1446 йил 15 жумадул аввал | 2024 йил 17 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Суннат ғусллар

20:00 / 09.04.2019 4279 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жума, икки ийд намози, эҳром ва Арафа учун (ғусл) суннатдир.

Поклик дини бўлган Ислом мусулмонларни фақат вожиб ғусллар билан кифояланиб қолмасдан ғусл вожиб бўлмаган вақтларда ҳам бу ишни қилиб туришга тарғиб қилган.

1. Жума намози учун.

Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Жума намози учун ғусл қилганлар, бошқаларни ҳам ғусл қилишга буюрганлар.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жуманинг ғусли ҳар бир эҳтиломга етган учун вожибдир», – дедилар».

Икки Шайх ривоят қилганлар.

Бу маънодаги ҳадислар кўп. Шунинг учун ҳам баъзи мазҳабларда жума кунги ғусл суннати муаккада дейилган.

Ҳанафий мазҳабида эса, жума кунги ғусл суннат дейилган.

Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким жума куни тоҳарат қилса, қандай ҳам яхши. Ким ғусл қилса, ғусл афзал», – дедилар».

Термизий ривоят қилган.

2. Икки ийд намози учун.

Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар ва бу ишга тарғиб қилганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни ва ал-Азҳо куни ғусл қилар эдилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

3. Ҳаж ёки умра учун эҳром боғлаганда ғусл қилиш.

Бу ишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлар ва қилишга тарғиб қилганлар.

Хорижа ибн Зайд ибн Собит отасидан ривоят қилади:

«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эҳром боғлаш учун ечиниб, ғусл қилганларини кўрган».

Термизий ва Дорақутний ривоят қилганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Асмо бинти Умайс Муҳаммад ибн Абу Бакрни (Зулъулайфадаги) дарахт(ости)да туғиб, нифосли бўлиб қолди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга унга ғусл қилиб, эҳром боғлашга амр қилишни буюрдилар».

Муслим ривоят қилган.

4. Арафотда туриш учун ғусл қилиш.

Бу ҳам Набий алайҳиссаломдан собит бўлган суннатдир.

Баззор ўз «Муснад»ида ал-Фокиҳ ибн Саъд ҳадисида ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни, Қурбонлик куни ва Арафа куни ғусл қилар эдилар».

5. Истеҳоза (одатдан ташқари қон) кўрган аёл учун.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳабиба ва Зайнаб бинти Жаҳш оналаримизга шундай ҳолатларда ғусл қилишга буюрганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Умму Ҳабиба етти йил истеҳоза бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у ҳақида сўради. Бас, ул зот уни ғусл қилишга амр қилдилар ва:

«У томирдан», – дедилар.

Бас, у ҳар намозга ғусл қилар эди».

Бухорий ривоят қилган.

6. Ҳушидан кетган одам ўзига келганда ғусл қилиши.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. Уламолар бунга жинниликдан тузалган ва мастликдан ҳушёр бўлган одамларни ҳам қўшадилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғирлашиб қолдилар ва:

«Одамлар намоз ўқишдими?» – дедилар.

«Йўқ, улар сизга интизор бўлиб туришибди», – дедик.

«Мен учун тоғорага сув қуйинглар», – дедилар.

Биз шундай қилдик. Ул зот ғусл қилдилар. Бас, турмоқчи бўлган эдилар, ҳушларидан кетдилар. Сўнгра ўзларига келдилар ва:

«Одамлар намоз ўқишдими?» – дедилар.

«Йўқ, улар сизга интизор бўлиб туришибди. Ё Расулуллоҳ», – дедик.

«Мен учун тоғорага сув қуйинглар», – дедилар. Бас, ўтириб ғусл қилдилар. Сўнг турмоқчи бўлган эдилар, ҳушларидан кетдилар. Сўнгра ўзларига келдилар ва:

«Одамлар намоз ўқишдими?» – дедилар.

«Йўқ, улар сизга интизор бўлиб туришибди. Ё Расулуллоҳ», – дедик.

«Мен учун тоғорага сув қуйинглар», – дедилар. Бас, ўтириб ғусл қилдилар…»

Бухорий ривоят қилган.

7. Кўпчилик тўпланиб қилинадиган ибодатларда нохуш ҳидларнинг тарқалиб кетишининг олдини олиш ниятида ғусл қилиш тавсия қилинади.

Бундай ишларга: Муздалифада тунаш, шайтонга тош отиш, зиёрат ва видо тавофлари, қуёш ва ой тутилгандаги намозлар ва истисқо намозлари киради.

Икримадан ривоят қилинади:

«Аҳли Ироқдан бир тўп кишилар келиб:

«Эй Ибн Аббос! Сен жумъа куни ғусл қилиш вожиб деб биласанми?» – дейишди. У:

«Йўқ. Лекин у ғусл қилувчи учун покроқ ва яхшироқдир. Ким ғусл қилмаса, унинг учун вожиб эмас. Сизга ғуслнинг бошланиши қандай бўлганлигини айтиб бераман. Одамлар қийинчиликда бўлиб, жун кийим кийишар ва орқаларида юк кўтариб ишлашарди. Масжидлари тор ва шифти паст, сўриток каби эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иссиқ кунда чиқдилар ва одамлар ўша жунда терлаб, ҳид анқигани учун бир-бирларига озор берганини кўрдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ҳидни сезганларида:

«Эй одамлар! Агар шу кун бўлса, ғусл қилинглар ва ҳар бирингиз ўзининг энг афзал мойи ва хушбўйидан суртсин», – дедилар.

Ибн Аббос:

«Кейин Аллоҳ яхшиликни келтирди ва одамлар жундан бошқа нарсани кийдилар. Ишдан кифояландилар ва масжидлари кенгайтирилиб, бир-бирларига озор беришларига сабаб бўлган тер ҳидининг баъзиси ҳам кетди», – деди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мебел савдоси билан шуғулланадиган усталардан ажабтовур қиссани эшитинг .Қиз чиқараётган оилалардан бири мебел сотиб олди ва уни ўрнатадиган жойимизни айтди. давоми...

8362 19:10 / 05.02.2019
1. Эрнинг ҳовлисидаги алоҳида, қулфланадиган уй аёлга кифоя қилади.Яъни, бир ҳовлида бошқа уйлар ва кишилар бўлса ҳам, алоҳида яшаш учун лозим қулайликлари бор уй давоми...

3447 14:30 / 27.06.2019
Ушбу масалада ҳам кишилар орасида кўпгина тушунмовчиликлар бор. Баъзи эркак ва аёллар ушбу ҳолатларда жинсий яқинлик қилиб бўлмайди, деган тушунчага бориб давоми...

4117 20:10 / 18.04.2019
Бу сабабни билиш учун имом Бухорий Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қилган ривоятни ўрганиш керак.Ўша хабар одамларга тарқалди. Улар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

2214 11:05 / 24.09.2019
Аудиолар

134647 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54959 14:35 / 11.08.2021