1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Марҳумнинг ортидан қилинган амал унга етадими?

15:30 / 14.08.2018 5867 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тирикларнинг дуо ва садақаларидан марҳумларга манфаат бор.

Шарҳ: Аҳли суннат ва жамоа марҳумлар тириклардан икки йўл билан манфаат олишларига, иттифоқ қилган.

Биринчиси: Марҳум тириклигида қилган амалидан манфаат (яъни, бандага у тириклик чоғида охирати учун қилган ишлари, вафотидан кейин ўзига манфаат етишига сабаб бўлади).

Иккинчиси: Мусулмонларнинг унинг ҳақига қилган дуолари ва айтган истиғфорлари. Унинг номидан қилинган садақалари ва ҳажлари.

Баданий ибодатнинг савоби марҳумга етадими, йўқми, деган масалада ихтилоф бўлган. Баданий ибодат – рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикрга ўхшаган нарсалардан иборат.

Абу Ҳанийфа, Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур (кўпчилик) баданий ибодатнинг савоби марҳумга етади, деганлар.

Шофеъий мазҳаби ва Молик етмайди, дейдилар.

Марҳумга ўзидан бошқанинг амалидан савоби етишига далил, Қуръонда, Суннатда, Ижмоъда ва Қиёсда бор:

1) Қуръондан далил:

«Улардан кейин келганлар: «Эй Роббимиз, бизни ва биздан олдин иймон билан ўтган биродорларимизни мағфират қилгин» дерлар». («Хашр» сураси, 10-оят)

Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса марҳумлар тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолатдир.

2) Суннатдан далил:

Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитни дафн қилиб бўлганидан кейин устида туриб: «Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки, у ҳозир сўроқ қилинади, дер эдилар».

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан марҳумларнинг қабрларини зиёрат қилган вақтда дуо қилиш ҳақида ҳадислар келган. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китобларида келган ҳадис бунга яққол мисолдир: «Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қабр аҳлларига истиғфор айтсангиз нима дейсиз?» деб сўрдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ассалому алайкум, эй мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ биздан ва сиздан олдин ўтганларнию, кейин қолганларни раҳм қилсин. Ва албатта, биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз» деб жавоб берганлар.

3) Ижмоъдан далил:

Ислом умматининг эътиборли асосий қисми жам бўлиб, марҳумга жаноза намозидаги дуони далил қилиб, маййит тирикларнинг дуосидан манфаат олади, деганлар. Жаноза намозидаги дуолар маълум ва машҳурдир. Улар ўз аҳли биландир.

4) Қиёсдан далил:

Баданий ибодат бўлмиш дуо марҳумга манфаат бергандан кейин рўза, намоз каби бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши турган гап. Чунки, орада фарқ йўқ. Бунинг устига бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши ҳақида ҳужжат ва далиллар бор.

Садақадан савобнинг етишига далил:

1) «Бир киши Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам тўсатдан вафот этди. Ўйлайманки, агар гапирса садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга ажр-савоб бўладими?» деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа!» деб жавоб бердилар. (Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).

2) «Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам, менинг йўқлигимда вафот этди. У кишининг номидан садақа қилсам у кишига манфаат берадими?» деб сўраганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа» деб жавоб бердилар. Шунда Саъд розияллоҳу анҳу: «Сизни гувоҳ қиламанки, ҳосилдор боғим у кишининг номидан садақа», деди. (Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган).

Рўзадан савобнинг етишига далил: 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким вафот этсаю зиммасида рўза тутиш бўлса, унинг номидан валийси рўза тутади» деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).

Ҳаждан савобнинг етишига далил: 

Саҳиҳ Бухорийда Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Жуҳайна қабиласидан бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Онам ҳаж қилишни назр қилган эди. Ҳаж қилмасдан вафот этиб қолди. У кишининг номидан Ҳаж қилсам бўладими?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг номидан ҳаж қил. Айт-чи, онангнинг қарзи бўлганида адо қилармидинг? Аллоҳнинг қарзини ҳам адо қилинглар. Аллоҳ вафо қилишга ҳақлидир» дедилар.

Шунингдек, мусулмонлар, марҳумнинг қарзини бошқа биров, ҳатто бегона одам ҳам тўласа унинг зиммасидаги қарз соқит бўлишига ижмоъ қилишган.

Бунинг далили Абу Қатода розияллоҳу анҳу бир марҳумнинг икки динор қарзини ўз бўйнига олган. Кейин ўша икки динорни ҳақдорга берганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энди (ўлганнинг) териси совуди» деганлар (ал-Ҳоким ривоят қилган).

Худди рўза ва ҳажнинг савоби етганидек, ҳақ олмасдан, холисона Қуръон қироат қилиб савоби ўлганга бағишланса, унинг савоби ҳам етади.

Агар: «Бу иш ўтганлар ичида маълум бўлмаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бунга иршод қилмаганлар», деган эътироз бўлса, жавоб шулки:

Агар, эътироз қилувчи ҳаж, рўза ва дуодан савоб етишини эътироф қилса, булар билан Қуръон қироати савобининг етиши орасида нима фарқ бор? Ўтганларнинг қилмагани савобнинг етмаслигига далил эмас, дейилади.

Агар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқанинг номидан рўза, намоз, ҳаж ва садақа адо қилишга иршод қилганлар. Қироатга эса иршод қилмаганлар, деган эътироз бўлса.

Жавоб қуйидагича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабсиз, аввал бошдан иршод қилганларида қироатнинг савоби етмаслигига далил бўлиши мумкин эди. Ҳақиқатда эса, ундоқ бўлмаган. Одамлар марҳум номидан рўза тутиш, ҳаж қилиш ҳақида сўраб келишганда изн берганлар. Бу эса, бошқа нарсалар ман қилинган, дегани эмас. (Агар бирон киши Қуръон қироати ҳақида сўраганида изн берган бўлур эдилар).

Қироат савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишлашга келсак. Мутааххир уламолардан баъзилари бу ишни мустаҳаб, деганлар, баъзилари, бидъат, деганлар. Чунки, саҳобалар бундоқ қилмаганлар ва ўзи шундоқ ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг умматларидан ҳар бирининг яхши амали савоби, қироати Қуръонми, бошқами етиб туради. Чунки, У зот умматларини яхши ишларга далолат ва иршод қилганлар.

Марҳум Қуръон қироатини эшитса манфаат олади, деган гап тўғри эмас. Бу гапни бирорта ҳам машҳур имом айтмаган. Марҳум қироатни эшитиши мумкин. Аммо, эшитиб, манфаат олиши собит эмас. Бу нарса ҳаёт вақтида бўлиши шарт. Чунки, бу ихтиёрий ишдир ва ўлими билан кесилгандир.

Балки, зарарланиши, алам чекиши мукин. Аллоҳнинг амрида юрмагани, қайтарганидан қайтмагани ва яхши амалларни кўпроқ қилмагани учун надомат қилиши мумкин.

Билингки, Қуръон қироатининг савобини бағишлаш учун маросим уюштириш, жузъларни бўлиб бериш, жамоат бўлиб овоз чиқариб дуо қилиш каби одат бўлиб қолган нарсалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, тобеъийнлар, таба тобеъийнлар ва мужтаҳид уламоларнинг бирортасидан ҳам собит бўлмаган. Марҳумнинг номидан рўза тутиш, ҳаж ва садақа қилишнинг маълум шакли бўлмаганидек, Қуръон қироатининг ҳам маълум шакли ёки шарт-шароити йўқ. Марҳумга савоб бўлишини хоҳлаган одам ўзи тиловат қилиб, дуо ила савобини бағишлаб қўяверади.

Аммо, Қуръон тиловот қилиб савобини маййитга бағишлаш учун бировни ёллаш каби ишни ўтган азизлардан ҳеч ким қилмаган. Уламоларимиздан бирорталари бу ишга амр қилмаганлар, рухсат ҳам бермаганлар. Савобнинг етиши, амал Аллоҳ учун холис бўлгандагина бўлади. Ажр-ҳақ олиш учун ёлланган одамнинг қироати эса холисона эмас. Шунинг учун ундан савоб ҳам ҳосил бўлмайдики, маййитга бағишласа.

Савобни бағишлаш ҳақида аҳли бидъатнинг мазҳаби

Баъзи бир аҳли бидъатлар, марҳумга на дуонинг, ва на бошқа нарсанинг савоби етмайди, деганлар. Уларнинг бу гаплари юқорида Қуръон ва суннатдан келтирилган далиллар ила мардуддир.

Аҳли бидъатнинг далиллари:

1) «Ва инсон учун фақат ўзи саъй (ҳаракат) қилганидан бошқа нарса йўқ». («Нажм сураси», 39-оят)

2) «Фақатгина ўзингиз қилиб ўтган амаллар билан жазоланурсиз». («Ёсин» сураси, 54-оят)

3) «У (жон) фойдасига касб қилган нарсаси ва У (жон) зарарига касб қилган нарсаси». («Бақара сураси», 286-оят)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вақтики, одам боласи ўлса, унинг уч нарсадан бошқа амали кесилади: Садақаи жория, унга дуо қиладиган солиҳ фарзанд ва ундан кейин манфаат олиниб туриладиган илм!» деганлар. (Муслим ривоят қилган).

Аҳли бидъатнинг далилларига жавоб: 

1) Уларнинг «Ва инсон учун фақат ўзи саъй (ҳаракат) қилганидан бошқа нарса йўқ», «Нажм» сураси, 39-ояти ҳақида айтган гапларига жавоб шулки, аввало, инсон ўз саъй-ҳаракати билан дўстлар, фарзанд орттиради, уйланади, яхшиликлар қилади, раҳмат сўраб дуо қилсалар, саъй-ҳаракатидан бўлмай нимадан бўлади?

Шунингдек, Қуръон одам ўзидан бошқанинг саъйидан манфаат олмайди, дегани йўқ. Қуръон одам ўзидан бошқанинг саъйига эга бўлмайди, демоқда. Бу икки иш орасида, яъни, инсоннинг ўзидан бошқанинг саъйидан манфаат олмаслиги билан эга бўлмаслиги орасидаги фарқ махфий эмас, очиқ-ойдиндир. Аллоҳ таоло инсон фақат ўз саъйига эга эканлиги, бошқанинг саъйига, ўша бошқанинг ўзи эга бўлиши ҳақида хабар берди. Ўзи эга бўлган нарсани эса, хоҳласа ўзига олиб қолади, хоҳласа бошқага беради.

Ушбу оятни ўзидан олдингиси билан боғлаш ҳам бизнинг жавобимизни қувватлайди. Чунки, олдинги оятда: «Бир жон бошқасининг оғирлигини кўтармайди», дейилган. Бу эса, Аллоҳ таоло ҳеч кимни бошқа бировнинг айби туфайли иқоб қилмаслигини, бу дунёнинг подшоҳларига ўхшаб бировнинг маъсияти учун бошқани жазоламаслигини тақозо қилади. Иккинчидан, ҳар бир киши бировнинг амали билан эмас, фақат ўз амали ила нажот топишини тақозо қилади. Шундоқ бўлгандагина инсоннинг ота-боболари, ўтганлари ва машойихлари амали ила нажот топиш ҳақидаги хом хаёли кесилади.

2) Шунингдек «У (жон) фойдасига касб қилган нарсаси ва У (жон) зарарига касб қилган нарсаси», «Бақара» сураси, 286-оятининг маъноси ҳам аввалги оятнинг маъносига ўхшайди. Ҳар бир шахс ўз касбининг эгаси, биров касбининг эгаси эмасдир. Ҳар бир шахс ўз маъсияти туфайли иқоб қилинур, бошқанинг маъсияти туфайли эмас.

3) Энди «Фақатгина ўзингиз қилиб ўтган амаллар билан жазоланурсиз», «Ёсин» сураси, 54-ояти сиёқига тўлиқ қарайдиган бўлсак: «Бугунги кунда бирор жонга ҳеч зулм қилинмас. Фақатгина ўзингиз қилиб ўтган амаллар билан жазоланурсиз», дейилган. Яъни, бир банданинг бошқа бировнинг қилган амали туфайли жазога тортилмаслиги таъкидланмоқда. Бошқанинг амалидан манфаат олиши эмас.

Одам боласи ўлса ундан амали кесилиш ҳақидаги ҳадисга келсак. Бу ҳадиснинг далил қилиб келтиришнинг ўзи нотўғри. Чунки, унда «амал кесилади» дейилган, «манфаатланиши кесилади», дейилмаган. Ҳар бир амалга уни қилувчиси эгадир. Хоҳласа ўзига олади, хоҳласа ўзгага бағишлайди.

Islom.uz таҳририяти

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй иймон келтирганлар Ўзингиздан бошқадан сирдош тутманг. Улар сизга парокандалик келтиришда бўшашмаслар. Машаққатда қолишингизни хоҳлайдилар. Нафратлари давоми...

4107 16:33 / 29.04.2018
Ризқ ҳақидаги ҳадислар.Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло орангизда хулқ ва ризқни тақсимлади. Дунёни яхши кўрганига ҳам, маҳбуб бўлмаганига ҳам беради. Аммо динни фақат яхши давоми...

9770 17:24 / 21.09.2017
АлАзиз сифатли Аллоҳ барчанинг устидан ғолибдир. Ундан ҳеч нарса ғолиб кела олмайди. Жамики азизлик маъноси Унинг Ўзига хосдир. Кучқувват азизлиги ҳам Уникидир. давоми...

1634 14:34 / 30 апрель
Эй дўстим, қаранг, ўлим келмасдан олдин ишларингизни ислоҳ қилиб олинг. Чунки сиз қачон ўлим келиб қолишини билмайсиз. Билингки, умр оз, ҳасрат эса узоқдир. Эй давоми...

5294 16:00 / 19 февраль