1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

ЛИЪОН

05:00 / 14.02.2017 4273 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Лиъон» сўзи лаънатдан олинган бўлиб лаънатлашиш маъносини англатади. Шариатда эса, хотинини зинода айблаб, гувоҳ келтира олмаган эрнинг ва зинонинг рад этган хотиннинг қозининг олдида бир-бирларини лаънатлашларига айтилади.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ансорлардан бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, айтингчи, бир одам ўз аёли ила бир кишининг топса, уни ўлдирадими ёки нима қилади?» деди.
Шунда Аллоҳ унинг тўғрисида Қуръонда зикр қилинган икки бир-бири билан лаънатлашишувчи ҳақидаги нарсани нозил қилди.
Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Батаҳқиқ, Аллоҳ сен ва аёлинг ҳақингизда ҳукм қилди. Энди, масжидда лаънатлашинглар, мен шоҳидман», дедилар.

Фориғ бўлганларидан кейин (эр): «Агар уни ушлаб турсам, унга нисбатан ёлғон гапирган бўламан, дедида, унга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлашишни тугатганларидан кейин амр қилмасларидан туриб уч талоқ қилди.
Ибн Шиҳоб: «Икковларидан кейин икки лаънатлашувчи орасини ажратиб қўйиш суннат бўлиб қолди. Аёл ҳомиладор эди. Ўғли онасининг номи ила чақирилар эди. Сўнгра меросда у онасидан, онаси ундан мерос олиши жорий бўлди, деди».
Бошқа бир ривоятда: «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар қизғич, бўйи паст, ваҳрага ўхшаш туғса аёл ростгўй, эр эса унга нисбатан ёлғон гапирган бўлади. Агар (аёл) қора, кўзи ва икки думбаси катта бола туғса, эр унинг ҳақида рост гапирган бўлади», дедилар.
Аёл ўша нарсалардан хуш кўрилмаганини туғди», дейилган. Тўрттовлари ривоят қилишган.
Бошқа бир ривоятда: «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига: «Икковингизнинг ҳисобингиз Аллоҳга ҳавола. Иккингиздан бирингиз ёлғончисиз. Сен учун энди, унга йўл йўқ», дедилар.
«Молимчи?» деди у.
«Сенга мол йўқ. Агар рост гапирган бўлсанг, мол у(аёл)нинг фаржини ўзингга ҳалол қилиб олганинг учун. Агар унга нисбатан ёлғон гапирган бўлсанг, у (мол) сендан яна ҳам узоқ», дедилар».
Шарҳ: Зино катта гуноҳ бўлиб, унга нисбатан кўриладиган жазо чоралари ҳам оғирдир. Агар зинокор оила кўрган шахс бўлса тошбўрон қилиб ўлдирилади. Шунинг учун ҳам зинонинг собит бўлишига оғир шартлар қўйилган. Агар зинокор ўзи иқрор бўлмаса, тўрт киши ўша ишни очиқ-ойдин кўргани ҳақида тегишли гувоҳлик бериши керак. Гувоҳлар кимлигини текширилади. Агар бирорта камчилик чиқиб қолса ҳаммаларига туҳматчи сифатида кўпчилик ичида дарра урилади. Шунинг учун ҳам бегона одам бировни зинода айблашдан олдин яхшилаб ўйлаб кўради.
Аммо эр ўз хотинини биров билан кўриб қолсачи? Бир ўзининг гапи билан ҳам хотинни, ҳам у билан бирга бўлди, деб даъво қилинаётган кишини ўлдириш керакми? Одмнинг ўлдириш учун бир кишининг гувоҳлиги етмайди. Мабодо эр ҳақиқатда бу ишни кўрган бўлсачи? Унда зинокор аёл билан индамай юравериши керакми? Агар ушбу ривоят қаҳрамони айтганидек уни ўлдирса, эрни қасос олиш учун ўлдириладими? Нима қилиш керак? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига ушбу масала кўндаланг қилиб қўйилди.
Шунда Аллоҳ таоло: «Ўз жуфтларига (бўҳтон) тоши отиб, фақат ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаганлар эса, бас, улардан ҳар бирининг гувоҳлиги Аллоҳнинг номи ила тўрт марта, албатта, у ростгўйлардан эканлиги ҳақида шоҳидлик беришдир.
Бешинчисида эса, агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини (айтишликдир).
Ва у(аёл)дан азобни қайтарадиган нарса Аллоҳнинг номи ила тўрт марта, албатта, у(эр) ёлғончилардандир, деб шоҳидлик беришидир.
Бешинчисида эса, агар у(эр) ростгўйлардан бўлса, ўзи(аёл)га Аллоҳнинг ғазаби бўлишини (айтишликдир).
Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида! Албатта, Аллоҳ тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи ва ўта ҳикматли зот бўлмаганида эди!» оятларини нозил қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам арз қилиб келган эрга, сен билан хотининг орасида вужудга келган масалада Аллоҳ таоло Ўз ҳукмини чиқарди, дедиларда, икковлари орасида ушбу оятларда келган ҳукмни татбиқ қилиб, лаънат айтишишни ташкил қилдилар. Лаънат айтишиш тугаши билан эр хотинни уч талоқ қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни тасдиқладилар. Сўнгра яна бир қанча бу ишга тегишли масалаларни баён қилдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Янги масала пайдо бўлганда ўзича иш кўрмай, бошлиқ, биладиган киши олдига бориб сўраш кераклиги.
2. Хотини билан бировни ушлаб олган киши уларни ўлдиришга ҳақи йўқлиги. Балки, қозига арз қилиши зарурлиги.
3. Бунга ўхшаш нозик масалани Аллоҳ таолонинг Ўзи ечиб бергани.
4. Эр хотин орасидаги лаънат айтишиш масжидда бўлгани афзаллиги. Чунки, масжиднинг ўзига яраша ҳурмати бор, у ерда ёлғонга журъат қилиш осон эмас.
5. Эр хотин бир-бирига лаънат айтишганда шоҳидлар бўлиши кераклиги.
6. Лаънат айтишиш тугаши билан эр-хотинлик алоқаси кесилиши. Улар орасида абадий равишда никоҳ ҳаром бўлиб қолади.
7. Лаънат айтишиш пайтида хотин ҳомиладор бўлса, бола унга нисбат берилади. Фалон фистонанинг ўғли, деб номланади. Валади зино, дейилмайди.
8. Лаънат айтишган аёлнинг ўша пайтида ҳомила бўлган боласи ундан мерос олади, она ҳам у боладан мерос олади.
9. Ота-онанинг шакли-шамоили насл орқали болага ўтиши. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳомиладаги боланинг икки хил кўринишда туғилиши мумкинигини айтдилар.

Агар қизғиш рангли, паст бўйли туғилса хотиннинг эридан бўлган бўлишини айтдилар. У вақтда эр хотинига ёлғондан туҳмат қилган бўлар эди. Шунингдек, зино қилган деб даъво қилинаётган одам ҳам маълум эди. Унинг сифатларига қараб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, агар бола қорамтир рангли, икки кўзи катта-катта. Икки думбаси бўлиқ туғилса бола ўша одамдан бўлган бўлади, дедилар.
Бола ўша иккинчи васфда туғилди. Аммо, шу васфга биноан хотинни жазолашга ўтилмаган.

10. Қози ёки ҳоким, лаъатлашиш бошланишидан олдин эру хотинга насиҳат қилиб, Аллоҳ билиб, кўриб турганини, айбдор, албатта, жазодан қочиб қутилмаслигини айтиши зарурлиги.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икковларингизнинг ҳисобингиз Аллоҳга ҳавола. Иккингиздан бирингиз ёлғончисиз» дейишлари шуни кўрсатади.
11. Лаънат айтишиб бўлингандан сўнг эрнинг хотинда ҳеч қандай ҳақи қолмайди. Хотин унга абадий ҳаром бўлади.
12. Эр маҳрдан бирор нарсани қайтариб олиши ҳам жоиз эмас.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ансорларнинг бир киши келиб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, киши ўз аёли билан бир одамни ушлаб олса, бу ҳақда гапирса, дарра урасизлар ёки сукут сақласа, дарду алам билан сукут сақлайди», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, бор Худоё! Ўзинг кушойиш бер, деб дуо қила бошладилар. Шунда лиъон ояти нозил бўлди. Бас у зот уни ҳалиги одамга тиловот қилиб бердилар, унга ваъз қилдилар, эслатдилар. Бу дунёнинг азоби охиратнинг азобидан енгил эканининг хабарини бердилар. У эса:
«Йўқ! Сизни ҳақ ила юборган Зот ила қасамки, мен унинг ҳақида ёлғон гапирмадим», деди.
Сўнгра у зот у(аёл)ни чақирдилар, унга ваъз қилдилар, эслатдилар. Бу дунёнинг азоби охиратнинг азобидан енгил эканининг хабарини бердилар. У эса:
«Йўқ! Сизни ҳақ ила юборган Зот ила қасамки, у ёлғончидир», деди.
Бас, у зот эркакдан бошладилар. У тўрт марта Аллоҳнинг номи ила (қасам ичиб) ўзининг ростгўйлардан эканлигига гувоҳлик берди. Бешинчисида эса, агар ёлғончилардан бўлса, албатта, унга Аллоҳнинг лаънати бўлишини айтди.
Сўнгра аёлга ўтдилар. Бас, у ҳам тўрт марта Аллоҳнинг номи ила (қасам ичиб) у (эр) ёлғончилардан эканлигига гувоҳлик берди. Бешинчисида эса, агар у(эр) ростгўйлардан бўлса, албатта, ўзига Аллоҳнинг ғазаби бўлишини айтди. Сўнгра у зот икковларининг орасини ажратиб қўйдилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда эру хотин орасида лиъон айтиш қай ҳолатда кечиши тўлиқ васф қилинмоқда. Ушбу ривоятда зикри келган Ансорий саҳобийнинг номлари Уваймир ал-Ажаланий бўлган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бировни зинода айблаб гапирса-ю, исбот қилиб бера олмаса-тўртда ўзларида матлуб шартларни мужассам қилган гувоҳларни келтира олмаса-туҳмат қилгани учун дарра урилиши.
2. Хотини билан бировни ушлаб олиб уни ўлдирса, у ҳам қасос учун ўлдирилиши.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариат масалаларида ўзларига бир нарсани гапириб юбормай, тайёр ечим бўлмаса, Аллоҳдан жавоб келишини кутганлари.
4. Лиъон қилишдан олдин, ҳоким ёки қози ҳам эрга, ҳам хотинга яхшилаб ваъз-насиҳат қилиб, эслатиб тўғри йўлга даъват қилиши зарурлиги.
5. Лаънатлашишни аввал эр айтиши лозимлиги. Чунки, асосий даъво ундан содир бўлади.
6. Эр тўрт марта, Аллоҳга қасамки, мен фалончи ўз хотиним пистончини зинода айблашимда, албатта, ростгўйлардандирман, дейди. Бешинчисида эса, агар мен ўз хотиним фалончини зинода айблашимда ёлғончилардан бўлсам, менга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! дейди.
7. Сўнгра хотин тўрт марта, Аллоҳга қасамки, албатта, эрим фалончи мени зинода айблашида ёлғончилардандир, дейди. Бешинчисида эса, агар эрим мени зинода айблашида ростгўйлардан бўлса, менга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин, дейди.
8. Лиъондан сўнг қози бир-бири билан лаънат айтишган эр-хотиннинг орасини абадийликка ажратиб қўяди.
Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аёл ndash аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опасинглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. давоми...

4603 05:00 / 04.03.2017
Келинкуёвни тўй билан табриклаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатдир. Бу суннатга биноан ҳар бир мусулмон келинкуёвни табриклаш пайтида давоми...

13847 05:00 / 14.02.2017
АЁЛ БОЛА ТУШИБ ҚОЛГАНЛИГИНИ ДАЪВО ҚИЛИШИАёл туғиб, иддаси тугаганлигини даъво қилса, ҳужжат асосида унинг сўзига эътибор берилади. Аёл келтирган ҳужжат асосида давоми...

4602 05:00 / 15.02.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин..У Зот хоҳлаган давоми...

3669 05:00 / 15.02.2017