1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Туғилган фарзанд қиз бўлса (иккинчи мақола)

11:05 / 21.12.2019 5775 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ الله ُعَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: إِنَّ النِّسَاءَ شَقَائِقُ الرِّجَالِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар.

Термизий ривоят қилган.

Шу билан бирга, бизнинг динимиз исломий қонун-қоидаларни, ахлоқ-одобларни, тасаввур ва маданиятни жорий қила бошлади. Ўша вақтда аёлларга етказилган зулм кўп бўлганлиги учун Исломда уларга эътибор ҳам кўп бўлди.

Қуръони Каримнинг узун сураларидан бири «Нисо» («Аёллар») деб аталди. Бошқа бир сура «Мужодала» («Тортишувчи аёл») номини олди. Шунингдек, «Талоқ» сурасини ҳам «Кичик Нисо» дейишади. Қуръони Каримнинг бошқа сураларида ҳам аёллар масаласига алоҳида эътибор билан қаралади. «Нур» ва «Аҳзоб» суралари бунинг ёрқин мисолидир.

Аёлларга бўлган эътиборнинг тасдиғи ўлароқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматига қилган оммавий ваъз-насиҳатларидан ташқари, яна аёллар учун алоҳида мажлислар ҳам ўтказиб турар эдилар.

Исломдан олдин арабларда «зиҳор» деган нарса бор эди. Бунда эр хотинига «Сен менга онамнинг белидек ҳаромсан», деса, абадий ярашиб бўлмайдиган талоқ тушар эди. Хотин эр учун унинг онасидек ҳисобланиб қолар эди.

Кунларнинг бирида Хавла бинти Саълаба исмли аёлни унинг эри Авс ибн Сомит зиҳор қилди. Сўнгра, Авс аччиғидан тушгач, надомат қилди ва хотинига:

«Энди сен менга ҳаром бўлсанг керак», – деди. Хавла бўлса:

«Аллоҳга қасамки, бу талоқ эмас», – деди-да, қўшни аёлнинг кийимини қарзга олиб, бу масала ҳукмини ойдинлаштириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўл олди. У зотнинг олдиларига келиб:

«Ё Расулаллоҳ, эрим Авс ибн Сомит ёш, бой ва ақл‑ҳушли пайтимда менга уйланди. Молимни еб битирди, ёшлигимни барбод қилди, ақлимни сустлатди ва ёшим улуғ бўлган бир дамда мени зиҳор қилди. Энди ўзи бу зиҳордан афсус-надоматда. Бизларнинг яна қайта қўшилишимизга бирор йўл борми?» – деди.

«Унга ҳаром бўлибсан», – дедилар Набий алайҳиссалом.

«Сизга Қуръонни туширган Зотга қасамки, у талоқни зикр қилгани йўқ. У менинг боламнинг отаси, энг севимли кишим-ку, ахир?!» – деди Хавла.

«Унга ҳаром бўлибсан», – дедилар Набий алайҳиссалом.

«Мушкулимни ва ёлғизлигимни Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан, мен эрим билан узоқ ҳаёт кечирдим, ундан фарзандлар кўрдим», – деди Хавла.

«Унга ҳаром бўлибсан, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва «Сенинг тўғрингда бирор амр келгани йўқ», – деб қўшиб қўйдилар.

Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳо бўлса, тинмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тортишаверди. Қачон У зот алайҳиссалом: «Сен унга ҳаром бўлибсан», десалар, Хавла: «Мушкулимни, ёлғизлигимни ва ҳолимнинг оғирлигини Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан», – дер эди.

Ушбу тортишув чоғида Хавла бинти Саълаба:

«Ахир менинг ёш болаларим бор, мен билан бўлсалар, оч қоладилар, у билан бўлсалар, зоеъ бўладилар», – дер ва бошини осмонга кўтариб:

«Аллоҳим! Ўзингга ёлвораман. Аллоҳим! Пайғамбарнинг тилига менинг мушкулимни осон қилувчи нарсани тушир», – дер эди.

Бирдан Набий алайҳиссалом жим бўлиб қолдилар. Ваҳий тушганда бўладиган ҳолат юзага келди. Бир муддатдан кейин у киши муборак бошларини кўтардилар-да:

«Аллоҳ таоло сен ва сенинг эринг ҳақида оят туширди», – дедилар ва қуйидагича бошланадиган оятларни тиловат қилдилар:

«Албатта, Аллоҳ сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган(аёл)нинг сўзини эшитди. Ҳа, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир» («Мужодала» сураси, 1‑оят).

Бу оятларда жоҳилиятнинг зиҳор ҳукми ботил қилинган, зиҳор қилган эр каффорат бериб, хотини билан ярашиши мумкинлиги баён қилинган эди. Мана, ўн тўрт асрки, ўша оятлар Қуръон сифатида ўқилмоқда, уларга шариат – қонун сифатида амал қилинмоқда. Қиёматгача шундай бўлиши шубҳасиз. Оддий бир аёлнинг нидоси Аллоҳ таолога етиб бориши, унинг фикрига, талабига мос Қуръон оятлари тушиши аёл зотининг ҳурмати, эътибори эмасми?! Қайси тузумда, қайси дастурда шунга ўхшаш нарса бор? «Зар қадрини заргар билади», деганларидек, Хавла бинти Саълаба розияллоҳу анҳонинг қадрини ҳам ҳамасрлари яхши билганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз халифалик даврларида бир гуруҳ кишилар билан кетаётган эканлар, бир аёл у кишини узоқ тўхтатиб қолибди. Ваъз, насиҳат қилибди:

«Эй Умар, – дебди аёл, – яқиндагина Умарча деб аталардинг, улғайганингдан сўнг «Эй Умар», деб аталадиган бўлдинг. Энди эса, «Эй амирал мўминин», деб аталмоқдасан. Аллоҳдан қўрққин, эй Умар! Ким ўлимга ишонса, умрини бекорга ўтказишдан қўрқади, ким ҳисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади», деб яна сўзини давом эттираверибди аёл.

Ҳазрати Умар бўлсалар, жим қулоқ солиб тураверибдилар. Атрофдагилар у кишига:

«Эй мўминларнинг амири! Бир кампирга ҳам шунчалик тўхтаб турасизми?» – дейишганда, ҳазрати Умар уларга жавобан:

«Аллоҳга қасамки, у агар куннинг аввалидан охиригача ушлаб турса ҳам, фарз намоз вақтидан бошқа вақтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи? Бу Хавла бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан эшитган. Оламларнинг Робби унинг сўзини эшитади-ю, Умар эшитмасмиди?!» – деганлар.

Ҳа, ўз сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан туриб эшитадиган, фикрини қабул қилиб, истагини шариат қилиб, Қиёматгача юритиб қўядиган аёлларни фақат Исломгина етиштира олади. Оламга донғи кетган, ҳар қандай ботир ҳам номини эшитганда титроққа тушадиган забардаст халифани кўчада тўхтатиб олиб, хоҳлаганича насиҳат қила оладиган аёлни ҳам фақат Ислом етиштиради, холос.

Бунга ўхшаш аёлнинг шаънини улуғлаш маъносидаги гаплар жуда ҳам кўп. Бошқа китобларимизда бу ҳақда батафсил сўз юритганмиз. Ушбу мақомда гапни қисқа қилишга ҳаракат қиламиз.

Исломда аёлларни туғилганларидан умрларининг охиригача керакли маишат билан таъминлаш эркаклар зиммасига юклатилганлиги, шунингдек, жамият учун керакли оғир ишларни бажариш ҳам эркакларга юклатилганлиги учун, аёлларни ҳурматлаб, уларга ишлаш масъулияти юклатилмаган.

Исломда аёл зоти ўзининг ҳаёт кечириши учун керакли нарсаларни топишдан ҳам озод қилинган. Уни нафақа билан таъминлаш эркакларга юклатилган. Нафақа деганда, турар жой, кийим, таом, дам олиш, таълим олиш ва даволаниш каби ҳаётий тақозоларни таъминот этиш кўзда тутилади.

Исломда аёл зоти қиз бўлса, нафақаси отасига вожиб бўлади. У қизини нафақа билан таъминласа, вожиб ибодатни адо этган шахс сифатида савоб олади. Аммо қизнинг нафақасида нуқсонга йўл қўйса ёки ундан бош тортса, вожиб ибодатдан бош тортган ёки унда нуқсонга йўл қўйган шахс сифатида Аллоҳнинг олдида гуноҳкор, қизининг олдида жиноятчи бўлади. Жамият маҳкама орқали, куч ила қизнинг ҳаққини олиб беради. Шунингдек, аёл зотининг нафақаси сингил бўлса, акасига, опа бўлса укасига, хотин бўлса, эрига, она бўлса, ўғлига юклатилади. Ҳеч кими бўлмаса, уни жамият қарамоғига олади.

Шунингдек, жоҳилият одатига хилоф ўлароқ, қиз туғилганда хурсандликни бўрттириб изҳор қилиш тавсия қилинади. Ҳатто ҳадя улашишда ҳам, кўнгиллари нозиклиги эътиборидан, аввал қизлардан бошланади. Қиз туққан келинлар баракали келинлар сифатида эъзозланади. Қизларнинг ўзлари ҳам «барака рамзлари» дея эркаланади. Қиз боққанларга турли мақомлар ваъда қилинади.

(Давоми бор)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Идда, сўзи луғатда .санаш,, .ҳисоблаш, маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашганидан сўнг сақлаши лозим бўлган давоми...

1971 16:00 / 28.07.2023
Оила қуриш ниятидаги эркак тараф ўзи учун никоҳи ҳаром ва совчилик қилиб бўлмайдиган шахсларни ажратиб олганидан кейин энг аввал муносиб келин ахтаришга давоми...

5524 13:32 / 17.11.2018
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимнинг учта қизи бўлса, уларнинг хархашалари, давоми...

3953 10:55 / 27.12.2019
Барра бинти Ҳорис бу шартномадан кейин ўша келишилган миқдордаги тиллани топиш пайига тушди. Бу мақсадга эришиш учун нима қилиш кераклигини у яхши билар эди. давоми...

2353 20:05 / 14.09.2019
Аудиолар

135088 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55365 14:35 / 11.08.2021