1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Исломда аёллар ҳуқуқи

05:00 / 07.03.2017 16647 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Турли сабабларга кўра аёллар масаласи Исломга қарши таъна тоши отилишинингасосий нишонларидан бирига айланиб қолган. Ҳатто баъзи мусулмон уламолар «Аёллармасаласи Ислом уммати кўксига санчилган заҳарли ханжардир», деб айтишга мажбурбўлдилар. Бу масала бўйича кўплаб китоблар битилган, мақолалар ёзилган, хутбалар, мавъизалар қилинган.

Албатта, бу масалага ортиқча тўхталишга бизнинг имконимиз йўқ. Иккинчидан, Ислом ўз таълимотларига хилоф қилиш оқибатида келиб чиққан нотўғри ҳолатга жавоб беришга мажбур ҳам эмас. Энг муҳими, Ислом ҳеч кимнинг ҳимоясига муҳтож ҳам эмас. Фақат тушуна олмай турган кишиларга тушунганлар ёрдам бериш қабилида иш тутиш мумкин, холос. Шу маънода «Аёл киши ва тенг ҳуқуқлилик» номли мақолада бу масалага мавзунинг сиёқига биноан бир оз изоҳ берилган эди. Энди эса яна мавзунинг сиёқига биноан баъзи бир масалаларни баён қилиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлаймиз.

Исломдан олдин аёл киши нафақат ҳуқуқлари поймол қилинишига, балки инсонлик даражасидан маҳрум қилинишга маҳкум қилинган эди.

Мисол учун, Ислом дастлаб пайдо бўлган юрт ва замонда қиз бола туғилган оила мотам тутар ва кейинчалик ор-номус ва иқтисодий қийинчиликка сабаб бўлмасин, деб қизни тириклайин кўмиб юборилар эди.

Қуръони Карим бу одатларни қаттиқ қоралади ва ман қилди. Мусулмон оилаларда қиз бола туғилса, ўғил бола туғилгандан кўра кўпроқ хурсанд бўлиш жорий қилинди. Қизларни яхшилаб тарбия қилганларга ўғил болаларни тарбия қилганларга берилгандан кўра кўп ваъдалар берилди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг учта қизи бўлса-ю, у уларнинг хар­хашаларига, оғирликларига сабр қилса, Аллоҳ уни уларга кўрсатган раҳми туфайли жаннатга киритур», дедилар.

Бир киши:

«Иккита қизи бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради.

«Иккита қизи бўлса ҳам», дедилар.

Бир киши:

«Биттта бўлса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўради.

«Битта бўлса ҳам», дедилар».

Яна бир ривоятда: «ёки уч синглиси бўлса-ю», деб келган.

Қизларнинг тарбияси, таълими ва маданияти ҳамда, яшаб, ўсиши учун зарур бўлган ҳар бир нарса отанинг зиммасидаги фарздир. Ота бу фарздан фақат қиз турмушга чиққанидан кейингина озод бўлади, чунки энди бу фарз эрнинг зиммасига ўтган бўлади. Отаси ёки эри йўқ аёлнинг нафақаси акаси ёки унинг ўрнини босувчи бошқа шахсларга вожиб бўлади. Умуман, Исломда аёл киши нафақасиз қолиши мумкин эмас. Қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга вожиб бўлади.

Ислом аёл кишига таълим олиш ва маданий савиясини ошириш ҳаққини берди ва эркакларни бу ишга масъул қилди. Илм талаби эркак-аёлга баробар фарзлигини, қизларига ва сингилларига таълим-тарбия берган киши жаннатга ҳақли бўлишини яхши биламиз. Аммо ушбу иш чўри аёлларга ҳам тегишли эканини ҳаммамиз ҳам билмасак керак.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир кишининг ҳузурида жория бўлса-ю, у унга яхшилаб таълим берса, яхшилаб одоб берса ва сўнгра озод қилиб, унга ўзи уйланса, унга икки ҳисса ажр бўлур», деганлар.

Демак, чўри қизга яхшилаб илм ва маданият ўргатишнинг ажри уни чўриликдан озод қилиш ажрига тенг экан.

Аввалги авлод мусулмон аёллари эрларидан, бошқа устозларидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оммавий дарс ва хутбаларидан олаётган илм-маърифатга қаноат ҳосил қилмай, Пайғамбар алайҳиссаломдан аёллар учун алоҳида илм-маърифат мажлислари қилишни талаб этганлар. Уларнинг бу талаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан дарҳол қондирилган.

Аёл киши фақат таълим олиш, дарс, хутба ва ваъз эшитишгагина ҳақли эмас, балки таълим бериш, дарс айтиш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиш мажбуриятида ҳамдир.

Муслима аёллар илм-фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганликлари ҳаммага маълум. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол ҳам келтирайлик.

Шифо бинт Абдуллоҳ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ҳафсанинг олдида ўтирган эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолиб, менга: «Бунга ёзишни ўргатганингдек, намила руқйасини ҳам ўргатмайсанми?» дедилар».

Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Олима аёллар вакиласи Оиша онамиз ҳадис ривоят қилиш бўйича иккинчи ўринда турадилар. Улкан саҳобийлар ўзлари билмаган нарсаларини, ҳал қила олмай қолган масалаларини Оиша онамиздан сўрар эдилар. Ўша вақтнинг шароитида бу нарсалар дунё миқёсида катта ўзгаришлар эди.

Муслима аёлнинг жамият, сиёсат ва шариат майдонларида ҳам керагича ўз улуши бўлган. Муслима аёлнинг тўғри фикрини, ҳақ овозини забардаст халифа ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам эшитган, қабул қилган.

Дунёга Умари Одил номи билан машҳур бўлган забардаст ҳалифа Умар ибн Хаттоб ўз даврларида маҳр миқдори ортиб кетганини мулоҳаза қилдилар. Бу ишни муолажа қилиб, маҳрни чеклаш мақсадида кўпчилик ичида хутба қилиб:

«Огоҳ бўлинглар! Аёлларнинг маҳрида ҳаддан ошманглар! Агар (маҳр) бу дунёда икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, унга сизнинг энг ҳақлийингиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан бирортасига ўн икки увқиядан ортиқ маҳр бермаганлар. У зотнинг қизларининг бирортасига ҳам бундан ортиқ маҳр берилмаган», дедилар.

Шунда бир аёл ўрнидан туриб:

«Эй Умар! Аллоҳ таоло: «У(аёл)ларнинг бирига беҳисоб маҳр берган бўлсангиз ҳам», дейди-ю, сен бизга буни чегаралайсанми?!» деди.

Хутбаси бу шаклда  кесилган халифа:

«Аёл тўғри айтди, Умар хато қилди», деб ўз хатосини ҳамманинг олдида тан олди. Ўша жасур аёлнинг шарофати ила ҳозирги кунимизгача бирорта одам аёлларнинг маҳрини чегаралашга журъат қила олгани йўқ. Бундай иш аёл киши мўътабар бўлган жамиятдагина бўлиши мумкин.

– Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий 6 йилда 1400 саҳоба билан Мадинадан Байтуллоҳнинг зиёрати учун борганларида Ҳудайбия номли жойда мушриклар йўлни тўсдилар.

Ўша ерда сулҳ тузилиб, мусулмонлар Каъбани зиёрат қилмай қайтиб кетадиган бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига бу гапни эълон қилиб бўлиб:

«Туринглар, шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар!» дедилар. Саҳобалар норози бўлиб, бирорталари ҳам қимирламадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амрни уч марта қайта-қайта такрорласалар ҳам, бирор киши қимир этиб қўймади.

У зот ғоят маҳзун бўлиб, чодирга, жуфти ҳалоллари Умму Салама розияллоҳу анҳонинг олдиларига кирдилар. Бўлган воқеани у кишига айтиб, ўтган умматлар ҳам шундай ишлар туфайли ҳалок бўлганлиги, шунинг учун ғоят ташвишда эканликларини қўшимча қилдилар.

Шунда Умму Салама розияллоҳу анҳо у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар қандай доно вазир ҳам бера олмайдиган маслаҳатни бердилар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, айтган амрингиз бажарилишини хоҳлайсизми? Ташқарига чиқинг. Улардан бирортасига бир калима ҳам сўз айтмай, қурбонлик туяларингизни сўйинг. Сўнг сартарошингизни чақиринг, сочингизни олсин», дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, худди Умму Салама розияллоҳу анҳо айтганларидек қилдилар. Буни кўрган саҳобаи киромлар ҳам шошиб қурбонликларини сўйиб, сочларини олдира бошладилар.

Шундай қилиб, бир муслима аёлнинг тадбири ила Ислом уммати ҳалокатдан қутулиб қолди. Аллоҳнинг Пайғамбарига тўғри маслаҳат бера оладиган аёл фақатгина Ислом умматидан чиқиши мумкин.

Энди бир муслима аёлнинг нидосини Аллоҳ эшитиб, фикрини тасдиқлаганини ўрганиб чиқайлик. Исломдан олдин арабларда «зиҳор» деган нарса бор эди. Бунда эр хотинига «Сен менга онамнинг белидек ҳаромсан», деса, абадий ярашиб бўлмайдиган талоқ тушар эди. Хотин эр учун унинг онасидек ҳисобланиб қоларди.

– Кунларнинг бирида Хавла бинт Саълаба исмли аёлни унинг эри Авс ибн Сомит зиҳор қилди. Сўнгра Авс аччиғидан тушгач, надомат қилди ва хотинига:

«Энди сен менга ҳаром бўлган бўлсанг керак», деди. Хавла бўлса:

«Аллоҳга қасамки, бу талоқ эмас, – деди-да, қўшни аёлнинг кийимини қарзга олиб, бу масала ҳукмини ойдинлаштириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йўл олди. У зотнинг олдиларига келиб: – Эй Аллоҳнинг Расули, эрим Авс ибн Сомит ёш, бой ва ақл-ҳушли пайтимда менга уйланди. Молимни еб битирди, ёшлигимни барбод қилди, ақлимни суслатди ва ёшим улуғ бўлган бир дамда мендан зиҳор қилди. Энди ўзи бу зиҳордан афсус-надоматда. Бизларнинг яна қайта қўшилишимизга бирор йўл борми?» деди.

«Унга ҳаром бўлибсан», дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.

«Сизга Қуръонни нозил қилган Зот билан қасамки, у талоқни зикр қилгани йўқ. У менинг боламнинг отаси, энг севимли кишим-ку ахир?!» деди Хавла.

«Унга ҳаром бўлибсан», дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.

«Мушкулимни ва ёлғизлигимни Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан, мен эрим билан узоқ ҳаёт кечирдим, ундан фарзандлар кўрдим», деди Хавла.

«Унга ҳаром бўлибсан, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва: – Сенинг тўғрингда бирор амр келгани йўқ», деб қўшиб қўйдилар.

Хавла бинт Саълаба розияллоҳу анҳо бўлса тинмай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тортишаверди.

Қачон у зот алайҳиссалом «Сен унга ҳаром бўлибсан», десалар, Хавла «Мушкулимни, ёлғизлигимни ва ҳолимнинг оғирлигини Аллоҳнинг Ўзига шикоят қиламан», дер эди.

Ушбу тортишув чоғида Хавла бинт Саълаба:

«Ахир менинг ёш болаларим бор, мен билан бўлсалар, оч қоладилар, у билан бўлсалар, зое бўладилар, – дер ва бошини осмонга кўтариб: – Аллоҳим! Ўзингга ёлвораман. Аллоҳим! Пайғамбарнинг тилига менинг мушкулимни осон қилувчи нарсани тушир!» дер эди.

Бирдан Пайғамбар алайҳиссалом жим бўлиб қолдилар. Ваҳий тушганда бўладиган ҳолат юзага келди. Бир муддатдан кейин у зот муборак бошларини кўтардилар-да:

«Аллоҳ таоло сен ва сенинг эринг ҳақида оят нозил қилди», дедилар ва қуйидагича бошланадиган оятларни тиловат қилдилар:

«Албатта, Аллоҳ сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган аёлнинг сўзини эшитди. Ҳа, Аллоҳ икковингизнинг ўзаро суҳбатингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта кўриб турувчидир» (1-оят).

Бу оятларда жоҳилиятнинг зиҳор ҳукми ботил қилинган, зиҳор қилган эр каффорат бериб, хотини билан ярашиши мумкинлиги баён қилинган эди. Мана, ўн беш асрки, ўша оятлар Қуръон сифатида ўқилмоқда, уларга шариат – қонун сифатида амал қилинмоқда. Қиёматгача шундай бўлиши шубҳасиз. Оддий бир аёлнинг нидоси Аллоҳ таолога етиб бориши, унинг фикрига, талабига мос Қуръон оятлари нозил бўлиши аёл зотининг ҳурмати, эътибори эмасми?! Қайси тузумда, қайси дастурда шунга ўхшаш нарса бор?! Зар қадрини заргар билади, деганларидек, Хавла бинт Саълаба розияллоҳу анҳонинг қадрини ҳам у кишининг ҳамасрлари яхши билганлар.

– Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик даврларида бир гуруҳ кишилар билан кетаётган эканлар, бир аёл у кишини узоқ тўхтатиб қолибди. Ваъз, насиҳат қилибди.

«Эй Умар – дебди аёл. – Яқиндагина сени Умарча дейишарди. Улғайганингдан сўнг «Эй Умар» дейишадиган бўлди. Энди эса «Эй мўминларнинг амири», деб чақирилмоқдасан. Эй Умар, Аллоҳдан қўрққин! Ким ўлимга ишонса, умрини бекорга ўтказишдан қўрқади, ким ҳисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади», деб яна сўзини давом эттираверибди.

Ҳазрати Умар бўлса жим қулоқ солиб тураверибдилар. Атрофдагилар у кишига:

«Эй мўминларнинг амири! Бир кампирга ҳам шунчалик тўхтаб турасизми?» дейишганда, ҳазрати Умар уларга жавобан:

«Аллоҳга қасамки, у куннинг аввалидан охиригача ушлаб турса ҳам, фарз намоз вақтидан бошқа вақтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи? Бу Хавла бинт Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан эшитган. Оламларнинг Робби унинг сўзини эшитади-ю, Умар эшитмасинми?!» деган эканлар.

Ҳа, сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан туриб эшитадиган, фикрини қабул қилиб, истагини шариат этиб қиёматгача юритиб қўядиган аёлларни фақат Исломгина етиштира олади. Оламга донғи кетган, ҳар қандай ботир унинг исмини эшитганда титроққа тушадиган забардаст ҳалифани кўчада тўхтатиб олиб, хоҳлаганича насиҳат қила оладиган аёлни ҳам фақат Исломгина етиштира олади.

Ислом аёлларнинг ҳурмат-эҳтиромини ўрнига қўйиб, аёллик латофатларини сақлаб қолишлари учун, аёллик вазифаларини тўлиқ адо этиш орқали ўз жамиятларига, ватанларига, динларига керакли хизматни адо этишлари учун барча шароитни яратиб берган.

Ислом эркакларга мос бўлган оғир ишларни аёлларга фарз қилмаган, лекин аёларга хос баъзи ишларни эркакларга хос ишлар ила тенглаштириб, улар билан тенг ажр олишни жорий қилган. Мисол учун, аёлларнинг туғишдаги қийноқларини эркакларнинг душманга қарши жиҳодига тенглаштирган. Бу маънолар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб чиққан муслима аёллар шарофати ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баён қилинган.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишича, Асмоъ бинт Зайд ал-Ансорийя розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ортимдаги муслима аёллар жамоасининг элчисиман. Улар менинг сўзимни айтадилар ва менинг фикримга ўхшаш фикрдалар: Албатта, Аллоҳ сизни эркак ва аёлларга юборган. Биз сизга иймон келтирдик ва эргашдик. Биз – аёллар жамоаси тутилиб, ўралиб уйда ўтириб қолганмиз. Эркакларнинг шаҳват мавзеси, болаларингизнинг кўтарувчиларимиз. Эркаклар жамоат ва жанозага ҳозир бўлиш ила афзал қилиндилар. Қачон улар жиҳодга чиқсалар, уларнинг молларини муҳафаза қиламиз, болаларини тарбия қиламиз, уларга ажрда шерик бўламизми?!» деди.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак юзларини ўз саҳобаларига ўгириб қарадилар-да:

«Ўз дини ҳақида ушбу аёлдан кўра яхшироқ савол берган аёлнинг гапини эшитганмисизлар?» дедилар.

«Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди улар.

«Эй Асмоъ, қайтиб бориб, ортингдаги аёлларга билдирки, албатта, сизнинг бирингизнинг яхши эр тутиши, унинг розилигини исташи, мувофиқ бўлганига эргашиши сен зикр қилган нарсаларга тенг келади», дедилар.

Асмоъ ўзига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсалардан севинганидан «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни айтиб қайтиб кетди».

Исломий нуқтаи назарда бола тарбияси, келажак авлодни кўнгилдагидек қилиб етиштириш, оила мустаҳкамлиги аёлларнинг кўчага чиқиб, ўзига мос бўлмаган ишларни қилиб, тўрт-беш танга пул топганидан, аскарлик қилганидан ёки асфалът ётқизганидан афзал ҳисобланади.

Ислом шариатининг ҳукми бўйича, муслима аёл бошқаларга сиёсий бошпана бериш ҳаққига ҳам эгадир.

– Макка фатҳи куни Умму Хониъ бинт Абу Толиб бир душман мушрикни ўз ҳимоясига олиб, бошпана берган. Кейин укаси Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу буни билиб қолиб, ўша душман мушрикни ўлдирмоқчи бўлган. Шунда Умму Ҳониъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган гапни айтганида у зот алайҳиссалом: 

«Эй Умму Ҳониъ, кимни ҳимоянгга олган бўлсанг, биз ҳам уни ўз ҳимоямизга олдик. Кимга омонлик берган бўлсанг, биз ҳам унга омонлик бердик», деганлар.

Исломдан олдин аёл киши меросдан мутлақо маҳрум қилинар, эри ўлганда эса аёлни эрнинг қариндошларидан бири мерос тариқасида олар эди. Кейин хоҳласа ўзи хотин қилар, хоҳласа бошқага эрга бериб, маҳрини ўзи олар эди. Ислом бу золим ҳукмларни ботил этиб, аёл кишининг ҳам меросдан насибаси борлигини эълон қилди.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида:

«Эркаклар учун ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсадан насиба бор. Аёллар учун ҳам ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсадан насиба бор. Озидан ҳам, кўпидан ҳам. Фарз қилинган насиба ўлароқ», деган (7-оят).

Исломда давлат раҳбарини сайлаш, унга итоатни эълон қилиш байъат дейилади. Бу энг муҳим сиёсий ҳақ экани ҳаммага маълум. Қуръони Каримда эркаклар билан бир қаторда аёлларга ҳам байъат қилиш ҳуқуқи берилган.

Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида:

«Эй Набий, агар мўминалар ҳузурингга келиб, Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик, ўғрилик қилмаслик, зино қилмаслик, фарзандларини ўлдирмаслик, қўллари ва оёқлари орасидан бўҳтон тўқиб келтирмаслик ва сенга маъруфда исён қилмасликка байъат берсалар, улардан байъат олгин. Ва Аллоҳдан уларга мағфират сўра. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир», деган (12-оят).

Энди аёл кишининг турли соҳаларда ишлаши ҳақида икки оғиз гаплашайлик. Аввало эркак бўлсин, аёл бўлсин, нима учун ишлайди, деган саволни берайлик. Албатта, тирикчилик қилиш учун, яхши маишат ўтказиш учун, деган жавобни оламиз. Ундай бўлса, тирикчилиги ўтиб турган, маишати етарли бўлиб турган аёл кишининг фарзандларини, оиласини ташлаб қўйиб, кўчага чиқиб, ўзига мос бўлмаган ишни қилишига нима ҳожат бор? Баъзилар «Аёл киши ўз меҳнати ила жамияти тараққиётига ҳисса қўшиши керак эмасми?» дейиши мумкин. Уларга «Жамият учун эртаю кеч далада эзилиб меҳнат қилган, пахта териб заҳарланган, боласини эмизадиган сутига заҳар аралашиб чиқадиган аёл фойдалими ёки мазкур оғир ишларни эрига қўйиб, жамият учун фойда келтирадиган фарзандларни яхшилаб тарбиялаб ўстирган, оиласининг мустаҳкамлиги учун жон куйдирадиган аёл фойдалими?» деган қарши савол берилади.

Шу билан бирга, Исломда жамиятга зарур бўлиб қолганда, эркаклар уддасидан чиқа олмай қолганларидагина, аёлларни ҳам ишга таклиф қилиш, ҳатто урушда қатнаштиришга эҳтиёж борлиги эслатиб ўтилади.

Исломда аёлларни туғилганларидан умрларининг охиригача керакли маишат билан таъминлаш эркаклар зиммасига юклатилган, шунингдек, жамият учун зарур бўлган оғир ишларни бажариш ҳам эркакларга юклатилган. Ҳурмат ва эъзозга лойиқ бўлган аёллар эса ишлаш масъулиятидан озод қилинганлар.

Аёлларнинг заруратсиз ишлашларининг яна бир сабаби бор. У ҳам бўлса, иш баҳонаси билан оила доирасида қила олмай юрган ҳаром-хариш ишларини қилиш ёки оддий кўнгилхушликдир. Ваҳоланки, Исломда ҳаром-хариш ишлар мутлақо ҳаром қилингани ҳаммага маълум. Кўнгилхушликка келсак, ишлаб, чарчаб кўнгилхушлик қилгандан кўра ишламай, уйда, оила даврасида ўтириб, қанча кўнгилхушлик керак бўлса, никоҳидаги эри билан қилгани аёлларнинг ўзи учун яхши эмасми?

Яна бир бор таъкидлаш лозимки, Исломда аёл кишининг ишлаши ман қилинмаган, балки бу масала аёл кишининг, унинг оиласининг, жамиятининг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинган.

Ёш болаларни таълим ва тарбия қилиш, хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш каби ишлар аёлларнинг иши ҳисобланади.

Мутақаддим ҳанафий фақиҳлардан Камолиддин ибн ал-Ҳумам: «Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри (ишга) чиқишидан ман қила олмайди», деганлар.

Шунингдек, аёл киши эрининг ишида ёрдамчи бўлиши, оиласи муҳтож бўлганда ҳалол йўл билан ҳалол меҳнат қилиши жоиз. Яъни ўзи хоҳласа ишлайди, бўлмаса биров уни мажбур қила олмайди. Баъзи уламоларимиз: «Нодир қобилиятга эга бўлиб, жамиятга фойдаси кўп бўлган аёллар ҳам ишлашлари тавсия қилинади», деганлар.

Қолган пайтларда аёл кишини ишлашга мажбур қилиш йўқ. Уни турли йўллар билан ташвиқот қилиб, арзон иш кучи сифатида эзишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёл-қизларни тонг-саҳарда далага ҳайдаб кетиб, хоҳлаганича ишлатиб, тун қоронғусида қайтариб олиб келишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёлларни ўзларига мос бўлмаган ишларда ишлатиб, уларнинг аёллик латофати ва оналик қобилиятига футур етказишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Иймон китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин..У Зот хоҳлаган давоми...

3669 05:00 / 15.02.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмонлар ичида энг яхши уй етимга яхшилик қилинаётган уйдир. давоми...

3262 05:00 / 15.02.2017
Ҳадялар ҳақидаги бобларЯхшилик қилишнинг услубларидан бири ҳадядир. Шунинг учун ҳам китобда ушбу хайрли ишга алоҳида қисм бағишланмоқда..Ҳадя, деганда бир одам давоми...

4606 23:37 / 14.03.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.Устоз қори давоми...

3671 05:00 / 06.03.2017