1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Абу Имрон Мусо ибн Қурайш ва Абул Аббос Муҳаммад ибн Аҳмад

11:00 / 10.01.2021 1562 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳофиз, муҳаддис, илм талабида юрт кезган Абу Имрон Мусо ибн Қурайш ибн Нофеъ Тамимий Бухорий.

Абу Нуъайм, Али ибн Айёш, Ҳимсий, Муслим ибн Иброҳим, Исҳоқ ибн Бакр ибн Музар, котиб Абдуллоҳ ибн Солиҳ ва уларнинг табақасидагилардан ҳадис ривоят қилганлар.

Бу кишидан Муслим ўз «Саҳиҳ»ларида, Ҳусайн ибн Ҳасан Ваззоҳий, Али ибн Ҳасан ибн Абда, Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Халаф ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар.

Илм талабида машаққат тортганлар, ҳадис жамлаганлар, асарлар ёзганлар.

Ибн Мокуло бу кишининг 254 йилда вафот этганликларини қайд қилганлар.

Имом, ҳофиз Абул Аббос Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳамдон ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн Синон Ҳирий Найсобурий. Зоҳид Абу Умарнинг укалари. Бу икковлари Хоразм муҳаддиси, ҳофиз Абу Жаъфар Ҳирий Найсобурийнинг фарзандлари.

Ибн Ҳамдон 273 йилда туғилганлар.

Муҳаммад ибн Айюб Розий, Муҳаммад ибн Иброҳим Бушанжий, Муҳаммад ибн Амр Қашмард, Муҳаммад ибн Нуъайм, Ҳасан ибн Али ибн Зиёд Суррий, Мусо ибн Исҳоқ Ансорий, қози Абдуллоҳ ибн Убай Хоразмий, Иброҳим ибн Али Зуҳлий, Тамим ибн Муҳаммад Тусий, Ҳусайн ибн Муҳаммад Қаббоний, Муҳаммад ибн Назр ибн Салама Жорудий, Абу Амр Аҳмад ибн Наср Хаффоф, Имрон ибн Мусо ибн Мужошиъ, Абул Фазл Аҳмад ибн Салама Найсобурий, Али ибн Ҳусайн ибн Жунайд, Иброҳим ибн Абу Толиб, Ибн Хузайма, Саррож ва бошқа кўплаб шайхлардан ҳадис эшитганлар.

Бу кишидан Абу Бакр Барқоний, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исо, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Қатан, ҳофиз Абу Саъид Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Юсуф Каробисий, Аҳмад ибн Абу Исҳоқ ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар.

Хоразм муҳаддиси Ибн Арслон машҳур «Тарих» китобларида Ибн Ҳамдон ҳақларида батафсил таржимаи ҳол ёзганлар. Унда битилишича, Ибн Ҳамдон Хоразмда истиқомат қилганлар. Парҳезкорликлари ва серғайратликларидан «Зоҳид Абул Аббос» номи билан машҳур бўлганлар.

Оталари бу кишини Ибн Зурайсдан ҳадис эшитиш учун Райга, Тамимдан ҳадис эшитиш учун Тусга олиб борганлар.

Ибн Ҳамдон ёш бўла туриб, Ибн Зурайснинг мажлисларида ҳадис айтганлар. Абу Саъид Каробисийнинг ёзган хатларидан ўқидим. У кишига Абул Аббос, у кишига Аҳмад ибн Салама, у кишига Салама ибн Шабиб айтиб берганлар: «Аҳмад ибн Ҳанбал билан масжидда ўтирган эдим. У киши «Ал-Ашриба» номли китобни ўқиб бераётган эдилар. Бир одам келиб, салом берди-да: «Қай бирларингиз Аҳмад ибн Ҳанбал?» – деб сўради. У киши: «Мен Аҳмад ибн Ҳанбалман», – дедилар. У айтди: «Мен тўрт юз фарсах сув ва қуруқликни босиб, ҳузурингизга келдим. Бир куни мен ухлаб ётган эдим. Тушимда ёнимга бир одам келиб: «Мен Хизрман, Бағдодга бориб, Ибн Ҳанбал ҳақида сўрагин. У кишига: «Сабр қилганинг учун Аршнинг Соҳиби ҳам, атрофидаги фаришталар ҳам сендан рози», – деб айтгин», – деди». Аҳмад ибн Ҳанбал ўринларидан туриб, уйларига кетаётган пайтда ҳалиги кишидан: «Бошқа бирор ҳожатингиз ҳам борми?» – деб сўрадилар. «Йўқ, шу хабарни етказиш учун келгандим», – деди-да, хайрлашиб, чиқиб кетди».

Абул Аббос 291 йилда тижорат мақсади билан Хоразмга борганлар. Ҳикоя қилинишича, Хоразм муҳаддисларининг раиси Муҳаммад ибн Исмоил у кишини хоннинг зиёратларига олиб борганлар. Хон у кишидан бир неча ҳадис ҳақида сўраганлар. Ҳадисларни батафсил айтиб берганлар ва хоннинг ҳурматига сазовор бўлганлар.

Абул Аббос Хоразмдан икки марта ҳажга борганлар. Тижоратларига Аллоҳ барака берган. Абдуллоҳ ибн Убайни ўзларига устоз тутиб, у киши билан бир йил бирга бўлганлар.

У киши амирлар, арбобларнинг ишончларини қозонганлар. Нозик масалаларни ҳал қилганлар. Бу кишига турли томондан нафис матолар келтириб турилган. Олди-бердида ўта тақводор, қадрлари баланд бўлган. Бир масжидга нозир этиб қўйилганларида, у ерни обод қилганлар.

Қуръони каримни мукаммал ёд билганлар, ҳадисшуносликда ўз ўринларига эга, тарих, рижол, фиқҳ илмларидан ҳам хабардор бўлганлар. Фақиҳ бўлсалар-да, фатво беришдан тийилганлар. Бир киши келиб: «Мен «Фалончига уйлансам, уч талоқ бўлсин», деб қасам ичдим. Энди нима бўлади?» – деб сўради. У киши жавоб бердилар: «Имом Молик билан Абу Ҳанифа: «Талоқ бўлади», Шофеъий: «Талоқ бўлмайди», – деганлар». Сўровчи: «Сиз нима дейсиз?» – деди. «Бунинг учун Абу Бакр Фуротийнинг ҳузурларига боринг», – дедилар, фатво бермадилар.

Бу киши Хоразм қишлоқларидан бири Мансурада «Саҳиҳи Бухорий»нинг бир қисмини Фирабрийдан эшитганлар. Шунда қарасалар, санадда битта ровий кўпайган. Кейин ўша бир ровийни чиқариб ташлаб, шу ҳадисни ўзлари қайтадан ёзганлар. Музанийнинг «Мухтасари Музаний» китобларидаги ҳадислар ҳақида ҳам бир китоб битганлар.

Агар ҳадиснинг саҳиҳлиги тасдиқланса, у киши олимларнинг сўзларига эътибор бермасдан, унга амал қилаверардилар.

Ёзган ҳадисларининг санад ва матнларини ёддан билганлар.

Одамлар бу кишини табаррук санаб, яхши кўрганлар. У кишининг сўзлари таъсирчан бўлган. Истисқо намозларида у кишини олдинга ўтказишган.

Ҳар душанба ва пайшанба кундаги дарсларига имомлар, давлат арбоблари ҳам келишган.

Бизга Исмоил ибн Абдурраҳмон Муаддал, у кишига Абу Муҳаммад ибн Қудома, у кишига Абул Фатҳ ибн Баттий, у кишига Абул Фазл ибн Хайрун, у кишига Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад Барқоний хабар бердилар. У киши Абул Аббос ибн Ҳамдонга 353 йил жумодул аввал ойида бу ҳадис ўқиб берилганини эшитганлар. У кишига Муҳаммад ибн Айюб, у кишига Абул Валид, у кишига Исҳоқ ибн Саъид ибн Амр ибн Саъид, у кишига оталари оталаридан хабар берганлар: «Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларида эдим. Таҳорат учун сув опкелтирдилар ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳар бир мусулмон фарз намозларининг вақти келганда чиройли таҳорат қилса, намознинг хушуъсини, рукуъларини жойига қўйса, бу унинг учун каффорат бўлади».

Ёки бошқа бир ривоятда: «Гуноҳи кабиралар қилмаган бўлса, ўтган гуноҳларига каффорат бўлади. Бу ҳамма замонга тегишли», – деганларини эшитдим», – дедилар».

Муслим бу ҳадисни Абд ва Ибн Шоирдан, улар Абул Валиддан ривоят қилганлар.

Ибн Арслон «Тарих» китобларида битганларини ҳофиз Абу Саъиднинг хатларидан ўқидим: «Абул Аббос ўлим тўшагида ётганларида мусулмонлар ғамга ботдилар. Ўша пайтларда Абул Аббоснинг куёвлари тушларида Азҳарийни кўрганлар. У киши: «Абул Аббос энди бизнинг ёнимизга келади. Ким ўзининг афв этилишини истаб, у кишининг дуоларини олса, унинг гуноҳи кечирилади», – деганлар. Бу хабар бутун шаҳарга тарқалди. Одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, у кишининг ҳузурларига келишди. Абул Аббос уларнинг ҳақларига истиғфор айтиб дуо қилдилар. Ўн беш кун хасталаниб, жума кечаси «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини такрорлаб тилдан қолдилар. 356 йили сафар ойининг ўн биринчи куни шанба кечаси вафот этдилар. Бу катта мусибат бўлиб, жанозаларига жуда кўп киши тўпланди. Фақиҳлар, давлат арбоблари, таниқли савдогарлар келишаверганларидан таъзия олти кун давом этди. Хоразмшоҳ Абу Саъид Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ироқ ҳам ўз амирлари билан таъзияда ҳозир бўлдилар. Ҳақларига марсиялар айтилди. Уч нафар фарзандлари қолди. Аллоҳ таоло у кишини раҳмат айласин».

 «Машҳур даҳолар сийрати» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ёфиъий ўзининг .Миръотил жанон, китобида келтиради .Халифа Валид ибн Абдулмалик вафот қилганидан сўнг унинг ўрнига укаси Сулаймон халифаликка ўтирди. Сулаймон давоми...

2277 10:14 / 02.01.2023
Ислом оламидаги буюк шахсиятлардан бири, Усмонийларнинг энг сўнги муфтийси, илм борасида, таҳқиқ майдонида замонасининг етук имоми бўлган Муҳаммад Зоҳид давоми...

2004 11:00 / 09.09.2022
Олим, кашфиётчи, шоир, табиб, математик, астроном, кимёгар Аббос ибн Фирнас 810 йилда Андалусиянинг Рунда шаҳрида таваллуд топди. У Андалусиядаги умавий ҳокимлардан давоми...

2211 09:00 / 07.10.2021
Тоҳиpxон тўpa 1900 йил Наманган шаҳри Сардоба даҳаси ҳозирги .Тўрақўрғон, кўчасида маърифатли хонадонлардан бирида таваллуд топди. Бобоси Яҳёхон тўра XIX аср охири ва XX давоми...

1337 19:30 / 15.12.2022
Аудиолар

137633 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57698 14:35 / 11.08.2021