1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Инсоннинг жуфт қилиб яратилиши

17:10 / 31 октябрь 6354 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Қуръони каримдаги маълумотга биноан, инсоннинг биринчи жамияти оиладан иборат бўлган. Аллоҳ таоло тупроқдан отамиз Одам алайҳиссаломни ва ундан унинг жуфти – онамиз Ҳаввони яратганидан сўнг икковлари бир оила бўлиб ҳаёт кечиришни бошлаганлар ва улардан одам насли тарқала бошлаган.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир. Вақтики у (жуфтини) ўраганида, енгил ҳомиладор бўлди. Бас, у билан юрди. У оғирлашганда эса, икковлон Роббилари Аллоҳга: «Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», – деб дуо қилдилар» (189-оят).

Ислом таълимоти бўйича, ҳамма одамларнинг асли бир. Аллоҳ таоло уларни бир жондан яратган. Унинг жуфти бўлмиш аёлни ҳам худди шу жоннинг ўзидан халқ қилган. Лекин бирини эркак, иккинчисини аёл қилиб яратиши уларнинг бир тан, бир жон бўлиб бир-бирларидан «ором олиш»лари учундир.

«У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир...»

Ҳа, Исломда «Эркак ва аёлнинг асли бир, уларни Аллоҳ таоло бир жондан яратган» деб эътиқод қилинади. Уларнинг тузилишлари икки хил бўлиши эса бир-бирларидан ором олишлари, «оила» деб номланган ошёнда истиқрор, хотиржамлик ва унсу улфат топишлари учундир.

Эркак билан аёлнинг ҳалол йўл билан қўшилиб, бир оила бўлиб яшашларининг самараларидан бири фарзанддир. Буни ушбу оятда юқори одоб йўли билан:

«Вақтики у(жуфти)ни ўраганида, енгил ҳомиладор бўлди», дейилмоқда.

Яъни, аёл киши янги ҳомиладор бўлганида ҳомила енгил бўлади. Унинг борлиги онага у қадар билинмайди ҳам.

«Бас, у билан юрди...»

Яъни, она ҳомила билан маълум муддат юрди.

«У оғирлашганида эса, икковлон Роббилари Аллоҳга: «Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», – деб дуо қилдилар».

Вақт ўтган сари, ҳомила катталашиб бориб, она оғирлашади. Туғиш вақти яқинлашади. Ана шу пайтда отада ҳам, онада ҳам фитрий – соф табиатларига хос ҳис-туйғулар ошади, уларда фарзанд билан боғлиқ турли орзу-умидлар пайдо бўлиб, фарзандларининг соғ-саломат, тўла-тўкис униб-ўсиши ва аҳли солиҳлардан бўлишини орзу қиладилар. Шунингдек, уларда онанинг эсон-омон қутулиб олиши ҳақида ҳадиклар ҳам бор. Ҳар ҳолда, инсон орзу-умид паллаларида Аллоҳга илтижо қилади. Ота-онада эса ҳам орзу-умид, ҳам ҳадик бор. Шунинг учун ҳам улар:

«Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», – деб дуо қилдилар».

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!» (1-оят).

Бу ояти карима одамларга уларнинг инсон эканликлари, уларни Аллоҳ таоло яратганлиги эслатилмоқда. Шунингдек, бу оятда одамларни яратган Холиқ битта бўлиши билан бирга, инсонларнинг асли ҳам бир жон бўлганлиги баён этиляпти:

«Сизни бир жондан яратган»

Ушбу оятдаги улкан ҳақиқатлардан бири «...ва ундан унинг жуфтини яратиб» жумласида ўз аксини топгандир, яъни у жондан унинг жуфтини – хотинини яратган, дейилмоқда. Бу эса, ўз навбатида аёл киши ҳақидаги барча нотўғри фикр ва тушунчаларни чиппакка чиқариб, ўз ҳуқуқларига эгаликда ва дунё ҳаётидан баҳрамандликда у ҳам эркаклар билан тенг туришини, у ҳам бир жондан яралганини англатади.

«Икковларидан», яъни ўша «бир жон» бўлмиш Одам ва унинг жуфти Ҳавводан «кўплаб эркагу аёлларни таратган»лиги ҳам муҳим бир ҳақиқатдир.

Аллоҳ таоло хоҳласа, бирданига хилма-хил, сон-саноқсиз эркагу аёлларни яратишга ҳам қодир эди. Аммо у бундай қилишни хоҳламади. Ер юзидаги инсонларнинг барчаси қариндошлик алоқалари, оила ришталари ила ўзаро боғлиқ бўлишларини ирода қилди. Исломда оилани мустаҳкамлашга катта эътибор берилишининг сири ҳам шундадир.

Аллоҳ таоло Ўзининг танлаб олган элчилари бўлмиш Анбиёларига ҳам оила қуриш, жуфти ҳалолларидан зурриётлар орттиришни раво кўрган.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, Биз сендан олдин ҳам Расуллар юбордик ва уларга хотинлар ва зурриётлар ато қилганмиз» (38-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинаётган ушбу оятда Аллоҳ таоло оилали бўлиш, уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканини баён этмоқда.

Маълумки, Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг энг суюкли, танлаб олган, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган бандаларидир. Улар инсоният тарихи давомида илоҳий қонун-қоидалар асосида яшашни кишиларга ўргатиб келган шахслардир. Ана ўшандай олиймақом зотларнинг ҳаммалари оилали ва зурриётли бўлишлари бежиз эмас. Бу ҳолат барча инсонлар оилали бўлиб, ҳалол-пок йўл билан зурриёт қолдиришга уринишлари керак эканини кўрсатади. Бу оятда никоҳга қаттиқ тарғиб борлиги кўриниб турибди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг никоҳдан дунёга келганликларини фахр билан зикр қилганлар.

Жаъфар ибн Муҳаммаддан, у отасидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла мени никоҳдан чиқарди, зинодан чиқармади».

Байҳақий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиснинг шарҳида айтилишича, Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг маҳбуб Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота силсилалари Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолибгача, она силсилалари момо Ҳавводан тортиб, то Омина бинту Ваҳбгача фақат никоҳ воситаси билан боғланиб келишини таъминлаган.

Хулласи калом, Аллоҳ таоло инсон зотига, уларнинг йўлчи юлдузлари бўлмиш анбиёларга, анбиёларга эргашган авлиёларга ва барча умматларга оила ҳаётини раво кўргандир. Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг барча самовий динларида оила тузумини улуғлаган ва бандаларини никоҳга тарғиб қилган.

 Айниқса, Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал дини, Қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замонлар ва маконлардан инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини – Исломда оилага алоҳида эътибор берган. Оилавий алоқаларни инсоний алоқалар ичида энг муқаддас робитага айлантирган, Қуръони каримда бу масалага оид кўплаб оятларни нозил қилган. Аллоҳ таолонинг сўнгги Набийси бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари оилавий ҳаёт кечириб, барчага намуна бўлганлар ва кўплаб ҳадисларида кишиларни оилада яшашга тарғиб қилиб, бу борада бахт ва саодатга сабаб бўлувчи кўрсатмаларни берганлар.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг эрларга никоҳда маҳр беришни фарз қилгани ва аёлларга маҳр олишни ҳақ қилгани бежиз эмас. Бу амалнинг тўрт оят ва бир неча ҳадислар билан шариатга давоми...

4286 19:30 / 20.01.2019
Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик, иложи борича, давоми...

2338 11:20 / 30.04.2020
Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида ҳижрий 1410 йил 15ndash22 Ражаб милодий 1990 йил, 10ndash17 февраль кунлари бўлиб ўтган ўн иккинчи мажлисида давоми...

2602 10:05 / 26.10.2019
Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар қуйидагиларТаом.Бунга озиқовқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган сирка, ёғ ва шунга ўхшаш нарсалар ҳамда таом давоми...

8473 12:00 / 24.06.2019