҳам, қалам ҳам ожиз. Термизда Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг қўлларига сув қуйдим, “ал-Ҳадияту ла туродду!” дея хурсанд бўлишларига сабабчи бўлдим... Мени чақириб, Ўзбекистондаги қўлёзма асарлар тўғрисида суриштирдилар, ортимдан “Ҳамидуллоҳ!”, дея олдиларига чорлаб хос насиҳат ва маслаҳат бердилар, хуллас, назаркарда бўлдим... Буларнинг ҳаммаси менга ўзгача ғурур ва фахр уйғотди...

1) Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ “нажиб ут-тарафайн” – “икки томонлама саййид” эканлар. Бу у зотнинг инсонийлик жиҳатдан энг муҳим томони эди. Амир Темур соҳибқирон бобомиз Аллома Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ билан Саййид Шариф Журжоний раҳимаҳуллоҳнинг тилларда достон машҳур баҳс-мунозаралари пайтида: “Баҳсларда ва илмларда Тафтазоний ҳазратлари устун бўлиши мумкин, бироқ Журжоний ҳазратлари саййидлиги учун ҳам бугун ғолибдир!” дея хитоб қилган эканлар. Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг ўзлари “Саҳиҳи Бухорий”даги илк ҳадиси шарифнинг барча ровийлари қурайшликлар эканлигини кўрсатиб, бунинг сабаби:

قَدِّمُوا قُرَيْشًا

Қурайшни муқаддам тутинг! деган ҳадиси шариф борлиги деган эдилар.


2) Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг ҳанафий мазҳабига қаттиқ боғланганлиги, улуғ мужтаҳидларга, ўтган уламоларга кўрсатаётган камоли эҳтиромлари мени ҳайратга солди. Ҳар бир мужтаҳидни тилга олар эканлар, хусусан, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг номини айтар эканлар, худди саҳобаларни эслагандек, ҳар доим “разийаллоҳу анҳу” деб қўйишлари у зотда ўтган салафи солиҳинларга нисбатан, хусусан, бизнинг юртдош бобокалонларимизга нисбатан юксак эҳтиром борлигини англатади. Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ: “Мужтаҳид имомларга таъна қилиш, уларни фалон ҳадисни билмаган ёки амал қилмаган дейиш мутлақо жоиз эмас! Мужтаҳид имомларга етган ва қабул қилган ҳадисларнинг барчаси саҳиҳ бўлган, улар тарк қилган ҳадислар эса заиф ёки ҳукми мансух бўлган”, деган маънодаги бир неча марта такрорлаган кўрсатма ва танбеҳлари бугунги мусулмон авлод учун ўта аҳамиятлидир.

3) Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ сафарда бўлсалар-да, ниҳоятда чарчаётган, узоқ йўл юраётган бўлишларига қарамай, намозларни жамъ қилиб ўқимадилар. Яъни, сафарда пешин билан асрни, шом билан хуфтонни қўшиб ўқимадилар, ўқитмадилар. Бу борада асл ҳанафийларга менгзадилар. Ҳар бир намозни ўз вақтида ўқидилар. Ҳатто Термизда “жамъи солатайн” тўғрисида гапириб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг: “Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (“Нисо”, 103-оят), деган оятини ўқигандилар. Бу эса айрим бемазҳаблар ва бадмазҳаблар каби, шунингдек, ўз мазҳабини билмайдиган ноаҳл мазҳабдошларимиз сингариларга танбеҳ ва ўрнакдир!

4) Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ сафарда бўлишларига қарамасдан суннат намозларни ҳам, нафлларни ҳам тўлиқ, ўз вақтида адо этдилар, шунингдек ҳамсафарларини ва бошқаларни ҳам шунга ундадилар. Бу ҳам бемазҳаблар, бадмазҳаблар, шунингдек, ўз мазҳабини билмайдиган ноаҳл мазҳабдошларимизга танбеҳ ва ўрнак бўлди! Бундай билимсиз ва ноаҳл мазҳабдошларимиз бир пайтлар “ҳатто ҳаж сафарида ҳам суннат намозлар ўқилмайди, ўқилса гуноҳ бўлади”, деб жар солган эдилар. Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ эса Абу Исо ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг пойқадамларида туриб, “Сунани Термизий”да келтирилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

مَنْ صَلَّى قَبْلَ الظُّهْرِ أَرْبَعًا وَبَعْدَهَا أَرْبَعًا حَرَّمَهُ اللهُ عَلَى النَّارِ

Кимки пешиндан олдин тўрт ракъат ва ундан кейин ҳам тўрт ракъат (суннат) намоз ўқиса, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади!”, (427-рақам) деган ҳадиси шарифлари билан:

رَحِمَ اللهُ إِمْرَاً صَلَّى قَبْلَ الْعَصْرِ أَرْبَعًا

Аллоҳ асрдан олдин тўрт ракъат (суннат) ўқиган кишига марҳамат кўрсатсин!”, (430-рақам) деган ҳадиси шарифларини айтиб, барчани бу намозларни ўқишга тарғиб қилдилар. Бу пайтда ўзлари ҳамсафарлари билан бирга пешинни суннатлари билан тўлиқ ўқиган эдилар. Асрни ана шу ҳадисга амал қилиб, ҳамма билан бирга тўрт ракъат олдинги суннат билан ўқидилар. Бу жиҳатлар Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларига нақадар амал қилувчи олим эканини билдиради.


5) Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ ўзлари билан доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи муборакларини олиб юрар эканлар. Ҳамиша олдиларига қўйиладиган қутичада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи мубораклари бор. Узоққа ҳам қўйдирмайдилар, яқинларига ҳам, ўз олдиларига қўйдирадилар, устига ҳеч нарса қўйдирмайдилар. Уни барака, табаррук ва ҳимоя сифатида ўзлари билан бирга олиб юришлари давримиз олимларига ўрнакдир. Уни ширк деб билувчи бадмазҳабларга эса танбеҳдир. Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ “Сийар аълом ан-нубало” асарида айтишларича, буюк мужтаҳид олим Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи муборакларини ўпар, уни сувга чайиб, сувни шифо ниятида ичар эканлар. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уч тор мўйларига эга бўлиб, вафот қилаётганларида иккитасини икки кўзларига, яна бирларини тилларига қўйиб дафн қилишларини васият қилган эканлар. У зотни зиндонга солиб, азоб берганларида, “Менинг қўйнимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи мубораклари бор эди. У менга қувват бағишлаб турди”, деганлар. Худди шундай, Холид ибн ал-Валид, Анас ибн Молик, Умар ибн Абдулазиз, Имом ал-Бухорий, Ибн Ханзоба разийаллоҳу анҳум ажмаъин сингари улуғ зотлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўйи муборакларини доим ўзлари билан бирга тутганлари нақл қилинган.

6) Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ ҳузурларида мавлиди шариф ҳам ўқилди. Имом ал-Барзанжий раҳимаҳуллоҳнинг мавлидларидан ва бошқа нашидалардан ўқилди. У зот ҳамма билан бирга уларга ихлос билан қулоқ тутдилар, ҳаммага қўшилиб саловотлар айтдилар. Бу Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан беқиёс муҳаббатлари борлигини англатади. Ҳозирги айрим баттол бемазҳаблар каби мавлидни ҳаром ва бидъат демадилар, ҳатто айрим касларга ўхшаб: “Мавлидни фақат мавлид ойида ўқиш лозим” ҳам демадилар. Балки, минг йиллик исломий анъаналарга содиқ қолган ҳолда мавлиди шарифга – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳуга юксак эҳтиромларини намоён қилдилар, мўйи муборакни ҳаммага зиёрат қилдирдилар...

7) Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ тўлиқ бир кун оч бўлганлари, мутлақо дам олмаганлари, узоқ сафарда машинада юрганларига қарамасдан шом пайтида буюк мутасаввиф ватандошимиз Ҳаким ат-Термизий қуддиса сирруҳунинг қабрларини махсус зиёрат қилдилар. Шомдан кейин у зотнинг “Наводир ал-усул” асарларидан бешта ҳадисни тўлиқ ўқиб, изоҳлаб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ухлашдан олдин қуйидаги дуони ўқишни тавсия қилганлар:

أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّةِ مِنْ غَضَبِهِ وَعِقَابِهِ وَمِنْ شَرِّ عِبَادِهِ وَمِنْ هَمَزَاتِ الشَّيَاطِينِ وَأنْ يَحْضُرُونَ

“Аъузу би-калимаатиллааҳи-т-тааммати мин ғазабиҳи ва иқобиҳи ва мин шарри ъибаадиҳи ва мин ҳамазаати-ш-шайаатини ва ан йаҳзурун!”.

Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ саҳоба Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розийаллоҳу анҳунинг ўз ўғиллари бўйнига бу дуоларни тумор қилиб осиб қўйишларини айтиб, “Бу бутун мусулмонлар оламидаги одатдир”, дедилар. Мазкур ҳадисни Ҳаким ат-Термизий раҳимаҳуллоҳдан ташқари Абу Исо ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ҳам “Сунан”ларида нақл қилганлар (3528-рақамли ҳадис).

8) Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ Бухорода Абу Ҳафси кабир роҳимаҳуллоҳ қабрларини зиёрат қилар эканлар, у ерда Имом ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида гапириб, айримлар Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг Бухородан чиқарилишига у зот ва унинг ўғиллари сабабчи бўлган, деган ёлғон гап чиқаришганини, бундай воқеаларни фиқҳий китоблардан эмас, тарихни ҳаққоний тасвирлаган тарихий манбалардан олиш зарурлигини уқтирдилар. Ҳатто Абу Ҳафси сағир раҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳи Бухорий”ни ёдлаб, талабаларга ўқитганлари тўғрисида маълумот бердилар. Бу маълумот мен учун ҳам янгилик бўлди. Хуллас, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг Бухородан чиқарилишига уламолар сабабчи бўлмаганлигини таъкидладилар. Ҳақиқатдан ҳам Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг Бухородан чиқарилишига Абу Ҳафси кабир раҳимаҳуллоҳ ва унинг ўғли сабабчи бўлган, деган гап китобларда илк бор бу воқеалардан 100 йиллардан кейин пайдо бўлди. Масалан, “Тарихи Бухоро” асарини битган муаррих Наршахий ҳазратлари Абу Ҳафси кабир раҳимаҳуллоҳ тўғрисида мароқ билан сўзлар экан, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ тўғрисида лом-мим демайди.

9) Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг ўғиллари Муҳйиддин Аввома ҳафизаҳуллоҳ ҳам олим бўлиб, бундан ўн йиллар олдин ёзган китоблари – қисқа саҳиҳ ҳадисларни тўплаб тузган мажмуалари ўзбек тилига таржима қилингани муносабати билан айтган гаплари мени ҳайратларга чўмдирди. Мазкур ҳадисларни у зот ёш болалар худди Қуръонни ёд олгани каби ёд олишларини кўзлаб тузган эканлар. Тўплам ҳали қўлёзма ҳолида экан, Муҳйиддин Аввома ҳафизаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушларида кўрибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бир сават кўкатлар – кашнич, укроб, жағ-жағ ва ҳоказо кўкатлар тўлдирилган сумкача инъом қилибдилар. Бу ҳақиқатдан ҳам бир бахт эди! Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ тушни эшитар экан, ўғлининг китоби олами арвоҳда ҳам мақбул бўлганлигини башорат қилганлар. Китобча ҳали нашриётда экан, Аллоҳнинг бу дунёдаги мукофоти ўлароқ Муҳйиддин Аввома ҳафизаҳуллоҳ Каъбатуллоҳнинг ичига киришга муяссар бўлибди. Китобни қўлёзма ҳолида олиб кириб, Каъба ичида унинг Аллоҳ таоло ҳузурида мақбул бўлишини тилаб дуо қилибди. Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда бу китоб дунёнинг жуда кўплаб тилларига таржима қилинган, ёш болачалар бу китобни ёд олиб, ўзаро мусобақалашаётган даврларни кўриб турибмиз. Ўғлинг бўлса, шундай бўлсин экан! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушларида кўрадиган, ёзган китобини оламлар фахри, коинот сарварига ҳам мақбул қилдира оладиган фарзанднинг отаси қандай ҳам бахтли! Китоб ёзадиган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушида кўрадиган фарзандни тарбиялаган ота-она қандай улуғ зотлар экан!

10) Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ ёш аҳли илмларни ақлли бўлишга, ҳар бир ишни ақл ва маслаҳат билан амалга оширишни, огоҳ бўлиб яшашни, муаммоларни секин-асталик билан ақл-идрок ила бирин-кетинликда ҳал қилишга ўрганишни тавсия қилдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ақлли, виқорли, камгап, лекин узоқни кўра биладиган олим бўлганлигини айтдилар. Шу зотга ўхшаб ақл ва босиқлик билан иш кўришни тавсия қилдилар. Аҳли илмлар ҳамиша иттифоқда бўлишларига, қалблари бир бўлишига чақирдилар. Аҳли илмларнинг галдаги энг муҳим вазифалари сифатида бирор диний фанларда мутахассис бўлиш, деб айтдилар. Яъни, энди юртимизда муҳаддислар, фақиҳлар, муфассирлар, мутакаллимлар гуруҳлари етишиб чиқиши зарур. Бунинг учун шу фанлар бўйича ихтисосликларга аҳамият бериш кераклигини кўрсатдилар...

●●●

Юқорида зикр қилган бандлардаги маълумотлар Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг улуғ олимлигини, уммат ва мусулмонларнинг эргашиши лозим бўладиган зотлардан бири эканлигини билдиради. У зотнинг илмий мақоми олимона манбашунос эканлигидир. Манбашунослар кўп, лекин ҳаммасини ҳам олим деб бўлмайди. У зот юртмиздан етишиб чиққан буюк бобокалонларимизнинг илмий меросларини замонавий тадқиқ ва таҳқиқ қилиб нашрга тайёрлашга тарғиб қилдилар, бу борада нималарга аҳамият беришимиз кераклигини тушунтирдилар. Хос исломий мутахассислар кўпайишига ташвиқ этдилар...

Islom.uz портали таҳририяти

Муаллиф
Ҳамидуллоҳ Беруний
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мулла Сулаймон Абдураҳмон эшон ўғли 1880 йил Наманган шаҳри, Авлиё домла маҳалласи ҳозирги Жийдакапа кўчасида тўқувчи хунарманд оиласида дунёга келди. Отаси давоми...

2260 11:33 / 24.10.2021
Агар биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларидан бир қадаҳ тотганимизда эди, у зотнинг суннатларини ва кўп салавот йўллашни тарк қилмаган давоми...

1560 17:00 / 29.07.2022
Умарали Эшоннинг оиласи ва фарзандлари ҳақидаБиз ўз бобокалонимиз тарихини излаб жуда кўп суриштирув ишларини олиб бордик. Умарали эшон яшаган даврдаги бошқа давоми...

1809 18:00 / 18.10.2021
Мулла Отахон махдум тахминан 19 асрнинг иккинчи ярмида Наманган шаҳри, Чуқур кўча даҳаси кейинчалик халқ тилида Инглиз маҳаллада бўзчи ҳунарманд оиласида дунёга давоми...

2198 15:00 / 12.01.2022
Аудиолар

137626 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7543 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57692 14:35 / 11.08.2021