1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Яхшилик қил

14:29 / 02 май 1376 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иссиққина хонада, юмшоқ курсида нима ҳақида ёзишни ўйлаб, хаёл суриб ўтирибман. Ёнимда стол чироғи, телефон. Болалар нималарнидир қоралаб ўтиришибди, онаси эса тўқиш учун ип йигириш билан овора. Қорнимиз тўқ, радиодан паст овозда ёқимли хиргойи эшитиляпти. Хуллас, ҳамма нарса ҳузур-ҳаловат бахш этяпти, безовталик йўқ. Инсонга бундан ортиқ яна нима керак? Шуларни ўйлаб, чин кўнгилдан «Алҳамдулиллаҳ», дедим...

Дедиму, ўйланиб қолдим. Шу ҳамд билан неъматларнинг шукрини адо эта оламанми? Йўқ, албатта. Тилда минг марта шукр айтган билан, бу бебаҳо неъматларнинг шукри тугал бўлмайди. Неъматларнинг шукри ўша неъматни берган Зотнинг розилиги йўлида тасарруф қилиш билан амалга ошади. Масалан, сизга берилган беҳисоб неъмат шукри уни ўша неъматни муҳтожларга улашиш билан бўлади. Бойнинг шукри бойлигидан фақирларга ҳам улашишидир. Куч-қувват эгасини шукри заифларга ёрдам беришидир. Соғлом одамнинг шукри беморларга кўмаклашишидир. Ҳукм қилувчини шукри адолатли ҳукм чиқаришидир.

Қўшним фарзандлари билан оч-юпун бўлсаю, мен оилам билан иссиққина уйда, қорним тўқ ўтирсам, неъматларнинг шукри адо этилган ҳисобланадими? Йўқ, албатта. Аслида қўшним мендан ёрдам сўрамаса ҳам, ўзим унинг ҳолидан хабардор бўлиб туришим керак эмасми?

Чуқур хаёлга чўмганимни кўриб, аёлим «Нималарни ўйлаб, бунчалик хаёл суриб қолдингиз?» деб сўради. Мен нимани ўйлаётганимни айтдим.

– Банданинг ризқини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким тўлиқ таъминлаб беролмайди. Қўшниларга ёрдам қилсак, уларнинг ҳожати раво бўлишидан аввал ўзимиз муҳтожга айланиб қоламиз! – деди у.

– Бой ҳолимда уларга ёрдам бермасам, ўзимни зўрға эплаб юрганимда, Аллоҳ ризқимни учма-уч бериб турган пайтда нима қиламан?

Йўқ, мен камбағалларга эътибор бермаслик керак демоқчи эмасман, лекин бойлик ва камбағаллик нисбий эканини айтмоқчиман. Масалан, миллионер одамга нисбатан мен камбағалман. Лекин арзимаган ойликка ишлайдиган, ойликдан бошқа даромади йўқ одамга нисбатан бойман. Ўша учма-уч яшаётган одам ҳам умуман даромади йўқ бева-бечоралардан бойроқ. Минг сўм пули бор одам миллион сўми бор одамга нисбатан камбағал. Демак, бу дунёда мутлақ бой ёки мутлақ камбағал, мутлақ кичкина ёки мутлақ катта деган гапларнинг ҳаммаси нисбий экан. Бу гапим кимгадир ёқмаса, «Чумчуқ кичкинами ёки каттами?» деб сўрайман. «Кичкина» деса, «Чумолига нисбатан-чи?» дейман. «Катта» деса, «Филга нисбатан-чи?» дейман. Ахир чумчуқ чумолига нисбатан жуда катта, аммо филга нисбатан жуда кичик.

Демак, мен фалончи бойга нисбатан жуда камбағал бўлсам ҳам, бечораҳол ёлғиз бевага нисбатан ўзига яраша бойман.

«Тантовий файласуф бўлиб кетибди-ку», дерсиз? Йўқ, мен файласуф бўлиб кетганим йўқ. Лекин сизга айтмоқчи бўлган гапим шу: «Ҳар бир одам ўзидан муҳтожроқ одамга ёрдам бера олади».

Бир коса таоминг, бир бурда нонинг борми, ҳеч вақоси йўқ муҳтожга нимадир бера оласан. Кечки овқатдан кейин уч товоқ овқати, мева-чеваси, ширинликлари ортиб қолган одам эса уларни ўша бир коса таоми, бир неча бўлак нони бор одамга берса бўлади.

Тўртта кийими бор одам кийими йўқ муҳтожга биттасини бериши мумкин. Бус-бутун костюм-шими бор, ундан ташқари яна учта янгиси турган киши кийгиси келмай қолган бирорта эскисини жулдур кийимли одамга берса бўлади. Сиз учун эскирган, модадан қолган кийимни ўша муҳтож одам байрамларда кийиладиган кийим деб қабул қилади, боши осмонга етади. Бу ҳолат миллионер одам янги «Кадиллак» олиб, эски «Шевроле» машинасини сизга берганида қувонганингизга ўхшайди.

Хуллас, инсон қанчалик фақир бўлмасин, ўзидан фақирроқ одамга нимадир бериш имкониятига эга.

Юз эллик лира маош оладиган ишчи бир лирани садақа қилса, камбағал, муҳтож бўлиб қолмайди. Тўрт юз лира маош оладиган одам ҳам Аллоҳ учун беш лира садақа қилишга оғринмайди. Бир ойда ўн минг даромад оладиган тижоратчи учун эса ҳар ой икки юз лира садақа қилиш ҳеч нарса эмас.

Энг муҳими – берган нарсам беҳуда кетади деб ўйламанг! Асло ундай эмас. Садақангиз охиратда эмас, бу дунёдаёқ бир неча баробар бўлиб қайтиб келади! Мен буни шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман. Худога шукр, ўттиз йилдан бери оиламни ҳалол меҳнат билан боқаман, бирор жойдан ёрдам олмайман. Бировдан ортиқ ибодат қилиб, қойил қилган жойим ҳам йўқ, лекин қўлимга пул тушса, Аллоҳ йўлида арзимас бўлса-да садақа қиламан. Умримда пул йиғмаганман. Аёлим «Ҳой барака топкур, пулни тежаб, йиғайлик. Бир амаллаб ҳовли олайлик», дер эди. Мен эса «Иншааллоҳ, оламиз. Аллоҳ Ўзи етказади», дер эдим...

«Кейин нима бўлди?» дейсизми?

Аллоҳ таолонинг даргоҳи кенг, раҳмати чексиз экан. Мен юз сўм инфоқ қилсам, етмиш минг баробар фойда берар экан. Бунақанги банк қаерда бор? Етмиш минг баробар-а! Ишонмайсизми? Қуръонни очинг.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Молини Аллоҳ йўлида сарфлаган одам худди ҳар бошоғида юзтадан дони бор етти бошоқ ўсиб чиқадиган бир дона донга ўхшайди». Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас, қўшимчаси ҳам бор: «Аллоҳ Ўзи хоҳлаганига янада кўпайтириб беради».

Аллоҳ таоло Дамашқда менга бир сахий инсонни рўбарў қилди. У менга каттагина пулни қарзга бериб, яна ўзига ўхшаган ёрдамсевар дўстларини менга йўналтириб қўйди. Улар менга шинамгина ҳовли қуриб беришди, бу ишга мени аралаштиришмади ҳам. Кейинчалик эса Аллоҳ менга кутилмаган жойдан ҳалол ризқ бериб, қарзларимдан халос қилди...

Аллоҳга қасамки, қачон бирор қийин аҳволга тушиб қолсам, доим фақат Аллоҳнинг Ўзи мадад берган. Бирор нарсага муҳтож бўлсам, ўша нарса ўзи келиб қолаверган. Сабаби эса оддий: қўлимга пул тушди дегунча Аллоҳнинг ўша етмиш минг баробар фойда берадиган «банк»ига қўяр эдим.

Шунинг учун «Берган пулим бекор кетади», деб ўйламанг. Аллоҳ унинг фойдасини охиратга олиб ўтирмай, бу дунёдаёқ беради. Ҳадеб мисоллар билан бошингизни қотириб ўтирмайман. Бунақа мисолларни ўзингиз ҳам эшитгансиз, кўргансиз. Лекин мен бир мисол келтириб ўтмасам бўлмайди. Хуллас, отамнинг шайх Салим Масутий деган устози бор эди. Ўша инсон ўзи камбағал яшаса ҳам, бирор тиланчини қуруқ қайтармас экан. Саховати тилларда достон экан. Бир куни совқотиб турган одамни кўриб, эгнидаги чопонини унга бериб, ўзи уйга битта кўйлакда қайтган экан. Бир сафар оиласининг дастурхонидаги бор нарсани бир тиланчига бериб юборган экан.

Қандай қилиб дейсизми? Рамазон кунлари экан. Аёли ифторга дастурхон тузаб, шомга азон айтилишини кутиб турганида бир тиланчи эшикни тақиллатибди. Шайх чиқса, ҳалиги тиланчи «Уйимда ейишга ҳеч нарсам йўқ», дебди. Шайх аёли ошхонага чиқиб кетишини кутиб турибди-да, тиланчига дастурхондаги ҳамма егуликни бериб юборибди. Аёли кириб қараса, ҳозиргина тузаб қўйган дастурхони бўм-бўш. Шунақанги жаҳли чиқибдики, дод-вой солиб, бақир-чақирни бошлабди, «Сиз билан яшамайман!» дебди. Шайх эса бир оғиз ҳам гапирмабди. Шу пайт яна эшик тақиллабди. Очиб қарашса, бир киши турганмиш. Қўлида бир дунё егулик, ширинлик, анвойи мевалар солинган сават. «Келинг, нима гап?» деган саволга ҳалиги киши «Саъид пошо Шамвинникида ифторлик эди. Зиёфатга мўътабар меҳмонлар чақирилган эди. Нимадир бўлиб, улар келмайдиган бўлиб, узр айттириб юборишибди. Шунга пошо «Бу зиёфатни шайх Салим Масутийнинг уйига олиб бориб беринглар», деб буюрдилар», деб жавоб берибди. Бу ҳолатга гувоҳ бўлиб турган шайхнинг аёли хижолатдан нима қилишини билмай қолибди.

Яна бир ҳикоя эшитган эдим. Бечораҳол бир аёлнинг ўғли узоқ сафарга кетади. Бир куни қорни очган аёл бир бурда нон билан нонхуруш еб олмоқчи бўлади. Энди нонни оғзига соламан деганда бир тиланчи эшик қоқибди. Аёл ўша луқмани емай, унга бериб, ўзи оч қолади.

Орадан кунлар ўтиб, аёлнинг ўғли сафардан қайтади ва кўрган-кечирганларини айтиб беради: «Худо бир асради. Йўлда кетаётсам, бир шер менга ташланиб қолди. Дод солиб қочдим, шер эса бир сакраб, менга етиб олди. Оғзини очиб, энди емоқчи бўлганида оппоқ кийимли бир киши келиб, мени ундан қутқариб олди-да, «Луқма эвазига луқма!» деди. Нега бундай деганини ҳалигача тушунмайман».

Қўрқиб кетган аёл бу воқеа қачон бўлганини сўрайди. Ўғли айтган кун айни емоқчи бўлган бир бурда нонини тиланчига бериб юборган кунига тўғри келади. Буни қарангки, аёлнинг бир луқма садақаси унинг фарзандини шер оғзидан қутқариб қолган экан.

Халқимиз «Садақа – радди бало» деб бежиз айтмайди. Аллоҳ садақа сабаб ҳатто беморларга шифо ато қилади, турли бало-қазодан асрайди. Аллоҳ таолонинг бу қоидаси ҳаётий тажрибаларда синалган, бу ҳақда китоблар ёзилган. Бу борлиқнинг илоҳи борлигини билган, бу борлиқ Унинг тўлиқ тасарруфида эканига, дард берувчи ҳам, шифо берувчи ҳам Ўзи эканига иймон келтирган одам бу ҳақиқатни яхши билади. Бунга ишонмайдиган кимсалар билан эса тортишиб ҳам ўтирмаймиз.

Кўпинча аёллар эркакларга қараганда тежамкорроқ, баъзида ҳатто бахилроқ бўлишади. Аммо шунга қарамай улар меҳри дарёлиги билан ажралиб туришади. Уй бекаларига бир насиҳатим бор, бу гапим уларга фойдали бўлади, келажакда натижасини беради деб умид қиламан. Насиҳатим шуки, ҳар бир уй бекаси уйидаги нарсаларни тафтиш қилиб турсин, ўзининг ёки боласининг эски кийимларини, ташлаб юбормоқчи бўлган жиҳозларини, ортиқча егуликларини муҳтож оилаларга берсин, фақирларнинг қалбига хурсандчилик бағишласин. Аммо берганда ҳам уларнинг кўнглини оғритиб қўймасин, такаббурлик қилмасин. Юзда табассум билан берилган арзимас эҳсон мутакаббирлик билан берилган бир қоп олтиндан афзал!

Бир куни қарасам, кичкина қизчам икки қўлида иккита ликопча билан кетяпти. Ликопчаларнинг бирида овқат, иккинчисида нон. Қаерга олиб кетаётганини сўрасам, қоровулга бериб келмоқчи эканини айтди. Уни тўхтатиб:

– Қизим, бу ликопчаларни патнисга қўйгин. Ёнига қошиқ, санчқи, бир пиёла сув ҳам олгин-да, кейин олиб бор. Нон билан овқатнинг ўзини берсанг, хафа бўлиб қолиши мумкин. Лекин патнисда пиёла, қошиқ, санчқи, туздон билан берсанг, худди ресторанда унга хизмат кўрсатгандек бўласан, шунда у ўзини меҳмондек ҳис қилади, – дедим.

Кўпчилик аҳамият бермайдиган яна бир нарса бор. Кўчаларда айланиб, кўкат, сабзавот, мева сотиб юрадиганларга кўзингиз тушгандир. Бир бойвачча хоним бутун маҳоратини ишга солиб, ўша сотувчи билан ярим соат савдолашиб, бояги нарсаларни арзимаган пулга сотиб олади. Бечора сотувчининг кун бўйи қиладиган савдоси ўн лира бўлса керак, даромади эса икки лира.

Ҳой барака топкурлар, Худо ҳаққи, ўша сотувчиларга раҳм қилинг! Айтган пулини беринг, бирор лира зарар қилсангиз, шуни садақа деб ният қилинг. Агар билсангиз, мана шу садақа тиланчига бериладиган садақадан афзал!

Баъзан ўқитувчилар спорт кийимисиз келган ўқувчига қаттиқ танбеҳ беришади. Ўша гапни айтишдан олдин бир ўйлаб кўринг. Балки ўша ўқувчининг ота-онаси ночордир, уйнинг ижарасини зўрға тўлаётгандир? Ўша кийимни сотиб олиш сизга осон, уларга эса қийиндир. Юқорида айтиб ўтганимдек, бу ҳам нисбий масала. Ўқитувчига «Энди ижара учун ҳар ойда минг лира тўлайсан», десангиз, бошини чангаллаб қолади. Катта тижоратчига айтсангиз, «Минг лира ҳам пул бўптими», дейди. Унга осон, ўқитувчига эса қийин. Шунга ўхшаб, беш-ўн лиралик спорт кийим олиш ўқитувчига осон, лекин кўпчилик оталарга қийин.

Хулоса шуки, инсон ўзидан заифроқ, фақирроқ одамга ёрдам берсин. Ажаб эмаски, бошига бирор эҳтиёж тушса, Аллоҳ унга ўзидан кучлироқ, бойроқ кишини йўллаб қўйса.

Шунинг учун ҳар ким ўзини бошқаларнинг ўрнига қўйиб кўрсин, ўзига раво кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрсин. Шукр қилсак, неъматлар бардавом, зиёда бўлади. Аммо шукр фақат тилда айтиш билан бўлмайди. Бир киши қўлига тасбеҳ олиб, минг марта «Алҳамдулиллаҳ» деса-ю, бой бўла туриб, молидан камбағалга ёрдам бермаса, бошлиқ бўлгани ҳолда, қўл остидагиларга зулм қилса, Аллоҳга шукр қилмаган бўлади. Бунинг акси ўлароқ, Аллоҳ асрасин, риёкор, ёлғончи бўлиб қолиши ҳам мумкин.

Аллоҳни неъматларига амалий шукр қилайлик. Аллоҳ бизга қандай муомала қилишини истасак, бошқаларга шундай муомалада бўлайлик.

Насиҳатни эшитиб, унга амал қилганларни Аллоҳ мағфират қилсин!

Араб тилидан Нодирбек Ёрбек таржимаси.

«Ҳилол» журнали 6(63)-сон.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 24 сентябрдаги 03-07/5797-хулосаси асосида тақдим қилинди.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги жумъа мавъизасида имомхатибларимиз quotТафриқага бўлинишнинг диний ва дунёвий зарарлариquot мавзусида маъруза қиладилар. Бу ҳақда ЎМИ расмий сайтида хабар давоми...

5394 06:17 / 24.08.2018
Шайх Абулҳасан Надавий роҳматуллоҳи алайҳи Саудия қироли шоҳ Файсал роҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурига кирди. Учрашувга кирар экан қасрнинг гўзаллигига синчиклик давоми...

5191 14:13 / 21.02.2018
Бир дўстим келиб хотинидан ажралишини айтди. У хотинидан ниҳоятда ғазабда эди. Худди отилай деб турган вулқон сингари эди.Мен ундан сўрадимУ хиёнат қилдимиУ деди давоми...

2092 11:00 / 24.07.2023
Агар сендан тарихдаги энг қисқа ва лўнда мақтов қайси деб сўрашса ҳеч тараддудсиз қўрқмасдан Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги давоми...

2441 18:52 / 02.05.2024
Аудиолар

210842 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130106 14:35 / 11.08.2021